Ширк кeчирилмайдими?

11:33 / 21.04.2017 | Савол | 1279
Ассалому алайкум! Ширк кeчирилмас гуноҳ дeб эшитганмиз. Ширк қилган инсон бу дунёда тавба қилиб, Аллоҳ ҳузурига борганда кeчириладими ёки ҳeч қачон кeчирилмас гуноҳми?
Одинахон Муҳаммад Юсуф:
Ва алайкум ассалом!
Албатта, Аллоҳ Ўзига ширк келтирилишини кечирмас. Ундан бошқа гуноҳни, кимни хоҳласа, кечирадир. Ким Аллоҳга ширк келтирса, шубҳасиз, катта гуноҳни тўқибдир.
Ширк келтириш катта гуноҳ эканлиги бошқа оятларда ҳам қайтақайта таъкидланган. Аммо бу оятда ширк ягона кечирилмас гуноҳ эканлиги билдирилмоқда.
«Албатта, Аллоҳ Ўзига ширк келтирилишини кечирмас».
Аслида, ширк – яратувчиликда, ибодат ва тарбиякунандаликда Аллоҳдан бошқани Унга шерик деб билишдир. Ким ширкка мансуб ақийдани ўзига муносиб курса ёки амалини қилса, мушрик ҳисобланади. Жумладан, аҳли китоб бўлмиш яҳудий ва насоролар ҳам бир томондан мушрик ҳисобланадилар. Уларнинг мушриклик аломатлари кўп бўлиб, энг кўзга кўрингани, масалан, яҳудийларнинг «Узайр Аллоҳнинг ўғли», деб эътиқод қилишларидир. Насороларнинг «Ийсо Аллоҳнинг ўғли», деб билишлари ҳам шулардан бошқа нарса эмас. Ширкнинг ҳар бир кўриниши катта зулмдир. Зулм бўлганда ҳам, Аллоҳга, яратган Зотга, ризқ берган Зотга нисбатан зулмдир. Кимки ширк келтирса, ўзи билан Аллоҳ ўртасидаги алоқани узган бўлади. У энди Аллоҳнинг мағфиратига лойиқ бўлмай қолади. Шунинг учун ҳам, Аллоҳ таоло ширк келтирганларнинг гуноҳини ҳеч қачон кечирмайди. Аммо иймон билан ўтганларнинг – ширк келтирмаганларнинг бошқа гуноҳлари бўлса, хоҳлаган одамини мағфират қилаверади.
«Ундан бошқа гуноҳни, кимни хоҳласа, кечиради. Ким Аллоҳга ширк келтирса, шубҳасиз, катта гуноҳни тўқибдир».
Имом Ибн Аби Ҳотим Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Аллоҳга ширк келтирмай вафот этган ҳар бир жон мағфиратга сазовордир. Аллоҳ хоҳласа, уни азоблайди, хоҳласа кечиради. Албатта, Аллоҳ ўзига ширк келтирилишини кечирмайди. Ундан бошқа гуноҳни, кимни хоҳласа, кечиради», деганлар. (Тавсири Ҳилол. Нисо 48)
Валлоҳу аълам!.