Ассалому алайкум! Овсинимнинг макри, фитна, ёлғонлари сабаб қайнонам, бошқа яқинларим ва мен бир-биримиздан кўнглимиз совиб кетгандек. Арзимаган гап ёки иш бўлса ҳам мендан гумон қилишади. Кўнглим ниҳоятда оғриган, кечиролмайдиган одамларим бор. Бугун жуда ҳам қаттиқ ранжидим, ҳалигача кўз ёшларим тинмаяпти. Овсиним эридан аразлаб уйига кетганини ҳам мендан кўришяпти, қайнисинглим унга яхши муомала қилмаслигиниям, мени гап ўргатяпти деб ўйлашяпти. Ҳозир исботлаб берай деб туриб, Аллоҳ учун жим бўлдим. Қандоқ қилсам уларнинг кўнглидаги ёмон гумонлар, шубҳалар кетади, ғийбат, тухмат йўқолади? Нима қилсам кечиримлироқ бўламан?
– Ва алайкум ассалом! Ҳар бир инсон ҳаёти мобайнида фитна, макр-ҳийлаларга учрайди. Бусиз иложи йўқ. Бу дунё синов дунёси. Сиз ҳам шундай синовларга учрабсиз. Бу синовлардан чиройли сабр билан чиқиб кетишингиз керак. Сабр қилинг. Майда-чуйда гапларга аралашмай, хизматларингизни чиройли адо этинг. Бу дунё вақтинча дунё. Ҳар хил фитналарга эътибор қилинаверса инсоннинг умри увол бўлади. Илмларига, билимларига, ибодатларига вақти қолмайди. Вақти етса ҳам, ҳаёти тинч бўлганида ҳам қуввати қолмаган бўлади. Чунки ҳар бир фитналарга, туҳмату иғволарга эътибор қилиш, реакция қилиш инсоннинг анчагина энергиясини, қувватини олиб қўяди. Кўпроқ пиёда юринг. Бунда сиз негатив, яъни салбий ўй-ҳаёллардан халос бўла бошлайсиз. Вақтлироқ ухланг, асабларингиз тинчлана боради. Ибодатларингизга, зикрларингизга кўпроқ вақт ажратинг. Умрингизда барака топасиз. Валлоҳу аълам!