Қорин дам бўлиши

17:33 / 19.01.2021 | ..... | 5146

Ассалому алайкум! Қорним кўп дам бўлади. Таҳоратим синмасин деб кўпинча дамни чиқармай тураман. Бунинг зарари борми? Иложи борича дам қилувчи овқатларни кам ейман, барибир дам бўлади. Илтимос, бирор маслаҳат беринг. Ҳозир шифокорга боролмайман. Намоздан намозга таҳоратим етмайди. Шамоллашим бор, таҳорат олишга ҳам шароит яхши эмас.

Шифокор:

– Ва алайкум ассалом! Бу ҳолат тиббиётда метеоризм деб аталади. Уни аксарият ошқозон-ичак тизимида патологияси бўлган беморларда кузатиш мумкин, шунингдек, тартибсиз овқатланганда, доим бир хил таом истеъмол қилиб юрганларнинг менюсига ўзгаришлар киритилганда ҳам кузатиш мумкин. Одатда, ошқозонга тушган озуқани ошқозон ости бези ўз ферментлари билан, ўт қопи ўзи ажратадиган сафро билан, ошқозон ажратадиган хлорид кислотаси билан, 12 бармоқли ичак дуоденал шарбати билан микро ҳажмдаги унсурларгача парчалаб, зарарсизлантириб ҳазмга тайёр ҳолатга келтириб беради. Ана шу занжирнинг бирортасини ишида носозлик ҳолати бўлса, ҳазм жараёни бузилади, хоҳ у ошқозон бўлсин, хоҳ ўт қопи... Шундай экан, ҳазм жараёни комплекс жараён. Ошқозон-ичак трактида чала парчаланган озуқа ҳазмга яроқли бўлмайди, у парчаланмагач, ичакларда яхши сўрилмайди, қолдиқ чирийди ва ўзидан газ чиқаради. Ичакларда бу газлар тўпланиб метеоризм, яъни димланишни ва мутаносиб равишда оғриқ ҳиссини, турли ноқулайликларни келтириб чиқаради. Сиз оилавий поликлиникага чиқиб ўт қопингизни УЗД қилдиришингиз, фермент ва билирубинга, амилаза, диастазага қон топширишингиз, ахлатнинг копрологик текширувини ўтказишингиз керак. Агар муаммо ошқозон ости безида бўлса, сизга Микразим, Панкреатин, Юниэнзим каби ферментатив препаратлар яхши ёрдам беради, уларни овқатланаётган пайтда ёки овқат еб бўлибоқ ичиш керак, шунингдек, Кыст ал-Хиндийни ҳам қўллаш мумкин, 3 маҳал 2 та таблеткадан. Ҳам ичак спазмини, ҳам газ бўлишини тез бартараф қилувчи препарат Метеоспазмил ҳисобланади. Инструкциясида қайд қилинган қарши кўрсатмаларингиз бўлмаса, шуни ҳам қабул қилишингиз мумкин, 1 ой. Ўт қопингизда яллиғланиш, холецистит, ўт димланиши бўлса, тошсиз турида сафро ҳайдовчи табиий дориворлардан Бонджигар, Хофитол ёки Холосас кабиларни қабул қилишингиз мумкин. Ҳафтада 1-3 кунгача тюбаж ўтказсангиз у ҳам фойдали. Овқат рационингизда ширинликлар ва хамирли таомларни камайтиринг, углеводларни суистеъмол қилиш кўпроқ метеоризмга сабаб бўлади. Валлоҳу аълам!