Маслаҳат беринг

00:39 / 21.01.2021 | Xadija | 564

Ассалому алайкум! Ёшим 29 да, 3 нафар фарзандим бор. Турмуш ўртоғим жуда яхши, илмли инсонлар, алҳамдулиллаҳ. Лекин қайнонамнинг кўнгилларига йўл топа олмаяпман. Овқатлари ўз вақтида бўлади, уйларни доим тоза, сарамжон қиламан, барча хизматларини қиламан, Аллоҳ гувоҳ. Лекин мени ҳеч ҳам ёқтирмайдилар. Шу туфайли эрим билан ҳам кўп тортишиб қоламиз. Аёл киши эрини рози қилиши керак. Мен қабр азоби, дўзах азобидан жуда қўрқаман. Намозимни ўқийман, алҳамдулиллаҳ. Аллоҳ насиб қилди, Қуръон ёдлаяпман. Динда нима яхши иш бўлса қилишга ҳаракат қиламан. Эримни рози қилолмайман деб қўрқаман, қайнонам билан яшаб кетишга кўзим етмайди. Истихора намоз ўқиябман. Негадир ўқиган сари кўнглим қайнонам билан яшашимни қийин дегандек бўляпти. Нима қилишни билмай қолдим. 

Руҳшунос:

– Ва алайкум ассалом! Эр-хотин орангиз яхши экан. Аллоҳ сизларга уч нафар фарзанд берибди. Мусулмон инсон учун бу ҳаётда ҳамма нарса яхши бўлаверса, қайғу-ҳасратлари орқали синалмаса, у жаннатга қандай қилиб эришади? Бу табиий ҳолатку. Ҳар бир инсоннинг бошидан қандайдир қийинчиликлар ўтади. Сиз ҳозирда қайнонангиз орқали синалаётгандирсиз эҳтимол. Кимдир фарзанди орқали синалади, кимдир соғлиги томонидан, кимнидир кундоши тинчлик бермайди, кимдир эса ҳар томонлама синалади. Сизга келган бу синов қаттиқ изтироб чекадиган, ўлим даражасигача олиб борадиган синов эмас менимча. Ўзингизга сабр тиланг. Дуоларда, ибодат ва зикрларда муқим бўлинг. Қайнонангизга ҳар доим табассум қилиб қаранг. Чунки табассум қилинганида мияда унга жавобан табассум қилиш хоҳиши ҳосил бўлади. Қайнонангиз ҳам юмшаб сизга табассум қилгиси келади, сизга қараганида негатив фикрлари тарқаб кетадиган бўлиб қолади, инша Аллоҳ. Валлоҳу аълам!