Ассалому алайкум! Тўғриси минг ҳижолатда яна сизга мурожаат қилаяпман, бунинг учун олдиндан узр сўрайман. Мен университетда 2-курсда ўқийман. Интернетдан фойдаланишни билмайман, шунинг учун муслимаат. уз даги савол-жавобларга акам ёрдами билан араб тили курси ҳақида савол йўллаган эдим. Лекин негадир саволим кўринмаяпти. Агар саволим етиб борган бўлса жавоб берсангиз. Анчадан бери яна бир савол мени қийнарди: «Аёл киши учун хушбўйланиб кўчага чиқиб, номаҳрамларни бу хушбўйи билан ўзига жалб қилиши зинога баробар» деб эшитгандим. Лекин эркакларчи? Нафс эркакларда бўлгани каби, биз қизларда ҳам борку. Улар хушбўйланиб кўчага чиқиб, ширин ҳидлари номаҳрам қиз, аёлларга боргани учун гуноҳкор бўлишмайдими? Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бир саҳобадан ширин ҳид келганини сезиб: «Уйландингизми?» деб сўраган эканлар. Ёки уларга уйланганларидан кейин мумкинми? Ахир уйланганларидан сўнг ҳам кўчада номаҳрам қиз, аёллар бўладику, уларга бўйлари борадику, гуноҳ эмасми? Саволим ноўрин бўлса, минг бор узр. Олдиндан раҳмат
«Билимсизликнинг шифоси» ҳайъати:
Ва алайкум ассалом! Араб тили масаласи бўйича биз билганимиз «Гранд таълим» маркази, холос.
Хушбўй масаласига келсак, динда бундан фақат аёллар қайтарилган. Чунки хушбўйдан таъсирланиш борасида аёллар билан эркаклар фарқ қилади.
«Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бир саҳобадан ширин ҳид келганини сезиб: «Уйландингизми?» деб сўраган эканлар», деган гап нотўғри. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳидни эмас, рангни кўриб савол берганлар. Аслида воқеа бундай бўлган:
Абдурраҳмон ибн Авф розияллоҳу анҳу айтади:
«Мадинага келганимизда, Расулуллоҳ cоллaллoҳy алайҳи васаллам мен билан Саъд ибн Робийъни бир-биримизга биродар қилиб қўйдилар. Саъд ибн Робийъ: «Мен ансорларнинг энг бадавлатиман. Молимнинг ярмини сенга бўлиб бераман. Қара, иккита аёлимдан қай бирини хоҳласанг, сен учун ундан кечай, (иддаси тугаб) ҳалол бўлгач, унга уйланиб оласан», деди. Абдурраҳмон унга: «Менинг бунга эҳтиёжим йўқ. Тижорат қилинадиган бирон бозор борми?» деди. У: «Қайнуқоъ бозори бор», деди».
(Ровий) айтади: «Абдурраҳмон эрталаб у ерга бориб, ақит* ва сариёғ олиб келди. Сўнг ҳар куни эрталаб борадиган бўлди. Кўп ўтмай, Абдурраҳмон устига сариқ доғ* теккан ҳолда келди. Расулуллоҳ cоллaллoҳy алайҳи васаллам: «Уйландингми?» дедилар. У: «Ҳа», деди. У зот: «Кимга?» дедилар. У: «Ансорлардан бир аёлга», деди. У зот: «Қанча бердинг?» дедилар. У: «Данак оғирлигича тилла [ёки данакдек тилла]», деди. Шунда Набий cоллaллoҳy алайҳи васаллам унга: «Битта қўй билан бўлса ҳам тўй қил», дедилар» (Имом Бухорий ривояти).
* Ақит – қўй ёки эчки сутини қуруқ кукун ҳолига келгунича қайнатиб тайёрланадиган таом. Араблар уни одатда баҳор кунларининг охирида тайёрлаб, қуритиб, ёзгача сақлаб қўйишган. Ёзда эса уни сувда эритиб, бироз ширинлик аралаштириб ичишган. Уни ҳозирги кундаги қуритилган сут ёки қурутга ўхшатиш мумкин.
* Ўша пайтдаги бир хушбўйликнинг ранги сариқ бўлган экан. Уни одатда келин‑куёвлар ишлатишар экан. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Абдурраҳмон ибн Авфнинг уйланганини кийимидаги ўша доғдан билган эканлар. («Олтин силсила», «Саҳиҳул Бухорий»дан) Валлоҳа аълам