Ассалому алайкум! Ассалому алайкум, ҳурматли Одинахон опа. Бир танишимнинг айтишига қараганда, асраб олинган фарзандга вояга етганида боқиб олган ота-онаси унинг асл ота-онаси эмаслигини маълум қилиши шарт экан. Ахир ҳақиқатни билганидан кейин фарзанднинг дили оғримайдими? Асраб олинган қиз ёки ўғилга уларнинг аслида бошқа одамларнинг боласи эканлигини маълум қилиш шартми ёки сирлигича қолса ҳам бўладими?
«Билимсизликнинг шифоси» ҳайъати:
Ва алайкум ассалом! Аллоҳ таоло Аҳзоб сурасининг 5-оятида шундай марҳамат қилади:
«Уларни ўз оталарининг номи билан чақиринглар. Ана шу Аллоҳнинг наздида тўғридир. Агар оталарини билмасангиз, улар сизнинг дин қардошларингиз ва дўстларингиздир. Билмасдан қилган хато нарсангиз учун сизга гуноҳ йўқ, бироқ қалбларингиз қасд қилган нарсада (бор). Аллоҳ ўта мағфиратлидир, ўта раҳмлидир».
Бу оятлар нозил бўлгунича, одамлар бировларнинг боласини ўғил қилиб олиб юришган. Инсонлар жамиятдаги мавжуд тушунча, урф-одатлар ила иш тутишган. Энди эса оят нозил бўлиб, бу одатни ботил қилди. Ўз-ўзидан одамларда «Нима қилиш керак, аввал асраб олинган фарзанд хусусида нима қиламиз?», «Олдинги ишларимиз учун ҳам жавоб берамизми?» каби саволлар пайдо бўлди. Ушбу ояти карима ана шу саволларга жавоб бермоқда.
«Уларни ўз оталарининг номи билан чақиринглар. Ана шу Аллоҳнинг наздида тўғридир».
Яъни «Асраб олинган фарзандларни асраб олган одамнинг номи билан эмас, ўзининг ҳақиқий отаси номи билан чақиринглар».
Имом Бухорий ва имом Муслим ҳазрати Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳудан қуйидагиларни ривоят қиладилар:
«Расулуллоҳнинг мавлолари – дўстлари Зайд ибн Ҳорисани фақат «Зайд ибн Муҳаммад», деб чақирар эдик. Қуръони Каримнинг «Уларни ўз оталарининг номи билан чақиринглар. Ана шу Аллоҳнинг наздида тўғридир» ояти нозил бўлганидан кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Зайдга: «Сен Зайд ибн Ҳориса ибн Шурҳабийлсан», дедилар».
«Агар оталарини билмасангиз, улар сизнинг дин қардошларингиз ва дўстларингиздир».
Мабодо асраб олинган боланинг ҳақиқий отаси ким экани маълум бўлмаса, улар сизга Ислом дини бўйича қардош бўладилар. «Дин қардошим», деб мурожаат қилинглар. Ёки мавлоингиз, яъни дўстларингиз бўладилар. «Эй дўстим», деб мурожаат қилинглар. Аммо зинҳор «Ўғлим», «Фарзандим», деб мурожаат қилманглар.
Ушбу оятлар нозил бўлгунга қадар бировнинг боласини, фарзандим, деб, унга ўз сулбидан бўлган фарзандига қилган муомалани қилиб юрганлар бу ҳақдаги илоҳий ҳукмни билмаган эдилар.
«Билмасдан қилган хато нарсангиз учун сизга гуноҳ йўқ…»
Шунинг учун бу оятлар нозил бўлгунча қилган ишларингизни ўйлаб, хижолат бўлманг, энди ҳукмни билдингиз, унга амал қилишга ўтинг.
«…бироқ қалбларингиз қасд қилган нарсада (бор)».
Аммо ўша ишни билмасдан эмас, билиб туриб қилган бўлсангиз, гуноҳга қоласиз. Бировнинг боласини «ўз болам», деб даъво қилиш гуноҳ эканини билиб туриб, шу ишни қилсангиз, гуноҳ бўлади.
«Аллоҳ ўта мағфиратлидир, ўта раҳмлидир».
Хатоларни кечиради ва тўғри йўлни Ўзи лутф билан кўрсатади.
Дилингиздан қасд қилган бўлсангиз ҳам, тавба қилсангиз, Аллоҳ мағфиратли ва раҳмлидир, кечиради, яъни билмасдан қилинган хато учун Аллоҳ сизни гуноҳкор қилмайди. Аммо қасддан қилган гуноҳингиздан ҳам қайтишга йўл бор».
Ушбу ояти кариманинг ҳукмига биноан, биров бегона болани ўз номига ўтказиб олиши, уни «ўз болам», дейиши ҳаромдир. Шунингдек, бировни «отам» деб танлаши ҳам катта гуноҳдир.
Имом Бухорий ва имом Муслим ривоят қилишларича, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ким ўзи билиб туриб, отасидан бошқанинг боласиман, деб даъво қилса, унга жаннат ҳаромдир», деганлар.
Чунки Ислом кўзда тутган олти катта масаладан бири инсон наслини муҳофаза қилишдир. Шунинг учун ҳам никоҳ, талоқ, идда ва шунга ўхшаш кўпгина ҳукмлар жорий қилинган. Ҳамма нарса инсон наслининг тоза, пок, очиқ-ойдин бўлишига қаратилган. Агар шундай қилинмаса, ҳаром-ҳалол аралашиб, ота боласини, бола отасини, она қизини, қиз онасини, ака синглисини, сингил акасини танимайдиган бўлиб кетади. Инсоният ҳалокатга учрайди. Насли бегона болани ўз наслидан бўлган болалари қаторига қўшиш билан кўпгина ҳаром-хариш ишлар юзага чиқади. Маҳрамлик-номаҳрамлик қоидалари бузилади. Бир куни келиб, ота ўз қизига ёки ака синглисига уйланиб қолиши мумкин. Мерос масаласида ва бошқа кўпгина масалаларда ҳам ўнглаб бўлмас хатолар вужудга келиши муқаррар. Шунинг учун Исломда бу иш ҳаром қилинган.
Аммо бу дегани, етим болани, қийинчиликда қолган оиланинг боласини боқиб олиш, тарбия қилиш мумкинмас, дегани эмас. Аксинча, бундай қилинса, жуда ҳам савоб бўлади. Бу ишларни қилиш керак. Лекин бегона болани ўзининг номига ўтказиб олиш эмас, балки у аслида кимнинг фарзанди бўлса, ўшанинг номида қолдириш керак. Ҳамда шариат ҳукмига мувофиқ боқиш, тарбиялаш лозим. («Тафсири Ҳилол»дан.).