Ассалому алайкум! Қизларни юзига тошадиган ҳуснбузарларга қарши табиий воситалар борми? Ҳуснбузарлар тошмаслиги учун қандай чоралар бор? Ҳуснбузар аслида нимадан тошади?
– Ва алайкум ассалом! Ҳуснбузарлар ёғ-тук йўлларининг бекилиши натижасида вужудга келади. Бу теридаги ёғ ва нотекис ўлик қатламлар миқдорининг ортиши сабабли содир бўлади. Бундай шароитлар эса ҳуснбузарларни келтириб чиқарувчи бактерияларнинг кўпайиши учун жуда қулайдир.
Ҳуснбузарларнинг ҳосил бўлишига ёшдаги гормонал мувозанатнинг табиий ўзгариши ҳам, жинсий гормонлар ишлаб чиқарилиши тартибининг бузилиши, носоғлом турмуш тарзи ҳам сабаб бўлиши мумкин. Шунинг учун касалликни даволашда шифокорга учраб сабабини аниқлаш зарур.
Қўшимча тавсиялар.
1. Соғлом турмуш тарзини шакллантириш.
2. Очлик ва организмни тозалаш курслари.
3. Зулук ва хижома курслари.
4. Хўжалик (кир) совуни олиб, яхшилаб кўпиртирилади. Унга бир чимдим ош тузи қўшилади ва яхшилаб аралаштирилади. Аралашма юзга суртилгач, 15-20 дақиқа ушлаб турилади. Сўнг юз аввал илиқ, кейин совуқ сувда артмасдан ювилади.
Бу муолажани ҳар куни ухлашдан олдин бажариш керак.
Ҳуснбузарларга қарши – ёнғоқ, аниқроғи унинг япроғи жуда яхши таъсир кўрсатади. Бироқ қўллашдан аввал улар қуритилади, сўнг дамлама тайёрланади: 3 чой қошиқ қуритилган япроққа 0,5 литр қайнаган сув қуйилиб, 1 дақиқа қайнатилади. Тайёр бўлган аралашма тахминан 2 соат давомида дамланади ва суви сиқиб олинади. Озгина пахтани дамламага ботириб, ҳуснбузар чиққан жойга босилади.
Шунингдек мойчечак ва тирноқгул дамламаларида тез-тез юзни артиб туриш ҳам яхши фойда беради. Валлоҳу аълам!
Гулбаҳор Сатторова.