– Ва алайкум ассалом!
Намоздаги хушуъ
Намоз Исломнинг энг муҳим рукнларидан бири экани барчамизга маълум. Шу сабаб намозда хушуъ масаласи жуда жиддий аҳамиятга эга ва шунингдек, унда турли қийинчиликларга дуч келинади. Намоз банда билан Робби орасидаги боғланишдир. Холиқимиз азза ва жалла намоз тўғри ва мақбул бўлиши учун бизларга уни рукнлари, шартлари билан батамом суратда адо этишимизни амр қилган. Лекин, минг афсуски, кўпчилигимиз намозимизда хушуъ даражасига ета олмаймиз, диққат қила олмаймиз. Балки намозда у ёқ-бу ёққа ўтлаб, фикримиз қочиб, ҳаттоки қайси ракъатдалигимизни унутадиган даражага келиб қоламиз. Баъзан намозни қайта ўқишга ҳам тўғри келиб қолади. Шу билан бирга, биз билишимиз керак бўлган нарса шуки, шайтонни энг маҳзун қиладиган нарса – банданинг намозни диққат ва хушуъ ила батамом адо этишидир. Шу сабаб шайтон намозларимизда бизни чалғитмоқчи бўлади. Намоз учун махсус шайтон бор бўлиб, унинг исми Ханзаблиги ҳадиси шарифларда ворид бўлган. Имом Муслимнинг «Саҳиҳ»ларида қйидаги ҳадис ривоят қилинади: «Усмон ибн Абул Осс розияллоҳу анҳу Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб: «Эй Аллоҳнинг Расули, шайтон мен билан намозим ва қироатим орасида тўсиқ бўлди. У мени қироатда илтибосга соляпти», деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ана шу Ханзаб деб аталадиган шайтондир. Қачон уни ҳис қилсанг, «Аъузу биллаҳи.»ни айтгин-да, чап томонга уч марта туфлагин», дедилар. У: «Мен ўшандай қилган эдим, Аллоҳ мендан уни кетказди», деди». Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам рост сўзлаганлар. Ханзаб намоз ўқиётганимизда бизларни васваса қилади. Ўй-фикрларимизни бошқа нарсалар билан машғул этади. Аллоҳ таолодан ёрдам сўраган ҳолда сиз азизларга намозларингиз хушуъ ва диққат билан мукаммал бўлиши учун баъзи тавсияларни тақдим қилмоқчимиз. 1. Намоз учун тайёргарлик. Аввало намозни адо этадиган ерингизга эътибор беринг. Агар у шовқинли жой бўлса, бошқа тинч жойни танланг. Эркаклар учун энг яхши жой масжидда, жамоат ичида намоз ўқишдир. Аёл киши эса уйидаги энг тинч хонани ўзига намозгоҳ тутсин. Турли шовқин ва чалғитувчи нарсалардан узоқда бўлсин. Масалан, телевизор, телефон, болаларнинг шовқини ва ҳоказо. Мана шу омилга эътибор берилса, секин-аста ўз таъсирини кўрсатади. Шу билан бирга, намознинг маъносини яхши англаш лозим. У фақатгина қуруқ ҳаракатлардан иборат бўлган нарса эмас, балки намоз Ислом шиорларидан биридир. Шунингдек, намоз асносида тиловат қилинадиган оятларнинг маъносини ҳам яхши англамоқ керак. Токи ўқилаётган Қуръони Карим қуруқ сўзлардан иборат бўлиб қолмасин. Унинг ҳар бир ҳарфини фаҳмлаб, ўзда сингдириш керак. Имомдан тингланаётганда ҳам шундай ҳолатда бўлиш лозим. Мана шу омиллар намоз ўқувчини хушуъ оламига олиб боради. Эркаклар намозни масжидда адо этишга ҳарис бўлмоқлари лозим. Намозни жамоатда, мусулмонлар билан бирга адо этиш кишига ўзгача руҳ бағишлайди. Шу билан бирга, жамоат намозига иқома айтиб бўлинганидан кейин шошиб келиб қўшилмасдан, намоз бошланишидан аввал келиб, намозни кутиш керак. Бундай қилиш намознинг руҳониятини ҳис қилишга ёрдам беради. Ўзингизни Аллоҳ таолонинг рўпарасида эканингизни ҳис этишга фурсат беради. Намозингизни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига мувофиқ равишда адо этишни батафсил ўрганинг. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларининг ҳадиси шарифларида: «Менинг намоз ўқиётганимни кўрганингиздек намоз ўқинг», деганлар. Бунинг маъноси – намознинг ҳар бир ҳаракатига ўз миқдорини, вақтини беришдир. Айниқса рукуъ, сажда ва ташаҳҳуд пайтида шошмаслик керак. Қироатни ҳам ўрнига қўйиб адо этиш лозим. Набавий суннатга амал қилиш намозда хушуъ ҳосил бўлишига олиб бориши шубҳасиздир. Намоз вақти киришидан аввал дунёнинг шовқин-суронидан узилиб, ақлингизга бироз дам беринг. Ўйингизни намозга қаратинг. Руҳиятингизни намозга ҳозир қилишингиз жуда ҳам муҳимдир. «Ҳозир имтиҳондан ўтаман», деб хаёл қилинг. Шунда онгингизда намозга нисбатан бутун диққатни жамлаш учун тайёргарлик бошланиши аниқ. Шунингдек, сиз шайтон билан, нафсингиз билан, дунё билан курашга киришасиз. Роббингиз азза ва жалла олдида хушуъингиз зиёда бўлиши учун таҳорат олишингиз ва намоз ўқишингиз орасида беш дақиқа ажратинг. Унда Аллоҳнинг зикрини қилинг, истиғфор айтинг. Шунда сиз турли ўйларни, қийинчиликларни ва дунё ташвишларини бир четга сурасиз ҳамда ўзингизни намоз учун ҳозирлаган бўласиз. Шунингдек, руҳий босимлардан ҳам халос бўлиш керак. Намозга муносиб, Аллоҳ таолонинг олдида туришга муносиб гўзал ва тоза либосларни кийинг. Намозингизда тиловат қиладиган сураларингизни ёки оятларингизни аввалдан тайин қилинг. Ҳадеб бир хил маълум қисқа сураларни такрорлайверманг. Бу ҳолат одатга айланиб қолса, бора-бора тиловат қилинаётган сўзларга нисбатан эътибор пасаяди. Кўп сура ёдламаган бўлсангиз, намоз учун тўрт оят бўлса ҳам, ёдланг. Ушбу оятлар ўзингизга ёққан, сизга таъсир қиладиган оятлар бўлса, уларнинг маъносини тушунсангиз, янада яхши. Намозга ният қилганингизда уни холис Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло учун эканини, У Зотнинг розилиги учунлигини ҳис қилинг. Хўжакўрсинлик аралашиб қолмасин. Шунда намозингизда хушуъ бўлиши осонлашади. 2. Намоз асносида. Қиёмда турганингизда тўғри туринг. Қалбингиз Аллоҳ таолодан қўрқиб турсин, кўзларингиз очиқ бўлсин, сажда ўрнига қараб туринг. Намозни шошиб адо этманг. Намозингизнинг ҳар бир бўлагини ҳаққини тўла адо этган ҳолда ўқишингиз керак. Ўзингиз эса сокин ва ҳушёр бўлишингиз зарур. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Шошилиш шайтондандир», деганлар. Эсда тутингки, сиз халойиқ билан учрашиб турганингиз йўқ, балки халойиқнинг Холиқи билан учрашяпсиз. Намозингизда Қуръони Каримни тажвид ила тиловат қилинг. Яъни тўғри, тартил билан қироат этинг. Мана шундай қилиш ҳам хушуъ ҳосил бўлишига сабаб бўлади. Агар жамоат намозида бўлсангиз, бошқа намозхонларни чалғитиб юбормайдиган даражада Қуръони Каримни пастроқ овозда ўқинг. Овозингизни кўтариб ўқишингиз ўзгаларнинг хушуъсига халал бериши мумкин. Агар намозингиз асносида хаёлингиз қочаётганини сезсангиз, «Аъузу.»ни айтинг ва диққатингизни жамланг. 3. Намоздан сўнг. Намозни тугатгач, дарров ўрнингиздан туриб кетманг. Балки бир муддат ўтириб, намозингизнинг нуқсонларини тўлдириш учун зикр қилинг, тасбеҳ айтинг. Аллоҳга ихлос ила намозингиз мақбул бўлишини сўраб дуо қилинг. Намоздан кейинги энг муҳим дуо «Аллоҳумма аъинни ъала зикрика ва шукрика ва ҳусни ъибадатик»дир. Шунингдек, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам тавсия қилган зикрларни айтиш керак. Мисол учун, аввало уч марта истиғфор айтиб юборилади. Бу намоздаги нуқсонлар учун бўлиши билан бирга, банданинг намоз ўқидим, дея ғурурланиши ва амалига таяниб қолишнинг олдини олади. «Аллоҳумма антассаламу ва минкассаламу табарокта ва таалайта я Залжалали вал икром». Шу билан бирга, набавий суннатдаги тасбеҳларни ҳам – «Субҳаналлоҳ», «Алҳамдулиллаҳ» ва «Аллоҳу Акбар»ларни 33 мартадан айтиб, хотимасига «Лаа илааҳа иллаллоҳу ваҳдаҳу лаа шарийка лаҳ, лаҳул мулку ва лаҳул ҳамду юҳйи ва юмит ва ҳува ъала кулли шайъин қодийр»ни айтилади. Дўзах азобидан Аллоҳдан паноҳ сўранг, У Зотдан сизни жаҳаннамдан озод қилишини тиланг. Хусусан, шом ва бомдод намозларингиздан кейин «Аллоҳумма қини ъазабака явма табъасу ибадак» ёки «Аллоҳумма ажирни минаннар»ни айтинг. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизга тавсия қилиб ўргатган салавотларни кўпроқ айтишимиз лозим: «Аллоҳумма солли ъала саййидина Муҳаммадин кама соллайта ъала Иброҳим ва ъала али Иброҳим. Аллоҳумма барик ъала Муҳаммадин ва ъала али Муҳаммад кама барокта ъала Иброҳима ва ъала али Иброҳим иннака ҳамидум мажид». Аллоҳ таолодан ижобат бўлишига аниқ ишонган ҳолингизда эҳтиёжларингизни сўранг ва дуони кўпайтиринг. 4. Намоздан ташқарида. Намозга фақатгина ибодат деб қараманг, балки уни ҳаётингизнинг асосий бир қисми деб билинг. Намозингиз тўғри бўлгани сари ҳаётингиз ҳам тўғри йўлга тушиб боради, аксинча бўлса, бу ҳолатнинг тескариси бўлади. Ҳаётингизни Аллоҳни ғазаблантирадиган нарсалардан узоқда, тўғри ва пок бўладиган қилиб муҳофаза этинг. Ҳалол касбга, ҳалол луқмага ҳарис бўлинг, ҳаром нарсалардан узоқда бўлинг. Чунки гуноҳ қилиш қалбни ўлдиради ва кишидан ҳушёрлик ҳамда хушуъни тортиб олади. Вақтингизни намоз пайтларига қараб тартибга солишингиз керак. Аксинча эмас! Ишингиздан бўшаб олгунингизча намозни кечиктирманг. Ишингизни шундай режалаштирингки, намозни ўз вақтида ўқишга тайёр бўлинг. Уйқуга эртароқ ётишга урининг. Шунда бомдод намозини ўз вақтида қоим қилишга қодир бўласиз. Қолган намозлар ҳақида ҳам шу гап айтилади. Аллоҳ таоло: «Албатта, намоз мўминлар учун ўз вақтида фарз бўлган», деган (Нисо сураси, 103-оят). Узоқ вақт телевизор томоша қилиш ёки мусиқа тинглаш каби ақлни машғул қиладиган нарсалардан йироқда бўлишга ҳаракат қилинг. Чунки ушбу ишлар намоз ичида хаёлингизни олиб қочади. Ҳар бир мусулмон ва муслима намозда хушуънинг энг юқори даражасига етишишни жуда истайди. Ушбу кўрсатма ва тавсияларга эргашган ҳолда Аллоҳ азза ва жаллани рози қиладиган кўринишда намозингизни қоим қила оласиз, деган умиддамиз, иншааллоҳ. Одинахон Муҳаммад Юсуф.
Валлоҳу аълам!