Ассалому алайкум! Ассалому алайкум, саволим такрор бўлса олдиндан узр сўрайман. «Шарх» сурасининг охирги оятларида «Бас, эй, Муҳаммад(соллаллоҳу алайҳи васаллам), қачонки намоздан фориғ бўлсангиз ўрнингиздан туринг ва Роббингиз сари рағбат билан дуо қилинг» дейилган экан. Биз эса намоздан сўнг доим ўтириб дуо қиламиз, бу билан гуноҳкор бўлиб қолмаяпмизми? Жавоб учун олдиндан раҳмат
«Билимсизликнинг шифоси» ҳайъати:
Ва алайкум ассалом! Сиз оятларнинг маъносини бир оз бошқача талқин қилгансиз. Шундан тушунмовчилик келиб чиққан. Авваламбор икки оятни бир-бирига қўшиб юборгансиз, аслида иккиси орасида фосила (ажратиш) бўлиши керак. Мазкур суранинг 7-оятида:
فَإِذَا فَرَغْتَ فَٱنصَبْ
«Фориғ бўлсанг, (ибодатга) урингин».
Яъни «Халқни динга даъват қилишдан бўш вақтингда ибодатга қаттиқ ҳаракат қилгин», дейилган. 8-оятида эса:
وَإِلَىٰ رَبِّكَ فَٱرْغَبْ
«Ва фақат Роббингга рағбат қилгин».
Роббингдан бошқага рағбат қилишда ҳеч қандай яхшилик йўқдир. Фақат Аллоҳ таолога рағбат қилиш, яъни Унинг розилигини истаб ҳаракат қилиш билангина муродга етилади, дейилган.
Мана энди маъно тушунарли бўлгандир, деб умид қиламан. Ундан чиқариладиган хулоса ҳам тўғри бўлади, иншааллоҳ. Валлоҳу аълам