Маслаҳатга муҳтожман

02:08 / 18.02.2021 | Сабина | 845

Ассалому алайкум! Турмуш ўртоғим билан ҳеч келиша олмаймиз, дунёқарашимиз икки хил. Мен беш вақт намоз ўқиб, кучим етганча ибодатдаман, Алҳамдуллиллаҳ. Лекин хўжайним, қайнона, қайнотам исломдан, ибодатдан йироқ инсонлар. 2та фарзандим бор, янги келинлигимдан бошлаб хўжайним кўп хиёнат қиладилар. Оилам деб сабр қилдим, жуда кўп кечирдим. Ўзимни ўзгартириб янада яхши аёл бўлишга ҳаракат қилдим, психологга ҳам бордим. Лекин фойдаси бўлмади. Хўжайним билан барибир келиша олмаймиз. Улар менга, оиласига жуда бефарқлар. Зино гуноҳлигини жуда кўп айтдим, фойдаси бўлмаяпти. Ота-онасининг ҳам қачон келишлари, нималар қилишлари билан умуман ишлари йўқ. Уларга айтсам "эркак киши, ишингиз бўлмасин" дейдилар. Сабрим ҳам, кучим ҳам тугади. Мен билан муман гаплашмайдилар, эрталаб туриб кетадилар, кеч келиб ухлайдилар. Фарзанд тарбияси билан ҳам ишлари йўқ. Эр хотинлик муносабатлари ҳам йўқ. Жуда чарчадим. Хиёнат қилганида "бўлди, ажрашайлик", десам, "йўқ", дейдилар. Лекин ҳамма керакли нарсалар билан таминлайдилар. Ичим йиғласа ҳам кулиб юраман. Маслаҳат беринг, нима қилай? Қандай йўл тутай? 

Руҳшунос:

– Ва алайкум ассалом! Сизнинг икки йўлингиз бор. Бири, ажрашиб кетиб ўзингиз учун яшаш, ишлаш ва оилангизни ўз зиммангизга олиш. Иккинчиси, шу шароитга кўникиб, сабр қилиб яшаш. Аммо иккала йўлда ҳам ўз устингизда кучли ишлаш талаб қилинади. Биринчи йўлда оила тебратиш учун қандайдир тирикчиликни эплаб кетишингиз керак. Ҳам она, ҳам ота бўлишингиз керак. Болалар тарбиясида баъзи қийинчиликларни бировга билдирмай ичингизга ютишингиз керак. Чунки отасиз болани катта қилиш ўта мушкул иш. Иккинчисида эса оилада эркак киши бор бўлгани учун болага оталик қилмайсиз, аммо ўзингизнинг аёллик энергиянгингиз устида ишлашингиз керак бўлади. Ўзингизни севишингиз, қадрингизни билишингиз, билимларингизни оширишингиз хуллас ўзингиз учун яшашни ўрганишингиз керак. Негаки ҳар ким бу ҳаётда нимаики қилса ўзи учун охиратда жавоб беради. Демак ибодатларини вақтида бажариши, ибодатга қувват бўлиши учун соғлом бўлиши, бу учун эса вақтида уйқуга вақт ажратиши ва тўғри овқатланиши керак. Мана шулар ҳақида мулоҳазалар қилиб кўрсангиз турмуш ўртоғингиз ҳақида ўйлайвермайсиз. Валлоҳу аълам!