Фарзандим

18:54 / 19.02.2021 | Umida | 461

Ассалому алайкум! Фарзандим 2 ёшдан ошган, уйда бўлган пайтида менга жуда ўрганган эди. Қаерга борсам ҳам орқамдан қолмай юрарди. Ҳозир боғчага бердик. Биринчи кунидан бошлаб бувиси олиб бориб келадилар. Эътибор берсам, шу кундан буён бувисига қаттиқ ўрганиб қолди. Ҳаттоки кечалари ҳам мен билан ётмай, "бувимга кетаман", деб тинимсиз йиғлайди. Бошида эътибор бермагандим, кейин уришдим, "ундай қилма, онангманку, мени соғинмадингми, кетайми?", десам "ха", деб жавоб берди. Умуман мен билан иши йўқ, бобо ва бувиси унинг айтганини қилишади, уришишмайди. Бир ой аввал бундай эмас эди, яна билмайман. Нима қилсам менга меҳрибон бўлади? 

Руҳшунос:

– Ва алайкум ассалом! Бувиси невараси билан вақтни сифатли ўтказган. Кўпинча оналар "болага вақт ажратинг", дейилса, “кун бўйи болам биланманку”, дейдилар. Аммо боланинг олдида шунчаки ўтириш ёки уни уришиш унга вақт ажратиш эмас. Вақтни сифатли ўтказиш керак. Яъни, у билан дўстлар каби гаплашиш керак. Бувиси ва бобоси каби юракни кенг қилиб, сабрли бўлиб муносабат қура олиш ва уни шахс сифатида тан олиш керак. Сиз ҳам шундай қилиб кўринг. Келганида биргаликда ўйин ўйнанг, расм чизинг, гаплашинг. Насиҳат қилманг, шунчаки гаплашинг. "Онангманку", деб ҳафа бўлманг. Фарзандингизни бувиси туртиб юрса, унга меҳр бермаса нима бўлар эди, ўзингизни қандай ҳис этган бўлар эдингиз? Фарзандингизни қанча кўп одам  яхши кўрса ва у қанча одамни яхши кўрса билингки келажакда унинг ўзига бўлган ишончи юқори бўлади. У олдига мақсад қўйишга ва унга эришишга қўрқмайдиган шахс бўлиб етишиб чиқади. Сиз айтган бу ҳолатларга қайтанга шукр қилиш керак. Валлоҳу аълам!