Таҳорат

00:42 / 19.03.2021 | Zaynab | 463
Ассалому алайкум! Устоз маҳсимнинг таг қисми юзаси ёрилиб чизиқ-чизиқ бўлиб қолган, лекин йиртилмаган, баъзан билмай сув тўкилган ерни босиб қўйсам, оёқ бармоқларим бироз нам бўлиб қолади. Бу ҳолатда таҳоратим бузилган бўладими? Маҳсини ечиб, тўлиқ таҳорат олишим керакми? Аллоҳ сизлардан рози бўлсин. Жавоб учун олдиндан раҳмат.
«Билимсизликнинг шифоси» ҳайъати:

– Ва алайкум ассалом!

Масҳнинг бизнинг матнда зикр қилинмаган синиш ҳолатлари ҳам бор:

1. Жунуб бўлганда.

Махсига масҳ тортиб юрган одам жунуб бўлиб қолса, масҳи синади. У махсисини ечиб, тўлиқ ғусл қилиши лозим бўлади.

2. Бир пой ёки икки пой махсини ечганда.

Масҳ билан юрган одам оёқ кийимини ечган пайтда таҳоратли бўлса, оёғини ювиб олиши керак. Акс ҳолда таҳорати синади.

3. Махсида учта бармоқ чиқиб қоладиган даражада йиртиқ пайдо бўлса ҳам масҳ синади.

4. Бир оёқнинг кўп қисмига сув тегса ҳам масҳ синади. 

Масҳни пойабзалдан оёқнинг кичкина бармоқларидан учтаси кўринадиган миқдордаги йиртиқ ман қилади. Бир пой махсидаги йиртиқлар жамланади, икки пойиники эмас.

Бир пой махсидаги йиртиқларни жамлаганда оёқнинг кичик бармоқларидан учтаси миқдорида йиртиғи бор махсига масҳ тортиб бўлмайди.

Бир кеча-кундуздан аввал муқим сафар қилганда ёки аксинча (мусофир муқим) бўлганда, охиргиси эътиборга олинади.

Бир одам муқим ҳолида махсисига масҳ тортди. Ке­йин сафарга чиқиб қолди. Бунда сафар ҳоли эътиборга олинади ва масҳи уч кечаю уч кундузгача синмайди.

Биров сафарга чиқди. Сафарига бир кечаю бир кундуз ўтмай туриб, муқим бўлиб қолди. Бу ҳолда бир кечаю бир кундуздан кейин масҳ синади. Сафардалигида бир кеча-кундуздан ўтган бўлса, муқим бўлиши билан масҳ синади.

Бу икки ҳолатдан кейин ечилади.

Муқим мусофир бўлганда ва мусофир бир кечаю бир кундуз ўтмай туриб муқим бўлганда, муддат тугал бўлиши билан махсини ечиб, агар таҳоратли бўлса, оёқ ювилади. (Кифоя.)

 Валлоҳу аълам!