Нима қилсам ўзимни бошқара оламан?

07:34 / 22.02.2021 | Munira Ganijonova | 662

Ассалому алайкум! Университетда ўқийман, 1- курсман, Алҳамдулиллаҳ. Орзу мақсадларим кўп, улар учун қаттиқ ўқишим керак. Буни тушуниб турибман, лекин ўзимга ҳукмимни ўткиза олмаяпман. Китоб ўқий олмаяпман, телефонга чалғиябман, ижтимоий тармоқларга киряпман, китоб ўқишни 1-ўринга қўя олмаяпман. Бир нарса тўхтатиб тургандек гўё. Менга маслаҳат беринглар, илтимос. 

Руҳшунос:

– Ва алайкум ассалом! Қатъиятли бўлинг. Ўзингизни қўлга олинг. Эркингиз ўзингизнинг қўлингиздаку. Сизнинг онгингизни, ақл-заковатингизни биров ўзгартириб ёки алмаштириб қўя олмайди. Мақсадларингизни ёзиб чиқинг. Сўнг уларни режалаштиринг. Кичкина қадамлар билан мақсадларингиз томон юра бошланг. Вақтлироқ уйғониб бомдоддан кейин ухламай сайрга чиқиб кетинг. Кечқурун вақтлироқ ухлашга ётинг. Ҳар куни оз-оздан китоб ўқишни мақсад қилиб олишингиз керак. Масалан аввал беш вароқдан китоб ўқинг. Кейинчалик оз-оздан кўпайтира боринг. Сайр қилаётганингизда ўқиган нарсаларингизни мулоҳаза қилишни одат қилиб олинг. Келгуси ҳаётингизни кўз олдингизга келтиринг. Ўзингизга савол беринг: “Ҳозирда қилаётган ишимни келажагим учун қандай фойдаси бор?” Мана шундай саволлар билан ўзингизни мақсадингиз сари сафарбар қилиб турсангиз бўлади. Валлоҳу аълам!