Боламни узоқ кутганман

02:55 / 24.02.2021 | Осиё | 634

Ассалому алайкум! Менинг 3 ойлик чақалоғим бор. Баъзан жуда кўп йиғласа тез асабийлашиб, ҳаёлимга ҳар хил ёмон фикрлар келади. Лекин ўзим боланинг қорни тўқ, ҳеч қаери безовта қилмаса жим ётишини биламан. Шу кунларда бундай ҳолат кўпайиб кетмоқда. Фарзандимга қўл кўтариб қўйишдан жуда ҳам қўрқаяпман. Илтимос, маслаҳат беринг! 

Руҳшунос:

– Ва алайкум ассалом! Она нотинч бўлса бола ҳам нотинч. Сизнинг ички руҳиятингизни бола ўз қилиқларида акс эттиради. Ўйлаб кўринг сизни нима безовта қилаяпти? Ана шуларни бартараф эта олсангиз болангиз ҳам хотиржам бўлиб қолади. Сизга бир мақоламни илова қилмоқчиман. Ўқиб кўриб баъзи фикр мулоҳазаларга келарсиз.

БОЛАНИ КАЛТАКЛАШНИНГ ОҚИБАТИ НИМАЛАРГА ОЛИБ КЕЛАДИ
Кўп оналар “менга маслаҳат беринг ўзимни қандай тутай, нима қилсам боламни урмайман” ёки “илтимос менга ёрдам беринг, ўзимни тута олмаяпман, боламни кўп ураяпман, виждоним қийналиб кетаяпти” каби саволлар билан мурожаат этадилар. Энг ачинарлиси шуки, бу оналар калтаклаётган болалари 2-3 ёш орасидаги болалар. Албатта бу фожиадир. Бу ёшдаги болалар ҳали ҳеч нимани тушунишмайди. 2-3 йилликгина тажрибаси бор бўлган боладан ниманидир талаб қилиш  нодонлик. Бу аянчли ишларга барҳам бериш учун энг аввал келинг ота-она ўз фарзандини калтаклаганида болада қандай ҳодисалар юз бериши мумкинлигини ўрганиб чиқайлик.
Жисмоний тарафдан қараладиган бўлса тана оғриғи боланинг миясида “қайтариб ур ёки қочиб кет” маъносидаги механизмни ҳосил қилади. Шу сабаб бола ўзидан кўра кичикроқ ёки ожизроқ бўлганларни хафа қилиш орқали ўз агрессив ҳис-туйғуларини чиқазиб ташлайди. Бу ҳолат бола катта бўлгач ҳам кузатилади. Бундай болалар катта бўлгач оила қурганларида ўз аҳли аёлини калтаклайдиган, қўпол муомала қиладиган бўлади ва болалигида калтакланган қизалоқлар вояга етиб оила қургач ўз фарзандларига ҳам шу каби муомалани қиладилар. Зулм қилиш бу фақат калтаклаш ёки бақириш дегани эмас. Зулм бу онгли равишда қўрқитув орқали бошқа инсонни ўзига бўйсундиришдир. Қўрқитувга, зулмга бировни ўзига қарам қилиш, чўчитиш, обрўсини тўкиш, бирон ишга мажбурлаш, ноўрин айблаш, ҳақоратлаш ва манипуляция қилиш ҳам киради. Қачонки она ўз фарзандига бақирса, уни ҳақоратласа, бола учун муҳим бўлган баъзи ўйинлари ёки дўстлари билан мулоқот қилишни тақиқласа, бу завқ-шавқдан уни маҳрум қилса у ҳолда бу ишлар болага тан жароҳати етказилган билан баробардир.
Бу зулмлар оқибатида боланинг миясида ҳам катта салбий  ўзгаришлар содир бўлади. Калтакланган, жазоланган болаларнинг миясидаги хотира, эмоционал маълумот учун жавоб берувчи таркибий қисмининг ҳажми миқдори ҳам кичрайиб қолади. Чунки уларда мия нейромедиаторлари хусусан гепофиз гормони окситоциннинг иш фаолиятининг бузилиши ҳамда стресс ҳолатларда мия иш фаолиятини тартибга келтирувчи моддаларнинг бузилиши юз беради. Бундан ташқари миянинг “қувватловчи тизими” ҳам нотўғри ишлай бошлайди. Яъни муваффақиятли, эзгу ишлар сари етакловчи ижобий тажрибалар бундай инсонлар учун ҳаёти давомида ориентир бўлиб хизмат қилмайди. Шу билан биргаликда хавф хатарга сезувчанлик юқори бўлиб, бу каби инсонлар беқарор ва ўз устида ишлашга лоқайд бўлиб қоладилар. Бу ерда бир мисол келтириш ўринлидир. Ҳиндистонда фил боқувчилари уларни қўлга ўргатиш ва ўзига хизмат қилдириш мақсадида фил боласини қозиққа бойлаб ўстирадилар. Табиийки фил боласи ўзини у ёққа бу ёққа уради. Бу ҳолатда у калтакланади. Арқонини бўшатишга кучи етмай қозиқ олдида қолади ва тақдирига тан беради. Кўп вақт шу аҳволда ўстирилади. Сўнг фил катта бўлиб, хизматларини қилиб жойига қайтгач бу баҳайбат жонзот яна ўша қозиққа бойланиб қўйилади. Баҳайбат филнинг кучи кўплигини ҳаммамиз биламиз. У оёғини шундай тортсагина қозиқ жойидан юлиниб чиқади. Аммо унда бу учун на ғайрати ва на ўзига ишончи бўлмайди. Энди ўзингиз бундан хулоса чиқараверинг.  
Болани стресс ҳолатига тушириб қўювчи омиллар булар нафақат уни калтаклаш балки уни ҳақоратлаш ҳамдир. Бу каби стресс оқибатида бола ўзининг ҳоҳиш-истакларини қониқтира ололмайди, ўзига ишонмайди, ўзини ҳурмат қилмай қўяди ва ўз кўз олдида қадр-қимматини йўққа чиқазади. Ўзидан қониқмаслик ҳисси эса ўз навбатида миянинг барча таркибий тузилишига таъсир этиб, боланинг дарсларига эътиборсизлигига, ўз фикрини ифодалай ололмаслигига, нутқининг бузилишига, руҳлантирилиши ва мотивациясининг бузилишига олиб келади. Физиологик томонидан бола ўзидан қониқса, ҳаётидаги ижобий ҳодисалардан таъсирланиши оқибатида унинг гипоталамус ҳужайраларида нейрогормонлар ажратила бошлайди. Агар бола ўз оила аъзолари таъсиридан ижобий ҳиссиётларни кечира олмаса у ҳолда гипоталамусда нейрогормонларнинг синтези бузилади. Бу эса мия механизмининг атроф-муҳитни ўрганиш фаолиятини, эмоционал-мотивациясини тартибга солиш тизимини бузади. Боланинг фикри жамланиши учун ота-она уни жазолар экан, аксинча таъсир бўлиб, боланинг билимларини ўзлаштириши, тушуниш қобилияти, ўзини-ўзи бошқаришига путур етади. Табиийки ота-она жунбушга келиб болани янада кучлироқ жазолаш чораларини кўра бошлайди. Ва бир-бирига туташиб кетган охири йўқ жазоланишларни келтириб чиқазаверади. Мисол келтирайлик. Ютуб каналида бир видеони кўрган эдим. Она ўз қизига математикадан масалани ечишга ёрдам бераётган эди. Бочкада нечта қўзиқорин қолган деган саволга қизалоқ 24 та бодиринг қолди деб жавоб бераяпти. Сон жиҳатидан тўғри, аммо қизалоқ қўзиқорин ўрнига бодринг сўзини ишлатаяпти. Видео 5 дақиқача давом этди. Она қўполлик қила бошлади, ҳақоратлади, бақирди. Қайта-қайта масаланинг шартини ва жавобини ўқитаверди. Қизи хатосини ўзи топа олар деган мақсадда. Қизалоқ яна шу жавобни бераверди. У бутунлай бодринг билан қўзиқоринни ажратишга ақли ишламай қолди. Ва ниҳоят она кулиб юборгач қизалоқнинг мияси ишлаб кетиб хатосини тушуниб қолди. Бундан ҳам хулоса қилишни ўзингизга ҳавола қиламиз.
Кўп ҳолларда стрессга учраган болалар бундан қочиш йўлларини ахтара бошлайдилар. Яъни ёлғон гапирадилар ва бўлмаган воқеаларни ўйлаб топадилар. Болаларда содир бўладиган мана шундай салбий ўзгаришларнинг барчасига ота-онанинг тоқатсизлиги, бесабрлиги, агрессив экани сабаб бўлади.  
Баъзан ўта қаттиққўл, шафқатсиз ота-оналарнинг фарзандлари уйдан қочиб кетишига ёки ўз жонига суиқасд қилишига олиб келади. Агар жазо бироз енгилроқ қилинган бўлса ҳам болада сезувчанлик, гапга кириш, англаш, идрок этиш механизми тўхтаб қолади. Боланинг бундай ҳолати ҳаётидаги ҳар бир салбий воқеалар содир бўлганда қайтарилаверади ва узоқ йиллар давом этади. Калтакланадиган, жазоланаверадиган бола уни ривожлантирувчи дарсларига, илмларига беэътибор бўлишига, дарсларни ёмон кўриб, ҳаётидаги ҳамма балоларни ана шу илмлар, дарслардан деб тушунади. Зулм кўрган болалар катта ёшга кирган бўлсалар ҳам уларда сурункали чарчоқ ҳисси, ангедония, яъни ҳаётдан завқ-шавқ, лаззат ололмаслик ҳисси, депрессия, бирон нарсага ёки бирон инсонга боғлана олмасликни келтириб чиқазади. Болалигида зулм кўрган қизлар турмушга чиққач турмуш ўртоғи билан муносабат қуролмаслиги, ўз фарзандларига етарлик меҳр-мухаббат беролмаслиги кузатилади. Бу ерда яна бир мисол келтирайлик. Ёши 70 га чиққан бир аёл билан суҳбатлашганимда ўз фарзандига нисбатан менинг назаримда ғайриоддий тушунчалари бордек туюлди. Қизида ҳам онасига нисбатан шундай ҳислар бор эди. Яъни она-бола ўртасидаги меҳр-мухаббат етишмаётгандек, бир қараса она-боладек, бир қараса гўё икки кундошдек эдилар. Бу онахон ўз ҳаётини гапирганидан кейин тушунилдики у ўз онасидан бутунлай меҳр кўрмаган, фақат калтакланган, оғир меҳнатларга кўмилиб кетиб улғайган экан. Бу аёл онасидан меҳр топмагани сабабидан у ҳам ўз боласига шу меҳрни бера олмаган. Чунки унда бундай тушунчанинг ўзи мавжуд эмас. Бу аёлдаги яна бир ҳолатга ҳайрон қолдим. Ўзи ёлғиз яшасада тинмай уй ичини йиғиштираверар, ойналарини ҳар ойда икки мартадан артаверар, овқатларни пишираверар, хуллас тиними йўқ бўлиб охири чарчаб қулаб тушар экан. “Нега ундай қиласиз ўзингизни бўш қўйиб роҳатланиб яшасангиз бўлмайдими, ҳамма ёқ шундоғам озодаку, нега уйларингизни йиғиштираверасиз?” деб сўрадим. Унинг жавоби мен учун кутилмаган бўлди. У аёл “Агар бемалол ўтирсам, бирон ишимни бажармасам гўё кимдир мени уришадигандек ёки мени масхара қиладигандек, устимдан куладигандек, мени биров кузатиб тургандек туюлаверади” деди. Қаранг ёши 70 га етиб қолган ва ота-оналари аллақачон ўтиб кетган бўлсада болалигидаги қўрқувлари ҳануз кетмаган.
Ота-оналарнинг беихтиёрий равишда тўсатдан болага бақириб кетиши, зулм қилишлари ва сўнг виждонининг қийналиши болада ҳудбинликни, бировни умуман ҳурмат қилмаслик ҳиссини келтириб чиқазади. Бу ҳолатнинг яна иккинчи кўриниши мавжуд бўлиб, у “Стокгольм синдроми” деб аталади. Яъни бундай бола ўз зулмкорининг ҳурматини, меҳрини қозониш учун унга тақлид қила бошлайди ва ҳақиқий жоҳилга, тушуниб туриб зулм қилгувчига айлана боради. Бундай инсонларда раҳм-шавқат деган нарса бўлмайди.
Кўриб турибмизки болага ҳоҳ жисмоний ҳоҳ психологик озор берилса бундай бола соғлом, ақллик, эмоционал етук, ўзини ва бошқаларни ҳурмат қилувчи баркамол инсон бўлиб етишмайди.
Бу ерда табиийки ота-оналарда нима қилиш керак деган савол туғилади. Аввало зўравонлик қилиш ҳиссидан, ғазаб пайдо бўлаётган вақтда ота-оналар бу вазиятдан масофа сақлаш орқали қочишлари керак. Болага “биз ҳозир бу ҳақда гаплашмаймиз, мен бироз ўз ҳовуримдан тушиб олай, иккимиз ҳам тинчланиб олайлик кейин гаплашамиз” дея оҳиста оҳангда айтиб қўйиши керак. Шу ерда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўгитларини эслайлик.
Имом Аҳмад раҳматуллоҳи алайҳи ривоят қилган ҳадисда келишича, бир киши Пайғамбар алайҳиссолату вассаломга:
«Эй Аллоҳнинг Расули, менга насиҳат қилинг», деди.
У зоти бобаракот: «Ғазаб қилма», дедилар.
Сўраган одам кейинчалик эътироф этиб, бундай дейди:
«Расулуллоҳ алайҳиссалом шу гапни айтганларида ўйлаб кўрсам, ғазаб ҳамма ёмонликни ўзида жамлаган экан».
Имом Аҳмад ибн Ҳанбал раҳматуллоҳи алайҳи Муъоз ибн Жабал розияллоҳу анҳудан ривоят қиладиларки, Пайғамбаримиз алайҳиссолату вассалом:
«Ким (жазо беришга) қодир бўлиб туриб, ғазабини ютса, қиёмат куни Аллоҳ уни халойиқ олдида чақириб туриб, ҳурлардан хоҳлаганини танлаб олишга имкон беради», деганлар.  
Демак ота-она ғазабини ютиб, тинчланиб олганидан сўнггина боланинг қилган хатоларини уни ҳақоратламаган ҳолда гапиришлари, бу хатонинг оқибатида нималар содир бўлиши мумкинлиги ва бу иш яна такрорланмаслиги учун нималар қилиниши кераклигини айтганлари яхшидир. Агар зарурат бўлса психолог ёрдамига ёки медикаментоз муолажа олиш мақсадида невролог, психиатр ёрдамига мурожаат этилиши керак.
Боладан ҳаддан зиёд кўп нарса талаб этилса бу унга катта юк юклангандек туюлиб, у бутунлай қулоқ солмай қўйиши ҳам мумкин. Болаларга гоҳида унчалик муҳим бўлмаган ишларда қарор қабул қилишда ўзига имконият берилгани маъқул. Бу унда масъулият ҳиссини уйғотиб, кучлик инсон бўлишига чорлайди. Ота-оналар хато қилган жойларида фарзандидан узр сўрашлари ўринлидир. Бу одат болани ҳам шундай қилишига ўргатади. Бола ўзининг қилган хатоларини кўра бошлайди ва унда самокритицизм, яъни ўзини танқид қила олиш ҳиссини пайдо қилади.
Албатта халқимизда  кўп такрорланадиган “Қуш уясида кўрганини қилади” ёки “Олимдан олим золимдан золим пайдо бўлади” деган мақолларни ҳаммамиз яхши биламиз. Ота-она ўзига марҳаматли бўлиши, ўз устида ишлаши, ўзини ривожлантириши, ҳар бир қилган хатоси учун ўзини ва айниқса бир-бирини боланинг гувоҳлигида койимаслиги, эр-хотин илиқ муносабатлар қуриб, бу хатоларда ўзини тўғирлаб олиш учун бўлган бир имконият деб билишлари зарур.
Сўзимизнинг сўнгида Шайҳ хазратлари Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф роҳимаҳуллоҳнинг қаламларига мансуб бўлган севимли китобимиз “Бахтиёр оила” га мурожаат этсак.
Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Фарзандларингизни ҳурматланг ва уларнинг одобини гўзал қилинг», – дедилар».
Ибн Можа ривоят қилган.
Бола ота-онаси ҳузуридаги омонат бўлиб, унинг қалби покиза гавҳардир. У ҳар қандай нақшни қабул қилаверади. Агар яхшиликка ўргатилса, ўшандай ўсади. Унинг савобига ота-онаси ва мураббийси шерик бўлади. Агар ёмонликка ўргатилса, ўшандай ўсади. Унинг гуноҳига ота-онаси ва мураббийси шерик бўлади. Валий уни сақлаши, таълим-тарбия бермоғи лозим. Унга яхши ахлоқларни ўргатсин, уни ёмон болалардан сақласин, ўткинчи лаззатларга қизиқишга одатлантирмасин, уни зебу зийнатга ружуъ қўйишга қизиқтирмасин. Токи катта бўлганда зебу зийнат ортидан юриб, умрини зое қилмасин.
 Валлоҳу аълам!