Ассалому алайкум! Исломда эр ва хотин ажралишса маҳр тeнг ўртасидан бўлинадими ёки ҳаммасини қайтарадими эркак кишига?
Ва алайкум ассалом!
Хилвати саҳиҳадан аввал эр талоқ қўйса, маҳрнинг ярмини беради келингга, кейин қўйса, тўлиқ маҳр беради. Хулуъ қилган аёл маҳрни эрга қайтаради.
Агар ундан бошқани айтган бўлса, икковларидан бири вафот этганда ёки саҳиҳ хилват бўлганда аталган нарсани бериш вожиб бўлади.
Яъни, эр тараф келинга ўн дирҳамдан оз бўлган маҳрдан бошқани, ўн дирҳам ёки ундан кўпни маҳрга беришни атаган бўлса, ўшани бирлари вафот этган чоғида ёки икковлари саҳиҳ хилватда қолганларидан кейин бериш вожибга айланади. «Саҳиҳ хилват» нималигини кейинги жумладан билиб оламиз.
У, ҳиссий, шаръий ва табиий жиҳатдан жинсий яқинликни манъ қилувчи нарса қолмаслигидир. Мисол учун, жинсий яқинликни манъ қиладиган беморлик, Рамазон рўзаси, фарз намоз, эҳром, ҳайз, нифос кабилар.
«Хилвати саҳиҳа»–«саҳиҳ хилват» деганда ақди никоҳдан кейин эру хотин бир жойда холий қолиб, уларни жинсий алоқадан тўсувчи ҳиссий, шаръий ва табиий монеликлар бўлмаслиги кўзда тутилади.
«Холий» жой деганда, ҳамма томони яхши тўсилган, икковларининг изнисиз олдиларига биров кира олмайдиган макон кўзда тутилади.
«Ҳиссий монеълик» деганда, эр беморлиги туфайли вақтинча жинсий алоқага ярамай тургани кўзда тутилади. Шунингдек, аёлнинг фаржида тўсиқ бўлиб, жинсий алоқага монеъ бўлиши ҳам ҳиссий монеъликка киради.
Шаръий монеълик деганда, аёлнинг ҳайзли ёки нифосли бўлиши, иккисидан бири рўзадор ёки эҳромда бўлиши кўзда тутилган.
«Табиий монеълик» деганда, эру хотиндан бошқа шахснинг улар билан бирга бўлиши кўзда тутилган.
Ана ўша шартлар тўлиқ бўлиб, хилвати саҳиҳа юзага келгандан кейин эрга маҳрни тўлиқ бериш вожиб бўлади, агар хотинининг айби билан никоҳ бузилса ҳам.
Мисол учун, қовушгандан ёки хилвати саҳиҳадан кейин аёл дийндан чиқиб муртад бўлса ҳам, маҳрни тўлиқ олиш ҳаққига эга бўлади.
Шунингдек, аввал ҳам айтиб ўтилганидек, эру хотиннинг бирининг ўлими билан ҳам тўлиқ маҳр вожиб бўлади. Ўлим қовушгандан олдин содир бўладими, кейинми–бари бир.
Жинсий олат кесилган бўлиши, жинсий заифлик ва бичилганлик манъ қилувчи омил эмас.
Бундай ҳолатларда келин-куёв ёлғиз қолсалар, хилвати саҳиҳа ҳисобланаверади.
Саҳиҳ хилватдан олдинги талоқ ила аталган маҳрнинг ярми вожиб бўлади.
Бу ҳукм Қуръонда келган. Аллоҳ таоло «Бақара» сурасида:
وَإِن طَلَّقْتُمُوهُنَّ مِن قَبْلِ أَن تَمَسُّوهُنَّ وَقَدْ فَرَضْتُمْ لَهُنَّ فَرِيضَةً فَنِصْفُ مَا فَرَضْتُمْ إَلاَّ أَن يَعْفُونَ أَوْ يَعْفُوَ الَّذِي بِيَدِهِ عُقْدَةُ النِّكَاحِ
«Агар уларга қўл теккизмай талоқ қилсангиз ва маҳрни аниқлаб қўйган бўлсангиз, аниқланганнинг ярмини берасиз, магар аёл ёки никоҳ тугуни қўлида бўлган киши афв қилса, бермайсиз», деган (237-оят).
Агар маҳр аталмаган бўлса, саҳиҳ хилватдан олдинги талоқда мутъа, ундан кейингида маҳри мисл вожиб бўлади.
Бу ҳукм ҳам Қуръонда келган. Аллоҳ таоло «Бақара» сурасида:
لاَّ جُنَاحَ عَلَيْكُمْ إِن طَلَّقْتُمُ النِّسَاء مَا لَمْ تَمَسُّوهُنُّ أَوْ تَفْرِضُواْ لَهُنَّ فَرِيضَةً وَمَتِّعُوهُنَّ عَلَى الْمُوسِعِ قَدَرُهُ وَعَلَى الْمُقْتِرِ قَدْرُهُ مَتَاعًا بِالْمَعْرُوفِ حَقًّا عَلَى الْمُحْسِنِينَ
«Агар хотинларга қўл теккизмай туриб ёки уларнинг маҳрини аниқламай туриб талоқ қилсангиз, сизга гуноҳ бўлмас. Уларни бой борича, йўқ ҳолича яхшилик ила фойдалантиринг. Бу яхшилик қилувчилар бурчидир», деган (236-оят).
Бу оятда никоҳдан кейин, маҳрни аниқламаган ҳолатда, духулдан олдин талоқ қилганда нима бўлиши ҳақида сўз кетмоқда. Аввало, шундай ҳолатда талоқ қилиш гуноҳ эмаслиги баён қилинди.
«Агар хотинларга қўл теккизмай туриб ёки уларнинг маҳрини аниқламай туриб талоқ қилсангиз, сизга гуноҳ бўлмас…»
Чунки инсонгарчилик юзасидан турли ҳолатлар бўлиб туради. Албатта, бу талоқ келин учун, унинг аҳли учун оғир бўлади. Умид билан никоҳдан ўтиб, орзу-ҳавас билан янги турмушни кўзлаб турганида, оилавий ҳаётни бошламай туриб талоқ бўлиши катта мусийбат. Бунинг устига дўсту душман, ёру биродарларнинг олдида нима деган гап бўлади?! Ана шу ҳолатларни ҳисобга олиб, маҳр ҳам тайин бўлмагани учун, бу келинга «мутъа»(фойда) деб номланган молиявий тақдирлаш беришни шариатда ушбу ояти карима асосида жорий қилинган.
Бериладиган мутъанинг миқдори куёв тарафга боғлиқ, имконига қараб кўпроқ нарса берса, яхши бўлади. Ривоят қилишларича, Имом Ҳасан розияллоҳу анҳу мутъа учун ўн минг дирҳам берган эканлар.
Уламоларимиз: «Ўз вақтларининг ўлчовида мутъа берилади; бой бир хизматчи олиб беради, Қамбағал уч сидра кийим-бош берсин», деганлар.
Шундай қилинса, келин тарафга енгил бўлади. Кўнгиллари таскин топади. Дўсту душманларнинг гап-сўзидан ҳам қутуладилар. Чунки шунчалик мол-дунё беришлик қизда айб йўқлиги, йигит тараф уни ҳурмат қилиши, аммо ноиложликдан ажралаётганлигининг аломати бўлади. Шу билан бирга, куёв тарафни ҳам ортиқча қийнаб юбормаслик керак.
Оятда:
«Уларни бой борича, йўқ ҳолича яхшилик ила фойдалантиринг» дейиляпти.
Куёв тараф «яхшилик ила» ҳаракат қилиши керак. Шунингдек, келин тараф ҳам. Оятнинг охирида фойда бериш юқори мақом экани:
«Бу яхшилик қилувчилар бурчидир», деб яна бир бор таъкидланмоқда.
«Хулуъ» сўзи луғатда «либос ечиш» маъносида кўпроқ ишлатилади. Шариатда эса, хотин кишининг арз қилиб, бир нарса бериб, эри билан ажрашиши «хулуъ» дейилади. Чунки эр-хотин Қуръон таъбири билан бир-бирига либос ўрнида бўлади.
Эр-хотиннинг бирга яшашга иложлари қолмаса, агар бирга туришса, гуноҳ иш содир бўлиши муқаррар бўлиб қолса, хотиннинг эрдан кўнгли тўлмаса, у ажрашишни истаб, эрига фидя (тўлов) бериб, уни рози қилган ҳолда ажрашиб кетса бўлади. Ҳожат тушганда маҳрга яроқли нарса эвазига хулуъ қилса бўлади.
Хулуъ боин талоқдир. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам хулуъни бир боин талоқ ҳисоблаганлар. Эридан хулуъ қилаётган аёлга хулуънинг бадалини эрига бериши вожиб бўлади. Эр ўзининг айби билан хотинни хулуъ қилишга олиб келган ва хулуъ эвазига хотин маҳрнинг бадалини қайтариб бераётган бўлса, уни олиш эрга макруҳдир. Аммо айб хотинда бўлса ва у маҳр бадали устига ортиғини ҳам бераётган бўлса, эрга ўша ортиғини олиш макруҳ бўлади.
Хулуъга маҳр бўлиши жоиз нарса берилса ҳам бўлади. Уламоларимиз: «Хулуънинг миқдори ўша аёлга берилган маҳрдан ортиқ бўлмагани маъқул», деганлар. Хулуъ Исломда аёл киши учун эрдан ажрашишга очиб берилган йўлдир. Эр ажрашишни хоҳласа, талоқ қилади. Хотин ажрашишни хоҳласа, қозига арз қилиб, хулуъ қилади.
Агар мол эвазига ёки мол бериш шарти билан талоқ қилса-ю, аёл қабул қилса, боин талоқ тушади. Хамр ва тўнғиз эвазига бўлса, эрга ҳеч нарса лозим бўлмайди. Хулуъда боин, талоқда ражъий тушади. Эр хотинига: «Сени минг тилла эвазига талоқ қилдим», деганда ёки «Сени минг тилла бериш шарти билан талоқ қилдим», деганда хотин: «Шартни қабул қилдим», деса, орага бир боин талоқ тушади. Чунки икки ҳолатда ҳам талоқ хотиннинг қабулига боғлиқдир.
Хамр ва тўнғиз мусулмон шахс учун қийматга эга мол эмас. Шунинг учун уларни бериши ҳам лозим бўлмайди. Буларга ўлимтик ва ҳур инсон кабилар ҳам киради. Ана шу пайтда хулуъда боин, талоқда ражъий тушади. Чунки бериладиган эваз ботил бўлганидан сўнг, лафзларга эътибор қилиш лозим бўлади. Хулуъ боин талоқни, талоқ эса ражъийни тақозо қилади.
Агар аёл мингнинг эвазига уч талоқни сўраса-ю, эр бир талоқ қўйса, бир боин талоқ тушади ва мингнинг учдан бири лозим бўлади. Минг бериш шарти билан бўлганда, Абу Ҳанифанинг наздида, бир ражъий талоқ тушади ва ҳеч нарса бериш лозим бўлмайди. Араб тилида эваз билан шартнинг орасида катта фарқ бўлади. Шунинг учун бу икки маъно ишлатилганда ҳукмлар икки хил бўлади.
Хулуъ қилишни хоҳлаган аёлнинг мол бериши лозим бўлгани сабабли бу иш унинг учун савдога ўхшаш нарсага айланиб қолади. Хулуъ масаласини ўша мажлиснинг ўзида ҳал қилиши лозим, ундан кейинга қолдиришга ҳаққи йўқ. Шунинг учун у хулуъни таклиф қилганидан кейин эр қабул қилишидан олдин гапини қайтариб олишга ҳақлидир. Эр: «Минг тилла бериш шарти ила сен талоқсан», деганида аёл: «Қабул қилдим», деса, унинг ихтиёр ҳаққи уч кунгача собит бўлади. Бу муддат ичида эр талоқни қайтариб олса, талоқ ботил бўлади. Аёл талоқни ихтиёр қилса, талоқ тушади ва эрга минг тилла бериши вожиб бўлади.
Хулуъ эрнинг ҳаққида қасамдир. Шунинг учун ҳукмлар аксинча бўлади. Яъни, қайтиши мумкин эмас ва унга ихтиёр ҳаққи ҳам берилмайди. Масалани ўша мажлиснинг ўзида ҳал қилмасдан, кейинга қолдирса ҳам бўлади. Бошқа ҳукмларда ҳам шундай.
Хулуъ ва бир-биридан воз кечиш икковларидан никоҳ ҳақларини соқит қилади. Аммо, никоҳдан бошқа ҳақлар собит туради. Мисол учун, иккиси бир-бири билан савдо қилган бўлсалар, бу ишдаги ҳақлари соқит бўлмайди. Маҳр, нафақа каби никоҳга оид ҳақлар эса, соқит бўлади. Валлоҳу аълам!
http://fiqh.uz/index.php/oilam-turmush/ . i-sut-puli.