Ҳижоб

06:02 / 25.02.2021 | Gulbanu Esemuratova | 811

Ассалому алайкум! Алҳамдулиллаҳ, яқинда Аллоҳнинг иродаси билан ҳижобга кирдим. Лекин уйимдагилар, онам жуда ҳам қаттиқ қаршилик қилаяптилар. Мен ҳижобимни ечмаганимда кейин мени жуда ҳам қаттиқ ҳақорат қилаяптилар, мен билан гаплашишни ҳам хоҳламаяптилар. Укам билан синглимни ҳам менга қарши қилиб қўйганлар. Жуда ҳам тушкунликка тушиб қолдим. Нима десалар ҳам ҳеч гап гапирмай, фақат сукут сақлаяпман. Нима қилсам онамга ҳижобнинг фарз эканлигини тушунтира оламан? Илтимос, маслаҳат беринг. 

Руҳшунос:

– Ва алайкум ассалом! Онангизга ҳеч нимани тушунтириб ўтирманг. Онангиз ҳам вақти келиб ўзи тушуниб қолади шариат амалларини, фарзларини. Қалб иши ғайб иши. Сиз қанчалар хоҳламанг, Аллоҳ қалбига иймон туйғусини бермагунича шундай бўлаверади. Фақат ота-онангиз учун дуоларда муқим бўлсангиз бас. Уришса ҳам чиройли сабр қилаверинг. Бу сизга келган синов. Аллоҳнинг розилигини топиш онсон иш эмас. Жаннатига лойиқ банда бўлиш учун мусулмон инсон унга келган барча синовларга сабр қилиб, тақдиридан рози бўлиш керак. Онангизнинг гапини икки қилсангиз гуноҳкор бўласиз. Фақат фарз амалларига келганда, хусусан намоз, ҳижоб масаласида уларнинг розилиги керак эмас. Намозингизни беш вақт адо этаверинг ва авратингизни ёпиб юраверинг. Кўчаларга кўп чиқманг. Тақво деганда аёл киши учун энг аввал қиладиган иши зарурат бўлмаса кўчага чиқмасликдир. Уйингизда ота-онангиз олдида бемалол рўмолсиз юраверинг. Нима деса ҳам хўб деяверинг. Бу синовларга қилган сабрингизнинг ажр-мукофотлари ҳақида ўйлаб юраверинг. Табассумлик бўлинг. Гумонингизни ижобийларга ўзгартиринг. Яхшилик умидида бўлишга ҳаракат қилинг. Валлоҳу аълам!