Спорт

21:59 / 29.04.2017 | Савол | 1245
Ассалому алайкум!
Аёллар семизликни олдини олиш учун қайси спорт тури билан шуғулланса бўлади? Семирмаслик ва дангасаликни олдини олишда бирор ҳадис ва суннат амалларидан жамлаб китоб ёзсангизлар
«Билимсизликнинг шифоси» ҳайъати:
Ва алайкум ассалом!
Зарарсиз бўлган спорт тури билан шуғулланиш жоиз. Семирмаслик учун биргина оят ва биргина ҳадис кифоя, китоб ёзиш шарт эмас:
قَالَ اللهُ تَعَالَى: يَا أَيُّهَا الرُّسُلُ كُلُوا مِنَ الطَّيِّبَاتِ وَاعْمَلُوا صَالِحًا إِنِّي بِمَا تَعْمَلُونَ عَلِيمٌ ۝

Аллоҳ таоло:
«Эй Пайғамбарлар! Пок нарсалардан енглар ва солиҳ амаллар қилинглар. Албатта, Мен нима амал қилаётганингизни ўта билгувчиман», деган (Мўминун, 51).

وَقَالَ أَيْضًا وكُلُواْ وَاشْرَبُواْ وَلاَ تُسْرِفُواْ إِنَّهُ لاَ يُحِبُّ الْمُسْرِفِينَ ۝

Ва яна:
«Еб-ичинг ва исроф қилманг. Чунки У Зот исроф қилувчиларни севмас», деган (Аъроф, 31).
Шарҳ: «Таом ва шароб китоби»нинг аввалида бу масала Қуръони Карим муолажа қилган масалалардан эканлигини билдириш учун иккита оятдан мисол келтирилмоқда.
Биринчи оят «Мўминун» сурасидан бўлиб, унда Аллоҳ таоло:
«Эй Пайғамбарлар! Пок нарсалардан енглар ва солиҳ амаллар қилинглар. Албатта, Мен нима амал қилаётганингизни ўта билгувчиман», демоқда.
Оятда аввало, барча Пайғамбарларнинг, асосан, оддий башар эканликларига урғу берилмоқда.
«Эй Пайғамбарлар! Пок нарсалардан енглар…»
Таом емоқ-оддий инсонга хос амал. Аллоҳ таоло Пайғамбарларига пок таом емоқни амр қилиши уларнинг оддий башар эканлигига далолатдир. Шу билан бирга, таомнинг пок бўлиши Аллоҳ таолонинг амри эканлиги ҳам маълум бўлмоқда. Аллоҳ таолонинг амри эса, фарзу вожибни тақозо этади. Демак, ҳалол-пок таом емоқ Пайғамбарларга ҳам, уларнинг умматларига ҳам фарзу вожибдир.
«…ва солиҳ амаллар қилинглар».
Солиҳ амал қилиш ҳам оддий инсоннинг вазифасига киради.
Демак, Пайғамбарлар оддий башар бўлганлар.
«Албатта, Мен нима амал қилаётганингизни ўта билгувчиман».
Ҳисоб-китоб қилиб тураман. Ҳисоб бериш ҳам оддий башарга хос масъулиятдир, яъни, оддий инсоннинг амали ҳисоб-китоб қилинади.
Аллоҳ таоло «Аъроф» сурасида келган иккинчи оятда жумладан, бундоқ дейди:
«Еб-ичинг ва исроф қилманг. Чунки У Зот исроф қилувчиларни севмас».
Баъзи бузуқ табиатли одамлар яхши таом истеъмол қилмасликни тақводорликнинг чўққиси сифатида кўрсатишга уринадилар. Аллоҳ таоло фақат емиш ғамида юриб, доимо унинг лаззатлисини ахтарувчи қорин бандаси бўлишни қоралаганидек, лазиз таомлардан ўзини тийиб, сифатсиз таомнигина ихтиёр қилишни ҳам қаттиқ қоралайди. Араб мушрикларида ҳаж мавсумида яхши таомларни емай қўйиш одати бор экан, ояти карима ўша одатни ҳам танқид қилади.
Еб-ичиш гуноҳ эмас, исроф қилиш гуноҳдир.
Имом Бухорий келтирган ривоятда ҳазрати Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу:
«Сени икки хислат — фахрланиш ва исрофгарчилик хатога бошламаса, хоҳлаганингни еб, хоҳлаганингни ичавер», деганлар.
Афсуски, баъзи кишилар еб-ичишнинг хилма-хил ва кўп бўлишини ҳаётнинг асосий мезони деб биладилар.
Бизда одамлар озиқ-овқатни исроф қилиш деганда, уни емай ташлаб юборишни тушунадилар. Бу, аслида, тўғри. Аммо керагидан ортиқ емоқ ҳам исрофдир. Еб-ичиш керак экан, деб қорин бандаси бўлиш ҳам мусулмон инсонга муносиб эмас.
Имом Аҳмад ибн Ҳанбал ва Имом Термизийлар Миқдом ибн Маъдийкараб ал-Киндий розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Одам боласи тўлдирадиган идишларнинг энг ёмони қориндир. Одам боласига қаддини турғазадиган емаклар етади. Агар жуда лозим бўлса, таоми учун учдан бир, шароби учун учдан бир ва ҳавоси учун учдан бир», деганлар.
Бугунги кунда озиқ-овқатни исроф даражасида зиёда истеъмол қилишнинг соғликка асорати яққол намоён бўлди. Ҳозирги даврнинг кўпгина хасталикларига мана шу исрофгарчилик сабаб бўлмоқда.
Бу ҳақиқатни Қуръони Мажиддан узоқ бўлган ғайридинлар ҳам тушуниб етдилар. Қадимда яҳудийлардан бири хулафодан бирига:
«Сизларнинг Қуръонингизнинг ярим оятига бутун тиб илми жойлашган», деб ушбу ояти каримани ўқиган экан.
Минг афсуски, Қуръон аҳлиман, деб юрганлардан аксариятимиз бу ҳақиқатни тушуниб етмаймиз. Ислом ҳар бир соҳада мўътадиллик йўлини тутганидек, озиқ-овқат ва кийим-бош масаласида ҳам мусулмонлардан мўътадил бўлишни талаб қилади. (Ҳадис ва даёт» китобидан)
Валлоҳу аълам!.