Дангасалик, сусткашлик

11:10 / 08.03.2021 | Munisa | 879

Ассалому алайкум! Ёшим 19 да, ўқишни битирганимдан кейин ишламадим, уйдаман. Бир неча ойдан бери борган сари дангаса, эринчоқ бўлиб боряпман. Бомдодга ҳам жуда кўп ухлаб қоляпман. Кундузи кўп ухлаб, кечаси уйқум келмайди. Уйқучи бўлиб қолдим, ҳеч ҳам уйқудан тургим келмайди. Уй ишлари, илм олишга ҳам жуда сустлашиб қолдим. Бундан ташқари асбийлашаман, тез-тез йиғлаб тураман. Билмадим, нима бўляпти. Лекин Алҳамдулиллаҳ, ҳаётимдан нолимайман, ота-онам бағрида жуда яхши яшаяпман, кўнглимга қарашади, эркаликларимни кўтаришади. Аммо ўзимдан ҳеч кўнглим тўлмаяпти. Ибодатларимга ҳам янада эътиборли, ғайратли бўлишни, умуман ҳаракатчан бўлиб, фойдали инсон бўлишни истайман-у, уддалай олмаяпман. Илтимос, маслаҳат беринг. 

Руҳшунос:

– Ва алайкум ассалом! Аввало ишни вақтлироқ ухлашдан бошланг. Хуфтондан кейин дарров ухласангиз барвақт турасиз. Шунда умрингиздан барака топа бошлайсиз. Кунларингиз, ишларингиз унумли бўла бошлайди. Албатта жисмоний машқлар билан шуғулланинг ёки ҳар куни 1-1,5 соат пиёда юриб туринг. Бундан сизда модда алмашинуви тезлашиб, серғайратлигингиз, чаққонлигингиз оша боради. Албатта таомланишингизга эътибор қилинг. Озуқавий моддаларга бой бўлган таомларни истеъмол қилиб туринг. Кунингиз бебарака бўлмаслиги учун бирон ишга киришга ёки ўқишга кириб ўқишга ҳаракат қилиб кўринг. Валлоҳу аълам!