Ассалому алайкум! Ассаламу алайкум. Бир ёшга кирган фарзандим бор. Намоз ўқиётган вақтимда олдимда, гоҳида жойнамоз устида тик турганимда саждагоҳга ўтириб ёки ётиб олади. Мен сажда қилмоқчи бўлганда, уни олиб, ўзим сажда қиламан. Бу амал билан намозим бузилмайдими? Баъзида ҳар ракъатда шу ҳолат бўлади. Раҳмат, Аллоҳ ўзи рози бўлсин!
«Билимсизликнинг шифоси» ҳайъати:
Ва алайкум ассалом! Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бола кўтариб намоз ўқиганлари ривоят қилинган. Иншааллоҳ, намозингиз бузилмайди. Аммо бу ҳаракат кўпайиб кетмаслиги керак.
Имом Бухорий, Муслим ва бошқалар Абу Қатода розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг одамларга имом бўлиб намоз ўқиётганларини кўрдим. Умома бинт Абу Осс (у Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қизлари Зайнабнинг қизларидир), елкаларида эди. Рукуъ қилсалар, уни ерга қўяр ва саждадан турсалар, қайтариб олар эдилар».
Бошқа бир ривоятда:
«Сажда қилсалар, уни қўяр ва турсалар, кўтариб олар эдилар», дейилган. Валлоҳу аълам