Ўзимни кечира олмаяпман

04:52 / 12.03.2021 | Фотима | 747

Ассалому алайкум! Ёшим 40 да, оилалиман. Адажоним ва ойижонимни 3 кун фарқи билан кетма-кет қабрга қўйдик, улар ковид туфайли бу оламни тарк этишди. Мени қийнаётган нарса, мен улар касал бўлганларида ёнларида бўлиб ғамхўрлик қила олмадим, уйга киришга қўрқдим, касал юқишидан қўркиб касалхонага 14 кундан кейин ётишди. У ерга қатнадим, лекин тузалишмади. Мен яхши фарзанд бўла олмадим ,"балки яхши ғамхўрлик қилганимизда, яшашармиди", деб ич-этимни эзаяпман. Ёрдам қилинг, маслаҳат беринг. Мен гуноҳ иш қилдимми? 

Руҳшунос:

– Ва алайкум ассалом! Ўзингизни қийнаманг. Ковид аслида вабо касали. Вабо тарқалганда шундай ҳолат юз берадики, биров бировга хизмат қиламан деб, баттар ёмонлик қилиб қўйганини билмай қолади. Борди-келди қилинмай тургани афзал эди. Инсоннинг тақдирида нима ёзилган бўлса, бўлади. Ота-онангизнинг кунлари шу кунларда битиши тақдир этилган экан. Ҳар қанча ота-онангизни парвашласангиз ҳам, буни ҳеч ҳам ўзгартириб бўлмас эди. Энди бундан кейин ўзингизни хотиржам қилишингиз учун, уларга ҳам фойдангиз тегиши учун уларнинг ҳаққига намозларингизда дуода бўлинг, хатмоналарни бағишлаб туринг. Бундан анча таскин топасиз, ибодатларнинг шукуҳидан кўнглингиз ёриша бораверади иншааллоҳ. Валлоҳу аълам!