Ассалому алайкум! Олий таълим муассасасида, араб тили филологиясида 1 курсда ўқийман. Оиламиз катта, 2 та фарзандим бор. Қизим боғчада, 2 ёшли ўғлим қайнонамлар билан уйда қолади. Ҳаммасига улгуряпман, алҳамдулиллаҳ. Лекин биласизми, диққатимни жамлашим жуда қийин бўляпти. Масалан, ҳозир бир фандан дарс тайёрлаяпман, ҳаёлимга "уни, буни қилишим керак", деган ҳаёллар келаверади. Ҳаёлим кетиб қолиб, ўқиган жойимни тушунмай, қайта-қайта ўқийман. Ўқишда кўпинча ҳаёлим боламда бўлади, уйда у билан вақт ўтқазсам, ҳудди вақтим бекор кетаётгандек китоб-дафтарларимга интилавераман. Лекин уни тарбиясини ташлаб қўймаслигим кераклигини ҳам биламан. Ҳар куни нимадандир араб ва инглиз тилларини ўрганишга мотивация оламан, кун тартиби ҳам тузиб олганман. Фақат шу муаммо, диққатни жамлай олмаслик менга ҳалал беряпти. Қандай маслаҳат бера оласиз?
– Ва алайкум ассалом! Идиш юваётганингизда идиш ҳақида ўйлашга, фарзандингиз билан ўтирганингизда фақат фарзандингизни ўйлашга, дарс қилаётганингизда ҳаёлингизда фақат дарс бўлишига ҳаракат қилишингиз керак. Ҳар ишнинг ўз ўрни бор. Бунинг вақти соатини белгилаб олган бўлсангиз, режалаштирган бўлсангиз жуда яхши. Ана энди шу ишларга риоя қилишингиз учун онгингизга таъсир қилиш орқали амалга оширишингиз мумкин. Масалан, идиш юваётганда аёл киши минг хил нарсаларни ўйлайди. Шу ҳолатда онгини бошқариб фақат идиш товоққа қайта қайта эътибор қаратиши керак. Агар бир марта уддасидан чиқса бора-бора шу ишларга онгда кўникма ҳосил бўлади. Валлоҳу аълам!