Ассалому алайкум! Мен Аллоҳга кўп исён қиляпман бир ниятим умидида. (Аллоҳ кечирсин.) Умидсизликка, хафсаласизликка тушиб қоламан, нафсим туфайли чидай олмаётгандирман синовларга. Нима учун инсон ҳаётида ёруғлик йўқ, қийинчиликлар тугамайди? Ҳожат намози, истиҳора, таҳажжуд намозларини қўлимдан келганча ўқидим, лекин Аллоҳ сўраганимни бермаяпти. Сабр қилолмаяпман, чидай олмаяпман. Дуо қилинг, илтимос.
– Ва алайкум ассалом!
сабр
«Сабр» сўзининг маъноларидан бири «танглик ила ўзини тутиб туриш»дир. Ушбу мақомда биз учун сабрнинг худди шу маъноси зарур.
Сабрнинг истилоҳий маъноси ҳақида уламолар бир-бирини тўлдирувчи бир неча таърифларни айтганлар:
Роғиб: «Сабр нафсни ақл ва шариат тақозо қилганидек тутиб туришдир ёки иккиси тақозо қилган нарсадан тутиб туришдир», деган.
Муновий: «Сабр ҳиссий ва ақлий оғирлик ва аламларга чидашдир», деган.
Сабрнинг таърифида айтилган гаплардан:
Сабр нафсни қайғу ва аччиқланишдан, тилни шикоятдан ва аъзоларни ташвишдан тутиб туришдир.
Сабр нафснинг фозил ахлоқларидан бири бўлиб, қилиниши яхши ва гўзал бўлмаган нарсалардан сақланишдан иборатдир.
Сабр Қуръон ва Суннат аҳкомларида собит туришдир.
Сабр бало етганда гўзал одоб ила туришдир.
Сабр изтироб пайтида қалбнинг собит туришидир.
Сабрнинг турлари.
Ҳилмий айтади:
«Сабр уч турлидир: Жабборнинг тоатига сабр қилиш, Жабборга маъсият қилишдан (ўзини тийиб) сабр қилиш, Жабборнинг имтиҳонига сабр қилиш».
Ибн Қайюм айтади:
«Сабр ўзи боғланган нарса эътиборидан уч қисмга бўлинади: амр ва тоатларни адо этишга сабр, наҳйи ва хилофларни қилмасликка сабр, қазои қадарларга рози бўлишга сабр».
Ферузободий айтади:
«Сабр уч турлидир: Аллоҳга сабр, Аллоҳ билан сабр. Аллоҳ учун сабр».
Аллоҳ таоло сабрни Қуръони Каримда бир юз учта оятда зикр қилган. Қуйида ўша оятлардан баъзиларини намуна учун қисқача ўрганамиз.
Тоатларга сабр қилиш ҳақидаги оятлардан:
Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади:
ﮰ ﮱ ﯓﯔ ﯕ ﯖﯗ ﯘ ﯙﯚ
«Сабр ва намоз ила ёрдам сўранг. Ва албатта, у чин дилдан қўрқувчилардан бошқаларга жуда катта ишдир» (Бақара сураси, 45-оят).
Биз «ёрдам сўранг» деб таржима қилган ибора араб тилида «истаъийну» деб келган. Бу сўзнинг маъноси бир ишга уриниб туриб, яна қўшимча ёрдам сўрашни англатади.
Демак, мусулмон киши ҳар бир ишга астойдил уринади ва шу билан бирга, Аллоҳ таолодан ёрдам сўрайди. Сабр, кўпчилик хаёл қилганидек, салбий маънодаги тушунча эмас. Яъни, нима бўлса ҳам сабр қиляпман, деб ҳаракатсиз туриш сабр эмас. Аксинча, сабр – Аллоҳ таолонинг айтганини бажариш жараёнида дуч келадиган машаққатларни енгишдан иборатдир.
Энг бош сабр ҳавойи нафсни, роҳат-фароғатни, мансабни тарк қилиб, Аллоҳ таолонинг айтганига юришга чидамдир.
Намоз эса бандани Аллоҳ таолога боғлаб турувчи нарса бўлиб, инсон намоз орқали қувват, матонат, чидам ва бардошга эришади. Расулуллоҳ алайҳиссалом қачон бошларига қийин иш тушса, намоз ўқишга шошилар эдилар.
Аллоҳ таоло Оли Имрон сурасида бундай марҳамат қилади...
Аллоҳ таоло мўмин бандаларига буюради:
ﮰ ﮱ ﯓ ﯔ ﯕﯖ ﯗ ﯘﯙﯚ ﯛ ﯜﯝ ﯞ ﯟ ﯠ
«Аҳлингни намозга амр эт ва ўзинг унга сабр қил. Сендан ризқ сўрамасмиз. Биз сенга ризқ берамиз. Оқибат тақвоникидир» (Тоҳа сураси, 132-оят).
Мусулмоннинг бурчи аҳлини, оиласини мусулмон қилишдир. Бу ишда намоз муҳим ўрин тутади. Шунинг учун аҳлингни, оила аъзоларингни намоз ўқишга буюр. Ўзинг ҳам сабр ила намозда бардавом бўл ва аҳлингни намозга ундашда давом эт.
Бало-синовларга сабр қилиш ҳақидаги оятлардан:
Аллоҳ таоло Муҳаммад сурасида бундай деб марҳамат қилади...
Сабр ҳақида Аллоҳ таоло қуйидаги ояти каримада шундай деб марҳамат қилади:
ﯤ ﯥ ﯦ ﯧﯨ ﯩ ﯪﯫ ﯬﯭ ﯮ ﯯﯰ ﯱ ﯲﯳ ﯴﯵ ﯶ
«Эй ўғилчам, намозни тўкис адо эт, маъруфга буюр, мункардан қайтар ва ўзингга етган мусибатга сабр қил. Албатта, булар азиматли ишлардандир» (Луқмон сураси, 17-оят).
Мўмин-мусулмон одам гоҳида қаршиликка учрайди. Одамлардан унга турли озорлар етади. Шундай ҳол рўй берса,
«...ўзингга етган мусибатга сабр қил».
Сабр қилмасанг, иш битмайди.
Мўмин бандага амр қилинган ишлар азму қарор билан адо этилиши лозим бўлган аҳамиятли ишлардир. Шунинг учун ҳам уларни адо этишда сабр керак бўлади.
Аллоҳ таоло сабр билан тақвони бирга зикр қилади ва сабрнинг ажри улуғ эканини алоҳида таъкидлайди:
ﰁ ﰂﰃ ﰄﰅ ﰆﰇﰈ ﰉ ﰊﰋ ﰌ ﰍﰎ ﰏﰐ ﰑﰒ ﰓﰔ ﰕ ﰖﰗ ﰘ ﰙ
«(Менинг номимдан) айт: «Эй иймон келтирган бандаларим, Роббингизга тақво қилинг. Бу дунёда яхшилик қилганларга яхшилик бордир. Аллоҳнинг ери кенгдир. Албатта, сабр қилувчиларга ажрлари ҳисобсиз, тўлиқ берилур» (Зумар сураси, 10-оят).
Баъзи уламоларимиз бу оятни «Сабр қилувчиларга ажрлари берилаётганда ҳисоблаб ўтирмасдан, улгуржи бериб юборилади», деб таъвил қилганлар.
Сабр Набий ва солиҳларнинг сиймосидир.
Бу ҳақда Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади:
ﭽ ﭾﭿ ﮀﮁ ﮂﮃ ﮄ ﮅ ﮆﮇ ﮈﮉ ﮊﮋ ﮌ ﮍ
«Ва Исмоил, Идрис ва Зулкифлни (эсла). Уларнинг ҳар бири сабр қилувчилардандир. Ва уларни Ўз раҳматимизга киритдик. Албатта, улар солиҳлардандир» (Анбиё сураси, 85-86-оятлар).
Бу ерда Исмоил алайҳиссаломнинг сабр-тоқатларига алоҳида урғу берилмоқда. Исмоил алайҳиссалом ҳақиқатан юқори даражада сабр намуналарини кўрсатганлар. У киши ўсимлик ўсмайдиган саҳроларда сабр қилиб ўсганлар. Байтуллоҳни қуришда оталари Иброҳим алайҳиссаломга сабр ва матонат билан ёрдам берганлар. Ўзларини қурбонлик учун сўйиш амри келганида ҳам чиройли сабр қилганлар.
Идрис алайҳиссалом ҳам қавмларининг кирдикорларига сабр қилганлар. Ушбу оятда ҳам у кишининг сабр сифатлари алоҳида ёд этилмоқда.
Зулкифл алайҳиссалом ҳам сабр қилувчилар қаторига қўшилмоқдалар.
Сабрлари туфайли Аллоҳ таоло уларни Ўз раҳматига киритди. Яхшиликлар ато этди. Улар аҳли солиҳлардан бўлдилар. Шунинг учун ҳам Қуръонда зикр қилинмоқдалар.
Аллоҳ таоло азму омонат соҳиби бўлган расулларнинг сабрини алоҳида зикр қилади:
ﯪ ﯫ ﯬﯭ ﯮ ﯯﯰ ﯱﯲ ﯳﯴ ﯵ ﯶ ﯷﯸ ﯹ ﯺﯻ ﯼ ﯽ ﯾﯿﰀ ﰁﰂ ﰃﰄ ﰅ ﰆﰇ ﰈ
«Бас, азиймат соҳиби бўлган расуллар сабр қилгандек, сабр қил, уларга (азоб етишига) ошиқма! Улар ваъда қилинган нарсани кўрганларида, худди (бу дунёда) кундуздан бир лаҳзагина турганга ўхшарлар. Бу етказишдир! Бас, фақат фосиқ қавмлар ҳалок қилинур, холос!» (Аҳқоф сураси, 35-оят).
«Улул азм», яъни азму матонат соҳиби бўлган расуллар Нуҳ, Иброҳим, Мусо, Ийсо алайҳиссаломлардир. Бу буюк расулларнинг ҳар бирларининг бошларига иймон йўлида, дину диёнат йўлида қанчадан-қанча кулфатлар ёғилган. Лекин улар сабр-матонатда зарбулмасал бўлганлар.
Бу ҳақиқатни кўпчилик, жумладан, Муҳаммад алайҳиссалом ва у зотнинг умматлари ҳам яхши биладилар. Шунинг учун улар ўз даврларида Макка мушрикларининг қаршиликларига учраб, қийин ҳолга тушганларида «Улул азм» номини олган буюк расуллардан ўрнак олишга чақирилаяптилар.
«Бас, азиймат соҳиби бўлган расуллар сабр қилгандек, сабр қил, уларга (азоб етишига) ошиқма!»
Ул зоти бобаракот бу илоҳий амрга амал қилдилар ва ўзлари ҳам «Улул азм» расуллар сафидан ўрин олишга муяссар бўлдилар.
Сабр ҳақида келган ҳадислардан намуналар:
عَنْ أَبِي مُوسَى t، عَنِ النَّبِيِّ r قَالَ: «مَا أَحَدٌ أَصْبَرَ عَلَى أَذًى يَسْمَعُهُ مِنَ اللهِ تَعَالَى، إِنَّهُمْ يَجْعَلُونَ لَهُ نِدًّا، وَيَجْعَلُونَ لَهُ وَلَدًا، وَهُوَ مَعَ ذَلِكَ يَرْزُقُهُمْ، وَيُعَافِيهِمْ». رَوَاهُ الشَّيْخَانِ.
Абу Мусо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ўзи эшитган озорга сабр қилишда Аллоҳ таолога тенг келадиган бирор зот йўқ. Улар У Зотга тенгдош қилурлар. Улар У Зотга бола қилурлар. Шундай бўлса ҳам, У Зот уларни ризқлантирур ва афв қилур», дедилар».
Икки шайх ривоят қилишган.
Ўзига озор берганларнинг қилмишларига сабр қилиш ва уларни афв қилиб юбориш Аллоҳ таолонинг сифатларидан бири экан.
عَنْ عَبْدِ اللهِ t قَالَ: قَسَمَ رَسُولُ اللهِ r قِسْمَةً كَبَعْضِ مَا كَانَ يَقْسِمُ، فَقَالَ رَجُلٌ مِنَ الْأَنْصَارِ: وَاللهِ إِنَّهَا لَقِسْمَةٌ مَا أُرِيدَ بِهَا وَجْهُ اللهِ، قُلْتُ: أَمَا لَأَقُولَنَّ لِلنَّبِيِّ r، فَأَتَيْتُهُ وَهُوَ فِي أَصْحَابِهِ، فَسَارَرْتُهُ، فَشَقَّ ذَلِكَ عَلَيْهِ، وَتَغَيَّرَ وَجْهُهُ، وَغَضِبَ حَتَّى وَدِدْتُ أَنِّي لَمْ أكُنْ أَخْبَرْتُهُ، ثُمَّ قَالَ: «أَوُذِيَ مُوسَى بِأَكْثَرَ مِنْ ذَلِكَ فَصَبَرَ». رَوَاهُ الشَّيخَانِ وَالتِّرْمِذِيُّ.
Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам аввал қилган тақсимларига ўхшаш бир тақсим қилдилар. Шунда ансорлардан бир киши:
«Аллоҳга қасамки, бу тақсимлашда Аллоҳнинг розилиги ирода қилинмади», деди.
Мен: «Аллоҳга қасамки, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга хабар бераман», дедим-да, у зотнинг ҳузурларига бордим. Ул зот саҳобалари билан эканлар. Мен ул зотга у айтган гап ҳақида сирли равишда хабар бердим. Бу у зотга оғир ботди. Юзлари ўзгариб, жахллари чиқиб кетди. Ҳатто мен: «Ул зотга хабар бермасам бўлар экан», деб ўйладим.
Сўнгра у зот:
«Аллоҳ Мусони раҳмат қилсин! У бундан ҳам кўпроқ озор еб, сабр қилган эди», дедилар».
Икки шайх ва Термизий ривоят қилишган.
Бу ривоятда номи зикр қилинмаган, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга қаттиқ озор берган одам Меътаб ибн Қушайр исмли мунофиқ эди.
Ушбу ҳадиси шарифнинг бошқа ривоятини ҳам ўрганиш жараёнида тўлиқроқ маълумот олсак, ажаб эмас.
عَنْ عَبْدِ اللهِ t، قَالَ: لَمَّا كَانَ يَوْمُ حُنَيْنٍ آثَرَ رَسُولُ اللهِ نَاسًا فِي الْقِسْمَةِ، فَأَعْطَى الْأَقْرَعَ بْنَ حَابِسٍ مِائَةً مِنَ الْإِبِلِ، وَأَعْطَى عُيَيْنَةَ مِثْلَ ذَلِكَ، وَأَعْطَى أُنَاسًا مِنْ أَشْرَافِ الْعَرَبِ، وَآثَرَهُمْ يَوْمَئِذٍ فِي الْقِسْمَةِ، فَقَالَ رَجُلٌ: وَاللهِ إِنَّ هَذِهِ لَقِسْمَةٌ مَا عُدِلَ فِيهَا، وَمَا أُرِيدَ فِيهَا وَجْهُ اللهِ، قَالَ: فَقُلْتُ: «وَاللهِ لَأُخْبِرَنَّ رَسُولَ اللهِ، قَالَ: فَأَتَيْتُهُ فَأَخْبَرْتُهُ بِمَا قَالَ، قَالَ: فَتَغَيَّرَ وَجْهُهُ حَتَّى كَانَ كَالصِّرْفِ، ثُمَّ قَالَ: «فَمَنْ يَعْدِلُ إِنْ لَمْ يَعْدِلِ اللهُ وَرَسُولُهُ»، قَالَ: ثُمَّ قَالَ: «يَرْحَمُ اللهُ مُوسَى، قَدْ أُوذِيَ بِأَكْثَرَ مِنْ هَذَا فَصَبَرَ». قَالَ: قُلْتُ: لَا جَرَمَ، لَا أَرْفَعُ إِلَيْهِ بَعْدَهَا حَدِيثًا. رَوَاهُ مُسْلِمٌ.
Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Ҳунайн куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам тақсимлашда баъзи одамларни устун қўйдилар. Ул зот Ақраъ ибн Ҳобисга юзта туя бердилар. Уяйнага ҳам шунча бердилар. Арабларнинг ашрофларидан баъзиларига ҳам бердилар ва ўша куни тақсимлашда уларни устун қўйдилар.
Шунда бир киши:
«Аллоҳга қасамки, бу тақсимлашда адолат қилинмади. Бунда Аллоҳнинг розилиги ирода қилинмади», деди.
Бас, мен: «Аллоҳга қасамки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга хабар бераман», дедим-да, у зотнинг ҳузурларига бориб, у айтган гап ҳақида хабар бердим.
Ул зотнинг юзлари ўзгариб, тери бўяладиган қизил қонга ўхшаб кетди ва:
«Агар Аллоҳ ва Унинг Расули адолат қилмаса, ким адолат қилади?! Аллоҳ Мусони раҳмат қилсин! У бундан ҳам кўпроқ озор кўриб, сабр қилган эди», дедилар.
Шунда мен: «Бундан кейин у зотга гап кўтариб келмайман», дедим».
Муслим ривоят қилган.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қалбларини улфат қилиш лозим бўлган кишиларга ўлжадан кўп нарса берган эдилар. Уларнинг ичида ушбу ривоятда номлари зикр қилинган Ақраъ ибн Ҳобис, Уяйна ва бошқалар бор эди. Тақсимлашдаги ҳикматни англаб етмаган Меътаб ибн Қушайр номли мунофиқ бу ишда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни адолатсизликда айблашга бориб етди. Аммо ул зот ушбу тақсимлаш айни адолат эканини ва ҳалиги танқидчининг гапи озор эканини баён қилдилар. Ул зот ўзларига озор берган одамни жазолашга қодир бўлсалар ҳам сабр қилиб, уни афв этдилар.
عَنْ أَبِي سَعِيدٍ t: أَنَّ رَسُولَ اللهِ r قَالَ: «مَا أُعْطِيَ أَحَدٌ عَطَاءً هُوَ خَيْرٌ وَأَوْسَعَ مِنَ الصَّبْرِ». رَوَاهُ الْخَمْسَةُ.
Абу Саъид розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ҳеч кимга сабрдан кўра яхшироқ ва кенгроқ ато берилмаган», дедилар».
Бешовлари ривоят қилишган.
Ушбу ривоят Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг узун ҳадисларидан олинган иқтибосдир. Мазкур ҳадисда қуйидагилар айтилади:
عَنْ أَبِي سَعِيدٍ الْخُدْرِيِّ t قَالَ: إنَّ نَاسًا منَ الْأَنْصَارِ سَأَلُوا رَسُولَ اللهِ r فَأَعْطَاهُمْ، ثُمَّ سَأَلُوهُ فَأَعْطَاهُمْ، ثُمَّ سَأَلُوهُ فَأَعْطَاهُمْ، حَتَّى نَفِدَ مَا عِنْدَهُ، فَقَالَ: «مَا يَكُونُ عِنْدِي مِنْ خَيْرٍ فَلَنْ أَدَّخِرَهُ عَنْكُمْ، وَمَنْ يَسْتَعْفِفْ يُعِفَّهُ اللهُ، وَمَنْ يَسْتَغْنِ يُغْنِهِ اللهُ، وَمَنْ يَتَصَبَّرْ يُصَبِّرْهُ اللهُ، وَمَا أُعْطِيَ أَحَدٌ عَطَاءً خَيْرًا وَأَوْسَعَ مِنَ الصَّبْرِ». رَوَاهُ الْخَمْسَةُ.
Абу Саъид розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Ансорийлардан бир қанча одамлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан (мол) сўрадилар. Бас, у зот уларга бердилар. Сўнгра яна сўрадилар, яна бердилар. Сўнгра яна сўрадилар, яна бердилар. Ҳатто ҳузурларидаги нарса тугади. Шунда у зот:
«Ҳузуримда нима яхшилик бўлса, сизларга бермай олиб қолмасман. Ким иффатталаб бўлса, Аллоҳ уни иффатли қилур. Ким беҳожатлик талаб қилса, Аллоҳ уни беҳожат қилур. Ким сабр талаб қилса, Аллоҳ уни сабрли қилур. Ҳеч кимга сабрдан кўра яхшироқ ва кенгроқ ато берилмаган», дедилар».
Бешовлари ривоят қилишган.
Ушбу ҳадиси шарифда мусулмон инсон ўзига берилган ризқ қанча бўлса, ўшанга чидаб, қаноат ҳосил қилиб юриши яхши экани тарғиб қилинган. Мусулмон инсон турмушни яхши таъмин қилиш учун имкониятидаги барча ҳалол воситаларни ишга солиб, ҳаракат қилаверади. Аммо ризқ бериш Аллоҳ таолодан эканини ҳеч қачон унутмайди. Шунинг учун ўзига берилган ризқ-насибани Аллоҳ таолонинг иродасидан деб билади. Оз бўлса, норози бўлмайди, кўп бўлса, ҳовлиқиб кетмайди. Чунки Аллоҳ таолонинг иродасига қарши чиқиш мусулмон одам учун тўғри эмас.
Мазкур ривоятларда мусулмон инсон ўзига берилган ва берилмаган ризққа нисбатан қандай муносабатда бўлиши лозимлиги ҳақида бир неча кўрсатмалар берилмоқда:
– Иффатли бўлиш.
Бировнинг молидан умидвор бўлишни ор деб билиш. Ким ўзини иффатли тутишга уринса, Аллоҳ таоло уни иффатли қилиб қўйиши турган гап.
– Ўзида бировнинг сариқ чақасига ҳам эҳтиёжи йўқлигини изҳор қилиш.
Аллоҳ таоло бундай одамнинг кўзини тўқ қилиб қўйгани учун ундан ҳеч бир очкўзлик содир бўлмас экан.
– Кам бўлса ҳам, ўзига берилган ризққа сабр қилиш.
Сабр Аллоҳ таоло томонидан бандага инъом этилган энг катта ва кенг ато ҳисобланади. Сабрли киши ризқнинг озига ҳам, йўқчиликка ҳам чидаб, ўзини хор қилмай, бошини тик тутиб кун кўради. Сабр неъматидан бебаҳра банда эса дунёнинг ярмига эга бўлса ҳам, очкўзлигини билдириб қўяди.
Мусулмон одам Аллоҳ таоло томонидан берилган етарли ризққа сабр қилиб, қаноатли бўлиб ўтса, дунёдаги энг катта нажотга эришган шахс бўлади.
Ҳақиқий бойлик молу дунёнинг кўплигида эмас, нафснинг тўқлигидадир.
Ушбу таълимотларни ҳар бир мусулмон яхшилаб ўрганиб, ўзига сингдириб олиши ва ҳаётига татбиқ қилиши лозим. Ана шундагина орамизда беш танга пул кўйига тушиб одам ўлдирадиганлар, ўғрилик, порахўрлик, рибохўрлик қиладиганлар, фирибгарлик, алдамчилик, ёлғончилик ва бошқа разолатларни қиладиганлар қолмайди.
قَالَ رَسُولُ اللهِ r: «الْمُسْلِمُ إِذَا كَانَ مُخَالِطًا النَّاسَ وَيَصْبِرُ عَلَى أَذَاهُمْ خَيْرٌ مِنَ الْمُسْلِمِ الَّذِي لَا يُخَالِطُ النَّاسَ وَلَا يَصْبِرُ عَلَى أَذَاهُمْ». رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ.
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Одамларга аралашиб, уларнинг озорларига сабр қилган мусулмон одамларга аралашмайдиган ва озорларига сабр қилмайдиган мусулмондан яхшидир», дедилар».
Термизий ривоят қилган.
Бу ҳадисдан одамларнинг озоридан қўрқиб, уларга аралашмай қўйиш дуруст эмаслиги маълум бўлади. Одамларга аралашиб, уларнинг озорларига сабр қилган одам савоб олади. У ўша аралашиши давомида уларга яхшилик ҳам қилиб юрган бўлади. Одамларга аралашмаган киши эса кўпчиликка фойда етказишдан бош тортган бўлиши мумкин.
قَالَ عَبْدُ اللهِ t: دَخَلْتُ عَلَى رَسُولِ اللهِ r وَهُوَ يُوعَكُ، فَقُلْتُ: يَا رَسُولَ اللهِ، إِنَّكَ لَتُوعَكُ وَعْكًا شَدِيدًا، قَالَ: «أَجَلْ، إِنِّي أُوعَكُ كَمَا يُوعَكُ رَجُلَانِ مِنْكُمْ»، قُلْتُ: ذَلِكَ أَنَّ لَكَ أَجْرَيْنِ؟ قَالَ: «أَجَلْ، ذَلِكَ، كَذَلِكَ مَا مِنْ مُسْلِمٍ يُصِيبُهُ أَذًى، شَوْكَةٌ فَمَا فَوْقَهَا إِلَّا كَفَّرَ اللهُ بِهَا سَيِّئَاتِهِ، كَمَا تَحُطُّ الشَّجَرَةُ وَرَقَهَا». رَوَاهُ الشَّيْخَانِ.
«Абдуллоҳ розияллоҳу анҳу айтади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига кирсам, у зот беморликдан қийналаётган эканлар.
«Эй Аллоҳнинг Расулули, сиз беморликдан қаттиқ қийналяпсиз-ку?!» дедим.
«Шундай. Албатта, мен беморликдан сизлардан икки кишининг қийналганича қийналаман», дедилар.
«Сизга икки ҳисса ажр бўлиши учун шундайдир-да?» дедим.
«Ҳа, шундай. Шунингдек, қай бир мусулмонга бирор мусибат етса – бирор тикан кирса ёки ундан кичикроқ бўлса ҳам, албатта, Аллоҳ унинг сабабидан ўша банданинг ёмонликларини худди дарахт ўз баргларини тўкканидек тўкади», дедилар у зот».
Икки шайх ривоят қилишган.
عَنْ أَبِي مَالِكٍ الْأَشْعَرِيِّ t قَالَ - فِي حَدِيثٍ طَوِيلٍ -: قَالَ رَسُولُ اللهِ: «...وَالصَّبْرُ ضِيَاءٌ...». رَوَاهُ مُسْلِمٌ وَالتِّرْمِذِيُّ وَالنَّسَائِيُّ.
Абу Молик ал-Ашъарий розияллоҳу анҳудан ривоят қилган узун ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам жумладан:
«...Сабр зиёдир...», дедилар».
Муслим, Термизий ва Насоий ривоят қилишган.
Зиё – бир жисмнинг ўзидан чиққан ёруғликдир. Мисол учун, қуёшдан чиққан ёруғлик зиё дейилади.
Бир жисм ўзидан бошқадан олган ёруғликни қайтариб чиқарса, бу нур дейилади. Мисол учун, ой қуёшдан олган ёруғликни қайтариб таратгани учун ой нури дейилади.
Аллоҳ таоло Қуръони Каримда: «У қуёшни зиё, ойни нур қилган Зотдир», деган. Зиё нурдан кучли бўлади.
Сабрнинг зиё бўлиши шундаки, аввало инсон сабр ила маъсиятлар зулматидан чиқади. Қолаверса, сабр бора-бора мўмин инсоннинг қалбидаги зиёга айланади. Чунки Аллоҳ таолонинг дини ва тоати йўлидаги қийинчиликларга сабр қиладиган одамнинг қалбида зиё пайдо бўлади. Ўша зиё ибодатлар ва турли машаққатларнинг янглиш йўлини ёритиб, тўғри йўл танлашига ёрдам беради.
Шунингдек, сабрнинг зиёси мўмин кишига қабрида ҳам, қиёмат кунида ҳам фойда беради.
Кўпчилик орасида «сабр» тушунчаси нотўғри талқин қилинади. «Сабр» деганда, биров томонидан қилинган зулмга жавоб бермай, жим туриш тушунилади. Аслида бу сабр эмас, қўрқоқликдир. Сабр эса ижобий тушунчадир.
Исломда «сабр» дейилганда, аввало иймон-эътиқод, дину диёнат йўлидаги қийинчиликларга сабр қилиш, Аллоҳ таолонинг амрини бажариш, қайтарганларидан қайтишга нафсни мажбур қилиб, чидатиш тушунилади.
«Сабр» деганда, Аллоҳ таолонинг калимаси ер юзида ҳамма калималардан устун бўлиши учун кураш қийинчиликларига дош бериш назарда тутилади. Бутун дунёни Ислом дини адолатидан баҳраманд қилиш учун олиб бориладиган даъват машаққатларига чидаш, ҳалол, пок юриш, яшаш ва ишлаш қийинчилигига чидашни «сабр» дейилади.
Сабрнинг фойдаларидан:
1. Сабр оғир вазиятларда нафсни тутишга ёрдам беради.
2. Сабр моддий ва маънавий талабларни амалга оширишда шошилишга ва қўполликнинг олдини олишга ёрдам беради.
3. Сабр ғазабни қўзғайдиган нарсалар содир бўлганда ўзини тутиб олишга ёрдам беради.
4. Сабр хавф туғилганда ўзини ўнглаб олишга ёрдам беради.
5. Сабр тамагирлик қўзийдиган вазиятларда ўзини ўнглаб олишда асқотади.
6. Сабр моддий ва маънавий яхшиликларга эришиш йўлидаги жисмоний ва руҳий аламларга чидашда ёрдам беради.
7. Сабр иймон баркамоллиги ва Ислом гўзаллиги далилидир.
8. Сабр қалбда ҳидоят ҳосил қилишга ёрдам беради.
9. Сабрнинг самараси Аллоҳ таолонинг ва одамларнинг муҳаббатидир.
10. Сабр ер юзида тамкин топиш сабабчисидир.
11. Сабр жаннатга эришиш ва дўзахдан қутулишдир.
12. Сабр Аллоҳ таоло билан бирга бўлишдир.
13. Сабр қиёмат кунидаги катта қўрқинчдан омонликдир.
14. Сабр мардлик ва яхши оқибатнинг аломатидир.
15. Сабр Аллоҳ таолонинг раҳмати ва баракотидир.
сабрнинг турли исмлари
Сабр икки хил бўлади:
Биринчиси – баданий сабр.
Бунда қийинчиликларга бадан ила чидалади.
У феълий, яъни амалий бўлиши мумкин. Мисол учун, оғир ва машаққатли ишларни ва ибодатларни чидам ҳамда сабот билан адо этиш.
Яна баданига етган оғирликни кўтариш билан ҳам бўлади. Мисол учун, калтакка, оғир беморликка ёки жароҳатга чидаш.
Мазкур турдаги сабр шариатга мувофиқ бўлса, мақталган иш бўлади.
Иккинчиси – маънавий сабр.
Бунда табиати тортган ва ҳавойи нафс иштаҳа қилган нарсаларга сабр қилинади. Мана шу сабр энг кучлисидир.
Худди шу сабр ўзи боғлиқ бўлган нарсага қараб, турли исмлар билан аталади:
Агар қорин ва фарж шаҳватига сабр қилиш бўлса, «иффат» деб номланади.
Агар дод-вой қилмасдан мусибатга чидаш бўлса, «сабр» дейилади.
Агар бойликни кўтариш бўлса, «ўзини тутиб олиш» дейилади.
Агар замон қийинчилигига инжиқлик қилмаслик бўлса, «бағрикенглик» дейилади.
Агар маишатпарастликдан юз ўгириш бўлса, «зуҳд» дейилади.
Агар оз насибага сабр қилиш бўлса, «қаноат» дейилади.
сабрнинг Қисмлари
Баъзи орифлар сабрнинг мақоми учтадир, дейдилар:
Биринчи мақом шаҳватни тарк қилишдан иборат бўлиб, уни «тавба қилувчилар даражаси» дейилади.
Иккинчи мақом тақдир қилинган нарсага рози бўлишдан иборат бўлиб, уни «зоҳидлар даражаси» дейилади.
Учинчи мақом Роббнинг раво кўрган нарсасига муҳаббат қилишдан иборат бўлиб, уни «сиддиқлар даражаси» дейилади.
Сабр ҳукм жиҳатидан ҳам бир неча қисмга бўлинади:
1. Фарз.
Шариатда ҳаром ва ман қилинган нарсаларга сабр қилиш фарздир.
2. Нафл.
Макруҳ – ёқимсиз нарсаларга сабр қилиш нафлдир.
3. Ҳаром.
Шариат ман этган сабрни қилиш ҳаромдир.
Мисол учун, бир кишининг қўлини бошқаси зулм қилиб кесса, унинг сабр қилиб туриши ҳаромдир. Балки ўзини ҳимоя қилиши фарздир.
Шунингдек, маҳрам аёлларига тажовуз қилганларга рашк қилмай, сабр этиб туриш ҳам ҳаром.
4. Макруҳ.
Шариат макруҳ санаган томондан етган озорга сабр қилиб туриш макруҳдир.
Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, сабрнинг ўлчови шариатга мувофиқ бўлиши керак.
Сабрнинг даражалари:
– Авомнинг даражаси: Қалбни тоатларни қилишга ва гуноҳлардан қайтишга тутиб туриш.
– Хосларнинг даражаси: Нафсни риёзот ва мужаҳадотларда ушлаш, ҳолларнинг йўлида қийинчиликларга солиш ва пардани кўтаришга ҳаракат қилиш.
– Хосларнинг хосининг даражаси: Руҳни мушоҳада ва муояна ҳузурида тутиш.
доимо сабр керак
Бандага бу дунёда учрайдиган барча нарсалар икки турга бўлинади: унинг ҳавойи нафсига мувофиқ келадиган ва мувофиқ келмайдиган нарсалар. Банда буларнинг иккисида ҳам сабрга муҳтож бўлади. Демак, банда барча ҳолатларда сабрга ҳожатманддир.
1. Ҳавойи нафсга мувофиқ келадиган сабр ҳақида сўз юритадиган бўлсак, сиҳат-саломатлик, мол-дунё, обрў ва мансаб, ёру дўстларнинг кўплиги каби нарсаларда бўлади.
Маълумки, мазкур нарсаларнинг барчаси дунёнинг лаззатбахш матоҳларидан ҳисобланади. Агар банда бу нарсалардан ўзини тиймаса, йўлдан урилиши ва туғёнга кетиши турган гап.
Бу ҳақда Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади:
ﮔ ﮕ ﮖ ﮗﮘ ﮙ ﮚ ﮛ ﮜ
«Йўқ! Инсон, албатта, туғёнга кетур… ўзини жуда бой кўргани учун» (Алақ сураси, 6-7-оятлар).
Баъзи орифлар:
«Балога мўмин сабр қилади. Офиятларга фақатгина сиддиқ сабр қилади», дейдилар.
Саҳобалар розияллоҳу анҳум:
«Қийинчилик синовига учраганимизда сабр қилдик. Осонлик синовига учраганимизда сабр қила олмадик», деганлар.
Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло бандаларини мол, аҳли аёл ва болалар фитнасидан ҳазир бўлишга чақирган.
Энг яхши одам мазкур дунё матоҳларига берилиб кетишдан ўзини тийиб, сабр қилган кишидир.
У дунё матоҳидан ўта хурсанд бўлиб кетмайди, уларга ружуъ қўймайди, маишатпарастликка берилмайди, ўйин-кулги, кўнгилхушлик кетидан қувмайди, ҳавойи нафси иштаҳа қилган нарсаларда сабр қилади.
Ўзига берилган барча неъматларда Аллоҳ таолонинг ҳаққига риоя қилади. Молидан инфоқ қилади, бадани ила халойиққа ёрдам беради. Тили ила ростгўйликни тарқатади ва ҳоказо.
Ушбу турдаги сабр шукр билан чамбарчас боғлиқдир.
2. Ҳавойи нафсга мувофиқ келмайдиган нарсаларга сабр қилиш.
Бу хилдаги сабр уч қисмга бўлинади:
Биринчи қисм.
Тоат ва маъсият каби, банданинг ихтиёрига боғлиқ нарсаларга сабр қилиш.
– Тоатга сабр қилиш оғир кечади. Чунки одатда нафс убудият – бандаликни эмас, рубубият – хожаликни хоҳлайди. Шунинг учун ҳам аксарият бандаларнинг ўз қўл остидаги шахсларга нисбатан ўзини катта олишларини кўрамиз.
Бас, убудият нафс учун ниҳоятда машаққатли кўринади. Сўнгра дангасалик сабабли ибодатлардан баъзилари, мисол учун, намоз ёқмайди. Баъзилари бахиллик туфайли, мисол учун, закот ёқмайди. Баъзилари эса мазкур икки нарса сабабли ёқмайди. Бунга ҳажни мисол келтириш мумкин. Бас, тоатларга сабр қилиш қийинчиликларга сабр қилишдир.
Тоатга сабр қилишда банданинг уч ҳолатга ҳожати тушади.
Биринчиси тоатдан олдинги ҳолат бўлиб, бунда ният ва ихлосни тўғрилашда, риёкорлик ва бошқа офатлардан ҳазир бўлишда сабр қилиш керак бўлади. Ният ва ихлоснинг ҳақиқатини билганлар учун бу сабр энг қийин сабрлардан биридир.
Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло Қуръони Каримнинг Ҳуд сурасида сабрни амалдан олдин келтириб:
ﯙ ﯚ ﯛ ﯜ ﯝ ﯞ ﯟ ﯠ ﯡ ﯢ ﯣ
«Фақат сабр қилганлар ва солиҳ амалларни қилганларгагина – ана ўшаларга мағфират ва улуғ ажр бор», деган (11-оят).
Иккинчиси амал пайтидаги ҳолат бўлиб, унда банда амални бажариш давомида Аллоҳ таолодан ғофил бўлмасдан, охиригача суннат ва одобларни ўрнига қўйиб, сабр қилиши керак бўлади. Бу сабр ҳам қийинлик билан юзага келадиган сабрдандир.
Аллоҳ таоло бу ҳақда шундай марҳамат қилади:
ﮕ ﮖ ﮗﮘ ﮙ ﮚﮛ ﮜ ﮝﮞ
«Амал қилувчиларнинг ажри қандай ҳам яхши! Улар сабр қилган ва Роббларигагина таваккул қиладиганлардир» (Анкабут сураси, 58-59-оятлар).
Учинчиси амалдан кейинги ҳолат бўлиб, унда мақтанчоқлик ва риёдан ҳамда амалига манманлик ва миннатни аралаштиришдан тийилишга сабр қилиш керак бўлади. Бу ҳам қийин ҳисобланади.
Аллоҳ таоло шундай деб буюради:
ﯡ ﯢﯣ ﯤ ﯥﯦ ﯧ ﯨﯩ ﯪﯫ ﯬ ﯭﯮ ﯯ ﯰﯱ ﯲ
«Эй иймон келтирганлар! Садақаларингизни миннат ва озор бериш билан, Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирмаса ҳам, молини одамлар кўриши учун нафақа қилганга ўхшаб, ботил қилманг» (Бақара сураси, 264-оят).
Маъсиятга сабр қилиш ҳам банданинг доимо ҳожати тушиб турадиган ишлардан биридир.
Бу борадаги энг машаққатли иш одатга айланиб қолган маъсиятларга сабр қилишдир. Одат кишиларга сингиб кетган нарса бўлади. Агар одатга шаҳват қўшилиб қолса борми, шайтоннинг навкарларидан икки навкар бирлашади ва уларни енгиш қийинлашади.
Шунингдек, маъсият қилиш осон ишлардан бўлса, унга сабр қилиш ҳам душвор бўлади. Бунга ғийбат, ёлғон, риёкорлик, ўзини мақташ, озорли мазаҳ, ҳақорат каби тил маъсиятлари мисол бўлади.
Булар катта маъсиятлар бўлса ҳам, содир қилиниши осон бўлгани учун кўп қилинади ва ўрганиб қолингани учун инкор ҳам қилинмайди. Гоҳида одамлар бир макруҳи танзиҳий ишни қилган одамни гуноҳи кабира қилгандан қаттиқроқ инкор қилишади, аммо у билан ўтириб олиб, юқоридаги тил маъсиятларини тап тортмай, ҳузур ила қилаверишади.
Ким тилига кучи етмаса, у билан қилинадиган маъсиятларни қайтаришга сабри бўлмаса, ёлғизликни лозим тутиши вожибдир. Унинг нажоти ёлғизликдан бошқада эмас.
Иккинчи қисм.
Банданинг ихтиёрига боғлиқ бўлмаган мусибат ва фалокат каби нарсаларга сабр қилиш.
Яқин кишиларнинг ўлими, молу мулкнинг ҳалокатга учраши, беморлик етиши каби ишларга сабр қилиш ушбу қисмга киради. Бундай мусибат ва фалокатларга сабр қилиш сабрнинг олий мақомларидан саналади.
Абдуллоҳ Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо:
«Қуръондаги сабр уч турлидир:
Аллоҳ таолонинг фарзларига сабр қилиш. Унга юз даража берилади.
Аллоҳ таоло ҳаром қилган нарсаларга сабр қилиш. Унга олти юз даража берилади.
Мусибатга биринчи зарба пайтида сабр қилиш. Унга тўққиз юз даража берилади», деганлар.
Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади:
ﭠ ﭡﭢ ﭣ ﭤﭥ ﭦ ﭧﭨ ﭩﭪ ﭫﭬ ﭭﭮ ﭯ ﭰ ﭱﭲ ﭳ ﭴ ﭵ ﭶ ﭷ ﭸ ﭹﭺ ﭻ ﭼﭽ ﭾﭿ ﮀﮁ ﮂ ﮃ
«Албатта, сизларни бир оз хавф ва очлик билан, мол-мулкка, жонга, меваларга нуқсон етказиш билан синаймиз. Ва сабрлиларга хушхабар бер.
Улар ўзларига мусибат етганда: «Албатта, биз Аллоҳникимиз ва албатта, биз Унга қайтувчимиз», деганлардир.
Ана ўшаларга Роббларидан саловотлар ва раҳмат бор. Ана ўшалар, ўшаларгина ҳидоят топганлардир» (Бақара сураси, 155-157-оятлар).
«Хавф» деганда душмандан бўладиган хавф-хатар туйғуси тушунилади.
Қаҳатчилик ёки бошқа сабаблардан келиб чиқадиган очарчилик ҳам Аллоҳ таолонинг бир синовидир.
Шунингдек, «Мол-мулкка ўғри уриши, офат етиши ёки золимларнинг тажовузи туфайли нуқсон етказиб; жонга турли хасталиклар билан, яқин кишиларнинг, ёр-биродар ва шерикларнинг ўлими, касаллиги билан нуқсон етказиб; меваларга офат етказиш, баракасини кетказиш билан нуқсон етказиш ила синаб кўрамиз», – дейди Аллоҳ таоло.
Бошига шундай синов келган, мусибат етган банда нима қилса яхши бўлади? Бу ҳақда Аллоҳ таоло Пайғамбари Муҳаммад алайҳиссаломга хитоб қилиб, кўрсатма бермоқда:
«Ва сабрлиларга хушхабар бер. Улар ўзларига мусибат етганда: «Албатта, биз Аллоҳникимиз ва албатта, биз Унга қайтувчимиз», – деганлардир».
Демак, мусулмон киши мусибат етганда сабрли бўлиши ва Жаноби Ҳақнинг Ўзи ўргатган дуони қилиши керак. Бу дуо Қуръон тилида:
«Иннаа лиллаҳи ва иннаа илайҳи рожиъуун», деб талаффуз этилади. Буни айтиш қисқача «истиржоъ» дейилади. Эътибор қилинса, истиржоъда улкан маъно ётибди.
«Албатта, биз Аллоҳникимиз…» яъни «Барчамиз, бор-будимиз Аллоҳники, ҳақиқий эга Унинг Ўзи. Нимани қачон қандай тасарруф қилишни Ўзи билади».
«…ва албатта, биз Унга қайтувчимиз»,яъни «Эртами-кечми, барибир, Унга қайтишимиз бор. Бизга етиб турган мусибат ҳам Унинг Ўзидан. Биз сабр қилишимиз лозим ва шундай қиламиз ҳам». Шу боис, истиржоъга кўп-кўп савоблар ваъда қилинган.
عَنْ أُمِّ سَلَمَةَ قَالَتْ: أَتَانِي أَبُو سَلَمَةَ يَوْمًا مِنْ عِنْدِ رَسُولِ اللهِ r، فَقَالَ: لَقَدْ سَمِعْتُ مِنْ رَسُولِ اللهِ r قَوْلًا فَسُرِرْتُ بِهِ، قَالَ: «لَا تُصِيبُ أَحَدًا مِنَ الْمُسْلِمِينَ مُصِيبَةٌ، فَيَسْتَرْجِعُ عِنْدَ مُصِيبَتِهِ، ثُمَّ يَقُولُ: اللَّهُمَّ أَجِرْنِي فِي مُصِيبَتِي، وَاخْلُفْ لِي خَيْرًا مِنْهَا، إِلَّا فَعَلَ ذَلِكَ بِهِ»، قَالَتْ أُمُّ سَلَمَةَ: فَحَفِظْتُ ذَلِكَ مِنْهُ، فَلَمَّا تُوُفِّيَ أَبُو سَلَمَةَ اسْتَرْجَعْتُ، وَقُلْتُ: اللَّهُمَّ أَجِرْنِي فِي مُصِيبَتِي، وَاخْلُفْنِي خَيْرًا مِنْهُ، ثُمَّ رَجَعْتُ إِلَى نَفْسِي قُلْتُ: مِنْ أَيْنَ لِي خَيْرٌ مِنْ أَبِي سَلَمَةَ؟ فَلَمَّا انْقَضَتْ عِدَّتِي اسْتَأْذَنَ عَلَيَّ رَسُولُ اللهِ r وَأَنَا أَدْبُغُ إِهَابًا لِي، فَغَسَلْتُ يَدِي مِنَ الْقَرَظِ، وَأَذِنْتُ لَهُ، فَوَضَعْتُ لَهُ وِسَادَةَ أُدُمٍ حَشْوُهَا لِيفٌ، فَقَعَدَ عَلَيْهَا، فَخَطَبَنِي إِلَى نَفْسِي، فَلَمَّا فَرَغَ مِنْ مَقَالَتِهِ، قُلْتُ: يَا رَسُولُ اللهِ، مَا بِي أَنْ لَا تَكُنْ بِكَ الرَّغْبَةُ فِيَّ، وَلَكِنِّي امْرَأَةٌ فِيَّ غِيرَةٌ شَدِيدَةٌ، فَأَخَافُ أَنْ تَرَى مِنِّي شَيْئًا يُعَذِّبُنِي اللهُ بِهِ، وَأَنَا امْرَأَةٌ دَخَلْتُ فِي السِّنِّ، وَأَنَا ذَاتُ عِيَالٍ، فَقَالَ: «أَمَّا مَا ذَكَرْتِ مِنَ الْغِيرَةِ فَسَوْفَ يُذْهِبُهَا اللهُ عَزَّ وَجَلَّ مِنْكَ، وَأَمَّا مَا ذَكَرْتِ مِنَ السِّنِّ فَقَدْ أَصَابَنِي مَثْلَ الَّذِي أَصَابَكِ، وَأَمَّا مَا ذَكَرْتِ مِنَ الْعِيَالِ فَإِنَّمَا عِيَالُكِ عَيَالِي»، قَالَتْ: فَقَدْ سَلَّمْتُ لِرَسُولِ اللهِ r، فَتَزَوَّجَهَا رَسُولُ اللهِ r، فَقَالَتْ أُمُّ سَلَمَةَ: فَقَدْ أَبْدَلَنِيَ اللهُ بِأَبِي سَلَمَةَ خَيْرًا مِنْهُ، رَسُولَ اللهِ r. رَوَاهُ أَحْمَدُ.
Умму Салама розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
«Бир куни Абу Салама Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларидан келди-да: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан бир гап эшитиб, хурсанд бўлдим. Ул зот: «Мусулмонлардан бирига мусибат етганда истиржоъ айтса ва сўнгра «Аллоҳумма ажирни фий мусибати вахлуф лий хойром-минҳа» – «Аллоҳим, менга мусибатимда ажр бергин ва унинг ўрнига яхшироғини бергин», деса, айтгани беради», дедилар», деб айтди.
Мен буларни ёдлаб олдим. Абу Салама вафот этганида, истиржоъ айтдим ва «Аллоҳумма ажирни фий мусибати вахлуф лий хойром-минҳа» дуони ўқидим. Сўнгра ўзимча: «Энди менга Абу Саламадан яхшироғи қайда?», дедим.
Иддам чиққандан сўнг Расулуллоҳ келиб, киришга изн сўрадилар. Тери ошлаб ўтирган эдим, қўлимни ювиб, киришларига изн бердим. У зотга ичига хурмонинг юмшоқ қобиғи тўлдирилган тери ёстиқ бердим. Ўтирганларидан сўнг менга уйланмоқчи эканликларини айтдилар.
Ул зот гапларини тугатгач, мен:
«Эй Аллоҳнинг Расули, сизга рағбат қилмаслигим мумкин эмас, лекин мен жуда рашкчи аёлман, мендан сизга ёқмайдиган нарса содир бўлиб, Аллоҳнинг азобига дучор бўлмай, деб қўрқаман. Кейин ёшим катта бўлиб қолди, бунинг устига, болаларим бор», дедим.
Расулуллоҳ алайҳиссалом:
«Сен айтган рашкни Аллоҳ тезда кетказади. Ёш тўғрида гапирсанг, менинг ҳам ёшим бир ерга бориб қолди. Болаларинг бўлса, улар менинг ҳам болаларим», дедилар...
Аллоҳ менга Абу Саламанинг ўрнига ундан яхши зотни – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни берди».
Аҳмад ривоят қилган.
عَنْ أَبِي مُوسَى الْأَشْعَرِيِّ: أَنَّ رَسُولَ اللهِ قَالَ: «إِذَا مَاتَ وَلَدُ الْعَبْدِ قَالَ اللهُ لِمَلَائِكَتِهِ: قَبَضْتُمْ وَلَدَ عَبْدِي؟ فَيَقُولُونَ: نَعَمْ، فَيَقُولُ: قَبَضْتُمْ ثَمَرَةَ فُؤَادِهِ؟ فَيَقُولُونَ: نَعَمْ، فَيَقُولُ: مَاذَا قَالَ عَبْدِي؟ فَيَقُولُونَ: حَمِدَكَ وَاسْتَرْجَعَ، فَيَقُولُ اللهُ: ابْنُوا لِعَبْدِي بَيْتًا فِي الْجَنَّةِ، وَسَمُّوهُ بَيْتَ الْحَمْدِ». رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ.
Абу Мусо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Қачон банданинг фарзанди вафот этса, Аллоҳ фаришталарига: «Бандамнинг фарзандини олдингизми?» дейди. «Ҳа», дейишади. У зот: «Қалбининг самарасини олдингизми?» дейди. «Ҳа», дейишади.
У зот: «Бандам нима деди?» дейди. «Сенга ҳамд ва истиржоъ айтди», дейди.
Шунда Аллоҳ: «Жаннатда бандамга бир уй бино қилинглар ва уни «Ҳамд уйи» деб номланглар», дейди», дедилар».
Термизий ривоят қилган.
عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ t قَالَ: قَالَ النَّبِيُّ r: «إِذَا انْقَطَعَ شِسْعُ نَعْلِ أَحَدِكُمْ فَلْيَسْتَرْجِعْ، فَإنَّهَا مِنَ الْمَصَائِبِ». رَوَاهُ الْبَزَّارُ.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Бирортангизнинг оёқ кийимининг ипи узилса ҳам истиржоъ айтсин. Чунки у ҳам мусибатлардан», дедилар».
Баззор ривоят қилган.
Демак, каттаю кичик ҳар бир кўнгилсиз ҳодисада сабр керак: кўзининг қорачиғи, жигарбанди, боласи ўлганда ҳам, оёқ кийимининг ипи узилганда ҳам. Мусибат етгандан кейин дарҳол истиржоъ айтиб, сабр қилиш керак. Ҳамма нарса Аллоҳники ва бари Аллоҳга қайтади, деган эътиқодни маҳкам тутиш керак.
Учинчи қисм.
Ўзига озор берган кишидан интиқом олиш каби келиши ўзига боғлиқ бўлмаган, аммо кетиши унинг ихтиёрида бўлган нарсаларда сабр қилиш.
Мисол учун, бандага биров томонидан гап, ҳаракат ёки унинг жони ёки молига қарши жиноят қилиш ила озор етказилганда, жавоб чораси кўришга қодир бўла туриб, сабр қилиш.
Бу ҳақда Қуръони Каримда шундай оят келади:
«Бизга нима бўптики, Аллоҳга таваккул қилмас эканмиз?! Ҳолбуки, У бизни йўлимизга ҳидоят қилди. Ва сиз берган озорларга албатта сабр қиламиз. Таваккул қилувчилар Аллоҳгагина таваккул қилсинлар» (Иброҳим сураси, 12-оят).
Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади:
«Албатта, молларингиз ва жонларингизда синалажаксиз. Ва албатта, сиздан олдин китоб берилганлардан ва ширк келтирганлардан кўплаб озор эшитажаксиз. Агар сабр қилсангиз ва тақво қилсангиз, албатта, бу азийматли ишлардандир» (Оли Имрон сураси, 186-оят).
Аллоҳ таоло Муззаммил сурасида шундай марҳамат қилади:
«Ва уларнинг гапларига сабр қил ва улардан чиройли четланиш-ла, четланиб тур» (Муззаммил сураси, 10-оят).
Аллоҳ таоло яна шундай марҳамат қилади:
ﯡ ﯢﯣ ﯤ ﯥﯦ ﯧﯨ ﯩﯪ ﯫ ﯬ ﯭﯮ ﯯ ﯰﯱ ﯲ ﯳﯴ ﯵﯶ ﯷ ﯸﯹ ﯺ ﯻﯼ ﯽ ﯾ
«Агар иқоб қиладиган бўлсангиз, ўзингизга қилинган иқобга ўхшаш иқоб қилинг. Агар сабр қилсангиз, албатта, у сабр қилувчилар учун хайрлидир.
Сабр қил, сенинг сабринг фақат Аллоҳ ила бўлур. Улар учун маҳзун бўлма. Уларнинг қилаётган макрларидан сиқилма» (Наҳл сураси, 126-127-оятлар).
عَنْ عَبْدِ اللهِ t قَالَ: قَسَمَ رَسُولُ اللهِ r قِسْمَةً كَبَعْضِ مَا كَانَ يَقْسِمُ، فَقَالَ رَجُلٌ مِنَ الْأَنْصَارِ: وَاللهِ إِنَّهَا لَقِسْمَةٌ مَا أُرِيدَ بِهَا وَجْهُ اللهِ، قُلْتُ: أَمَا لَأَقُولَنَّ لِلنَّبِيِّ r، فَأَتَيْتُهُ وَهُوَ فِى أَصْحَابِهِ، فَسَارَرْتُهُ، فَشَقَّ ذَلِكَ عَلَيْهِ، وَتَغَيَّرَ وَجْهُهُ، وَغَضِبَ حَتَّى وَدِدْتُ أَنِّي لَمْ أكُنْ أَخْبَرْتُهُ، ثُمَّ قَالَ: «أَوُذِيَ مُوسَى بِأَكْثَرَ مِنْ ذَلِكَ فَصَبَرَ». رَوَاهُ الشَّيخَانِ وَالتِّرْمِذِيُّ.
Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам аввал қилган тақсимларига ўхшаш бир тақсим қилдилар. Шунда ансорлардан бир киши:
«Аллоҳга қасамки, бу тақсимлашда Аллоҳнинг розилиги ирода қилинмади», деди.
Бас, мен: «Аллоҳга қасамки, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга хабар бераман», дедим-да, у зотнинг ҳузурларига бордим. Ул зот саҳобалари билан эканлар. Мен ул зотга у айтган гап ҳақида сирли равишда хабар бердим. Бу у зотга оғир ботди. Юзлари ўзгариб, жахллари чиқиб кетди. Ҳатто мен: «Ул зотга хабар бермасам бўлар экан», деб ўйладим.
Сўнгра у зот:
«Аллоҳ Мусони раҳмат қилсин! У бундан ҳам кўпроқ озор еб, сабр қилган эди», дедилар».
Икки шайх ва Термизий ривоят қилишган.
сабрнинг давоси ҲаҚида
Сабр қилиш қийин ва машаққатли бўлса ҳам, илм ва амал қоришмасидан унинг маъжунини тайёрласа бўлади. Зотан, қалбнинг барча хасталикларига худди шу икки нарса – илм ва амал қоришмасидан даво тайёрланади. Аммо ҳар бир беморлик учун алоҳида илм ва алоҳида амал керак.
Сабр турли қисмларга бўлингани каби уни ман қилувчи иллатлар ҳам турли-тумандир. Иллатнинг турига қараб иложнинг тури ҳам ўзгаради.
Бу ишни батафсил баён қилиш чўзилиб кетишини эътиборга олиб, қисқа бир мисол билан кифояланамиз.
Дейлик, бировнинг жинсий шаҳвати ғолиб келиб, сабр қилишга эҳтиёжи тушиб қолди. Фаржини зинодан тийишга қийналмоқда ёки фаржини тийса ҳам, кўзини тия олмаяпти. Кўзини тийса ҳам, қалбини ва нафсини тия олмаяпти. Нафси шаҳватга оид нарсаларни эсига солиб, уни зикр, фикр ва солиҳ амаллардан қолдирмоқда.
Сабрнинг ўзи диний малаканинг ҳавойи нафс билан курашидан иборат эканини яхши биламиз. Икки курашчидан қай бири ғолиб келишини истасак, ўшани қувватлаб, қарши тарафни заифлаштиришга ҳаракат қилишимиз лозим бўлади. Демак, диний омилни қувватлашга ва ҳавойи нафсни кучсизлантиришга уринишимиз шарт.
Диний омилни қувватлаш икки хил йўл билан бўлади:
Биринчиси – мазкур одамни ҳавойи нафсга қарши курашишнинг бу дунё ва охиратдаги фойда ва самараларидан умидвор қилиш. Бу унга сабрнинг фазлини ва унинг оқибати икки дунёда яхшилик эканини яхшилаб англатиш билан бўлади.
Бу услуб маърифий малака бўлиб, иймонга боғлиқ бўлади ва гоҳида кучланиб, гоҳида заифлашиб туради. У кучланганда диний омил ҳам кучланади ва заифлашганда диний омил ҳам заифлашади.
Иккинчиси – диний малакани ҳавойи нафсга қарши курашишга одатлантириш йўли. Бир нарсани кўп такрорлаш туфайли кишида ўша ишни адо этишга қувват ва маҳорат ортиб боради. Такрорлаб турмаганларда қувват ҳам, маҳорат ҳам бўлмайди. Юк ташувчи ва деҳқонларнинг жисмоний тарафдан аттор ва ўқитувчилардан кучли бўлишлари ҳам шундан.
Бу ишда кучли бўлиш учун икки хил ишни амалга қўйиш керак. Аввало адо этиладиган фазилатли ишнинг ортидан келадиган яхшиликларни такрор ва такрор эслатиб, ваъдаларни бериб туриш лозим.
Қолаверса, болаларни ёшликдан ҳавойи нафсга, шаҳватга қарши курашиш руҳида атрофлича тарбиялаб, ўстириш лозим.
Жинсий шаҳватни заифлаштириш уч хил йўл билан амалга оширилади:
1. Аввало шаҳватни кучлантирувчи озиқ-овқат маҳсулотларига назар солиб, уларнинг турлари ва миқдори ўрганилади. Кейин даволанаётган одамга рўза тутиш, ифтор вақтида мазкур шаҳватни кучайтирувчи таомларни тановул қилмаслик тавсия этилади.
2. Жинсий шаҳватнинг қўзишига сабаб бўладиган омиллар йўқотилади. Мисол учун, шаҳватни қўзғатадиган нарсаларга назар солишнинг йўли тўсилади.
Бу ҳақда Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади:
ﭾ ﭿﮀ ﮁ ﮂﮃ ﮄﮅ ﮆﮇ ﮈﮉ ﮊﮋ ﮌ ﮍﮎ ﮏ ﮐﮑ ﮒﮓ ﮔ ﮕﮖ
«Мўминларга айт, кўзларини тийсинлар ва фаржларини сақласинлар. Ана шу улар учун покдир. Албатта, Аллоҳ нима ҳунар қилаётганларидан ўта хабардордир. Мўминаларга айт: «Кўзларини тийсинлар, фаржларини сақласинлар» (Нур сураси, 30-31-оятлар).
عَنْ حُذَيْفَةَ t قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ r: «النَّظْرَةُ سَهْمٌ مِنْ سِهامِ إِبْلِيسَ مَسْمُومَةٌ، فَمَنْ تَرَكَهَا مِنْ خَوْفِ اللهِ أَثَابَهُ جَلَّ وَعَزَّ إِيْمَانًا يَجِدُ حَلَاوَتَهُ فِي قَلْبِهِ». أَخْرَجَهُ الْحَاكِمُ وَالطَّبَرَانِيُّ.
Ҳузайфа розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Назар иблиснинг заҳарланган ўқларидан биридир. Бас, ким уни Аллоҳдан қўрқиб тарк қилса, У Зот азза ва жалла уни қалбида ҳаловатини топадиган иймон ила мукофотлайди», дедилар».
Табароний ва Ҳоким ривоят қилган.
3. Энг яхшиси – шаҳватни ҳалол йўл билан, никоҳ йўли билан қондиришга шароит яратишдир.
Сабрга муҳтож бўлинадиган бошқа ҳолатларда ҳам шунга ўхшаш иш тутилади. Ҳар бир муаммони ҳал этиш учун барча ҳалол йўлларни ишга солиб, атрофлича муолажа қилиш мақсадга мувофиқдир.
Ризо
Бизнинг тилимизда «розилик», «рози бўлиш» шаклида ишлатиладиган маъно араб тилида «ризо» дейилади ва «сахат» – норозиликнинг тескарисини англатади.
Ризо ҳақида бир-бирини тўлдирувчи таърифлар келган:
Муновий: «Ризо инсоннинг ўзига етган мусибат ёки етмай қолган яхшиликни ўзгармасдан, нафсоний яхшилик билан қабул қилишидир», деган.
Баъзилар: «Ризо қазонинг аччиғига нисбатан қалбнинг суруридир», деганлар.
Яна: «Ризо қайси ҳукмда бўлса ҳам, жазаънинг (сабрсизликнинг) бўлмаслигидир», дейилган.
Бошқалар: «Ризо ҳукмни хурсандлик билан кутиб олиш», дейишган.
Яна: «Ҳукмлар жараёни остида қалбнинг сокин бўлиши ризодир», дейилган.
Уламолар ризони икки турга тақсимлаганлар:
Биринчи тур:
Ўзига амр қилинган нарсани адо қилишга ҳамда наҳйи қилинган нарсани тарк қилишга рози бўлиш. Бунинг ичига Аллоҳ таоло мубоҳ қилган нарсаларни ҳаддан ошмаган ҳолатда бажариш ҳам киради.
Аллоҳ таоло ризо ҳақида бундай марҳамат қилади:
ﮌ ﮍ ﮎ ﮏ ﮐ ﮑ ﮒ ﮓ ﮔ ﮕ ﮖ ﮗ ﮘ ﮙ ﮚ ﮛ ﮜ ﮝ ﮞﮟ
«Улар Аллоҳ ва Унинг Расули уларга берган нарсалардан рози бўлганларида ва «Бизга Аллоҳ етарлидир. Бизга тезда Аллоҳ Ўз фазлидан беради ва Расули ҳам. Албатта, биз Аллоҳга рағбат қилувчилармиз», деганларида эди...» (Тавба сураси, 59-оят).
Бу юқори одоб намунасидир. Аллоҳ таоло ва Унинг Расули нима берса, шунга чин қалбдан рози бўлиш иймоннинг талабидир. Мўмин-мусулмон дилидагина рози бўлиб қўявермай, уни тилига ҳам чиқариб айтади. Келажакда ҳам доимо Аллоҳ таолонинг Ўзигагина рағбат қилишини таъкидлаб айтади.
Бу турдаги ризо вожибдир. Шунинг учун ҳам Қуръони Каримда бу каби ишларда ризони тарк қилганлар қораланган.
Иккинчи тур:
Камбағаллик, беморлик ва хорлик каби мусибатлардан ризо бўлиш. Уламолар бу ризонинг ҳам вожиблигини таъкидлаганлар. Баъзилар уни мустаҳаб деганлар.
Аммо кофирлик, фосиқлик ва осийликка рози бўлиш мумкин эмас.
Қуръони Каримда ризо ҳам Аллоҳ таолога, ҳам бандага нисбат берилган.
Бу ҳақда Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади:
«Аллоҳ улардан рози бўлди, улар ҳам Ундан рози бўлдилар» (Баййина сураси, 8-оят).
Яъни Аллоҳ таоло уларнинг бу дунёда қилган иймон-эътиқодлари ва тоат-ибодатларидан рози бўлди.
Мўмин бандалар ҳам ўзларига берилган олий мартабалар ва яхшиликлар учун Аллоҳ таолодан рози бўлдилар.
Ризо ҳақида келган оятлар ҳам шу маънони ифода этади ва бир неча йўналишларда бўлади.
1. Ҳар бир ишда Аллоҳ таолонинг розилигини исташ вожиб.
Аллоҳ таоло марҳамат қилиб айтади:
«Ва одамлар орасида Аллоҳнинг розилигини тилаб, жонини сотадиганлар бор. Ва Аллоҳ бандаларга ўта шафқатлидир» (Бақара сураси, 207-оят).
Бу ҳақиқий мухлис мўминнинг васфи. Унинг ягона мақсади – Аллоҳ таолонинг розилигини топиш. Бу йўлда у ҳамма нарсани сарфлашга, ҳатто жонини беришга ҳам тайёр. Фақат Аллоҳ таолонинг розилигини топса бўлди. Ушбу сифат эгаларидан бири Суҳайб Румий розияллоҳу анҳу бўлган.
Имом Фахриддин Розий ривоят қиладилар:
«Суҳайб Румий Мадинаи Мунавварага ҳижрат қилиб жўнаганида Қурайш мушрикларидан бир гуруҳи уни қайтармоқчи бўлиб ортидан борди. Шунда у уловидан тушиб, ўқдонидаги ўқларни тизиб қўйиб, камонни қўлига олди-да:
«Эй қурайш аҳли, менинг ичингизда энг мерганлардан бири эканимни яхши биласизлар-а?! Аллоҳга қасамки, ўқдондаги ўқ тугамагунча биттангиз ҳам менга яқинлаша олмайсиз! Сўнгра қиличим билан қўлимда қанчаси қолса, шунчаси билан чопаман. Кейин нимани истасангиз, қилаверасиз», деди.
«Сен бизнинг юртимизга келганингда ҳеч нарсанг йўқ гадо эдинг, ҳозир эса кўплаб мол-дунёга эга бўлдинг», дейишди.
«Молимнинг қаердалигини айтиб берсам, ўз йўлимда кетавераманми?» деди Суҳайб.
«Ҳа», дейишди.
У моли Макканинг қаерида эканини айтиб берди. Мадинага келиб, Расулуллоҳ алайҳиссаломнинг ҳузурларига кирди. Набий алайҳиссолату вассалом уни кўришлари билан:
«Савдо фойда келтирди, эй Суҳайб! Савдо фойда келтирди, эй Суҳайб!» дедилар.
Бир оз туриб Аллоҳ «Ва одамлар орасида Аллоҳнинг розилигини тилаб, жонини сотадиганлари бор», деган ояти каримани нозил қилди».
Мусулмонларнинг аввалги авлодида шу оят васф қилган сифатга эга бўлган инсонлар жуда кўп етишиб чиқди. Шу боисдан улар қисқа муддат ичида дунёни адолатга тўлдирдилар.
Айни пайтда Аллоҳ таоло мунофиқ кимсаларнинг ҳолидан ҳам хабар беради:
«Сизларни рози қилиш учун сизларга Аллоҳнинг номи ила қасам ичарлар. Ҳолбуки, агар мўмин бўлсалар, рози қилмоқлари учун Аллоҳ ва Унинг Расули ҳақлироқдир» (Тавба сураси, 62-оят).
Мунофиқларнинг машҳур қабиҳ сифатларидан бири – одамларни рози қилиш учун Аллоҳнинг номи ила қасам ичишларидир.
«Сизларни рози қилиш учун сизларга Аллоҳнинг номи ила қасам ичарлар».
Одатда мунофиқлар ҳар қандай шароитга тезда мослашиб, нима қилиб бўлса ҳам, вазиятдан қутулиб чиқишга уринадилар. Кишилардаги иймон ва диёнат туйғуларини қўзғатиб, уларни ишонтириб, вазиятдан қутулиш учун Аллоҳнинг номи билан қасам ҳам ичаверадилар. Мақсадлари – одамларни рози қилиш.
«Ҳолбуки, агар мўмин бўлсалар, рози қилмоқлари учун Аллоҳ ва Унинг Расули ҳақлироқдир».
Ҳа, агар улар ҳақиқий мўминлар бўлганларида, ҳар бир ишни Аллоҳнинг ва Пайғамбарнинг розилиги учун қилар эдилар.
2. Аллоҳ таолонинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва мўминларни бу дунё ва охиратда рози қилиши.
Бу ҳақда Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади:
ﯼ ﯽ ﯾ ﯿ ﰀ ﰁ ﰂﰃ ﰄ ﰅ ﰆ ﰇ ﰈ ﰉ ﰊ ﰋ ﰌﰍ ﰎ ﰏ ﰐ ﰑ ﰒﰓ ﰔ ﰕ ﰖ ﰗ
«Аллоҳ: «Бу – ростгўйларга ростгўйликлари манфаат берадиган кун. Уларга остларидан анҳорлар оқиб турган жаннатлар бор, уларда мангу қолувчидирлар. Аллоҳ улардан рози бўлди. Улар ҳам Аллоҳдан рози бўлдилар. Ана ўша буюк ютуқдир», деди» (Моида сураси, 119-оят).
Оятдаги «ростгўйлар»дан мурод иймони содиқлардир. «Кун»дан мурод эса қиёмат кунидир.
«Бу – ростгўйларга ростгўйликлари манфаат берадиган кун».
Аллоҳ таолонинг таъкидлашича, қиёмат кунида иймонлиларга иймонлари манфаат беради. Мазкур манфаат қуйидаги шаклда зоҳир бўлади.
«Уларга остларидан анҳорлар оқиб турган жаннатлар бор, уларда мангу қолувчидирлар».
Яъни қиёмат куни иймонлиларга дарахтлари остидан анҳорлар оқиб турган жаннатлар бор. Улар мазкур жаннатларда абадий қолурлар.
«Аллоҳ улардан рози бўлди. Улар ҳам Аллоҳдан рози бўлдилар. Ана ўша буюк ютуқдир», деди».
Бундай бўлишида ҳеч шубҳа йўқ.
Чунки Ҳақ субҳанаҳу ва таолонинг Ўзи шундай бўлишини ваъда қилмоқда:
«Биринчи пешқадам муҳожирлар ва ансорийлар ва уларга яхшилик билан эргашганлар – Аллоҳ улардан рози бўлди, улар ҳам Аллоҳдан рози бўлдилар. Уларга остларида анҳорлар оқиб турган жаннатларни, уларни у ерларда абадий – мангу қолувчи қилиб тайёрлаб қўйди. Ана ўша буюк ютуқдир» (Тавба сураси, 100-оят).
Бу ояти каримада васф қилинмиш пешқадам муҳожир ва ансорийлардан кейин иймон келтириб, худди пешқадам мусулмонлар каби ихлосли, ибодатли ва тақводор бўла олган мусулмонларнинг барчасидан:
«Аллоҳ улардан рози бўлди, улар ҳам Аллоҳдан рози бўлдилар».
Банда эришиши мумкин бўлган энг юқори мартаба Аллоҳ таолонинг розилигидир. Зотан, ҳар бир банданинг олий мақсади ҳам шу. Банданинг Аллоҳ таолодан розилиги Унинг қадарига ишониш, қазосидан яхшилик кутиш, неъматларига шукр қилиш, бало-офатларига сабр этишдир.
Аллоҳ таоло улардан рози эканидан:
«Уларга остларида анҳорлар оқиб турган жаннатларни, уларни у ерларда абадий – мангу қолувчи қилиб тайёрлаб қўйди».
Улар мазкур жаннатга вақтинчаликка кирмайдилар. Балки уларда абадий қоладилар.
Аллоҳ таоло улардан рози бўлмаганида, уларни бундай икромга сазовор қилмас эди.
«Ана ўша буюк ютуқдир».
Бундан ортиқ ютуқ бўлиши мумкинми?
3. Аллоҳ таолонинг розилиги набийлар ва мўминларнинг олий мақсадидир.
Аллоҳ таолонинг қуйидаги ояти каримаси айнан шу маънодадир:
«Сени қавмингдан нима шошилтирди, эй Мусо?
У: «Ана, улар изимдалар. Рози бўлишинг учун Сенга шошдим, Роббим», деди» (Тоҳа сураси, 83-84-оятлар).
Яъни «Қавмим ана у ёқда, ортимдан келишяпти. Мен эса Сенинг розилигингни топиш учун шошилдим», дедилар.
Бошқа бир ояти каримада Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади:
«Инсонни ота-онасига яхшилик қилишга буюрдик. Онаси унга қийналиб ҳомиладор бўлди ва уни қийналиб туғди. Ва унинг ҳомиласи ва кўкракдан ажратиши ўттиз ойдир. Қачонки у вояга етиб, қирқ ёшга етганида: «Роббим, Ўзинг менга ва ота-онамга берган неъматларингга шукр қилишимга ва Сен рози бўлган солиҳ амал қилишимга муваффақ этгин. Ва менинг зурриётларимни ҳам солиҳлардан қилгин. Албатта, мен Сенга тавба қилдим ва албатта, мен мусулмонларданман», деди» (Аҳқоф сураси, 15-оят).
Ҳар бир инсон учун Аллоҳ таолонинг берган неъматига шукр қилиш муҳим ишдир. Ношукрлик куфрони неъматдир. Мўмин-мусулмонликка зиддир. Бу иш ўта муҳим ва нозик бўлгани учун бошқа ишлардан илгари айнан мана шу иш учун – шукр учун Аллоҳ таолонинг Ўзидан мадад сўралмоқда.
Шу билан бирга, қолган умрида шукр билан қўшиб, солиҳ амалларни кўпроқ қилишга, Аллоҳ таолонинг розилигини ахтаришга истак кучаяди. Шунинг учун ҳам ушбу дуода:
«Сен рози бўлган солиҳ амал қилишимга муваффақ этгин», дейилмоқда.
4. Аллоҳ таоло рози бўлган кимсаларгагина шафоат насиб этади.
Бу ҳақда Ҳақ субҳанаҳу ва таоло шундай марҳамат қилади:
«Осмонларда қанчадан-қанча фаришталар мавжуд, уларнинг шафоати ҳеч фойда бермас. Фақат Аллоҳ Ўзи хоҳлаган ва рози бўлганларга изн берса, мустасно» (Нажм сураси, 26-оят).
Маълумки, мушриклар «Буту санамлар бизни шафоат қилади», дер эдилар. Шунингдек, фаришталар Аллоҳнинг қизлари, улар ҳам шафоат қилади, деб эътиқод қилишарди. Бундай эътиқоднинг замини пуч экани ушбу ояти карима ила исботланди. Бу дунёю охират – ҳаммаси Аллоҳники бўлганидек, шафоат ҳам Аллоҳникидир. У кимга изн берса, ўшагина шафоат қила олади. Мушриклар ўзларининг ботил эътиқодларидан умид қилмай қўяқолсинлар.
Ризо ҳақида келган ҳадиси шарифлардан намуналар:
عَنِ الْعَبَّاسِ بْنِ عَبْدِ الْمُطَّلِبِ t، عَنِ النَّبِيِّ r قَالَ: «ذَاقَ طَعْمَ الْإِيمَانِ مَنْ رَضِيَ بِاللهِ رَبًّا، وَ بِالْإِسْلَامِ دِينًا، وَبِمُحَمَّدٍ رَسُولًا». رَوَاهُ مُسْلِمٌ وَالتِّرْمِذِيُّ.
Аббос ибн Абдулмуттолиб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ким Аллоҳни Робб, Исломни дин, Муҳаммадни Расул деб рози бўлса, иймоннинг таъмини тотган бўлади», дедилар».
Муслим ва Термизий ривоят қилишган.
Ушбу ҳадисда ризо ҳақида улкан маъно баён этилмоқда. Унда иймон таъмини тотиш, иймон мукаммаллигига эришиш қайси йўл билан амалга ошиши мумкинлиги баён қилинмоқда. Бунинг учун эса қуйидагилар амалга ошиши керак:
«Аллоҳни Робб деб рози бўлиш».
«Робб» сўзи «тарбиячи» маъносини англатади. Урфда эса кўп маъноларни, жумладан, «ризқ берувчи», «тадбирини қилувчи», «яратувчи», «эга» маъноларини ифода этади.
Робб – Аллоҳ таолонинг гўзал исмларидан биридир. Аллоҳ таоло бутун оламларнинг яратувчиси, уларга ризқ берувчи, тадбирларини қилувчи, эгалик қилувчи ва тарбияловчиси бўлганидан шундай аталган.
Аллоҳни Робб деб рози бўлиш эса «Аллоҳ менинг яратувчим, тарбиячим, эгам, ризқ берувчим, тадбиримни қилувчим», деб чин дилдан рози бўлишни англатади.
Рози бўлиш оғиздаги қуруқ гап эмас ёки кўнгилдаги гумон ҳам эмас. Балки тўлиқ ишонч ва қаноатдир. Ким шу ишонч билан, шу қаноат билан яшаса, иймон таъмини тотиш йўлида катта қадам босган бўлади. Кейинги қадамлар эса:
«Исломни дин, Муҳаммадни Расул деб рози бўлиш» билан бўлади.
Демак, иймон таъмини тотиш учун инсон Исломга чин дилдан, тўлиқ рози бўлиши керак.
Фақат Исломга тўлиқ амал қилиб яшашим керак, деган ишончга ва қаноатга эга бўлиши лозим.
Ислом динига тўлиқ амал қилиб яшаш учун эса Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни Расул, яъни Аллоҳнинг элчиси деб рози бўлиш керак.
Ислом таълимотларини, ҳукмларини Аллоҳ таолодан қабул қилиб, бандаларга етказган, ҳаётга татбиқ қилиб кўрсатган зот Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламдир. Ул зотни Расул деб рози бўлмагунча, иймон таъмини тотиб бўлмайди.
Ҳа, Аллоҳни Робб, Исломни дин, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни Расул деб рози бўлган одамгина иймон таъмини тотиши мумкин.
Шу мақсад йўлида машаққатларни кўтаришга рози бўлган одамгина иймон таъмини тотиб кўриши мумкин. Аммо чин қалбдан розилик, ишонч ва қаноат бўлмаса, иймоннинг таъми ҳам бўлмайди.
عَنِ ابْنِ عُمَرَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا، عَنْ رَسُولِ اللهِ r قَالَ: «بَيْنَمَا ثَلَاثَةُ نَفَرٍ يَتَمَشَّوْنَ أَخَذَهُمُ الْمَطَرُ، فَأَوَوْا إِلَى غَارٍ فِي جَبَلٍ، فَانْحَطَّتْ عَلَى فَمِ غَارِهِمْ صَخْرَةٌ مِنَ الْجَبَلِ، فَانْطَبَقَتْ عَلَيْهِمْ، فَقَالَ بَعْضُهُمْ لِبَعْضٍ: انْظُرُوا أَعْمَالًا عَمِلْتُمُوهَا صَالِحَةً لِلَّهِ، فَادْعُوا اللهَ بِهَا، لَعَلَّ اللهَ يَفْرُجُهَا عَنْكُمْ، فَقَالَ أَحَدُهُمُ: اللَّهُمَّ إِنَّهُ كَانَ لِي وَالِدَانِ شَيْخَانِ كَبِيرَانِ، وَلِي صِبْيَةٌ صِغَارٌ، أَرْعَى عَلَيْهِمْ، فَإِذَا أَرَحْتُ عَلَيْهِمْ حَلَبْتُ، فَبَدَأْتُ بِوَالِدَيَّ، فَسَقَيْتُهُمَا قَبْلَ بَنِيَّ، وَإِنِّي اسْتَأْخَرْتُ ذَاتَ يَوْمٍ، فَلَمْ آتِ حَتَّى أَمْسَيْتُ، فَوَجَدْتُهُمَا قَدْ نَامَا، فَحَلَبْتُ كَمَا كُنْتُ أَحْلُبُ، فَقُمْتُ عِنْدَ رُءُوسِهِمَا، أَكْرَهُ أَنْ أُوقِظَهُمَا، وَأَكْرَهُ أَنْ أَسْقِيَ الصِّبْيَةَ، وَالصِّبْيَةُ يَتَضَاغَوْنَ عِنْدَ قَدَمَيَّ، حَتَّى طَلَعَ الْفَجْرُ، فَإِنْ كُنْتَ تَعْلَمُ أَنِّي فَعَلْتُ ذَلِكَ ابْتِغَاءَ وَجْهِكَ، فَافْرُجْ لَنَا مِنْهَا فُرْجَةً نَرَى مِنْهَا السَّمَاءَ، فَفَرَجَ اللهُ، فَرَأَوْا مِنْهَا السَّمَاءَ، وَقَالَ الْآخَرُ: اللَّهُمَّ إِنَّهُ كَانَتْ لِيَ ابْنَةُ عَمٍّ، أَحْبَبْتُهَا كَأَشَدِّ مَا يُحِبُّ الرِّجَالُ النِّسَاءَ، وَطَلَبْتُ إِلَيْهَا نَفْسَهَا، فَأَبَتْ حَتَّى آتِيَهَا بِمِائَةِ دِينَارٍ، فَتَعِبْتُ حَتَّى جَمَعْتُهَا، فَلَمَّا وَقَعْتُ بَيْنَ رِجْلَيْهَا، قَالَتْ: يَا عَبْدَ اللهِ، اتَّقِ اللهَ، وَلَا تَفْتَحِ الْخَاتَمَ إِلَّا بِحَقِّهِ، فَقُمْتُ، فَإِنْ كُنْتَ تَعْلَمُ أَنِّي فَعَلْتُ ذَلِكَ ابْتِغَاءَ وَجْهِكَ، فَافْرُجْ لَنَا مِنْهَا فُرْجَةً، فَفَرَجَ، وَقَالَ الثَّالِثُ: اللَّهُمَّ إِنِّي كُنْتُ اسْتَأْجَرْتُ أَجِيرًا بِفَرَقِ أَرُزٍّ، فَلَمَّا قَضَى عَمَلَهُ، قَالَ: أَعْطِنِي حَقِّي، فَعَرَضْتُ عَلَيْهِ، فَرَغِبَ عَنْهُ، فَلَمْ أَزَلْ أَزْرَعُهُ حَتَّى جَمَعْتُ مِنْهُ بَقَرًا وَرِعَاءَهَا، فَجَاءَنِي فَقَالَ: اتَّقِ اللهَ، قُلْتُ: اذْهَبْ إِلَى تِلْكَ الْبَقَرِ وَرِعَائِهَا، فَخُذْهَا، فَقَالَ: اتَّقِ اللهَ، وَلَا تَسْتَهْزِئْ بِي، فَقُلْتُ: إِنِّي لَا أَسْتَهْزِئُ بِكَ، خُذْ، فَأَخَذَهُ، فَإِنْ كُنْتَ تَعْلَمُ أَنِّي فَعَلْتُ ذَلِكَ ابْتِغَاءَ وَجْهِكَ، فَافْرُجْ لَنَا مَا بَقِيَ، فَفَرَجَ اللهُ، فَخَرَجُوا يَمْشُونَ». رَوَاهُ الشَّيْخَانِ وَالنَّسَائِيُّ.
Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:
«Уч нафар киши йўлда кетишаётган экан, ёмғирда қолиб, тоғдаги ғорга кириб олишибди. Бас, уларнинг ғорига тоғдан бир харсанг тушиб, чиқиш йўлларини тўсиб қолибди. Улар бир-бирларига:
«Аллоҳ учун қилган солиҳ амалларингизга бир назар солиб, уларни васила қилиб, Аллоҳга дуо қилинглар, шоядки, сизларга кушойиш берса», дейишибди.
Улардан бири:
«Аллоҳим! Албатта, менинг қари ота-онам бор эдилар. Менинг кичик ёшдаги болаларим ҳам бор эди. Уларнинг барчасининг риоясини қилардим. Уларнинг олдига қайтиб келсам, сут соғиб, болаларимдан олдин ота-онамга ичирар эдим. Бир куни кеч қолиб, кечасигача кела олмадим. Келиб, икковларининг ухлаб қолганларини кўрдим. Одатдагидек, сут соғдим ва ота-онам икковларининг бош тарафларида, уйғотиб юбормай деб кутиб турдим. Болаларга ичиришни ҳам эп кўрмадим. Болалар очликдан оёғим остида қичқиришарди. Тонг отгунча шу ҳолда турдим. Агар Сен шу ишда Сенинг розилигингни тилаб қилганимни билсанг, бизга бир тирқиш очгин, осмонни кўрайлик», деди.
Бас, Аллоҳ тирқиш очди. Ундан осмонни кўрдилар.
Бошқаси эса: «Аллоҳим! Мен амакимнинг қизига эркаклар аёлларга энг ашаддий муҳаббат қўйишларидек муҳаббат қўйган эдим. Бас, ундан талаб қилдим. У (қиз) бош тортди. У ўзига юз динор беришимни сўради. Мен пулни жамлаб келиб, уни ушлаб, икки оёғи орасига тушдим. Шунда қиз:
«Эй Аллоҳнинг бандаси! Аллоҳдан қўрқ! Узукнинг ҳаққини бермасдан очма!» деди.
Мен ўрнимдан турдим. Агар шу ишни Сенинг розилигингни тилаб қилганимни билсанг, бизга яна ҳам каттароқ тирқиш оч», деди.
Бас, яна тирқиш очди.
Учинчи шахс: «Аллоҳим! Мен бир фарақ гуручга мардикор ёллаган эдим. У ишни бажариб бўлганидан сўнг:
«Ҳаққимни бер», деди.
Мен унга ҳаққини кўрсатдим. У олишдан бош тортди. Мен ўша гуручни экишда давом этавердим. Ундан бир қанча сигир ва молбоқарлар орттирдим. У қайтиб келиб:
«Аллоҳдан қўрқ!» деди. Мен унга:
«Анави сигирлар молбоқарлари билан сеники, олавер», дедим.
«Аллоҳдан қўрқ! Мени масхара қилма!» деди.
«Сени масхара қилаётганим йўқ, олавер», дедим.
У олди. Агар мен шу ишни Сенинг розилигингни тилаб қилганимни билсанг, қолган қисмини ҳам очиб юбор», деди.
Бас, Аллоҳ очиб юборди».
Чиқиб, юриб кетишди».
Икки шайх ва Насоий ривоят қилишган.
عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ t، عَنِ النَّبِيِّ r قَالَ: «مَنْ تَعَلَّمَ عِلْمًا مِمَّا يُبْتَغَى بِهِ وَجْهُ اللهِ لَا يَتَعَلَّمُهُ إِلَّا لِيُصِيبَ بِهِ عَرَضًا مِنَ الدُّنْيَا لَمْ يَجِدْ عَرْفَ الْجَنَّةِ يَوْمَ الْقِيَامَةِ». رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ وَابْنُ مَاجَهْ.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ким Аллоҳнинг розилиги талаб қилинадиган илмни фақат дунёнинг ўткинчи матоҳига эришиш учун ўрганса, қиёмат куни жаннатнинг ҳидини ҳам топа олмайди», дедилар».
Абу Довуд ва Ибн Можа ривоят қилишган.
عَنِ ابْنِ عُمَرَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا، عَنِ النَّبِيِّ r قَالَ: «الْوَقْتُ الْأَوَّلُ مِنَ الصَّلَاةِ رِضْوَانُ اللهِ، وَالْوَقْتُ الْآخِرُ عَفْوُ اللهِ». رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ.
Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Намознинг аввалги вақти Аллоҳнинг розилигидир. Охирги вақти Аллоҳнинг афвидир», дедилар».
Термизий ривоят қилган.
Демак, Аллоҳ таолонинг розилигини топаман, деган одам намозни аввалги вақтида ўқиши керак. Охирги вақтида ўқиса, ноилож қолганда, афв тариқасидаги рухсатдир.
عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ t قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ r: «مَنْ يَأْخُذُ عَنِّي هَؤُلَاءِ الْكَلِمَاتِ فَيَعْمَلَ بِهِنَّ، أَوْ يُعَلِّمُ مَنْ يَعْمَلُ بِهِنَّ؟» قُلْتُ: أَنَا يَا رَسُولَ اللهِ، فَأَخَذَ بِيَدِي فَعَدَّ خَمْسًا، وَقَالَ: «اتَّقِ الْمَحَارِمَ تَكُنْ أَعْبَدَ النَّاسِ، وَارْضَ بِمَا قَسَمَ اللهُ لَكَ تَكُنْ أَغْنَى النَّاسِ، وَأَحْسِنْ إِلَى جَارِكَ تَكُنْ مُؤْمِنًا، وَأَحِبَّ لِلنَّاسِ مَا تُحِبُّ لِنَفْسِكَ تَكُنْ مُسْلِمًا، وَلَا تُكْثِرِ الضَّحِكَ، فَإِنَّ كَثْرَةَ الضَّحِكِ تُمِيتُ الْقَلْبَ. رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ وَالْإِمَامُ أَحْمَدُ.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ким мендан мана бу калималарни олиб, уларга амал қилади ёки уларга амал қиладиганларга ўргатади?» дедилар.
«Мен, эй Аллоҳнинг Расули», дедим.
Бас, у зот менинг қўлимдан тутдилар ва беш нарсани санадилар:
«Ҳаромлардан сақлан, одамларнинг энг обиди бўласан. Аллоҳ сенга тақсим қилган нарсага рози бўл, одамларнинг энг бойи бўласан. Қўшнингга яхшилик қил, мўмин бўласан. Ўзингга яхши кўрган нарсани одамларга ҳам яхши кўр, мусулмон бўласан. Кулгини кўпайтирма, чунки кўп кулги қалбни ўлдиради», дедилар».
Термизий ва Аҳмад ривоят қилишган.
Аллоҳ таоло тақсим қилган нарсага рози бўлган одам «қаноат» номли улкан сифат соҳиби бўлади. Қаноатли одам эса одамларнинг энг бойи бўлади.
عَنْ جَابِرٍ t قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ r: «عَلَيْكُمْ بالقَنَاعَةِ، فَإِنَّ القَنَاعَةَ مَالٌ لَا يَنْفَدُ». رَوَاهُ الطَّبَرَانِيُّ.
Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Қаноатни лозим тутинглар! Қаноат туганмас молдир», дедилар».
Имом Табароний ривоят қилган.
Ўтган азизларимиздан Абу Ҳазм раҳматуллоҳи алайҳи:
«Уч нарса бор. Улар кимда мужассам бўлса, унинг ақли расо бўлади: ўзини ўзи билса, тилини тийса ва Аллоҳ азза ва жалла берган ризққа рози бўлса», деган.
عَنْ عَائِشَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهَا، عَنِ النَّبِيِّ r قَالَ: «إِنَّ عِظَمَ الْجَزَاءِ مَعَ عِظَمِ الْبَلَاءِ، وَإِنَّ اللهَ إِذَا أَحَبَّ قَوْمًا ابْتَلَاهُمْ، فَمَنْ رَضِيَ فَلَهُ الرِّضَا، وَمَنْ سَخِطَ فَلَهُ السُّخْطُ». رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ.
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Албатта, мукофотнинг катталиги балонинг катталигига қараб бўлади. Албатта, Аллоҳ қачон бир қавмга муҳаббат қилса, бало ила синаб кўради. Ким рози бўлса, унга ризолик бўлади. Ким ғазаб қилса, унга ғазаб бўлади», дедилар».
Термизий ривоят қилган.
Аллоҳ таолонинг ҳукмига рози бўлиб, сабр қилган бандадан Аллоҳ таоло ҳам рози бўлади. Аллоҳ таолонинг ҳукмига рози бўлмай, ўзига етган балодан ғазаби чиқса, ўша бандага Аллоҳ таолонинг ғазаби бўлади.
Шунинг учун мўмин банда ўзига етган ҳар бир кўнгилсизликни Аллоҳ таоло томонидан синов деб билиб сабр қилса, Аллоҳ таолонинг ҳукмига рози бўлса, албатта, Аллоҳ таоло ҳам ундан рози бўлади.
عَنْ سَعْدٍ t، عَنِ النَّبِيِّ r قَالَ: «مِنْ سَعَادَةِ ابْنِ آدَمَ رِضَاهُ بِمَا قَضَى اللهُ لَهُ، وَمِنْ شَقَاوَةِ ابْنِ آدَمَ تَرْكُهُ اسْتِخَارَةَ اللهِ، وَمِنْ شَقَاوَةِ ابْنِ آدَمَ سَخَطُهُ بِمَا قَضَى اللهُ لَهُ». رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ.
Саъд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Аллоҳнинг қазосига рози бўлиши одам боласининг саодатидандир. Аллоҳнинг истихорасини тарк қилмоғи одам боласининг бадбахтлигидандир. Аллоҳнинг қазосидан ғазабланиши одам боласининг бадбахтлигидандир», дедилар».
Термизий ривоят қилган.
Мўмин банда ўзига мусибат етганда, уни Аллоҳ таолонинг ҳукми сифатида қабул қилиб, рози бўлиши зарурлиги ушбу ҳадиси шарифда алоҳида таъкидланмоқда. Саодатга эришишни истаган одам Аллоҳ таолонинг ҳукмига рози бўлмоғи даркор.
عَنْ أَبِي سَعِيدٍ الْخُدْرِيِّ، قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ r: «إِنَّ اللَّهَ يَقُولُ لِأَهْلِ الْجَنَّةِ: يَا أَهْلَ الْجَنَّةِ، فَيَقُولُونَ لَبَّيْكَ رَبَّنَا وَسَعْدَيْكَ، فَيَقُولُ: هَلَ رَضِيتُمْ؟ فَيَقُولُونَ: وَمَا لَنَا لَا نَرْضَى، وَقَدْ أَعْطَيْتَنَا مَا لَمْ تُعطِ أَحَدًا مِنْ خَلْقِكَ، فَيَقُولُ: أَنَا أُعْطِيكُمْ أَفْضَلَ مِنْ ذَلِكَ، قَالُوا: يَا رَبُّ، وَأَيُّ شَيْءٍ أَفْضَلُ مِنْ ذَلِكَ؟ فَيَقُولُ: أُحِلُّ عَلَيْكُمْ رِضْوَانِي، فَلَا أَسْخَطُ عَلَيْكُمْ بَعْدَهُ أَبَدًا». رَوَاهُ الشَّيْخَانِ وَالتِّرْمِذِيُّ.
Абу Саъид розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Албатта, Аллоҳ аҳли жаннатга:
«Эй аҳли жаннат!» дейди.
«Лаббай, Роббимиз амрингга мунтазирмиз! Яхшилик Сенинг қўлингда!» дейдилар.
«Рози бўлдингизми?!» дейди.
«Бизга не бўлдики, рози бўлмасак?! Ҳолбуки, Сен бизга махлуқотларингдан бирортасига бермаган нарсани бердинг», дейдилар.
«Сизларга бундан ҳам афзал нарсани бераман» дейди.
«Эй Роббимиз! Қайси нарса бундан ҳам афзал?!» дейдилар.
«Устингиздан розилигимни тушираман. Ундан сўнг сиздан абадул-абад норози бўлмайман», дейди», дедилар».
Икки шайх ва Термизий ривоят қилишган.
Ризонинг фойдаларидан:
1. Ризо ўз эгасини Аллоҳ таолонинг муҳаббати ва розилигига мушарраф қилади.
2. Ризо Аллоҳ таолонинг норозилигидан сақлайди.
3. Ризо иймоннинг баркамоллиги ва Исломнинг гўзаллигидан далолатдир.
4. Ризо жаннатга олиб борувчидир.
5. Ризо дўзахдан четланишдир.
6. Ризо банданинг тақвосидан бир кўринишдир.
7. Ризо банданинг Робби ҳақида яхши гумонда эканининг далилидир.
8. Ризо Аллоҳ таолонинг розилигини қозониш йўлидир.
9. Ризо бандага руҳий ва маънавий роҳат бағишлайди.
10. Ризо бандани руҳий ва маънавий изтироблардан озод қилади.
ризонинг Ҳақиқати
Ризо сабрдан юқори турадиган сифатдир. Сабр ҳавойи нафсга хилоф бўлган нарсаларга ва бало-офатларга ўз ҳаракати ила чора кўришдир.
Ризо эса Аллоҳ таолонинг муҳаббатига ғарқ бўлган кимсанинг ўзига етган аламларни сезмаслиги ёки уларга парво қилмаслигидир.
Аламларни сезмасликка Мажнуннинг ҳолини мисол келтириш мумкин. Лайли ишқида девона бўлаёзган Мажнун эл-юртнинг маломатини ҳам, вужудига етган заҳматларни ҳам ҳеч сезмас эди. Зеро, маъшуқасини бутун вужуди ила севувчи ошиқ шундай ҳолга тушиши табиийдир.
Аллоҳ таолонинг муҳаббати эса қалбни энг кўп ва қаттиқ машғул қилувчи омилдир. Бу муҳаббатга ғарқ бўлган одам ўзига етаётган ҳар турли аламни сезмаслиги ва розилик ила қабул қилиши турган гап.
Аламларга парво қилмаслик – аламни сезса ҳам, ундан рози бўлишдан иборат. Бу ҳолат худди талаби ризқ учун сафарга чиққан одамнинг ҳолатига ўхшайди. У сафари давомида турли машаққатларга учрайди. Аммо сафаридан келадиган фойдаларни ўйлаб мазкур машаққатларга парво қилмайди.
Аллоҳ таолонинг муҳаббати ила қалби тўлган ҳамда У Зотнинг ажру савобидан, берадиган даражаларидан ва яхши ваъдаларидан умидвор бўлган банда ҳам мазкур нарсаларга эришиш йўлидаги аламларга парво қилмайди. Аксинча, уларга ўз ихтиёри билан боради.
Аслини олганда, иймоннинг асоси ҳам Аллоҳнинг қазосига, яъни ҳар қандай ҳукмига рози бўлишдан иборатдир. Яна ҳам аниқроғи, сабр иймондан бир бўлак бўлса, ризо айнан иймоннинг олий даражасидир.
Қуйида ўрганадиган ривоятларимиз бу ҳақиқатни тўлиқроқ англаб олишимизга ёрдам берар, деган умиддамиз
– Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу Абу Мусо Ашъарий розияллоҳу анҳуга ёзган мактубида:
«Аммо баъду: Албатта, яхшиликнинг барчаси ризодадир. Агар қурбинг етса, ризода бўлишга ҳаракат қил. Акс ҳолда сабр қил», деганлар.
– Маймун ибн Меҳрон: «Ким қазога рози бўлмаса, унинг аҳмоқлигига даво топилмас», деган.
– Робийъ ибн Анас: «Аллоҳга муҳаббатнинг аломати Уни кўп зикр қилишдир. Бир нарсага муҳаббат қилсанг, албатта, унинг зикрини кўп қилурсан.
Диннинг аломати Аллоҳга махфий ва ошкора ихлос қилишдир. Шукрнинг аломати Аллоҳнинг қадарига рози бўлиш ва қазосига таслим бўлишдир», деган.
– Абдулазиз ибн Абу Равод: «Гап арпа нонни сирка билан ейишда ёки жуну жанда кийишда эмас. Гап Аллоҳ азза ва жалладан рози бўлишда», деган.
– Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу: «Бўлган нарсани «Бўлмасайди», деганимдан ёки бўлмаган нарсани «Бўлсайди», деганимдан кўра чўғни ютиб юборганим ва унинг нимани куйдирса куйдириб, нимани қолдирса қолдиргани афзал», деганлар.
– Бир одам Муҳаммад ибн Восеъга чиққан ярага назар солиб туриб: «Манави ярани кўриб, сенга раҳмим келмоқда», деди.
«У чиққанидан бери кўзимга чиқмагани учун шукр қиляпман», деди.
дуо ризога хилоф эмас
Дуо ўз соҳибини ризо мақомидан чиқармайди. Шунингдек, куфр, маъсият ва фисқу фужурни, уларнинг аҳлини ва сабабларини ёмон кўриш ҳам кишининг ризо мақомига хилоф эмас.
Баъзи тушунмаган кишилар ва баттоллар: «Куфр, маъсият ва фисқу фужур ҳам Аллоҳ таолонинг қазои қадари, уларга ҳам рози бўлиш вожиб», деганлар. Бу гап жоҳиллик ва шариат сирларини билмасликдан бошқа нарса эмас.
Шариатнинг буйруқлари ҳикматини бандалар англайдиган ва англамайдиган турларга бўлинади. Кўпгина ҳукмларнинг фойдаси ва ҳикмати маълум бўлади. Баъзи бир кўрсатмаларнинг фойдаси банда кўзига кўринмаслиги ва ҳикмати ақлига билинмаслиги мумкин.
Мисол учун, намозни оладиган бўлсак, унинг фойдаси, ҳикмати маълум ва машҳур. Аммо нима учун бомдоднинг фарзи икки ракъат ва пешин намозиники тўрт ракъат эканининг фойдасини ҳам, ҳикматини ҳам ҳеч ким билмайди. Ҳеч ким бунинг сабабини сўрамайди. Амрга бўйсуниб, амал қилаверади.
Бандага фойдаси ва ҳикмати ошкор бўлмаган шариатнинг бу каби ишлари «таъаббудий» амаллар деб аталади. Яъни фақат ибодат учун, шариат буйруғи бўлгани учун бажариладиган ишлар, дегани. Дуони ҳам ана шу ишлар қаторига қўшиш мумкин. Аллоҳ таоло Қуръони Каримда бандаларини дуо қилишга буюрган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзлари тинмай дуо қилганлар ва дуо қилишга чорлаганлар. Шу билан бир вақтда ризо мақомининг олий чўққисида бўлганлар.
Куфр, маъсият ва фисқу фужурга норози бўлиш ҳам таъаббудий амаллардан ҳисобланади. Аллоҳ таоло мўмин-мусулмон бандаларини уларга рози бўлишдан ман қилган.
Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу:
«Банда мункар ишдан йироқ бўлатуриб, уни қилган одамнинг гуноҳи мислича гуноҳга қолиши мумкин», дедилар.
«Бу қай тарзда бўлади?» дейилди.
«У ҳақда хабар етганда рози бўлгани учун», дедилар.
Аллоҳ таоло яхшилик йўлида ҳамкорлик қилишга, ёмонликка ҳамкорлик қилмасликка амр қилган.
Бу ҳақда У Зотнинг Ўзи шундай деб марҳамат қилган:
«Яхшилик ва тақво йўлида ҳамкорлик қилинг. Гуноҳ ва душманлик йўлида ҳамкорлик қилманг» (Моида сураси, 2-оят).
عَنِ الْبَرَاءِ بْنِ عَازِبٍ، قَالَ: كُنَّا جُلُوسًا عِنْدَ النَّبِيِّ r، فَقَالَ: «...إِنَّ أَوْثَقَ عُرَى الْإِيمَانِ أَنْ تُحِبَّ لِلَّهِ وَتُبْغِضَ فِي اللهِ». رَوَاهُ أَحْمَدُ.
Баро ибн Озиб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида ўтирган эдик. Бас, у зот:
«Иймоннинг энг бақувват ҳалқаси Аллоҳ учун яхши кўриш ва Аллоҳ учун ёмон кўришдир», дедилар».
Имом Аҳмад ривоят қилган.
Шу ерда тушуниш мушкул бўлган ҳолат пайдо бўлади. Қазои қадарга рози бўлиш вожиблиги ҳақида келган оят ва ҳадисларга юқорида эслатилган дуо қилиш ва куфр, маъсият ҳамда фисқу фужурга норози бўлиш лозимлиги ҳақидаги ҳукмлар тескари эмасми?
Куфр, фисқу фужур ва маъсиятни Аллоҳ таолонинг қазоси эмас, деб бўлмайди-ку!
Агар улар Аллоҳ таолонинг қазоси билан бўладиган бўлса, уларга норози бўлиш мумкин эмас-ку!
Бир нарсани бир вақтнинг ўзида ҳам ёмон кўриб, ҳам ундан рози бўлиш мумкинми?!
Мана шу масалани кўпчилик англаб ета олмаган. Ҳатто баъзилар: мункарга сукут қилиш ризо мақомидир ва ҳусни хулқдандир, деган ботил тушунчага ҳам боришган.
Аслида эса маълум нарсадан бир вақтнинг ўзида ҳам рози, ҳам норози бўлиш мумкин эмаслиги унга бир тарафлама қарагандагина кузатилади. Аммо ўша нарсадан бир тарафдан рози, бошқа тарафдан норози бўлиш мумкин.
Айтайлик, бир одам сизга ва сизнинг душманларингиздан бирига ҳам душман эди. Сизга душманлигини ёқтирмайсиз. Аммо сизнинг душманингизга нисбатан душманлигини ёқтирасиз. Ана ўша одамнинг ўлимидан бир вақтнинг ўзида ҳам рози, ҳам норози бўлишингиз мумкин. Сизга душман бўлгани учун ўлимидан розисиз. Аммо душманингизнинг душмани бўлгани учун унинг ўлимидан норозисиз.
Худди шунга ўхшаш, маъсиятнинг ҳам икки тарафи бор:
Биринчиси – унинг Аллоҳ таолога боғлиқлиги ва У Зотнинг иродаси ва қазои қадари ила бўлгани. Бу маънода рози ва таслим бўлишдан бошқа илож йўқ.
Иккинчиси – маъсиятнинг бандага боғлиқ бўлиб, унинг нияти ва касби ила бўлгани. Бандасининг маъсиятини Аллоҳ таоло ёмон кўради. Демак, банда ҳам маъсиятни ёмон кўриши керак.
Бу маъноларнинг барчаси «яхши ва ёмон қадарнинг барчаси Аллоҳдан эканига иймон келтириш»дан чиққандир.
Дуо ҳеч қачон Аллоҳ таолонинг қазои қадарига зид бўлиши мумкин эмас. Аллоҳ таоло бандаларини таъаббуд учун дуо қилишга амр қилган. Дуо билан зикрнинг мусаффолиги, қалбнинг хушуъси ва тазарруъ зоҳир бўлади. Дуо қалб равшанлиги, кашф калити ва лутф сабабидир.
Кўза кўтариб, сув ичиш Аллоҳ таолонинг чанқоқлик қадарига рози бўлишга хилоф бўлмагани каби дуо ҳам ҳеч қачон қадарга норозилик бўлиши мумкин эмас.
Аллоҳ таоло сув ичишни чанқашни кетказишга сабаб қилиб қўйганидек, дуони ҳам Ўзи кўп нарсаларга сабаб қилиб қўйган ва бандаларини дуо қилишга амр этган.
Дуо ҳақида «Талхийси шарҳи ақийдатут-Таҳовия» китобида жумладан, қуйидагилар келган:
«Жумҳури мусулмонлар ва бошқа динлар аҳллари ҳам дуо манфаатни жалб ва зарарни даф қилиш учун энг кучли сабаблардан эканига ишонишади. Аллоҳ таолонинг, мусулмон бўлсин, кофир бўлсин, бандасининг дуосини ижобат қилиб, унга сўраганини бериши Унинг ризқ ва ёрдам бериши жумласидандир.
عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ t، قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ r: «إِنَّهُ مَنْ لَمْ يَسْأَلِ اللهَ يَغْضَبْ عَلَيْهِ». رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ким Аллоҳдан сўрамаса, У Зот ундан ғазабланади», дедилар».
Термизий ривоят қилган.
Дуо Ҳақ таолонинг олти сифатига далолат қилгани сабабли ҳам Аллоҳ таолонинг Ўзи дуо қилишга амр этган:
1. Вужуд (борлиги). Чунки йўққа дуо қилинмайди. Ундан бирор нарса сўралмайди.
2. Ғанийлиги (бойлиги). Чунки фақирга дуо қилинмайди. Ундан бирор нарса сўралмайди.
3. Эшитувчилиги. Чунки карга дуо қилинмайди. Ундан бирор нарса сўралмайди.
4. Карам (сахийлик). Чунки бахилга дуо қилинмайди. Ундан бирор нарса сўралмайди.
5. Раҳмат. Чунки раҳмсизга дуо қилинмайди. Ундан бирор нарса сўралмайди.
6. Қудрат. Чунки ожизга дуо қилинмайди. Ундан бирор нарса сўралмайди.
Дуони инкор қилувчи кимса ушбу олти сифатни инкор қилувчи кабидир. Ундан ғофил бўлган инсон ушбу олти сифатдан ғофилдир.
Фойда:
Билингки, сабабларга суяниб, дуо қилмаслик тавҳиддаги ширкдир.
Сабабларни бутунлай тан олмаслик ақлдаги нуқсондир.
Сабабларни ишлатишдан юз ўгириш эса ишларни сабабларга боғлаб қўйган шариатга айб тақашдир.
Таваккул ва умидворлик тавҳид, ақл ва шариат вожиб қилган нарсалардан иборатдир. Сабабларга таваккул қилиб (суяниб) қолинмайди ҳам, уларни беҳудага чиқарилмайди ҳам. Балки Аллоҳга таваккул қилган (суянган) ҳолда сабаблар Аллоҳнинг иродаси ва изни ила натижали бўлади, деб ҳаракат қилинади.
Аллоҳ таолонинг дуоларни ижобат қилишига далиллар:
ﭝ ﭞ ﭟﭠ ﭡ
1. «Роббингиз: «Менга дуо қилинг, сизга ижобат қилурман... деди» (Ғофир сураси, 60-оят).
2. «Қачон бандаларим сендан Мен ҳақимда сўрасалар, бас, албатта, Мен яқиндирман. Дуо қилувчи Менга дуо қилганда, дуосини ижобат қилурман» (Бақара сураси, 186-оят).
3. «Албатта, Менинг ибодатимдан кибр қилганлар жаҳаннамга хору зор ҳолларида кирурлар» (Ғофир сураси, 60-оят).
Баъзилар: «Одамлар Аллоҳдан сўрайдилар, аммо Аллоҳ ҳеч нарса бермаслиги ёки сўрамаган нарсасини бериши ҳам мумкинми?» дейдилар.
Бу саволга учта жавоб бор:
Биринчидан, дуони ижобат қилиш ҳақидаги оят сўровчига бир нарса беришни ўз ичига олмаган. Оят дуо қилувчига ижобат қилинишини ўз ичига олган. Дуо қилувчи эса сўровчидан умумийроқ маънодаги шахсдир. Шунинг учун ҳам дуонинг ижобат қилиниши сўровни беришдан кўра умумийроқдир.
عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ t، أَنَّ رَسُولَ اللهِ r قَالَ: «يَنْزِلُ رَبُّنَا تَبَارَكَ وَتَعَالَى كُلَّ لَيْلَةٍ إِلَى السَّمَاءِ الدُّنْيَا حِينَ يَبْقَى ثُلُثُ اللَّيْلِ الْآخِرُ، فَيَقُولُ: مَنْ يَدْعُونِي فَأَسْتَجِيبَ لَهُ، وَمَنْ يَسْأَلُنِي فَأُعْطِيَهُ، وَمَنْ يَسْتَغْفِرُنِي فَأَغْفِرُ لَهُ». رَوَاهُ الْخَمْسَةُ.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ҳар кеча Роббимиз таборака ва таоло туннинг охирги учдан бири қолганда дунё осмонига тушади ва: «Ким Менга дуо қилади, Мен унга ижобат қилсам, ким Мендан сўрайди, Мен унга ато қилсам, ким Менга истиғфор айтади, Мен уни мағфират қилсам», дейди», дедилар».
Бешовлари ривоят қилишган.
Ушбу ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дуо қилувчи билан сўровчининг, ижобат билан атонинг орасини фарқламоқдалар.
Иккинчидан, дуони ижобат қилиш сўралган нарсани беришдан кўра кенг ва умумийдир.
عَنْ أَبِي سَعِيدٍ t، أَنَّ النَّبِيَّ r قَالَ: «مَا مِنْ مُسْلِمٍ يَدْعُو بِدَعْوَةٍ لَيْسَ فِيهَا إِثْمٌ، وَلَا قَطِيعَةُ رَحِمٍ، إِلَّا أَعْطَاهُ اللهُ بِهَا إِحْدَى ثَلَاثٍ: إِمَّا أَنْ يُعَجِّلَ لَهُ دَعْوَتَهُ، وَإِمَّا أَنْ يَدَّخِرَهَا لَهُ فِي الْآخِرَةِ، وَإِمَّا أَنْ يَصْرِفَ عَنْهُ مِنَ السُّوءِ مِثْلَهَا»، قَالُوا: إِذًا نُكْثِرُ؟ قَالَ: «اللهُ أَكْثَرُ». رَوَاهُ أَحْمَدُ وَالْحَاكِمُ وَصَحَّحَهُ الذَّهَبِيُّ.
Абу Саъид розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Қайси бир мусулмон гуноҳ аралаштирмасдан, қариндошлик алоқасини узмасдан туриб дуо қилса, албатта, Аллоҳ унга бунинг сабабидан уч хислатдан бирини беради: ё сўраганини тезда беради, ё ўшанинг мислича яхшиликни унинг учун сақлаб қўяди, ё ўшанинг мислича ёмонликни ундан буриб қўяди», дедилар.
«Ундай бўлса (дуони) кўпайтирамиз», дейишди.
«Аллоҳ кўпайтирувчироқ», дедилар».
Аҳмад ва Ҳоким ривоят қилишган. Заҳабий саҳиҳ деган.
Учинчидан, албатта, дуо талаб қилинган нарсага эришишни тақозо қилувчи сабабдир. Сабабнинг эса шартлари ва монеълари бор. Қачон шартлар ҳосил бўлиб, ман қилувчилар йўқ бўлса, талаб қилинган нарсага эришилади. Гоҳида бошқаси – дуо қилувчи учун хайрлироқ нарса ҳосил бўлиши ҳам мумкин.
Валлоҳу аълам!