Тушунарсиз ҳаётим

02:57 / 23.03.2021 | Сухани_ширин | 719

Ассалому алайкум! Мен турмуш қурмаганман, турмуш қуришни ҳам, фарзандли бўлишни ҳам истамайман. Бу суннатга хилоф, биламан, аммо бунинг сабаблари бор. Ёшликдан меҳр кўрмай, турли қийинчилик ва хўрликлар ичида катта бўлганман. Агар мендан сўралганда, дунёга келишни истамасдим. Шундан келиб чикиб, нега фарзанд дунёга келтиришим керак? Бу дунё разолатхона, ғам-аламдан бошка нарса эмас. Дунёга келган инсон синов ичида яшайди, ўтса жаннат, ўтмаса олов. Лекин ҳеч ким сендан сўрамаганки, "дунёга келишни ва синалишни истайсанми?", дея. Инсон туғилишда танловсиз! Шунинг учун ҳам нега яна бир инсонни бу адолатсиз инсонлар ичига дунёга келтиришим керак? Ахир у фарзанд ҳам менинг руҳий ҳолатимга тушиб мени қарғаб юрмайдими? Ҳозирда мен ота-онамдан норози бўлганимдек! Мен фарзандимга мукаммал саодат беришимга кўзим етмайди. 

Руҳшунос:

– Ва алайкум ассалом! Ҳар қандай йўлни тутишда танлов ўз қўлингизга берилган. Шундай фикрлашга ҳаққингиз бор. Аммо ўйлаб кўринг дунёда миллиардлаб одамлар бор. Уларнинг барчаси сиз каби фикрдамикин? Йўқ, албатта. Масалан, мен бу дунёга келганимдан жуда ҳам бахтлиман. Аллоҳ менга ҳам, бошқаларга ҳам онсон тақдир бермади. Албатта оғир кунлар ҳам бўлди, бахтлик онлар ҳам бўлди. Оғир кунлардан кейин келган бахтлик онлар янада лаззатлик туюлади. Масалан, мен Аллоҳнинг менга берган тақдири, ҳар бир куни, ҳар бир соати, ҳар бир дақиқаю сонияси учун мингдан минг шукр қиламан ва албатта розиман. Менга ўхшаб фикр қилгувчи инсонларнинг сон-саноғига етиб бўлмайди. Инсоннинг бошига бирон қийинчилик келганида у бу вазиятда ўзи учун дарс олади. Бундан бирон хулоса чиқаргач яна бир поғонага ўсганини ҳис этади. Сизнинг бундай фикрлашингизнинг ҳам сабаби бор. Бу нафақат аянчли тақдирингиз, балки мия иш фаолиятининг бузилиши ва бунинг оқибатида мияга керакли бўлган баъзи ферментларнинг етишмовчилигидандир. Агар чиндан ҳам ўзингизни бахтиёр ҳис этишни хоҳласангиз шифокорларга мурожаат этишингиз мумкин. Валлоҳу аълам!