Қайнонам, эрим, овсиним

08:31 / 03.04.2021 | Diyoraxon | 1016

Ассалому алайкум! Мен ярим йил олдин турмушга чикдим. Ҳозир 5ойли ҳомиладорман. Овсиним бор, лекин орамиз яхши эмас. Мен уларни жуда яхши кўрардим, ҳаммага мақтардим. Лекин менинг гапларимни қайнонамга нотўғри гапириб, менга тухмат қилдилар. Қайнонам иккаламизни орамизни буздилар. Эрим билан ҳам орамиз яхши эмас. Нима қилсам бўлади? Маслаҳат беринг. Тўғри айб ўзимда ҳам бор, гап қайтардим, "қизлик уйимга кетаман", дедим, лекин эримни яхши кўраман. Ажрашгим келмайди. Ҳозир касалхонадаман. Боламни ҳам қийнаб юбордим. Ҳомилам яхши ривожланиши учун нима қилсам бўлади? 

Руҳшунос:

– Ва алайкум ассалом! Ҳамма нарсаларни унутиб фақат яхши ҳаёллар оғушида бўлишингиз керак. Одам нима ҳаёлларни қилса шулар ҳаётида ҳам бўлади. Яхши гумонда бўлиш керак. Бу шариатга мувофиқ иш бўлади. Сиз ҳомиладор экансиз, бунинг масъулиятини чуқур ҳис этишингиз керак. Барчани кечириб юборинг. Шунда хотиржамлик ҳосил бўла бошлайди. Табассум қилиб юринг. Кимга табассум қилсангиз ундан ҳам автомат тарзда табассум қайтади. Ибодатларингизда бардавом бўлиб, истиғфорларни кўп қайтариб туринг. Туғилажак фарзандингиз ҳақида ўйланг. Унга қандай ибрат кўрсатаяпсиз? Бола онанинг кўзлари билан дунёни кўради, онанинг қулоқлари билан дунёга қулоқ солади. Шунингг учун кўпроқ Қуръон оятларини эшитинг, ўзингиз ҳам ўқинг. Билимларингизни ошириш учун кўп қизиқарли маълумотларни ўқиб савиянгиз устида ишланг. Шунда бола ҳам ўз устида ишлашга, шаклланишга интилувчан бўлади. Валлоҳу аълам!