Ассалому алайкум! Ассалому алайкум ва роҳматуллоҳи ва баракотуҳ! Одина опа, Аллоҳ сиздан ва оила аъзоларингиздан рози бўлсин. Саволим қуйидагича: Мен араб тилини билмайман. Шунга қарамасдан Аллоҳ қодир қилганча Қуръон ўқийман. Кичик сураларни маъносини ўрганиб олганман. Лекин катта сураларнинг маъносини билмайман. Шунақа бўлса ҳам таржимасини ўқиб қўяман. Таржимасини билмасам ҳам ўқисам, ажр савоб борми? Янги ўрганаётган сураларимда кўп жойида хатоларим бор. Интернетда Қуръон ўргатувчи дастур борми? Хато ўқиб, гуноҳга ботишдан қўрқиб, янги сураларни бошлай олмаяпман. Шунга илтимос, маслаҳат беринг. Кимдан ўргансам бўладими?
«Билимсизликнинг шифоси» ҳайъати:
Ва алайкум ассалом! Қуръони карим тиловати ибодатдир. Маъносини билиш шарт қилинмаган. Лекин имкон қадар маъноларини билиб, тадаббур қилинса, янада савоби кўп бўлади.
Абдуллох розияллоху анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ким Аллоҳнинг Китобидан бир ҳарф ўқиса, унга бунинг учун бир савоб бўлур. Ҳар бир савоб эса ўн мисли(га кўпайтирилур). «Алиф. Лаам. Мийм – бир ҳарф» демайман. Балки «алиф» бир ҳарф, «лаам» бир ҳарф, «мийм» бир ҳарф», дедилар».
Имом Аҳмад ибн Ҳанбал раҳматуллоҳи алайҳи¬дан қуйидагилар ривоят қилинадики, у киши тушларида Аллоҳ таолони бир неча марта кўрган эканлар. Бир марта «Агар яна Роббимни тушимда кўрсам, бандани Роббига муқарраб қиладиган нарсани сўрайман», дебдилар. Бас, у киши тушларида Аллоҳ таолони кўриб:
«Эй Роббим, банда Сенга нима ила муқарраб бўлади?» деб сўрабдилар.
«Каломимни тиловат қилиш билан, эй Аҳмад!» дебди.
«Маъносини тушунсами ёки тушунмаса ҳамми?» деб сўрабдилар.
«Маъносини тушунса ҳам, тушунмаса ҳам», дебди Аллоҳ таоло.
Қуръони карим таълими дастурлари бор. Мисол учун, quron.uz сайтидан топсангиз бўлади. Валлоҳу аълам