Ассалому алайкум! Мен 16 ёшдаман. Онам менга ўқитувчи бўл, деяптилар. Мен эса у касбга қизиқмайман. Мен дизайнер бўлишни истайман, аммо онам дизайнер бўлиб пул топа олмайсан, дедилар. Мен ҳаёт пулдан иборат эмаску, дегандим, эшитадиганимни эшитдим. Ҳуллас менга ёрдам беринг, онамнинг раъйига қарши чиқиб ўзим хоҳлаган касб эгаси бўлайми? Ёки ўзим қизиқмаган касбни танлайми?
– Ва алайкум ассалом! Инсон умри давомида бир неча хил касб эгаси бўлиши керак. Бу ҳозирги даврнинг талаби. Ўқитувчиликка ўқиб чиқиб бир оз ишлаб кейин дизайнерликка ўқиб олишингиз ҳам мумкин. Ёшларга шундай туюладики гўё бир касбни инсон танлайдию умрининг охирагача шу касб эгаси бўлиб ишлайверади. Гоҳида шундай ҳам бўлади. Аммо ҳозирги техника ривожланган, инсон дунёқараши кун сайин ўзгариб бораётган, ҳамма олдинлашиб бораётган бир замонда айнан бир касбни танлаб яшаш нотўғри бўлади. Негаки ўқитувчи бўлиб ишлаб юрган одамга бу ҳолат бора бора ёқмай у дизайнер бўлиши, бу ҳам қизиқарли бўлмай қолиб тикувчи бўлиши, сартарош, косметолог ва ҳаказо касбларни эгаллаб, ўқиб, ўрганиб олиши ва охир-оқибат ўзини тадбиркорликка ҳам уриши мумкин. Аксарият инсонларнинг ҳаёти буни исботлаб келмоқда. Шунинг учун онангиз билан тортишмангда, ҳар қандай касб менга фақат фойда келтиради, деган ният билан ўқиб ўрганаверинг. Кейинчалик каттароқ ёшга кирганингизда сиз ҳам қизиққан ишингизни қилишингизга имконингиз бўлади иншааллоҳ. Валлоҳу аълам!