Фарзандим кўп хафа бўляпти

22:34 / 16.04.2021 | Ramazanova Maftuna | 597

Ассалому алайкум! Бир неча йилдан бери қайниопам ва унинг фарзандлари билан бир уйда истиқомат қиламиз. Афсуски, болалар ўртасида кўп тортишувлар бўлиб туради. Қайниопамнинг 8 ёшли ўғли менинг ўғлимни хафа қилгани қилган. Ўғлимни бундан кўп кўнгли оғрийди, чунки жуда ҳам эмоционал. У болага кўп маротаба тушунтирдим, қаттиқ гапириб ҳам кўрдим. Охирги вақтларда эса бу уйда умуман яшагим йўқ, доим ёки бақириб, ёки ҳунук сўзлар билан боламни ҳақорат қилади. Мен бундай вазиятларда нима қилишни билмаяпман. 

Руҳшунос:

– Ва алайкум ассалом! Қайниопангизнинг ўғлини урушиб бўлмайди. Негаки унинг шахсий муаммоси сиз ўйлаганингиздан анча чуқурроқдир. Бола бировни қайта-қайта хафа қилаверадими, демак уни катталардан кимдир қаттиқ хафа қилган. Эҳтимол ҳали ҳам хафа қилаётгандир. Бу отаси, онаси, буви, буваси ёки амакию-аммаларидан биронтаси бўлиши ҳам мумкин. Шунда бола ичидаги хафалик ҳиссини, у учун ноҳақлик бўлиб туюлган бу ҳолатларни ўзидан кўра ожизроқ одамга агрессия тарзида тўкиб солади. Ўғлингизда у боладан хафа бўлиш ҳисси бор экан бу иш такрорланаверади. Шунинг учун ўғлингизга "сен кучлисан уни кечириб юбор унинг ўзининг психологиясида муаммолари бор меҳр излагани учун шундай қилади, аслида сени хафа қилиш нияти йўқ", деб тушунтиринг. У болага ҳам меҳр кўрсатинг. Бирон ширинлик пишириб ўғлингиз билан ўша болани иккаласини ўтқазиб чой ичиринг. Саволлар бериб суҳбатларини бошлаб беринг. Ҳақиқий ака-ука бўлиб кетишади шунда. Айбдорларни қидириб бир-бирига адоватини кучайтирманг. Ҳақиқий чин дўст, “жигар”, меҳрибон ака-ука бўлиш қаёқда-ю, душман бўлиб бутун умр бир-бирини кўришга кўзи бўлмай ўзини тамом қилгани қаёқда. Бундай ҳолатларда катталардан кимдир донишмандлик қилиб болаларни тўғри йўлга бошлаши керак. Валлоҳу аълам!