Яъло ибн Умайя розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Мен Умар ибн Хаттобга:
«Куфр келтирганлар сизга фитна қилишидан хавф қилсангиз, намозни қаср қилишингизда сизга гуноҳ йўқ», дейилган. Одамлар эмин бўлган бўлсалар ҳам-а?!» дедим.
«Мен ҳам сен ажабланган нарсадан ажабланиб, у ҳақда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан сўрадим. У зот:
«Бу Аллоҳ таоло сизга қилган садақадир. Бас, Унинг садақасини қабул қилинг», дедилар», деди».
Бешовларидан фақат Бухорий ривоят қилмаган.
Уламолар мусофирнинг тўрт ракъатли намозни қисқа – икки ракъатли қилиб ўқишига ижмоъ қилганлар.
Мусофир учун намозни қаср қилиши азимат бўлиб, ҳукми вожибдир. Унинг учун тўрт ракъатли намозни икки ракъат қилиб ўқиш фарздир. Ундан зиёда қилиш жоиз эмас.
Биз бу масалада ўрганадиган матнларимизда мусофирнинг намозига оид кўпгина ҳукмлар қисқа тарзда баён этилган. Биз уларни атрофлича шарҳ қилишга ҳаракат қиламиз.
«Сафар» сўзи луғатда масофани кесиб ўтиш маъносини англатади. Лекин ҳар бир сафар ҳам шаръий аҳкомларнинг ўзгаришига сабаб бўлавермайди. Бунинг учун ўзида алоҳида шартларни мужассам қилган сафар бўлиши лозим. Шунинг учун шаръий ҳукмлари ўзгарадиган сафар қиладиган мусофир кимлигини билиб олишимиз лозим бўлади.
Шаръий мусофир бўлган одамга намозни қаср қилиб ўқишга, рўза тутмасликка рухсат берилади. У махсига уч кечаю кундуз масҳ тортади ҳамда жума, ийд намозлари ва қурбонлик қилиш ундан соқит бўлади.
Хўш, ўша мусофир ким ўзи? Бу саволга жавоб қуйидагича:
Мусофир ўз юртининг уйларидан уч куну уч кечалик масофани қасд қилиб ажраган одамдир.
«Ўз юртининг уйлари» деганда шаҳарнинг четидаги уйлар кўзда тутилади. Мусофир қайси йўналишда кетаётган бўлса, ўша тарафдаги охирги уйдан ажраганда мусофирлик бошланади. Агар шаҳарга туташган қишлоқ бўлса, ўша қишлоқдан ўтгандан кейин мусофирлик бошланади.
عَنْ أَنَسٍ يَقُولُ: صَلَّيْتُ مَعَ رَسُولِ اللهِ الظُّهْرَ بِالْمَدِينَةِ أَرْبَعًا، وَصَلَّيْتُ مَعَهُ الْعَصْرَ بِذِي الْحُلَيْفَةِ رَكْعَتَيْنِ». رَوَاهُ مُسْلِمٌ وَأَبُو دَاوُدَ.
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан Мадинада пешинни тўрт ракъат ва асрни Зул Ҳулайфада икки ракъат ўқидим».
Имом Муслим ва Абу Довуд ривоят қилишган.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сафарга чиққан бўлсалар ҳам, Мадинадан чиқмаганлари учун пешинни тўрт ракъат ўқиганлар. Асрда шаҳардан чиқиб, Зул Ҳулайфа деган жойга етиб қолганлари учун намозни қаср қилиб икки ракъат ўқиганлар.
«Уч куну уч кечалик масофани қасд қилиб» деган гапни ҳам шарҳ қилишимиз лозим бўлади.
Бунда уч кун юриш учун, уч кеча дам олиш учун бўлиши кўзда тутилган. Бунга далил қуйидагича:
عَنْ خُزَيْمَةَ بْنِ ثَابتٍ ، عَنِ النَّبِيِّ قَالَ: «الْمَسْحُ عَلَى الْخُفَّيْنِ لِلْمُسَافِرِ ثلَاثَةٌ، وَلِلْمُقِيمِ يَوْمٌ وَلَيْلَةٌ». رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ وَالتِّرْمِذِيُّ.
Хузайма ибн Собит розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Махсига масҳ тортиш мусофир учун уч кун, муқим учун бир куну бир кеча», дедилар».
Абу Довуд ва Термизий ривоят қилишган.
Мана шу ҳадисдан уч кунлик сафарни ният қилмаган одам шаръий маънодаги мусофир бўлмаслиги келиб чиқади.
«Масофани қасд қилиб» дейилганидан масофани қасд қилмай содир бўлган сафар шаръий ҳукмларга тегишли сафар бўлмаслигини билиб оламиз.
Мисол учун, биров қочиб кетган отини ушлайман деб йўлга чиқса ва бир неча кун унинг ортидан қувиб юрса ҳам, намозни тўлиқ ўқийди.
«Уч кунлик масофа»ни босиб ўтиш вақтидаги кунлар деганда мўътадил юртлардаги энг қисқа кунлар эътиборга олинади. Яъни кундузи жуда қисқа ёки жуда ҳам узун бўладиган юртларни эмас, ўртача бўладиган юртларнинг куни олинади. Ўшанда ҳам эрталабдан пешингача юргани ҳисоб. Қолгани намоз, дам ва овқатланишга чиқарилади. Агар тез юриб, мазкур масофани ундан оз вақтда босиб ўтадиган бўлса ҳам, қаср ўқийди.
Ҳанафий уламоларнинг кўплари: «Сафар фарсахлар билан ўлчанмайди», деганлар.
Бошқа мазҳаблар: «Сафар масофаси тўрт барид бўлса, шаръий сафар бўлади ва унда намозни қаср ўқишга рухсат бўлади», дейдилар.
«Барид» масофа бирлиги бўлиб, бир барид масофа тўрт фарсахга, ҳадисда келган тўрт барид эса ўн олти фарсахга тўғри келади. Бир фарсах 5544 метр, тўрт фарсах 22176 метр бўлади. Тўрт барид эса 88704 метр бўлади.
«Барид» луғатда «почта» маъносини билдиради. Илгари вақтда Ислом ўлкаларида почта ишлари отда юриб амалга оширилган. Шаҳарлар орасидаги почтахоналар маълум масофага қурилган. Бир барид билан иккинчисининг ораси тўрт фарсах, яъни 22176 метр бўлган. Ҳар почтахона – баридда ходимлар отларини боқиб, шай бўлиб турганлар, аввалги бариднинг ходимлари узоқдан кўриниши билан йўлга тайёр бўлиб отни миниб турганлар. Улар келиб, почтани топшириши билан булар от чоптириб, олға босганлар. Биринчи ва иккинчи почтахона орасидаги масофа ўша вақтнинг таомилига кўра, «барид» деб айтилган.
Ушбу биз ўрганаётган ривоятга кўра, тўрт барид, яъни 88 км 704 метр жойга сафар қилган одам мусофир ҳисобланган.
Ҳанафий мазҳаби ўлчовига кўра, 96 км масофа сафар масофаси ҳисобланган.
Баъзи уламолар юқорида зикр қилинган вақт ва шароитда пиёда юриб, ҳар қадамини ўлчаб, уч кунлик йўл 88 км билан 96 км орасида чиқишига гувоҳ бўлганлар.
Улар туяга юк юклаб, юргизиб кўриб ҳам худди шу каби натижанинг гувоҳи бўлганлар.
Ва ниҳоят, икки тарафнинг услуби икки хил бўлса ҳам, натижа бир хил экан, деган хулосага келганлар.
Ўртача юриш ила.
Тез юриш ҳам, секин юриш ҳам ҳисоб эмас.
У қуруқликда туянинг ва пиёданинг юришидир.
Ўртача юриш бўлганда ҳам, отнинг ёки бошқа ҳайвоннинг эмас, туянинг юриши ҳисобидадир. Шунингдек, оддий пиёданинг юришида уч кун юриладиган сафар бўлиши керак.
Денгизда эса кеманинг шамол мўътадил бўлгандаги юришидир.
Мабодо денгиз сафари бўладиган бўлса, ўша вақтдаги шамол кучи билан юрадиган кемаларнинг қаттиқ шамол тургандаги ҳам эмас, шамолсиз қолган вақтдаги ҳам эмас, денгизчилар урфидаги мўътадил юриши ҳисобга олинади.
Тоғда эса ўзига муносиб юришдир.
Тоғда юриш ўзига хос бўлади. Албатта, унда текисликда юргандан кўра бошқача юрилади. Яна тоғ билан тоғ ўртасида ҳам фарқ бор. Шунинг учун ундаги юриш ҳам ўзига муносиб равишда ҳисобланади.
Бас, у то ўз юртига қайтиб киргунча ёки бир шаҳар ёки қишлоқда ёхуд кўчманчи бўлса, диёримиздаги саҳрода ярим ой туришни ният қилгунча, тўрт ракъатли (фарз) намозларни қаср қилади.
Бунинг далили қуйидагича:
قَالَ عُمَرُ: صَلَاةُ الْجُمُعَةِ رَكْعَتَانِ، وَصَلَاةُ الْفِطْرِ رَكْعَتَانِ، وَصَلَاةُ الْأَضْحَى رَكْعَتَانِ، وَصَلَاةُ السَّفَرِ رَكْعَتَانِ، تَمَامٌ غَيْرُ قَصْرٍ عَلَى لِسَانِ مُحَمَّدٍ . رَوَاهُ النَّسَائِيُّ وَأَحْمَدُ وَابْنُ مَاجَهْ.
Умар розияллоҳу анҳу:
«Жума намози икки ракъатдир. Рўза ҳайити намози икки ракъатдир. Қурбон ҳайити намози икки ракъатдир. Сафар намози икки ракъатдир, тугалдир, қаср эмасдир. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тилларидандир», деди».
Насоий, Аҳмад ва Ибн Можа ривоят қилишган.
عَنِ ابْنِ عُمَرَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا قَالَ: صَلَّيْتُ مَعَ النَّبِيِّ بِمِنًى رَكْعَتَيْنِ وَأَبِي بَكْرٍ وَعُمَرَ وَمَعَ عُثْمَانَ صَدْرًا مِنْ إِمَارَتِهِ ثُمَّ أَتَمَّهَا. رَوَاهُ الشَّيْخَانِ وَالنَّسَائِيُّ.
Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам билан Минода икки ракъат намоз ўқидим. Абу Бакр ва Умар билан ҳам. Шунингдек, Усмоннинг амирлиги бошида ҳам, кейинроқ у тўлиқ ўқиди».
Икки шайх ва Насоий ривоят қилишган.
Ҳанафий мазҳабига кўра, бир киши бошқа бир жойда ўн беш кун ва ундан ортиқ туришни ният қилса, намозни тўлиқ ўқийди, ундан оз туришни ният қилса, қаср қилиб ўқийди.
Ҳанафий мазҳаби уламолари бу ҳукм учун буюк саҳобийлар Ибн Аббос ва Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан қилинган қуйидаги ривоятни далил қилиб олганлар:
لِقَوْلِ ابْنِ عَبَّاسٍ وَابْنِ عُمَرَ : إِذَا قَدِمْتَ بَلْدَةً وَأَنْتَ مُسَافِرٌ وَفِي نَفْسِكَ أَنْ تُقِيمَ خَمْسَ عَشرَةَ لَيْلَةً فَأَكْمِلِ الصَّلَاةَ بِهَا، وَإِنْ كُنْتَ لَا تَدْرِي مَتَى تَظْعَنُ فَاقْصُرْهَا. رَوَاهُ الطَّحَاوِيُّ.
Ибн Аббос ва Ибн Умар розияллоҳу анҳумо:
«Мусофир ўлароқ бир юртга кирсанг ва бу юртда ўн беш кун қолишни ният қилсанг, намозни тўлиқ ўқи. Агар бу ердан қачон сафарга чиқишингни билмасанг, намозни қаср ўқи», дейишган.
Таҳовий ривоят қилган.
Дорул ҳарбда ёки боғийларнинг қамалида қолган бўлса, ундай эмас. Унда ниятсиз туриши чўзилиб кетган одамга ўхшайди.
Биров бир жойда ўн беш кун ёки ундан ортиқ туришни ният қилмаган бўлса, қанча турса ҳам, намозни қаср қилиб ўқийди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Хайбарда йигирма кун турганларида намозни қаср қилиб ўқиганлар.
Ибн Умар ва бошқа саҳобаларнинг йўлини Озарбайжонда қор тўсиб қолганда, олти ой қаср намоз ўқишган.
رَوَى الْبَيْهَقِيُّ فِي الْمَعْرِفَةِ بِسَنَدٍ قَالَ النَّوَوِيُّ: إِنَّهُ عَلَى شَرْطِ الشَّيْخَيْنِ — أَنَّ ابْنَ عُمَرَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا قَالَ: ارْتَجَّ عَلَيْنَا الثَّلْجُ وَنَحْنُ بِأَذَرْبِيجَانَ سِتَّةَ أَشْهُرٍ فِي غَزَاةٍ، فَكُنَّا نَقْصُرُ.
Байҳақий «Ал-Маърифа»да, Нававий «Икки шайх шартига мувофиқ», деган санад ила ривоят қилади:
«Ибн Умар розияллоҳу анҳумо:
«Озарбайжондаги ғазотдалигимизда олти ойгача қор тўсиб қолди. Намозни қаср қилиб ўқир эдик», деди».
Дорул ҳарб, яъни уруш диёрида, ғайримусулмонларнинг диёрида қамалда турган одам ҳам қаср ўқийди.
Боғийлар – Ислом давлатига қарши чиққан мусулмонлардир. Уларнинг қамалига тушиб қолганлар ҳам намозни қаср қилиб ўқийдилар. Чунки бу ҳолатда барқарорлик бўлиши мумкин эмас.
Биров бир ерга ўз ҳожатини чиқариш учун кирса, агар ўн беш кун туришни ният қилган бўлса ҳам, намозни қаср ўқийди. Чунки у ҳожати раво бўлиши билан қайтиб жўнаб қолиши турган гап.
Агар у қаъдаи аввалга ўтириб, тўлиқ ўқиса, фарзи тугал бўлади, аммо яхши қилмаган бўлади.
Чунки у Аллоҳ таоло берган имкондан фойдаланмади. Шу билан бирга, у икки ракъат қаср намоздан кейин бериладиган саломни кечга сурди.
Зиёда бўлгани нафлга ўтади.
Яъни кейинги икки ракъат унинг учун нафл намоз ўрнига ўтади.
Агар қаъдаи аввалга ўтирмаса, фарзи ботил бўлади.
Мусофир намозни тўлиқ ўқиганда икки ракъатдан кейин ўтирмаган бўлса, ўқиган фарз намози намоз бўлмайди. Бошқатдан ўқиши лозим.
Қай бир мусофирга вақтли намозда муқим имом бўлса, намозни тўлиқ ўқийди.
Фарз қилинган вақтда намоз ўқиётган муқим одамга мусофир иқтидо қилса, у ҳам имомга ўхшаб тўлиқ намоз ўқийверади. Мазкур мусофирнинг фарзи ҳам имомга эргашгани учун тўрт ракъатга айланади. Шунинг учун ҳам мабодо имом унутиб, биринчи икки ракъатдан кейин ўтирмаса ҳам, мусофирнинг намози бўлаверади.
Бу ҳукмнинг далили қуйидагича:
عَنْ نَافِعٍ: فَكَانَ ابْنُ عُمَرَ إِذَا صَلَّى مَعَ الْإِمَامِ صَلَّى أَرْبَعًا، وَإِذَا صَلَّاهَا وَحْدَهُ صَلَّى رَكْعَتَيْنِ. رَوَاهُ مُسْلِمٌ.
Нофеъдан ривоят қилинади:
«Ибн Умар имом билан ўқиса, тўрт ракъат, ўзи ёлғиз ўқиса, икки ракъат ўқир эди».
Имом Муслим ривоят қилган.
Вақт ўтгандан кейин муқим мусофирга имом бўлмайди. Агар у имом бўлса, анинг иқтидоси ботил бўлади.
Агар такбири таҳримани айтиш учун вақт қолган бўлса ҳам, иқтидо қилса бўлади. Аммо вақт чиқиши билан мусофир муқимга иқтидо қилиши мумкин эмас.
Агар вақт ўтгандан кейин муқим мусофирга имом бўлса, мусофирнинг иқтидоси ботил бўлади.
Акси бўлганда, муқим тамомлаб олади.
Яъни мусофир имом бўлиб, муқим муқтадий бўлганда, имом салом бериши билан муқтадий туриб, қолган икки ракъатни ўзи ўқиб, намозини тугал қилади.
Мусофир имом бўлса, қаср қилади ва «Намозингизни тугатиб олинг, мен мусофирман», деб айтиши мандуб бўлади.
عَنْ عِمْرَانَ بْنِ حُصَيْنٍ قَالَ: غَزَوْتُ مَعَ رَسُولِ اللهِ ، وَشَهِدْتُ مَعَهُ الْفَتْحَ، فَأَقَامَ بِمَكَّةَ ثَمَانِي عَشْرَةَ لَيْلَةً لَا يُصَلِّي إِلَّا رَكْعَتَيْنِ وَيَقُولُ: «يَا أَهْلَ مَكَّةَ صَلُّوا أَرْبَعًا فَإِنَّا سَفْرٌ». رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ وَالتِّرْمِذِيُّ.
Имрон ибн Ҳусойн розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан ғазотда бўлдим. У зот билан Фатҳда ҳозир бўлдим. У зот Маккада ўн саккиз кеча намозни фақат икки ракъатдан ўқиб турдилар. «Эй Макка аҳли, тўрт ракъат ўқинглар, биз мусофирмиз», дер эдилар».
Абу Довуд ва Термизий ривоят қилишган.
Аслий ватанни унинг мисли ботил қилади, сафар эмас.
«Аслий ватан» деганда туғилиб ўсган ва умрининг охиригача яшашни ният қилган ёки ўзига ватан тутиб, умрининг охиригача ўша ерда яшашни ният қилган юрт англанади. Бунда мазкур жойда оила қуриши шарт эмас.
Аввал бир ерда аслий ватани бўлса, кейин бошқа ерга кўчиб бориб, ўша ерни ватан тутса, ўша кейинги аслий ватани аввалгисини ботил қилади. Бошқача қилиб айтганда, кейинги ватанидан аввалгисига сафар қилиб келса, мусофир саналаверади.
Бунга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари мисол. Ул зотнинг аслий ватанлари Макка бўлган. Ҳижратдан кейин эса Мадина у зотга аслий ватан бўлди. Ҳижратдан кейин Мадинадан Маккага келганларида аслий ватан – Мадина ўзининг мисли – Маккани ботил қилди ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Маккада намозни қаср ўқидилар.
Бу ҳол аввалги ватанда аҳл, жуфти ҳалол, бола, зироат ва шу каби бошқа боғловчи нарсалар қолмаган бўлса, тўғри бўлади.
Агар мазкур нарсалардан бирортаси бўлса, у ўн беш кундан кўп туришни ният қилмаса ҳам, намозини тўлиқ ўқийверади. Икки ватан унинг учун бир хил ҳукмга эга бўлади.
Сафар аслий ватанни ботил қилмайди. Мусофир аслий ватанига кириши билан муқим бўлиб қолаверади. У намозни дарҳол тўлиқ ўқишга ўтади.
Иқома ватанини унинг мисли, сафар ва аслий ватан ботил қилади.
Иқома ватани – вақтинчалик яшаш макони. Унда мусофирнинг аҳли бўлмайди, ҳамда у бу ерда ўн беш кун ва ундан кўп яшашни ният қилган бўлади.
Ана шундай иқома ватанини ўзига ўхшаш бошқа иқома ватани ботил қилади. Яъни киши эски иқома ватанидан янги иқома ватанига ўтса, эскисига оид ҳамма ҳукмлар ўз кучини йўқотади.
Шунингдек, сафар бошланиши билан ҳам иқома ватанига оид ҳукмлар ўз кучини йўқотади. Чунки сафар иқома ватанини бузади.
Аслий ватан иқома ватанини бузиши турган гап. Чунки аслий ватан иқома ватанидан кучлидир.
Сафар ва унинг зидди қазо намозни ўзгартирмайди.
Сафарнинг зидди ҳазардир. «Ҳазар» дегани сафар бўлмаган ҳолат, ҳозир турган ҳолат деганидир.
Сафар ва ҳазар қазо намозни ўзгартирмаслиги қазо намозни ўқиш пайтининг унинг қандай ўқилишига таъсири йўқлигидандир.
Мисол учун, биров сафарда қазо намоз ўқимоқчи бўлса, намозни қай ҳолда қазо қилгани эътиборга олинади. Агар ҳазарда қазо қилган бўлса, гарчи унинг қазосини сафарда ўқиётган бўлса ҳам, тўлиқ ўқийди. Сафарда қазо қилинган намозни ҳазарда ўқиётган бўлса ҳам, қаср қилиб ўқийди.
Маъсият сафари рухсатларда бошқаларига ўхшайди.
Чунки ифтор (рўза тутмасликка) ва қасрга рухсат берган оят ҳамда ҳадисларда сафарнинг қандай бўлиши шарт қилинмаган. Уларда умумий «сафар» истилоҳи ишлатилган.
Аллоҳ таоло Моида сурасида:
«Ер юзида кезиб юрганингизда намозни қаср қилишингизда сизга гуноҳ йўқ», деган (101-оят).
НАМОЗНИ ЖАМ ҚИЛИБ ЎҚИШ
Бунда пешин ва аср ҳамда шом ва хуфтон намозларини қўшиб, бирин-кетин, бир вақтда ўқиш кўзда тутилгандир. Бошқа мазҳабларда сафардаги одамга пешин билан асрни ва шом билан хуфтонни жамлаб ўқишига рухсат берилади. Уларнинг айтишларича, пешиннинг вақтида асрни қўшиб ўқиб олса ёки шомнинг вақтида хуфтонни ўқиб олса бўлади. Буни «жамъи тақдим» дейилади.
Шунингдек, аср ва хуфтоннинг вақтида уларга пешин ва шомни қўшиб ўқиса ҳам бўлади. Буни «жамъи таъхир» дейдилар.
Аммо ҳанафий мазҳабида бунга рухсат йўқ. Уларда қуйидаги далилга биноан бошқача иш тутилади:
Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сафар устида бўлсалар, пешин ва аср ҳамда шом ва хуфтон намозларини жам қилар эдилар».
Бухорий ва Муслим ривоят қилишган. Муслимнинг лафзида:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон сафарда шошилиб турсалар, пешинни аср вақтигача кечиктириб, сўнгра иккисини жам қилиб ўқир эдилар. Шунингдек, шомни кечиктириб, у билан хуфтонни жам қилиб ўқир эдилар», дейилган.
Ушбу ҳадиси шарифдан кўриниб турибдики, намозни жам қилиш сафарда шошилиб тургандагина бўлган.
Шунингдек, пешинни охирги вақтида ўқиб, уни ўқиб бўлиши билан вақти кирган асрни ҳам ўқиб олинган.
Шунингдек, шом ҳам охирги вақтига бориб ўқилиб, ундан кейин хуфтонни энг аввалги вақтида ўқилган.
Намозларни бундай қилиб ўқишни ҳанафий мазҳаби уламолари «жамъи суврий», яъни «суратдаги жам» дейдилар.
Бунга биноан, пешин ва шом намозлари охирги, аср ва хуфтон намозлари олдинги вақтда ўқилган бўлади. Чунки пешиннинг вақти чиқиши билан асрнинг, шомнинг вақти чиқиши билан хуфтоннинг вақти киради.
(«Кифоя» китобидан).