Қизғанчиқлик

01:29 / 29.04.2021 | G Boymur | 751

Ассалому алайкум! Кичик ўғлим ёшлигидан ширинлик, сутли ва унли маҳсулотларга аллергик бўлгани учун унга алтернатив маҳсулотлар сотиб олардик. Охирги йилларда аҳволи яхшиланиб бораётгани учун оддий диэтага секин-секин ўтаяпти. Шу пайтгача "у мумкинмас, бу мумкинмас" деганимни опаси қизғаниш деб тушуниб улғайдими билмадим, ҳалигача емоқчи бўлса "мумкинмас!" деб қўпол гапиради. "Оз-оздан еса бўлади, қўявер", десам, "кўп еб қўяяпти", деб яна жаҳл қилади. Укаси бундан аччиқланиб ўзи яхши кўрган нарсалари дастурхонга келишидан олдин охшонада керак бўлса тугатиб ташлайдиган одат чиқарди. Опасига қолмаган ёки оз қолган бўлса жанжал қилиб ташлайди ва бошқа гал аламини олиш учун ўзи еб тугатади. Болаларим овқатни деб жанжал қилишлари мени жуда ҳафа қиляпти. Тушунтирсам ҳам, аҳвол шу. Нима қилсам бўлади? Улар 10 ва 13 ёшдалар. 

Руҳшунос:

– Ва алайкум ассалом! Дастурхон атрофига йиғилганингизда овқатни ҳар бир оила аъзосига алоҳида идишга солишга ҳаракат қилиб кўринг ва болаларни кузатиб кўринг. Бирон тансиқ таомни тортиқ қилганингизда иккала фарзандингизга “уканг сенга илиниб олиб қўйибди еб ол”, “опанг сенга илиниб олиб қўйибди еб ол” каби гаплар билан бир-бирига тортиқ қилиб туринг. Бора-бора улар ҳақиқатдан ҳам шундай қила бошлайдилар. Болаларга саҳобалар ҳаётидан, Пайғамбар алайҳиссаломнинг муборак ҳаётларидан мисоллар келтириб, мўминларни бир-бирларига меҳрибонликларини, саҳийлик қилганларини, шариатимизда оила аҳли янада жипслашиши кераклиги, силаи раҳм ва шу мавзудаги ибратли  ривоятларни мисол келтириб гапириб беринг. Ҳадисларни ўқиб беринг. Сизга болалар қулоқ солишлари ва гапираётган гапларингиз улар учун қизиқ бўлиши учун аввал болалар билан шунчаки дўстона гаплашишни йўлга қўйиб олиш керак. Гўё икки дугона гаплашаётгандек. Бундай вақтда насиҳат қилиб бўлмайди. Фақат фикр алмашиниш бўлишига эътибор қаратиб туриш керак. Шундай дўстона йиғилишлардан кейин болаларга ҳадислардан, ривоятлардан гапириб турсангиз қулоқ солиб ўзлари учун ибрат ола бошлайдилар.  Валлоҳу аълам!