Ҳижобни ечиб ташлаш

23:54 / 30.04.2021 | G Boymur | 1851

Ассалому алайкум! Биз хорижда яшаймиз ва биз ҳозир яшайдиган жойда мусулмонлар жуда кам. Қизимга авратни яширишни, ҳижобнинг муҳимлигини кўп тушунтирганман. Илгари мусулмонлар кўпроқ бўлган тарафда яшаганимиз учун 11 ёшгача муаммосиз ўз хоҳиши билан ўраб кетаверарди мактабга. Аммо 3 йил ўтиб, уйдан ўраб чиқиб кетиб, автобусда шартта ечиб ташлайди. Буни кўриб қаттиқ гапирганман ҳам, аммо аҳвол ўша-ўша. Юбкасини ҳам тепасидан тортиб калтароқ қилиб оладиган бўлган. Дугона сифатида ҳам, юқори поғонада туриб ҳам бир неча марта гаплашдим. Олдимда хўп дейди доим, аммо ундаги ривожланаётган иккиюзламачиликдан ғашим келяпти фақат. Қаерда хато қиляпман? 

Руҳшунос:

– Ва алайкум ассалом! Қизингиз ўтар ёшида. Балоғат ёшидаги қизларда гормонал ўзгариш рўй бергач ёки ота-она билан тил топиша олмаса шу каби ҳодисалар рўй бера бошлайди. Қизингизни урушсангиз ёки уйдан чиқазмай қўйсангиз у бутун умрга сизни душман деб билади. Ҳозир унга фақат дўст бўлиш, дунёдаги энг яқин инсони эканингизни таъкидлаб туришингиз керак. Фақат гап билан эмас. Балки амалларингиз билан. Меҳрибонлик қилиб туринг. Баҳрингизга босинг. Яхши гаплар билан бошидан силаб туринг. Сиз қизингизга икки дунёда юзингизни ёруғ қилувчи солиҳа бўлишига ишончингиз комил эканини уқдириб туринг. Албатта қизингизга муҳит таъсир қилаяпти. Аммо муҳит таъсир қилмаслиги учун болаларга уйда ўзига бўлган ишончини маҳкамлаб туриш керак. Вақтлик ухлатиш керак. Чунки кеч ухлаб кеч уйғонадиган болаларда жинсий ривожланиш барвақт бошланади. Аммо мия фаолияти, фикрлаши ҳали болаларники каби бўлади. Шунинг учун ўспирин ёшига яқинлашаётганда гормонал ўзгариш рўй берганда болалар кўпинча агрессив бўлиб қоладилар. Албатта бунга яна бошқа сабаблар ҳам бор. Иложи борича уни койимай қўллаб қувватлаб туринг. Вақтни у билан биргаликда сифатлик ўтказишга ҳаракат қилинг. Валлоҳу аълам!