– Ва алайкум ассалом!
Қуръонни мўминлар учун шифо ва раҳмат ўлароқ нозил қилурмиз. У золимларга зиёндан бошқани зиёда қилмас. (Исро сураси, 82-оят)
عَنِ ابْنِ عَبَّاسٍ رَضِي اللهُ عَنْهُ عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: مَنْ عَادَ مَرِيضًا لَمْ يَحْضُرْ أَجَلُهُ فَقَالَ عِنْدَهُ سَبْعَ مِرَارٍ أَسْأَلُ اللهَ الْعَظِيمَ رَبَّ الْعَرْشِ الْعَظِيمِ أَنْ يَشْفِيَكَ إِلاَّ عَافَاهُ اللهُ مِنْ ذَلِكَ الْمَرَضِ. رَوَاهُ أَصْحَابُ السُّنَنِ
Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким бир касални кўргани борсаю унинг ажали етмаган бўлса, етти марта: «Асъалуллоҳал азийм. Роббал аршил азийм ан яшфияка – Азим Аллоҳ, арши азимнинг Роббидан сенга шифо беришини сўрайман», деса, албатта Аллоҳ ўша беморга мазкур касалдан офият беради», дедилар».
Сунан эгалари ривоят қилишган.
عَنْ عَائِشَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهَا قَالَتْ: كَانَ النَّبِيُّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يُعَوِّذُ بَعْضَ أَهْلِهِ يَمْسَحُ بِيَدِهِ الْيُمْنَى وَيَقُولُ: اللَّهُمَّ رَبَّ النَّاسِ اذْهِبِ الْبأْسَ واشْفِ أَنْتَ الشَّافِي لَا شِفَاءَ إِلَّا شِفَاؤُكَ شِفَاءً لَا يُغَادِرُ سَقَمًا. رَوَاهُ الشَّيْخَانِ
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз аҳлларидан баъзиларга паноҳ тилаганларида ўнг қўллари ила силаб:
«Аллоҳумма! Роббан-нааси! Изҳибил баъса. Ишфи. Анташ-шаафии. Лаа шифаъа иллаа шифааука. Шифаан лаа юғодиру сақман», дер эдилар».
Икки шайх ривоят қилганлар.
Шарҳ: Ҳар бир дам солувчининг беморни ўнг қўли билан силаб туриб дам солиши шундан олинган. Тўғрироғи, дуони ўқиб, ўнг кафтга дам солиб, сўнг ўша ўнг кафт билан беморни силаш керак.
Дуонинг маъноси қуйидагича:
«Аллоҳим! Одамларнинг Робби! Шиддатни кетказ! Шифо бер. Шифо берувчи Сенсан. Шифоингдан бошқа шифо йўқ. Ҳеч дардни қўймайдиган шифо бер!» ("Ҳадис ва Ҳаёт" китобидан). Валлоҳу аълам!
عَنْ عَبْدِ اللهِ بْنِ أَبِي أَوْفَى رَضِي اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: مَنْ كَانَتْ لَهُ إِلَى اللهِ حَاجَةٌ أَوْ إِلَى أَحَدٍ مِنْ بَنِي آدَمَ فَلْيَتَوَضَّأْ فَلْيُحْسِنِ الْوُضُوءَ، ثُمَّ لِيُصَلِّ رَكْعَتَيْنِ، ثُمَّ لِيُثْنِ عَلَى اللهِ وَلْيُصَلِّ عَلَى النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ، ثُمَّ لِيَقُلْ لَا إِلَهَ إِلَّا اللهُ الْحَلِيمُ الْكَرِيمُ، سُبْحَانَ اللهِ رَبِّ الْعَرْشِ الْعَظِيمِ، الْحَمْدُ للهِ رَبِّ الْعَالَمِينَ، أَسْأَلُكَ مُوجِبَاتِ رَحْمَتِكَ، وَعَزَائِمَ مَغْفِرَتِكَ، وَالْغَنِيمَةَ مِنْ كُلِّ بِرٍّ، وَالسَّلَامَةَ مِنْ كُلِّ إِثْمٍ، لَا تَدَعْ لِي ذَنْبًا إِلَّا غَفَرْتَهُ، وَلَا هَمًّا إِلَّا فَرَّجْتَهُ، وَلَا حَاجَةً هِيَ لَكَ رِضًا إِلَّا قَضَيْتَهَا يَا أَرْحَمَ الرَّاحِمِينَ. رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ وَابْنُ مَاجَهْ. وَالله أَعْلَمُ
Абдуллоҳ ибн Абу Авфо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Кимнинг Аллоҳга ва бани одамдан бирортасига ҳожати бўлса, яхшилаб таҳорат қилсин, сўнгра икки ракъат намоз ўқисин. Кейин Аллоҳга сано ва Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга саловот айтсин. Сўнгра:
«Ҳалиму Карим Аллоҳдан ўзга (ибодатга сазовор) маъбуд йўқ. Улуғ Аршнинг Робби Аллоҳ покдир. Оламларнинг Робби Аллоҳга ҳамдлар бўлсин. Мен Сендан раҳматингни вожиб қилувчи, мағфиратингни тақозо қилувчи нарсаларни ва ҳар бир яхшиликдан ғаниматни, ҳар бир ёмонликдан саломатликни сўрайман. Менинг ҳеч бир гуноҳимни қўймай, мағфират қилгин, ҳеч бир ғамимни қўймай, кушойиш қилгин, ўзинг рози бўлган ҳеч бир ҳожатимни қўймай, албатта чиқаргин. Эй Арҳамар Роҳимийн», десин», дедилар».
Термизий ва Ибн Можа ривоят қилганлар. Аллоҳ билгувчидир.
Шарҳ: Имом Ибн Ҳажар «Бу намозни шанба куни саҳар чоғи ўқиб, талаби ҳожат қилиш мандубдир, чунки Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам «Ким шанба куни эрталаб талаби ҳожат қилса, талаби ҳал бўлади. Унинг ҳожати раво бўлишига мен кафилман», деб марҳамат қилганлар», деган.
Албатта, дуонинг арабча матнини ёдлаб олган яхши.
Ҳожат намози ила банда Аллоҳ таолога яна бир бор боғланмоқда. Бу намоз ила бевосита Аллоҳ таолога роз айтиш шарафига муяссар бўлмоқда. Аллоҳ таолодан бошқага ялиниш балосидан қутилмоқда. Ҳатто бошқа одамларда ҳожати бўлса ҳам, ўша одамга эмас, Аллоҳ таолога мурожаат қилиб, ҳожатини чиқаришини сўрамоқда. Чунки ҳақиқий ҳожат чиқарувчи Аллоҳнинг Ўзидир. ("Ҳадис ва Ҳаёт" китобидан). Валлоҳу аълам!