– Ва алайкум ассалом! Саволлар биттадан берилади.
НАМОЗДАН КЕЙИНГИ ДУО ВА ЗИКР ҲАҚИДА
عَنْ ثَوْبَانَ رضي الله عنه قَالَ: كَانَ رَسُولُ اللهِ صلي الله عليه وسلم إِذَا انْصَرَفَ مِنْ صَلَاتِهِ اسْتَغْفَرَ ثَلَاثًا وَقَالَ: اللَّهُمَّ أَنْتَ السَّلَامُ وَمِنْكَ السَّلَامُ، تَبَارَكْتَ يَا ذَا الْجَلَالِ وَالْإِكْرَامِ. وَفِي رِوَايَةٍ: كَانَ النَّبِيُّ صلي الله عليه وسلم إِذَا سَلَّمَ لَمْ يَقْعُدْ إِلَّا مِقْدَارَ مَا يَقُولُ: اللَّهُمَّ أَنْتَ السَّلَامُ الخ. رَوَاهُ الْخَمْسَةُ إِلَّا الْبُخَارِيَّ.
Савбон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам намозларидан чиқсалар, уч марта истиғфор айтар ва «Аллоҳумма антассалам ва минкассалам табарокта йаа залжалали вал икром», дер эдилар». Бошқа бир ривоятда: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам салом берсалар, «Аллоҳумма антассалам...»ни айтиш миқдоричагина ўтирар эдилар», дейилган. Бешовларидан фақат Бухорий ривоят қилмаган. Шарҳ: Намозни ўқиб бўлиб, салом бергандан ке¬йин қимирламай туриб, уч марта «Астағфируллоҳ» дейиш ва «Аллоҳумма антассалам»ни охиригача ўқиш ҳозирда расм бўлган ва унга амал қилинади.
عَنْ زَيْدٍ مَوْلَى النَّبِيِّ صلي الله عليه وسلم، عَنْ النَّبِيَّ صلي الله عليه وسلم قَالَ: مَنْ اسْتَغْفَرَ اللهَ الَّذِي لَا إِلَهَ إِلَّا هُوَ الْحَيَّ الْقَيُّومَ وَأَتُوبُ إِلَيْهِ، غُفِرَ لَهُ وَإِنْ كَانَ فَرَّ مِنَ الزَّحْفِ. رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ وَالتِّرْمِذِيُّ وَلَفْظُهُ: مَنْ اسْتَغْفَرَ اللهَ الْعَظِيمَ.
Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мавлолари Зайд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким «астағфируллоҳаллази ла илааҳа илла ҳувал ҳайюл қайюм ва атубу илайҳи» деса, у мағфират қилинур, гарчи жангдан қочган бўлса ҳам», дедилар». Абу Довуд ва Термизий ривоят қилганлар. Термизийнинг лафзида: «Ким улуғ Аллоҳга истиғфор айтса» дейилган. Шарҳ: Ҳадиси шарифнинг ровийcи Зайд ибн Ҳориса розияллоҳу анҳу билан яқиндан танишиб олайлик: Зайд ибн Ҳориса ибн Шураҳбил ал-Калбий, кунялари Абу Усома. Зайд жоҳилият даврида ўғирланиб, сотилади. Кейинчалик уни Хадича онамиз сотиб олиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга турмушга чиққанларида у зотга ҳадя қиладилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Зайд ибн Ҳорисани озод қилиб, ўғил қилиб оладилар ва аммаларининг қизлари – Зайнаб бинти Жаҳшга уйлантириб қўядилар. Зайд Зайнабни талоқ қилганларидан кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам у кишини чўрилари Умму Айманга уйлантириб қўядилар. Бу хотинларидан Усома ибн Зайд туғиладилар. Зайд ибн Ҳориса Исломга аввалгилардан бўлиб кирадилар. Бадр, Уҳуд, Ҳандақ, Хайбар жангларида иштирок этадилар. Бадр жангидаги мусулмонларнинг ғалабаси ҳақидаги хабарни Мадинага олиб келган зот шу киши эдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу кишини ҳаммаси бўлиб, еттита сарийя (қўшин)га амир қилиб тайинлаганлар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобалари ичида ёлғиз Зайд ибн Ҳорисанинг исмигина Қуръонда зикр қилингандир. Бир куни Зайднинг оталари билан амакилари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига ўғилларини сўраб келишганида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ихтиёрни Зайднинг ўзига ташлайдилар. Зайд эса улар билан кетишга рози бўлмайди ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида қолишни ихтиёр этади. Зайд ибн Ҳориса ҳижратнинг 8-йили, Шомда¬ги Муъта ғазотида 55 ёшларида шаҳид бўлдилар. Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мавлоси дегани — озод қилинган қуллари маъносидадир. Зайд ибн Ҳориса розияллоҳу анҳу жуда машҳур саҳобий бўлсалар ҳам, фақат шу ҳадисни ривоят қилганлар, холос. Дуонинг маъноси: «Буюк Аллоҳга, Ундан ўзга ибодатга сазовор зот бўлмаган, тирик ва ўта қоим бўлган Аллоҳга истиғфор айтаман ва Унга тавба қиламан».
عَنْ وَرَّادٍ مَوْلَى الْمُغِيرَةِ بْنِ شُعْبَةَ رضي الله عنه قَالَ: كَتَبَ الْمُغِيرَةُ إِلَى مُعَاوِيَةَ إنَّ رَسُولَ اللهِ صلي الله عليه وسلم كَانَ إِذَا فَرَغَ مِنَ صَلَاتِهِ وَسَلَّمَ قَالَ: لَا إِلَهَ إِلَّا اللهُ وَحْدَهُ لَا شَرِيكَ لَهُ، لَهُ الْمُلْكُ وَلَهُ الْحَمْدُ، وَهُوَ عَلَى كُلِّ شَيْءٍ قَدِيرٌ، اللَّهُمَّ لَا مَانِعَ لِمَا أَعْطَيْتَ، وَلَا مُعْطِيَ لِمَا مَنَعْتَ، وَلَا يَنْفَعُ ذَا الْجَدِّ مِنْكَ الْجَدُّ. رَوَاهُ الْخَمْسَةُ إِلَّا التِّرْمِذِيَّ.
Муғийра ибн Шўъба розияллоҳу анҳунинг мавлолари Варрод розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Муғийра Муовияга: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон намозларидан фориғ бўлиб, салом берсалар: «Лаа илааҳа иллаллоҳу ваҳдаҳу ла шарийка лаҳу лаҳул мулку ва лаҳул ҳамду ва ҳува ала кулли шайъин қодийр. Аллоҳумма ла манеъа лима аътойта ва ла муътия лима манаъта ва ла янфаъу зал жадди минкал жадду», дер эканлар», деб хат ёзди». Бешовларидан фақат Термизий ривоят қилмаган. Шарҳ: Аввало ҳадисда номлари зикр этилган машҳур саҳоба Муғийра ибн Шўъба розияллоҳу анҳу билан танишиб олайлик: Бу зотнинг тўлиқ исмлари Муғийра ибн Шўъба ибн Абу Омир ибн Масъуд ибн Муаттиб ибн Молик ибн Каъб ибн Амр ибн Саъд ибн Авф ибн Қайсдир. Хандақ жанги бўлган йилда Исломга кирганлар. Ҳудайбия сулҳида иштирок этганлар. Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳунинг халифалик даврларида у киши Басрага волий қилиб та¬йинланганлар. Сўнгра Куфага волий бўлганлар. Ҳазрати Усмон замонларида волийликдан бўшаб, Ямома, Шом фатҳларида иштирок этдилар. Кейинчалик Ярмук Қодисия ва Наҳованд жангларида қатнашдилар. Муғийра ибн Шўъбадан саҳобалар Абу Амома Боҳилий, Масвар ибн Муҳрама, Қуррату ал-Мазнийлар, фарзандлари Урва, Ҳамза, Аққор, мавлолари Варрод, Масруқ, Қайс ибн Абу Ҳозим, Абу Воил ва бошқалар ҳадислар ривоят қилганлар. У зот биринчи бўлиб Басрада девон – мирзахона ташкил қилган эдилар. Муғийра ибн Шўъба ҳижратнинг 50-йилида Куфада вафот этдилар. Муовия ибн Абу Суфён розияллоҳу анҳу халифалик вақтларида машҳур саҳобий Муғийра ибн Шўъба розияллоҳу анҳудан Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг намоздан фориғ бўлиб, салом берганларидан ке¬йин ўқийдиган дуолари ҳақида хабар беришини сўраганларида у киши шу ривоятда келтирилган маънодаги хатни ёзган эканлар. Дуонинг маъноси: «Аллоҳдан ўзга ибодатга сазовор Зот йўқ. Унинг Ўзи ёлғиздир, шериги йўқдир. Мулк Уникидир. Ҳамд Уникидир. У ҳар бир нарсага қодирдир. Аллоҳим, Сен берган нарсани ман қилувчи йўқ. Сен ман қилган нарсани берувчи йўқ. Сендан бўлган иқобни қайтарувчи йўқ». Кўпчилик кишилар ушбу набавий дуони ёдлаб олиб, ўқиб юрадилар. Билмаганлар уни ёдлаб олсалар, яхши бўлади.
عَنْ كَعْبِ بْنِ عُجْرَةَ رضي الله عنه، عَنْ رَسُولِ اللهِ صلي الله عليه وسلم قَالَ: مُعَقِّبَاتٌ لَا يَخِيبُ قَائِلُهُنَّ أَوْ فَاعِلُهُنَّ؛ ثَلَاثٌ وَثَلَاثُونَ تَسْبِيحَةً، وَثَلَاثٌ وَثَلَاثُونَ تَحْمِيدَةً، وَأَرْبَعٌ وَثَلَاثُونَ تَكْبِيرَةً في دُبُرَ كُلِّ صَلَاةٍ. رَوَاهُ مُسْلِمٌ وَالتِّرْمِذِيُّ.
Каъб ибн Ужра розияллоҳу анҳудан ривоят қилганлар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «(Намоз) ортидан келувчиларни айтувчилар ёки қилувчилар ноумид бўлмаслар. Ҳар бир намоз ортидан ўттиз учта тасбеҳ, ўттиз учта ҳамд ва ўттиз тўртта такбир», дедилар». Муслим ва Термизий ривоят қилганлар. Шарҳ: Ушбу ҳадисда келган ҳар бир намоз ортидан ўттиз уч марта «Субҳаналлоҳ», ўттиз уч марта «Алҳамдулиллаҳ», ўттиз тўрт марта «Аллоҳу акбар»ни зикр қилиш кейинги ривоятларда келадиган зикрлар билан уйғунлашиб, амалда айтиладиган бўлган.
عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رضي الله عنه أَنَّ فُقَرَاءَ الْمُهَاجِرِينَ أَتَوْا رَسُولَ اللهِ صلي الله عليه وسلم فَقَالُوا: ذَهَبَ أَهْلُ الدُّثُورِ بِالدَّرَجَاتِ وَالنَّعِيمِ الْمُقِيمِ، فَقَالَ: وَمَا ذَاكَ؟ قَالُوا: يُصَلُّونَ كَمَا نُصَلِّي، وَيَصُومُونَ كَمَا نَصُومُ، وَيَتَصَدَّقُونَ وَلَا نَتَصَدَّقُ، وَيُعْتِقُونَ وَلَا نُعْتِقُ، فَقَالَ رَسُولُ اللهُ صلي الله عليه وسلم: أَفَلَا أُعَلِّمُكُمْ شَيْئًا تُدْرِكُونَ بِهِ مَنْ سَبَقَكُمْ، وَتَسْبِقُونَ بِهِ مَنْ بَعْدَكُمْ، وَلَا يَكُونُ أَحَدٌ أَفْضَلَ مِنْكُمْ إِلَّا مَنْ صَنَعَ مِثْلَ مَا صَنَعْتُمْ؟ قَالُوا: بَلَى يَا رَسُولَ اللهِ، قَالَ: تُسَبِّحُونَ وَتُكَبِّرُونَ وَتَحْمَدُونَ دُبُرَ كُلِّ صَلَاةٍ ثَلَاثًا وَثَلَاثِينَ مَرَّةً. قَالَ أَبُو صَالِحٍ: فَرَجَعَ فُقَرَاءُ الْمُهَاجِرِينَ إِلَى رَسُولِ اللهِ صلي الله عليه وسلم فَقَالُوا: سَمِعَ إِخْوَانُنَا أَهْلُ الْأَمْوَالِ بِمَا فَعَلْنَا فَفَعَلُوا مِثْلَهُ، فَقَالَ رَسُولُ اللهِ صلي الله عليه وسلم: ذَلِكَ فَضْلُ اللهِ يُؤْتِهِ مَنْ يَشَاءُ. رَوَاهُ الْأَرْبَعَةُ.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Фақир муҳожирлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб: «Мол-дунёси кўплар даражотларни ва доимий неъматни олиб кетдилар», дейишди. У зот: «У нимадир?» дедилар. Улар: «Биз намоз ўқиганимиздек намоз ўқирлар. Биз рўза тутганимиздек рўза тутарлар. Улар садақа қилурлар. Биз садақа қила олмасмиз. Улар қул озод қилурлар, биз озод қила олмасмиз», дедилар. У зот: «Сизни ўзингиздан олдингиларга етиб олишингиз, ўзингиздан кейингилардан ўтиб кетишингизга сабаб бўладиган, сиздан ҳеч ким афзал бўлмайдиган, фақат сиз қилганни қилсагина бўладиган нарсага далолат қилайми?» дедилар. Улар: «Ҳа, эй Аллоҳнинг Расули», дейишди. У зот: «Ҳар намоздан кейин ўттиз уч марта тасбеҳ, такбир ва таҳмид айтасиз», дедилар». Абу Солиҳ: «Фақир муҳожирлар яна Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига қайтиб келиб: «Мол-дунёси кўп биродарларимиз биз қилган нарсани эшитиб қолиб, ўшанга ўхшаш ишни қилдилар», дейишди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «У Аллоҳнинг фазлидир, хоҳлаган кишисига берур», дедилар». Тўртовлари ривоят қилганлар. Шарҳ: Ушбу ҳадисда мусулмонларнинг биринчи авлодига хос бир фазилат устида сўз бормоқда. У ҳам бўлса, савоб иш қилишда бир-биридан ўтишга ҳаракат ва унга эришиш йўлларини излашдир. Фақир-мискинликлари туфайли бой-бадавлат кишиларга ўхшаб садақа қила олмай, қул озод эта олмай юрган муҳожир саҳобалар қандай қилиб кўпроқ ажру савобга эга бўлиш йўлини сўраб келдилар. Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам уларни намоздан кейин зикр қилишга иршод қилдилар. Келинг, ушбу ҳадиси шарифдан олинадиган фойдаларни бир бошдан кўриб чиқайлик: 1. Кўп савоб олаётган кишиларга ҳавас билан қараш мумкинлиги. 2. Билмайдиганлар биладиган кишилардан сўрашлари кераклиги. 3. Садақа ва қул озод қилиш кўп ажр келтириши. 4. Ҳар намоздан кейин ўттиз уч марта «Субҳаналлоҳ», «Алҳамдулиллаҳ» ва «Аллоҳу акбар»ни зикр қилиш, кўп мол садақа қилиш ва қул озод этишдан ҳам кўпроқ савобга сабаб бўлиши. 5. Фақир муҳожирларнинг иложи борича кўпроқ савоб олишга интилишлари. 6. Исломда шукр қилувчи бойнинг яхши эканлиги.
وَزَادَ أَبُو دَاوُدَ : وَتَخْتِمُهَا بِلَا إِلَهَ إِلَّا اللهُ وَحْدَهُ لَا شَرِيكَ لَهُ، لَهُ الْمُلْكُ وَلَهُ الْحَمْدُ، وَهُوَ عَلَى كُلِّ شَيْءٍ قَدِيرٌ.
Абу Довуд: «Ва уни «Лаа илааҳа иллаллоҳу ваҳдаҳу ла шарийка лаҳу, лаҳул мулку ва лаҳул ҳамду ва ҳува ала кулли шайъин қодийр» билан тугатарсан» жумласини зиёда қилган. Шарҳ: Зотан, ҳозир барча намозхонлар ичида шу икки ривоятдаги зикрни қилиш йўлга қўйилган.
وَلَفْظُ التِّرْمِذِيِّ قُولُوا: سُبْحَانَ اللهِ ثَلَاثًا وَثَلَاثِينَ، وَالْحَمْدُ ِللهِ ثَلَاثًا وَثَلَاثِينَ، وَاللهُ أَكْبَرُ أَرْبَعًا وَثَلَاثِينَ، وَلَا إِلهَ إِلَّا اللهُ عَشْرَ مَرَّاتٍ.
Термизийнинг лафзида: «Ўттиз уч марта «Субҳаналлоҳ», ўттиз уч марта «Алҳамдулиллаҳ», ўттиз тўрт марта «Аллоҳу акбар» ва ўн марта «Лаа илааҳа иллаллоҳу» денглар», дейилган.
وَلِمُسْلِمٍ: مَنْ سَبَّحَ اللهَ فِي دُبُرِ كُلِّ صَلَاةٍ ثَلَاثًا وَثَلَاثِينَ، وَحَمِدَ اللهَ ثَلَاثًا وَثَلَاثِينَ، وَكَبَّرَ اللهَ ثَلَاثًا وَثَلَاثِينَ، فَتْلِكَ تِسْعَةٌ وَتِسْعُونَ، وَقَالَ تَمَامَ الْمِائَةِ: لَا إِلَهَ إِلَّا اللهُ وَحْدَهُ لَا شَرِيكَ لَهُ، لَهُ الْمُلْكُ وَلَهُ الْحَمْدُ، وَهُوَ عَلَى كُلِّ شَيْءٍ قَدِيرٌ، غُفِرَتْ خَطَايَاهُ وَإِنْ كَانَتْ مِثْلَ زَبَدِ الْبَحْرِ.
Муслимнинг ривоятида эса: «Ким ҳар намоздан кейин ўттиз уч марта Аллоҳга тасбеҳ айтса, ўттиз уч марта Аллоҳга ҳамд айтса, ўттиз уч марта «Аллоҳу акбар», деса ҳаммаси тўқсон тўққиз бўлур, юзтанинг тамом бўлишига: «Ла илааҳа иллаллоҳу ваҳдаҳу ла шарийка лаҳу лаҳул мулку ва лаҳул ҳамду ва ҳува ала кулли шайъин қодийр»ни айтса, унинг гуноҳлари денгиз кўпиклари каби бўлса ҳам, мағфират қилинур», дейилган. Шарҳ: Имом Муслимнинг ривоятида келган зикрларнинг аввали ёки охирида «Оятул Курсий»ни қўшиб ўқишни сўфийлар жорий қилганлар. Бу «сўфийлар хатми» деб номланади. Бу нур устига нур, дейилади. Чунки «Оятул Курсий» Қуръони Каримдаги энг улуғ оятдир. Ушбу хатмни қилиш бизда ҳам жорий бўлиб келаётир.
عَنِ ابْنِ عَبَّاسٍ رضي الله عنه قَالَ: خَرَجَ رَسُولُ اللهِ صلي الله عليه وسلم مِنْ عِنْدِ جُوَيْرِيَةَ وَهِيَ فِي مُصَلَاهَا وَدَخَلَ وَهِيَ فِي مُصَلَاهَا، فَقَالَ: لَمْ تَزَالِي فِي مُصَلَاكِ هَذَا؟ قَالَتْ: نَعَمْ، قَالَ: قَدْ قُلْتُ بَعْدَكِ أَرْبَعَ كَلِمَاتٍ ثَلَاثَ مَرَّاتٍ، لَوْ وُزِنَتْ بِمَا قُلْتِ لَوَزَنَتْهُنَّ: سُبْحَانَ اللهِ وَبِحَمْدِهِ، عَدَدَ خَلْقِهِ، وَرِضَا نَفْسِهِ، وَزِنَةَ عَرْشِهِ، وَمِدَادَ كَلِمَاتِهِ. رَوَاهُ الْخَمْسَةُ إِلَّا الْبُخَارِيَّ.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Жувайриянинг олдидан чиққанларида у ўз намозгоҳида эди. Қайтиб кирганларида ҳам у ўз намозгоҳида эди. У зот: «Ҳали ҳам шу намозгоҳингдамисан?» дедилар. «Ҳа» деди. У зот: «Мен сендан кейин тўрт калимани уч марта айтдим. Агар сен айтган нарса билан тортилса, (ул) ортиқ келур: «Субҳаналлоҳи ва биҳамдиҳи адада холқиҳи ва ризо нафсиҳи ва зината аршиҳи ва мидада калиматиҳи», дедилар». Бешовларидан фақат Бухорий ривоят қилмаган. Шарҳ: Ушбу ҳадисда номлари келган Жувайрия бинти ал-Ҳорис онамизнинг исмлари аслида Барра бўлган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ул муҳтарамани Жувайрия деб, марҳамат қилганлар. Ул зот розияллоҳу анҳонинг зикр билан кўп машғул бўлишлари ушбу ривоятдан маълум бўлиб турибди. Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам уларнинг олдиларидан чиқаётганларида ҳам намозгоҳларида эканлар. У зот ташқарида ишларини битириб, қайтиб келсалар ҳам ўша жойда ўтириб, зикрда давом этаётган эканлар. Шунда Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳали ҳам шу намозгоҳингдамисан?» дедилар. «Ҳа», дедилар Жувайрия онамиз зикрни муттасил давом эттираётганларини тасдиқлаб. Ана шунда Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам зикр билан зикрнинг фарқи борлигини, Жувайрия онамизга ўхшаб баъзи бир зикр¬ларни узоқ ва кўп такрорлагандан кўра бошқасини оз такрорлаб, кўп савоб олиш мумкинлигини баён қилдилар: «Мен сендан кейин тўрт калимани уч марта айтдим. Агар сен айтган нарса билан тортилса, (ул) ортиқ келур», дедилар. Яъни, мен олдингдан чиқиб кетганимдан буён ҳозиргача айтган зикрингнинг савоби тарозининг бир палласига, мен уч мартагина айтган тўрт калиманинг савоби бошқа палласига қўйилса, мен айтган зикрларимнинг савоби босиб кетади, дедилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтган калималарининг маъноси эса бундай эди: «Аллоҳга махлуқотларининг ададича, Унинг Ўзи рози бўладиганча, Аршининг оғирлигича ва калималарининг ададича поклаш ва ҳамд бўлсин». Ҳадисдан олинадиган фойдалар: 1. Жувайрия онамизнинг намозгоҳда ўтирганларидан бу ҳадисда намоз ортида қилинадиган зикр тўғрисида гап бораётганлиги тушунилади. 2. Жувайрия онамизнинг зокира аёл эканликлари. 3. Зикр билан зикр орасида фарқ борлиги. 4. Зикрни устоздан ўрганиш яхши эканлиги. 5. Зикрни ўзича қилаётган одамда камчилик бўл¬са, биладиган одам тўғрилаб қўйиши зарурлиги. 6. Ривоятда келган зикрнинг ўта фазилатли ва савоби кўп эканлиги.
عَنْ مُعَاذِ بْنِ جَبَلٍ رضي الله عنه أَنَّ رَسُولَ اللهِ صلي الله عليه وسلم أَخَذَ بِيَدِهِ وَقَالَ: يَا مُعَاذُ، إِنِّي وَاللهِ لَأُحِبُّكَ، أُوصِيكَ يَا مُعَاذُ، لَا تَدَعَنَّ فِي دُبُرِ كُلِّ صَلَاةٍ تَقُولُ اللَّهُمَّ أَعِنِّي عَلَى ذِكْرِكَ وَشُكْرِكَ وَحُسْنِ عِبَادَتِكَ. رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ وَالنَّسَائِيُّ.
Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам у кишининг қўлларидан ушлаб: «Эй Муоз, Аллоҳга қасамки, албатта, мен сени яхши кўрурман. Эй Муоз, мен сенга ҳар бир намоздан кейин «Аллоҳумма аъинни ала зикрика ва шукрика ва ҳусни ибадатика» дейишни тарк қилмаслигингни тавсия қиламан», дедилар». Абу Довуд ва Насаий ривоят қилганлар. Шарҳ: Ушбу ривоятдаги дуонинг маъноси: «Аллоҳим, менга зикрингни, шукрингни ва ҳусни ибодатингни қилишга Ўзинг ёрдам бергин». Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар: 1. Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳунинг фазилатлари. 2. Бировни яхши кўрган одам муҳаббатини изҳор қилиб, айтиши мумкинлиги. 3. Талаб қилинмаса ҳам, маънони таъкидлаш учун қасам ичиш мумкинлиги. 4. Устоз ўз шогирдига сўрамаса ҳам, зикрни ўргатиб бориши кераклиги. 5. Ушбу зикрнинг фазли ва уни намоздан ке¬йин айтиб юриш зарурлиги.
عَنْ عُقْبَةَ بْنِ عَامِرٍ رضي الله عنه قَالَ: أَمَرَنِي رَسُولُ اللهِ صلي الله عليه وسلم أَنْ أَقْرَأَ بِالْمُعَوِّذَاتِ دُبُرَ كُلِّ صَلَاةٍ. رَوَاهُ أَصْحَابُ السُّنَنِ وَالْحَاكِمُ وَصَحَّحَهُ.
Уқба ибн Омир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менга ҳар бир намоздан кейин «Муъаввизатни ўқишимни амр қилдилар». «Сунан» эгалари ва Ҳоким ривоят қилганлар. Ҳоким саҳиҳ, деган. Шарҳ: «Муъаввизат» – Фалақ ва Ан-нас сураларидир. Демак, намоздан кейин ушбу икки муборак сурани ўқиб қўйиш ҳам яхши экан.
عَنْ جَابِرٍ رضي الله عنه أَنَّ النَّبِيَّ صلي الله عليه وسلم قَالَ لِرَجُلٍ: كَيْفَ تَقُولُ فِي الصَّلَاةِ؟ قَالَ: أَتَشَهَّدُ وَأَقُولُ اللَّهُمَّ إِنِّي أَسْأَلُكَ الْجَنَّةَ وَأَعُوذُ بِكَ مِنَ النَّارِ، أَمَا إِنِّي لَا أُحْسِنُ دَنْدَنَتَكَ وَلَا دَنْدَنَةَ مُعَاذٍ، فَقَالَ النَّبِيُّ صلي الله عليه وسلم: حَوْلَهَا نُدَنْدِنُ. وَفِي رِوَايَةٍ: إِنِّي وَمُعَاذًا حَوْلَ هَاتَيْنِ نُدَنْدِنُ. رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ وَابْنُ مَاجَهْ.
Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бир кишига: «Намозда қандай (нарсани) айтасан?» дедилар. «Ташаҳҳудни ўқийман ва «Аллоҳумма инни асъалукал жанната ва аъузу бика минаннар», дейман. Аммо мен сизнинг пичирлашингизни ҳам, Муознинг пичирлашини ҳам эплай олмайман», деди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Биз ҳам шунга ўхшаш пичирлаймиз», дедилар». Бошқа бир ривоятда келишича: «Албатта, мен ҳам, Муоз ҳам ана ўша иккови атрофида пичирлаймиз», дедилар», дейилган. Абу Довуд ва Ибн Можа ривоят қилганлар. Шарҳ: Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Мен ҳам, Муоз ҳам ана ўша иккови атрофида пичирлаймиз», деганлари жаннат ва дўзах ҳақида сўраймиз, маъносидадир. Дуоларининг маъноси: «Аллоҳим, албатта, мен Сендан жаннатни сўрайман ва дўзахдан паноҳ тилайман». Ҳадисдан олинадиган фойдалар: 1. Баъзи вақтда раҳбар ва устоз ўз атбоъ ва шогирдларини имтиҳон қилиб, сўраб-суриштириб туриши зарур эканлиги. 2. Намозда жаннатни сўраб ва дўзахдан паноҳ тилаб дуо қилиш мумкинлиги. 3. Намозда дуонинг пичирлаб қилиниши. 4. Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўта тавозели эканликлари ва ҳадисда зикри келган кишининг дуосини тасдиқлаганликлари.
ХУЛОСА
Бу фаслда келган зикр ва дуолар намоздан кейинги зикр ва дуоларнинг баъзи намуналари, холос. Албатта, бундан бошқалари ҳам бор. Уларнинг орасида биз билмайдиган дуолар бўлса, ўрганиб олишимиз керак. Чунки дуо ва зикр суннатга мувофиқ бўлишининг фойдаси катта. Намоздан кейинги зикр ва дуолар ҳақида келган ҳадиси шарифларни жамлаб, ўрганган уламолар уларни тартибга солиб, кўпчиликка баён қилиб берганлар. Машҳур фақиҳ Ваҳба аз-Зуҳайли «Ал-Фиқҳул Исломийю ва адиллатуҳу» номли кўп жузли китобида жумладан, қуйи¬дагиларни ёзади: «Намоздан кейин Аллоҳнинг зикрини ва асар бўлиб қолган дуоларни қилиш суннатдир. Мазкур нарсалар ортидан суннати бўлмаган Бомдод ва Аср намозларида фарздан кейин, ортида суннати бор Пешин, Шом ва Хуфтон намозларида суннатдан сўнг адо этилади. Чунки истиғфор намознинг нуқсонига эваз бўлади. Намозда Аллоҳга қурбат ҳосил қилингандан кейинги дуо эса ажру савоб олишнинг энг муносиб йўлидир. Намоздан кейинги махфий айтиладиган зикрлар қуйидаги тартибда келтирилади: Қавмига таълим бермоқчи бўлган имом ўрганиб олгунларича овозини чиқариши мумкин. У чап тарафини меҳробга қилиб, одамларга қараб ўтиради. Сўнгра уч марта «Астағфируллоҳ» дейди. Кейин «Аллоҳумма антассалом ва минкассалом таборакта йаа залжалоли вал икром» деб, «Оятул Курсий»ни тиловат қилади. Имом Ҳусайн ибн Али розияллоҳу анҳудан Табароний ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз алайҳиссалом: «Ким фарз намозидан кейин «Оятул Курсий»ни қироат қилса, у бошқа намозгача Аллоҳнинг зиммасида бўлади», деганлар. Имом Насаий Абу Умома розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда эса Пайғамбаримиз алай¬ҳиссалом: «Ким ҳар бир фарз намозидан кейин «Оятул Курсий» ва «Қул ҳуваллоҳу аҳад»ни қироат қилса, уни жаннатга киришдан ўлимдан бошқа нарса тўса олмайди», деганлар. Сўнг ўттиз уч марта «Субҳаналлоҳ», ўттиз уч марта «Алҳамдулиллаҳ», ўттиз уч марта «Аллоҳу акбар» айтилиб, «Лаа илааҳа иллаллоҳу ваҳдаҳу лаа шарийка лаҳу, лаҳул мулку ва лаҳул ҳамду ва ҳува ала кулли шайин қодийр» калимаси ўқи¬лади». (“Ҳадис ва Ҳаёт” китобидан).
3-масалага эса: عن أنس عن النبي صلى الله عليه وسلم أنه قال : ( ما من عبد بسط كفيه في دبر كل صلاة ثم يقول : اللهم إلهي وإله إبراهيم وإسحاق ويعقوب وإله جبريل وميكائيل وإسرافيل أسألك أن تستجيب دعوتي فإني مضطر ، وتعصمني في ديني فإني مبتلى ، وتنالني برحمتك فإني مذنب ، وتنفي عني الفقر فإني متمسكن ، إلا كان حقاً على الله عز وجل أن لا يرد يديه خائبتين ذكره بن السني في " عمل اليوم والليلة "
Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: "Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бирор бир банда ҳар бир намоз ортидан кафтини очиб: “Аллоҳим, илоҳим Иброҳим, Исҳоқ, Яъқубнинг Илоҳи, Жаброил, Микоил ва Исрофилнинг Илоҳи дуоимни қабул қилишингни сўрайман. Чунки мен музтарман. Динми борасида мени омонда қилишингни сўрайман. Чунки мен имтиҳондаман. Раҳматинга олишингни сўрайман, чунки мен гуноҳкорман. Мени фақирликдан беҳожат қилишингни сўрайман, чунки мен бечора-мискинман” деса, Аллоҳ таолога унинг икки қўлини қуруқ қайтармаслик вожиб бўлади” дедилар".(Амалул явм валлайла. Ибн Синний). Бу ҳадис заиф бўлсада, уламолар фазилат бобида қабул қилганлар. Валлоҳу аълам!
Валлоҳу аълам!