Ўлим ҳақида

21:35 / 14.06.2021 | Sabrina | 3116
Ассалому алайкум! Инсоннинг яқини ўлгандан кейин йиғласа маййит шу кўз ёш билан чўкади, деб эшитдим. Йиғламаслик керак экан, ундан кўра ҳаққига дуо қилиб тасбеҳ айтиш керак экан, шу гаплар тўғрими? Агар тўғри бўлса тасбеҳдан ташқари яна қандай дуолар ўқиса бўлади ва ўша ўлган инсон руҳи бизни кўриб туради, деб эшитганман шундайми?
«Билимсизликнинг шифоси» ҳайъати:

– Ва алайкум ассалом! Унақа гап йўқ. 

Жаноза одоблари

 «Жаноза» сўзининг луғатдаги маъноси «сатр» – «тўсиш»дир. Тобутга солинган ўлик «жаноза» дейилади. Маййитни дафн қилиш борасида қилинадиган амалларни ҳам «жаноза» дейиш урф бўлган.

Бир мусулмон шахс вафот этса, қолган мусулмонлардан унинг вафотини билганларга тўрт нарса кифоя тарзида фарз бўлади. Яъни ўша нарсаларни улардан баъзилари адо этса, кифоя қилади. Агар бир кишигина билса, ўша бир кишининг ўзига фарз бўлади.

Мазкур тўрт нарса: маййитни ювиш, кафанлаш, намозини ўқиш ва дафн қилишдир.

عَنْ أُبَيِّ بْنِ كَعْبٍ t قَالَأَنَّ آدَمَ عَلَيْهِ السَّلَامُ قَبَضَتْهُ الْمَلَائِكَةُُ، وَغَسَّلُوهُ وَكَفَّنُوهُ وَحَنَّطُوهُ، وَحَفَرُوا لَهُ وَأَلْحَدُوا لَهُ، وَصَلَّوْا عَلَيْهِ، ثُمَّ دَخَلُوا قَبْرَهُ فَوَضَعُوهُ فِي قَبْرِهِ، وَوَضَعُوا عَلَيْهِ اللَّبِنَ، ثُمَّ خَرَجُوا مِنَ الْقَبْرِ، ثُمَّ حَثَوْا عَلَيْهِ التُّرَابَ، ثُمَّ قَالُوايَا بَنِي آدَمَ هَذِهِ سُنَّتُكُمْرَوَاهُ أَحْمَدُ.

 

Убай ибн Каъб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Одам алайҳиссаломнинг жонини фаришталар қабз қилганларидан сўнг, у кишини ювишди, кафанлашди, хушбўй нарса суртишди, у киши учун қабр қазишди, лаҳад қилишди, унга жаноза намози ўқишди, сўнгра қабрга қўйиб, устидан ғишт теришди, қабрдан чиқишгач, тупроқ тортишди ва: «Эй Бану Одам, ушбулар суннатингиздир», дейишди».

Аҳмад ривоят қилган.

Демак, маййитнинг яқинлари, қариндошлари ва ёру биродарлари қуйидаги тўрт ҳақни адо этишлари фарздир:

1. Ювиш.

2. Кафанлаш.

3. Жаноза намози ўқиш.

4. Жанозасини кўтариб бориб дафн қилиш.

Биринчи фарз – маййитни ювиш.

Маййитни ювиш фарзи кифоядир. Ўлим аён бўлганидан кейин уни ювишни тезлатиш суннатдир.

Маййит ювмасдан кўмилган бўлса, қайта чиқариб, ювилади. Албатта, янги кўмилган вақтида.

Маййит танасининг кўп қисми мавжуд бўлса, ювиб, жаноза ўқилади, бўлмаса, йўқ.

Маййитни ювгани сув топилмаса ёки узрли сабабга кўра ювишнинг иложи бўлмаса, таяммум қилдирилади.

Баъзи ҳолларда вазиятга қараб, масалан, маййитнинг танасига қўл теккизишнинг имкони бўлмаса, ният қилиб, устидан сув қуйилса ҳам бўлади.

Эркакни эркак, аёлни аёл ювади. Бир мусулмонни ювиш учун кофир эркак ва бегона муслима ҳозир бўлса, эркак ювади.

Ҳанафийлар: «Ўлган аёл кишини эри ювса ёки ушласа бўлмайди, чунки уларнинг орасидаги никоҳ кесилган бўлади», дейишади. Кучли қавлга қараганда, эр аёлининг ўлигига назар солса бўлади. Чунки назар – ушлаш ва ювишдан кўра енгил нарса.

Эркак кишини ювишга ҳақлиларнинг тартиби қуйидагича: отаси, бобоси, ўғли, ўғлининг ўғли, ака-укаси, ака-укасининг ўғли, амакиси ва амакисининг ўғли. Маййитни диний ҳукмларни яхши биладиганларнинг ювишлари афзал кўрилади.

Аёл кишини ювишга ҳақлилар ўзига маҳрамлик алоқаси бор аёллардир. Улар маййитга нисбатан агар бирлари эркак деб тасаввур қилинса, ораларида никоҳ ҳаром бўлишига тўғри келадиган аёллардир.

Агар эркак киши аёлларнинг ичида, аёл киши эркакларнинг ичида ўлиб қолса, агар маҳрами бўлмаса, номаҳрам бўлса ҳам, таяммум қилдиради.

Fассол – ўликни ювувчида лозим бўлган шартлар:

Мўмин-мусулмон маййитни ювадиган ғассолда қуйидаги шартлар мавжуд бўлиши лозим:

1. Ислом, яъни мусулмон бўлиш.

2. Ният. Ҳанафийлар, ният фарзи кифояни соқит қилиш учун шарт, дейишган.

3. Ақл.

Fассолнинг ишончли, омонатдор, ғусл ҳукмларини яхши биладиган шахс бўлиши мустаҳабдир.

Fассол ва у билан бирга маййитни ювишда иштирок этадиганлар кўзларини тийишлари лозим. Маййит тирик пайтида одамларга кўрсатмайдиган жойларини беркитишлари керак.

عَنْ عَلِيٍّ t قَالَقَالَ رَسُولُ اللهِ rمَنْ غَسَّلَ مَيْتًا وَكَفَّنَهُ وَحَنَّطَهُ وَحَمَلَهُ وَصَلَّى عَلَيْهِ وَلَمْ يُفْشِ عَلَيْهِ مَا رَأَى خَرَجَ مِنْ خَطِيئَتِهِ مِثْلَ يَوْمِ وَلَدَتْهُ أُمُّهُرَوَاهُ ابْنُ مَاجَهْ.

 

Али ризияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ким бир маййитни ювса, кафанласа, хушбўй нарса суртса, уни кўтарса, унга жаноза намози ўқиса ва кўрган нарсасини фош қилмаса, гуноҳларидан худди онасидан туғилган кунидагидек бўлиб чиқади», дедилар».

Ибн Можа ривоят қилган.

Маййитни бегона кўзлардан беркитиш лозим, токи унинг бирор айби бўлса, бошқалар кўриб қолмасин. Маййитни уй ичида ювиш ва у ерда ғассолга ёрдам берадиган кишилардан бошқалар бўлмаслиги мустаҳабдир. Fассол ёрдамга муҳтож бўлмаса, ёлғиз ўзи ювгани афзал. Fассол маййитни юваётганда, хушбўй нарсалар тутатилса, яна ҳам яхши бўлади.

Fассол ва бошқалар маййитнинг авратига назар солмасликлари лозим. Бунинг учун ювиш пайтида маййитнинг авратига бирор мато ёпиб қўйилади. Авратни ювганда қўлга латта кийиб олиб ювиш шарт. Fассол маййитнинг баданидаги керак бўлмаган жойларига назар солмайди.

Fассоллик ва маййитни кафанлаш, унга гўр қазиш каби ишларга ҳақ олмаган афзал. Fассол маййитни ювиб бўлганидан кейин ўзи ғусл қилиши мустаҳабдир.

Ювилаётган маййитнинг ҳолати:

Маййитни одамлардан холи, тўсилган, шифти бор жойда, тахтанинг устида ювган афзал.

Маййитнинг боши ёки бошқа аъзолари кесилган бўлса, уларни жойига қўйиб боғлаб, бутун танага ўхшатиб, камчиликларини беркитиб, оҳиста ювилади. Агар тиши ёки шунга ўхшаш аъзолари тушиб кетган бўлса, ювиб, кафанига солиб қўйилади.

Fассол маййитни суяб, орқага мойилроқ қилиб ўтирғизиб, мулойимлик билан ювади. У маййитнинг елкасидан ушлаб, ўз кўксига суяган ҳолда қорнини силаб, ичидаги бор чиқиндини чиқаради. Ҳар сафар қўлини қориннинг устидан ўтказганда, кўпроқ сув қуйиб турилади. Кейин уни чалқанчасига ётқизади.

Маййитнинг авратини беркитиш вожибдир. Кейин маййитнинг кийимлари ечилади.

Маййитни ювишни фарз қилувчи нарсалар:

1. Маййитнинг мусулмон бўлиши.

2. Чала туғилган болани ювишнинг тафсилоти қуйидагича: агар боланинг кўп қисми чиққанида, унда тириклик аломати бўлса, уни ювиб, намоз ўқилади ва у мерос олиб, мерос қолдиради. Агар ҳаётнинг аломати бўлмаса, уни ювиб, исм қўйиб, кўмилади. Агар тўла одам ҳолати бўлмаса, устидан сув қуйиб, латтага ўраб, исм қўйиб, кўмилади.

3. Маййитнинг жасади тўлиқ бўлиши ёки унинг кўпроқ қисми ҳозир бўлиши лозим. Ҳанафий мазҳаби бўйича, тананинг кўп қисми ёки ярми билан боши бўлса, унга жаноза намози ўқиш фарз бўлади.

Маййитни таҳорат қилдириш:

Ҳанафий мазҳаби бўйича, маййит таҳорат қилдирилади. Аввал ундан нажас ва нопок нарсалар кетказилади. Сўнгра олд ва орқа авратлари латта билан ювилади. Оғзига ва бурнига сув олдирилмайди. Таҳоратдаги бошқа амаллар охирига етказилади.

Маййитни ғусл қилдириш:

Таҳорат қилдириб бўлинганидан кейин боши ва соқоли ювилади. Маййитнинг ғусли ҳам худди тирикнинг ғуслига ўхшайди. Маййитнинг оғзини очмасдан, мисвок қилдирилади. Тирноқларининг ости ҳам покланади.

Сўнгра уни чап ёни ила ёнбошлатиб, ўнг томони ювилади. Кейин худди шу тарзда чап тарафи ювилади. Бу вожиб бўлган ювишдир.

Fуслни уч марта такрорлаш мандубдир. Кейин қуруқ латта билан танаси қуритилади. Бошига ва соқолига хушбўй нарса суртилади. Сажда қиладиган аъзоларига кофур (хушбўй модда) суртилса ҳам бўлади.

Маййитнинг сочи ва тирноғи олинмайди. Аёл кишининг сочи ўриб қўйилади.

Эркак учун кафаннинг суннати изор, кўйлак ва лифофадир.

قَالَ جَابِرُ بْنُ سَمُرَةَكُفِّنَ رَسُولُ اللهِ r فِي ثَلَاثَةِ أَثْوَابٍقَمِيصٍ، وَإِزَارٍ، وَلِفَافَةٍرَوَاهُ ابْنُ عَدِيٍّ.

 

Жобир ибн Самура айтади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уч кийимда: кўйлак, изор ва лифофада кафанланди».

Ибн Адий ривоят қилган.

Аёлга химор – рўмол ва икки кўкраги устидан боғланадиган латта зиёда қилинади. Кафаннинг ёйилиб кетиш хавфи бўлса, у боғланади.

Иккинчи фарз – маййитни кафанлаш.

Маййитни кафанлаш мусулмонлар жамоаси зиммасидаги фарзи кифоядир.

Кафан ва кўмишнинг бошқа сарф-харажатлари маййитнинг ўз маблағидан қилинади. Агар унинг ўз маблағи бўлмаса, аёл кишининг кафани ва бошқа дафн харажатлари эрининг зиммасига тушади. Маййитнинг нафақасини қиладиган одам топилмаса, бунга байтулмол ёки қодир мусулмонлар масъул бўлишади.

Кафаннинг сифати ва миқдори:

Ҳанафий мазҳаби бўйича, кафан уч турга: зарурат кафани, кифоят кафани ва суннат кафанига бўлинади.

1. Зарурат кафани.

Зарурат ва ожизлик бўлганда, эркак ва аёлга имкони бор кафан қилинади. Бунда энг ози баданни тўсадиган нарса бўлиши лозим.

2. Кифоят кафани.

Бунда банда ҳаёт вақтида киядиган энг оз кийими миқдори кафан бўлади.

Эркак киши учун изор (шалвор) ва лифофа. Аёл киши учун изор (лозим), лифофа ва рўмол.

3. Суннат кафани.

Бу кафанларнинг энг мукаммалидир. Эркак учун уч нарса: изор (лозим), қамийс (кўйлак) ва лифофадан, аёл киши учун беш нарса, изор, қамийс (кўйлак), химор (рўмол), сийнабанд ва лифофадан иборатдир.

Эркакнинг кафанини ипак ва бўялган нарсалардан қилиш макруҳдир.

Аввал лифофа, кейин изор ёзилиб, сўнгра қамийс кийгизилади. Эркак киши шу кафанликларга ўралади. Аввал изорнинг чап тарафи маййитнинг устига, чап тарафига тортилади. Кейин ўнг тарафи. Охири лифофа ҳам шундай ўралади.

Аёл кишини кафанлашда аввал лифофа ва изор ёзилади. Маййитани изорнинг устига ўтирғизиб, қамийс кийдирилади. Сочини иккита қилиб ўриб, қамийс устидан кўкрагига ташлаб қўйилади. Сўнгра бошига рўмол ўратилади. Кўкси сийнабанд билан боғланади. Охири лифофа билан ўралади.

Кафанларнинг устидан маййитнинг бош ва оёқ томонларидан латта билан боғлаб қўйилади.

Учинчи фарз – маййитга намоз ўқиш.

Мусулмон маййитга жаноза намози ўқиш фарздир.

Жанозага ўтишга ҳақлироқлар қуйидагилар:

1. Султон ёки унинг ноиби жанозага ҳозир бўлса, улар намозни ўқишга ҳақлидирлар.

2. Улар бўлмаса, қози ҳақли бўлади.

3. Ундан кейин маҳалланинг имоми ҳақли бўлади.

4. Кейин маййитнинг яқин қариндошлари ҳақли бўлади.

Агар бир киши жанозаси ўқилмай дафн қилинган бўлса, чириш бошланмаган ҳолатда қабри устида жаноза ўқилади.

Бир неча жанозалар жамланганда, уламолар жумҳури бир неча жаноза учун бир намоз жоизлигига иттифоқ қилишган. Имомнинг олдига бир жанозани қўйиб, ундан кейин қибла тарафга бошқаларини ёнма-ён қилиб тизилади ва намоз ўқилади.

Жаноза намозининг ўқилиш тартиби:

Ҳанафий мазҳаби бўйича, жаноза намозининг иккита рукни: тўрт такбир ва қиёми бор. Вожиби битта: икки томонга салом бериш. Шарти битта: ният қилиш.

Жаноза намози қуйидагича ўқилади: «Ният қилингандан сўнг, такбир айтиб, қулоқ қоқилади. Кейин «Субҳанакаллоҳумма ва биҳамдика»ни ўқиб, яна такбир айтилади, аммо қўл кўтарилмайди. Сўнгра намоздаги каби салавотлар («Аллоҳумма солли...» ва «Аллоҳумма барик...») ўқилиб, қўл кўтармасдан, яна такбир айтилади. Кейин «Аллоҳуммағфирли ҳаййина ва маййитина» дуосини охиригача ўқиб, яна бир такбир айтилгач, салом берилади.

Жаноза намозига кеч келган одам ният қилиб, имомга эргашаверади. Имом салом берганидан кейин, неча такбирга кеч қолган бўлса, ўшаларни ўзи айтиб қўяди. Бошқа нарсаларни ўқимайди. Агар у имом тўртинчи такбирни айтиб бўлганидан кейин келса, намоздан қолган бўлади.

Маййитга жаноза ўқишнинг шартлари:

Жаноза ўқувчига худди намоз ўқувчига қўйилган шартлар: ислом, ақл, сатри аврат, таҳоратли бўлиш, бадан, кийим ва маконда нажосат бўлмаслиги, қиблага юзланиш ва ният кабилар шартдир. Шу билан бирга:

1. Маййит мусулмон бўлиши шарт.

2. Маййитнинг жасади ёки жасадининг аксари қисми мавжуд бўлиши шарт.

3. Маййит намоз ўқувчининг олдига қўйилган бўлиши шарт. Ҳанафий мазҳабида ғойибга жаноза ўқиш йўқ. Бирор нарсанинг, мисол учун, уловнинг устидаги маййитга ҳам жаноза ўқилмайди. Имомнинг орқасида турган маййитга ҳам жаноза намози ўқиб бўлмайди.

4. Аввал ҳаёт бўлиши шарт. Ўлик туғилган болага жаноза ўқилмайди.

5. Маййит пок бўлиши шарт. Ювилмаган ёки таяммум қилдирилмаган маййитга жаноза ўқиб бўлмайди.

6. Ҳанафий мазҳабида шаҳидга ҳам жаноза ўқилади.

Жаноза намозининг вақти қатъий чегараланмаган, фақат маййитга кун чиқаётган, кун ботаётган ёки қиёмда турган пайтда намоз ўқиб бўлмайди, яъни бомдод намозидан кейин то қуёш чиқиб бўлгунича ва аср намозидан кейин то қуёш ботиб бўлгунича ҳам жаноза намози ўқиш мумкин эмас.

Тўртинчи фарз – маййитнинг дафни.

Ҳар бир маййитни жон берган еридаги қабристонга дафн қилиш мандубдир. Агар бир ёки икки мил масофага олиб борса ҳам, жоиз.

Маййитни ювиб, кафанлаб бўлгандан кейин тобутга чалқанча қилиб ётқизилади.

Тобутни тўрт тарафидан кўтариш суннатдир. Тобут кўтармоқчи бўлган одам маййитнинг бош тарафидаги чап дастани ўнг елкасига қўйиб, ўн қадам юради. Кейин орқага ўтиб, тобутнинг орқа чап дастасини ўнг елкасига олиб, ўн қадам юради. Сўнгра бошқа тарафдан ҳам чап елкаси ила аввалги тартибда кўтаради. Тобут ўта эҳтиром билан кўтарилади.

Жанозадаги суннат амаллар қуйидагилар:

1. Жанозани тезлатиш.

2. Жанозага эргашиш.

Бу нарса уч амалдан: жаноза намозини ўқиш, қабргача бирга бориш ва дафндан ке­йин маййитнинг ҳаққига дуо қилишдан иборатдир.

3. Хушуъли бўлиб, ўлимни ўйлаб бориш.

Жанозада иштирок этаётган одам турли гапларни гапириши, кулиши ва дунё ташвишида бўлиши мумкин эмас. Шунингдек, овоз чиқармай борилади. Ичида зикр қилади ва ибрат олишга ҳаракат қилади.

4. Аёл кишининг тобути устидан каттароқ мато билан тўсилади.

5. Жанозада иштирок этувчилар тобутнинг орқасида борадилар.

6. Жаноза билан борганлар уни елкадан ерга қўйганларидан кейингина ўтирсалар, жоиз.

Жанозадаги макруҳ ишлар қуйидагилар:

1. Намоз ва дафнни ортга суриш.

Намозга одам кўпроқ тўплансин, деган ва шунга ўхшаш баҳоналар билан ҳам бу ишларни кечиктириб бўлмайди. Фақат маййитнинг яқин валийсини кутиш мумкин, холос.

2. Маййитни кўтариб келганлар тобутни елкаларидан қўймагунларича, ўтириб олиш ҳам макруҳ.

Тобут ерга қўйилганидан кейин эса тик туриш макруҳ. Тобутни кўтариб ўтаётганларини кўрган одам ҳам ўрнидан турмайди.

3. Қабристонга боришда маййит кўтариб борилгудай бўлса, иштирокчиларнинг бирор нарсага миниб боришлари макруҳ. Қайтишда улов минсалар, жоиз.

4. Жанозада иштирок қилувчиларнинг ғала-ғовур қилишлари, зикр, қироат ила овоз кўтаришлари ва бақир-чақир қилишлари жоиз эмас. Жанозада жим туриб, сукут сақланади. Ўлим ҳақида тафаккур қилинади.

5. Оловли нарсаларни кўтариб олиш, исириқ тутатиш каби ишлар ҳам мумкин эмас.

6. Жанозанинг ортидан аёлларнинг бориши ҳам макруҳи таҳримийдир.

7. Бошқа миллат ва дин вакиллари жанозада қиладиган амалларни, масалан, гулдаста кўтариб олиш каби ишларни қилиш ҳам макруҳдир.

Маййитни дафн қилиш ҳукми ва уни тезлатиш:

Маййитни дафн қилиш фарзи кифоядир. Жон узилиши билан уни дафн қилишга тайёрлашга шошилиш керак. Қабристонга дафн қилиш афзал. Қабристонларнинг афзалига дафн қилиш мустаҳабдир. Кўп аҳли солиҳлар ва шаҳидлар дафн қилинган қабристон афзал ҳисобланади.

Қариндошларни бир жойга қўйиш мустаҳабдир. Бу ишлар уларни зиёрат қилиш ва ҳақларига дуо қилишни осонлаштиради.

Қабрларнинг сифати ва уларни эҳтиром қилиш:

1. Қабрларнинг энг саёзи ҳидни ман қиладиган ва жасадни йиртқич ҳайвонлар еб кетишидан сақлайдиганидир.

2. Қабрни иложи борича чуқур ва кенг қилиш мандубдир.

3. Ҳанафий мазҳаби бўйича, қабрнинг чуқурлиги одамнинг кўкрагигача бўлгани афзалдир. Унинг узунлиги маййитнинг узунлигича бўлади. Кенглиги маййит бўйининг ярмича бўлса, яхши.

4. Лаҳад қилиб қазилган қабр шаққ(ёрма қабр)дан афзал эканига фуқаҳолар иттифоқ қилишган. Ер қаттиқ бўлса, лаҳад қилиш, юмшоқ бўлса, шаққ қилиш афзал, деганлар ҳам бор.

5. Дафнда ҳозир бўлган киши қабрнинг бош томонида туриб, унга уч сиқим тупроқ ташлаши мустаҳабдир. Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг шундай қилганлари ривоят қилинган.

6. Қабрнинг усти бир қарич миқдорида кўтарилади.

7. Қабрнинг усти туянинг ўркачига ўхшатиб кўтарилади.

8. Қабрни гипс билан суваш, устига бино қилиш, ёзув ёзиш, унинг ёнида ётиб қолиш, масжид қилиш, уни ўпиш, тавоф қилиш, унинг ёнида хушбўй нарса тутатиш, унинг тупроғидан шифо тилаш каби ишлар макруҳдир.

9. Қабрнинг устига майда тошлар, бир дона каттароқ тош қўйиб белгиланса, жоиз.

10. Қабрга чироқ қўйиш жоиз эмас.

Қабрларни эҳтиром қилиш тартиби:

Барча фуқаҳолар қабрларни эҳтиром қилиш суннат эканига иттифоқ қилганлар. Қабрларнинг эҳтироми қуйидагилардан иборат:

1. Қабрнинг устига ўтириб, устида юриб ёки қазои ҳожат қилиб бўлмайди. Ҳанафийлар: «Зарурат юзасидан, қироат қилиш учун ўтирса бўлади», дейишган.

2. Қабр ичида маййитнинг суяги борлиги гумон қилинса, уни очиб бўлмайди. Қабр қазилаётганда эски суяклар чиқиб қолса, уларни авайлаб кўмиб қўйилади. Зинҳор суяклар синдирилмайди.

Фақат зарурат юзасидан қуйидаги ҳолатлардагина қабрни очишга рухсат берилади:

– Маййит ювилмасдан ёки кафансиз кўмилган бўлса, ҳолати ўзгармай туриб, очса бўлади.

– Кафан ёки ер зўрлик билан тортиб олинган бўлса-ю, эгалари ҳақини олмай, ўзини берасан, деб туриб олганида.

– Бошқа маййитни кўмиш ёки жомеъ масжидни кенгайтириш учун зарур бўлиб қолса, эски қабрни очиш мумкин. Қабрдаги жасад чириб, тупроққа айланиб кетган бўлса, унинг ўрнига бино қурса ёки экин экса бўлади.

– Маййит билан бирга мол, тақинчоқ дафн қилинган бўлса ёки бировнинг моли тушиб кетган бўлса ва у талаб қилса, қабрни очса бўлади.

– Бировнинг гавҳарини ютиб юборган одам ўлса ва гавҳарнинг эгаси талаб қилиб туриб олса, ўликнинг қорнидан унинг гавҳари олиб берилади.

– Ҳомиладор аёл ўлса-ю, ичида боласи қимирлаб турса, унинг қорнини ёриб, бола олинади.

3. Дафндан кейин маййитни кўчириш мутлақо мумкин эмас. 

4. Қабрнинг устига сув сепиш мандубдир. Ҳўл шохларни ва райҳон каби нарсаларни қабр устига қўйиш суннатдир. Қабр устида ўсиб турган майса ва ўсимликларни қуримасдан олдин юлиш макруҳдир. Чунки ҳўл набототнинг тасбеҳидан маййитга фойда етиб туради.

5. Зарурат юзасидан бир қабрга биттадан ортиқ май­йитни қўйиш мумкин. Уларнинг афзали қиблага яқин қилиб қўйилади. Икки маййитнинг орасига тупроқдан тўсиқ қилинади.

Маййит чириб, тупроққа айланиб кетган бўлса, унинг қабрига бошқа маййитни қўйиш жоиз. Қабрдаги маййитнинг қай даражада чиригани ернинг хусусиятига боғлиқ бўлади. Бу ҳақда биладиган кишилардан сўралади.

Дафннинг ҳукмлари қуйидагилар:

1. Дафннинг кайфияти.

Жаноза (маййит) қабрнинг қибла тарафига қўйилади. Уни қабрга қўювчи ҳам қиблага қараган ҳолда бўлади ва қабрга аста қўяди. Қабр ичига маййит қибла томонидан киритилади. Уни қўювчи «Бисмиллаҳи ва ала миллати Расулиллаҳи» дейди. Маййитни қиблага юзлантирилади.

Маййитнинг бош ва оёқ тарафидаги кафан тарқалиб кетмаслиги учун боғланган боғичлар ечилади. Маййит ўнг тарафи ила юзини қиблага қаратиб ётқизилади.

Эркак кишини эркаклар қабрга қўядилар. Уларнинг адади чегараланган эмас. Энг ҳақли кишилар унга жаноза намозини ўқиш ҳаққига эга бўлган яқинларидир.

Аёлларни фақат маҳрамлари қабрга қўяди. Бошқалар, жумладан, гўрковлар аёлларни қабрга қўйишлари мутлақо мумкин эмас. Агар маҳрами бўлмаса, аёл кишилар, улар ҳам бўлмаса, дафнга қодир аҳли солиҳ, қари кишилар қўйишади.

Қабрда маййитнинг тагига бирор нарса солинмайди. Бошқа нарсалар, турли ёзувли нарсалар ҳам қўйилмайди.

Қабрнинг оғзига хом ғишт терилади. Пишган ғишт ва ёғоч қўйиб бўлмайди. Кейин устидан тупроқ тортилади. Қабр яқинида турганлар унга уч сиқимдан тупроқ ташлашлари мустаҳабдир. Бир гуруҳ одамларнинг дафндан кейин туриб, маййитнинг ҳаққига дуо қилишлари мустаҳабдир.

2. Дафн макони.

Аввал айтиб ўтилганидек, маййитни қабристонга дафн қилиш афзалдир. Маййит зиёратчиларнинг дуоларидан фойда олиб туради.

Мусулмон киши ғайримусулмонларнинг қабристонига, ғайримусулмон эса мусулмонларнинг қабристонига дафн қилинмайди.

Денгизда ўлган одамни қирғоққа олиб чиқиш имкони бўлмаса, ювиб, кафанлаб, намозини ўқиб, сувга туширилади.

3. Дафн муддати.

Маййитни кундуз куни, нафл намоз ўқиш макруҳ бўлмаган вақтда дафн қилиш афзалдир. Кечаси дафн қилиш ҳам жоиз.

4. Дафн пайтида айтиладиган нарса.

Маййитни қабрга қўяётган киши: «Бисмиллаҳи ва алаа миллати Расулиллаҳи соллаллоҳу алайҳи васаллам», дейди. Бошқа дуоларни қилса ҳам яхши.

5. Қабрни тўсиш.

Аёл кишининг дафни пайтида унинг қабри бирор мато билан тўсиб турилади.

6. Тобут ёки сандиқ ила дафн қилиш.

Ернинг сувли бўлиши, денгизга дафн қилишдан ўзга чора йўқлиги каби узрли ҳолатларда тобут ёки сандиқда дафн қилиш жоиз.

Дафндан сўнг дафн қилинган шахсга мағфират тилаб дуо қилинади. Имом Жалолиддин Суютий «Шарҳис-Судури бишарҳи ҳолил мавта вал қубури» китобларининг «Дафн пайтида айтиладиган нарсалар» бобида, жумладан, қуйидагиларни келтирадилар:

رَوَى الطَّبَرَانِيُّ عَنْ عَبْدِ الرَّحْمَنِ بْنِ الْعَلَاءِ بْنِ اللَّجْلَاجِ عَنْ أَبِيهِ، قَالَقَالَ لِي أَبِي اللَّجْلاَجِ أَبُوخَالِدٍيَا بُنَيَّ إِذَا مِتُّ فَأَلْحِدْنِي، فَإِذَا وَضَعْتَنِي فِي لَحْدِي، فَقُلْبِسْمِ اللهِ، وَعَلَى مِلَّةِ رَسُولِ اللهِ، ثُمَّ شُنَّ عَلَيَّ التُّرَابَ شَنًّا، ثُمَّ اقْرَأْ عِنْدَ رَأْسِي - بِفَاتِحَةِ الْبَقَرَةِ، وَخَاتِمَتِهَا - فَإِنِّي سَمِعْتُ رَسُولَ اللهِ r يَقُولُ ذَلِكَ.

 

Тобароний Абдурраҳмон ибн Алаа ибн Лажлаждан ривоят қилади:

«Отам менга:

«Қачон мени лаҳадимга қўйсанг, «Бисмиллаҳи ва ала миллати Расулиллаҳи (соллаллоҳу алайҳи васаллам)», дегин. Сўнгра устимга тупроқ тортгин. Кейин бош тарафимда Бақаранинг аввали ва охирини қироат қилгин. Мен Расулуллоҳ солаллоҳу алайҳи васалламнинг шуни айтганларини эшитганман», деди».

Жалолиддин Суютий раҳматуллоҳи алайҳи қуйидагиларни ёзади: «Мусулмонлар барча асрларда ҳеч қандай инкорсиз жамланиб, ўликларига қироат қилиб келмоқдалар. Демак, бу нарса ижмоъ бўлади».

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «У (Таборак сураси) ман қилувчидир. У нажот берувчидир. Унга қабр азобидан нажот беради», деганлар. Шунинг учун бизда дафндан кейин Таборак (Мулк) сурасини қироат қилиш одат бўлган.

Қабрларни зиёрат қилиш:

Аҳли сунна ва жамоа мазҳаби бўйича руҳ, яъни баёнга, нутқ қилишга ва хитобни фаҳмлашга қодир бўлган жон жасаднинг йўқ бўлиши билан йўқ бўлиб кетмайди. У мавжуд ҳолда бўлади. Ўлганларнинг руҳлари тўпланади. Азоб ва савоб ҳам руҳга, ҳам баданга бўлади. Руҳ бадандан ажраганидан кейин неъматланиши ёки азобланиши давом этади.

Маййитлар ўзларининг тирик яқинларининг ҳолини билиб турадилар. Уларнинг яхши ишларидан хурсанд, ёмон ишларидан хафа бўлишади.

Маййитлар ўзини зиёрат қилганларни билади ва у маъруф иш қилса, фойда, мункар иш қилса, озор олади.

Ҳанафий мазҳаби бўйича, қабрларни зиёрат қилиш эркак ва аёлларга мандубдир. Бошқа мазҳаблар: аёлларнинг қабрларни зиёрат қилиши жоиз эмас, деган.

Қабр зиёрати жума, шанба, душанба ва пайшанба кунлари бўлгани яхши. Зиёрат ва дуо тик турган ҳолда бўлади. Зиёратчининг Йасин сурасини қироат қилиши мандубдир.

عَنْ مَعْقِلِ بْنِ يَسَارٍ t قَالَقَالَ رَسُولُ اللهِ rاقْرَءُوهَا عَلَى مَوْتَاكُمْيَعْنِي رَوَاهُ أَحْمَدُ وَابْنُ مَاجَهْ وَأَبُو دَاوُدَ وَالْحَاكِمُ.

 

Маъқал ибн Ясар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ўликларингизга Йасинни қироат қилинглар», дедилар».

Аҳмад, Ибн Можа, Абу Довуд ва Ҳоким ривоят қилганлар.

Шунингдек, Фотиҳа сурасини, Бақара сурасининг аввалидан «муфлиҳун»гача, Курсий оятини, «Аманар-расулу»ни, Таборак сурасини, Такасур сурасини, «Қул аъузу бироббил фалақ» ҳамда «Қул аъузу бироббин-нас»ни уч мартадан ва Ихлос сурасини уч, етти ёки ўн бир марта ўқиса ҳам яхши бўлади. Қироатнинг савобини ўтганларга бағишлаб дуо қилинади.

Аёлларнинг зиёратига уларга хос йиғи-сиғи, ношаръий ишлар бўлмаслиги шарт қилинган.

Таъзия ва унга боғлиқ нарсалар:

«Таъзия» сўзи сабрга чақириш, тасалли бериш ва кўнгилни кўтариш маъноларини билдиради. Таъзия билдириш маййит аҳлига тасалли бериш, уларни сабрга чақириш, қазои қадарга рози бўлишга тарғиб қилиш ва ажр олишга ундаш ила бўлади.

عَنْ عَبْدِ اللهِ t، عَنِ النَّبِيِّ r قَالَمَنْ عَزَّى مُصَابًا فَلَهُ مِثْلُ أَجْرِهِرَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ وَابْنُ مَاجَهْ وَالْحَاكِمُ.

 

Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ким мусибатдаги одамга таъзия изҳор қилса, унга ўша (мусибатзадага) берилган ажрича ажр берилади», дедилар».

Термизий, Ибн Можа ва Ҳоким ривоят қилганлар.

Суннат бўйича, хоҳ дафндан олдин, хоҳ дафндан кейин бир марта таъзия изҳор қилинса бўлди. Умуман, мусибат етган одамга ҳамдардлик қилиш, таъзия изҳор этиш савобли иш.

عَنْ عَبْدِ اللهِ بْنِ أَبِي بَكْرِ بْنِ مُحَمَّدِ بْنِ عَمْرِو بْنِ حَزْمٍ، عَنْ أَبِيهِ، عَنْ جَدِّهِ، عَنِ النَّبِيِّ r أَنَّهُ قَالَمَا مِنْ مُؤْمِنٍ يُعَزِّي أَخَاهُ بِمُصِيبَةٍ إِلَّا كَسَاهُ اللهُ سُبْحَانَهُ مِنْ حُلَلِ الْكَرَامَةِ يَوْمَ الْقِيَامَةِرَوَاهُ ابْنُ مَاجَهْ.

 

Абдуллоҳ ибн Абу Бакр ибн Муҳаммад ибн Амр ибн Ҳазмдан, у отасидан, у бобосидан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Қайси бир мўмин биродарига мусибатида таъзия изҳор қилса, албатта, Аллоҳ унга қиёмат куни каромат кийимларидан кийдиради», дедилар».

Ибн Можа ривоят қилган.

Шунинг учун бошига мусибат тушган кишиларга таъзия билдиришга алоҳида эътибор бериш керак.

Таъзия дафндан кейин уч кунгача бўлади. Чунки Расулуллоҳ алайҳиссалом мотамнинг уч кун бўлишини таъкидлаганлар. Сафарда бўлган одам уч кундан кейин, келганидан сўнг таъзия билдирса ҳам бўлади.

Ҳанафий мазҳаби бўйича, таъзия учун масжиддан бошқа жойда уч кун ўтирса бўлади. Биринчи куни афзал. Таъзия асосан мусибат етган уйда бўлади.

Таъзияда турганлар ва унга келганлар хафаликни изҳор қилиб, ўлимни ўйлаб, ичларида зикр айтиб туришлари керак. Таъзияга келганлар Қуръони карим оятларидан тиловат қилиб туриб, дуо қилишлари яхши бўлади.

Аёллар эри ёки яқин қариндошлари вафот этганда, мотам тутишади.

«Мотам» – арабча «ҳидод» ёки «иҳдод» сўзининг таржимаси бўлиб, луғатда «хафалик учун зийнат ва унга ўхшаш нарсалардан ўзини ман қилиш» деганидир. Шаръий истилоҳда эса аёл кишининг махсус муддатда ва махсус ҳолатларда ўзини зийнат ва шунга ўхшаш нарсалардан ҳамда ўз уйидан бошқа жойда тунашдан ўзини ман қилиши мотамдир. Бундан шариатда эркакларга мотам тутиш буюрилмагани келиб чиқади.

Аёл киши эрига тўрт ою ўн кундан, эридан бошқа яқин қариндошларига уч кундан ортиқ мотам тутмайди.

عَنْ حُمَيْدِ بْنِ نَافِعٍ t قَالَأَخْبَرَتْنِي زَيْنَبُ بِنْتُ أَبِي سَلَمَةَ بِهَذِهِ الْأَحَادِيثِ الثَّلَاثَةِ قَالَتْدَخَلْتُ عَلَى أُمِّ حَبِيبَةَ زَوْجِ النَّبِيِّ r حِينَ تُوُفِّيَ أَبُوهَا أَبُو سُفْيَانَ، فَدَعَتْ بِطِيبٍ فِيهِ صُفْرَةٌ خَلُوقٌ أَوْ غَيْرُهُ، فَدَهَنَتْ مِنْهُ جَارِيَةً، ثُمَّ مَسَّتْ بِعَارِضَيْهَا، ثُمَّ قَالَتْوَاللهِ مَا لِي بِالطِّيبِ مِنْ حَاجَةٍ، غَيْرَ أَنِّي سَمِعْتُ رَسُولَ اللهِ r يَقُولُ عَلَى الْمِنْبَرِلَا يَحِلُّ لِامْرَأَةٍ تُؤْمِنُ بِاللهِ وَالْيَوْمِ الْآخِرِ تُحِدُّ عَلَى مَيِّتٍ فَوْقَ ثَلَاثِ إِلَّا عَلَى زَوْجٍ أَرْبَعَةَ أَشْهُرٍ وَعَشْرًارَوَاهُ الْخَمْسَةُ.

 

Ҳумайд ибн Нофеъ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Менга Зайнаб бинти Абу Салама ушбу уч ҳадиснинг хабарини берди. У:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг жуфти ҳалоллари Умму Ҳабибанинг олдиларига отаси Абу Суфён вафот этган пайтда кирдим. У сариқ рангли аралаш ёки бошқа хушбўй нарса келтиришларини сўради. Ундан бир қизчага суртиб кўрди-да, кейин ўзининг икки юзига суртиб туриб, «Аллоҳга қасамки, ҳозир хушбўй нарса суртадиган ҳолим йўқ, аммо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг минбардан туриб, «Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирган аёл учун бирор маййит учун уч кундан ортиқ аза тутиши ҳалол эмас. Фақат эрига тўрт ою ўн кун тутади», деганларини эшитган эдим», деди».

Бухорий, Муслим, Абу Довуд, Термизий ва Насаий ривоят қилганлар.

Аёл кишининг эридан бошқа яқин қариндошларига уч кун мотам тутиши бошқа ҳадисларда ҳам баён қилинган. Жумладан, Зайнаб бинти Жаҳш розияллоҳу анҳо онамизнинг акалари вафот этган пайтида худди Умму Ҳабиба онамизга ўхшаб йўл тутганлари саҳиҳ ривоятларда келган. Аёл кишининг эридан бошқага уч кундан ортиқ мотам тутишига рухсат йўқ.

Худди юқорида келтирилган ривоятнинг ўзи ва шунга ўхшаш ривоятларга биноан аёл киши эри ўлганда, тўрт ою ўн кун мотам тутади. Унинг мотами ва иддаси бирга ва бир хил муддатда бўлади.

Эри ўлган аёлга мазкур эр ҳурматидан, бирга ўтказилган никоҳли ҳаёт ҳурматидан мотам тутиш жорий қилинган. Зотан, никоҳ робитаси муқаддас робитадир. Бу боғланиш Аллоҳ таолонинг номи билан, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатлари билан, мусулмонларнинг гувоҳлиги билан қурилган боғланишдир ва ўзига яраша ҳурматга сазовордир. Мана шу нарсалар ҳурмати юзасидан вафот этган эрга мотам тутилади. Шунингдек, бу ишда марҳумнинг қариндошлари кўнглига қараш ҳам бор. Уларга вафот этган яқинларининг ёстиқдоши эрининг ўлимидан кейин ясан-тусан қилиб юриши оғир ботиши мумкин.

Буларнинг устига, никоҳ ҳар бир никоҳланган шахс учун улкан неъматдир. Ана ўша улкан неъматнинг завол бўлиши ҳар қанча мотамга арзийди.

عَنْ أُمِّ عَطِيَّةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهَا قَالَتْكُنَّا نُنْهَى أَنْ نُحِدَّ عَلَى مَيِّتٍ فَوْقَ ثَلَاثٍ إِلَّا عَلَى زَوْجٍ أَرْبَعَةَ أَشْهُرٍ وَعَشْرًا، وَلَا نَكْتَحِلَ وَلَا نَتَطَيَّبَ وَلَا نَلْبَسَ ثَوْبًا مَصْبُوغًا إِلَّا ثَوْبَ عَصْبٍ، وَقَدْ رُخِّصَ لَنَا عِنْدَ الطُّهْرِ إِذَا اغْتَسَلَتْ إِحْدَانَا مِنْ حَيْضِهَا فِي نُبْذَةٍ مِنْ كُسْتِ أَظْفَارٍرَوَاهُ الْخَمْسَةُ إِلَّا التِّرْمِذِيَّ.

 

Умму Атийя розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Биз бирор маййитга уч кундан ортиқ мотам тутишдан наҳий қилинган эдик. Фақат эрга тўрт ою ўн кун эди. Сурма қўймас, хушбўй нарса суртмас, бўёқли кийим киймас эдик. Фақат асли бўялган кийим бўлса, бўлаверар эди. Батаҳқиқ, қачонки бирортамиз ҳайзидан пок бўлганда ғусл қилса, бир оз Азфор кустига (хушбўй суюқликка) рухсат берилган эди».

Бухорий, Муслим, Абу Довуд ва Насаий ривоят қилганлар.

Бу ривоятда мотам тутаётган аёл қилмаслиги лозим бўлган: сурма қўймаслик, хушбўй нарса суртмаслик ва бўёқли кийим киймаслик каби баъзи амаллар ҳам зикр қилинмоқда. Уламоларимиз далил ва ҳужжатларни қунт билан ўрганиб чиқиб, аёл киши мотам тутиш давомида қилиши лозим бўлган қуйидаги амалларни баён этишган:

Мотамдаги аёл шариат ва урфда зийнатланиш – ясаниш дея эътибор қилинадиган ва бошқаларнинг эътиборини ўзига қаратадиган нарсалардан четда бўлади.

Мазкур нарсалар унинг баданига оид бўладими ёки кийимига ва тақинчоқларига оид бўладими, фарқи йўқ. Шунингдек, бошқа эрга тегишга оид бирор нарса бўлмаслиги керак. Эрининг уйида тунаши лозим.

Мотамдаги аёл баданига хушбўй нарсалар, ҳинно (хина), сурма, упа-элик, турли зийнат малҳамлари (кремлари) ва ушбуларга ўхшан нарсаларни суртмайди, сепмайди.

Фақат даво учун суртса бўлади. Хушбўйланмаган, тишларининг ораси очиқ тароқ билан сочини тараса бўлади.

Мотамдаги аёл мотам давомида одатда ясанишга мўлжалланган кийимларини киймайди.

Хусусан, гулли ва ранги эътиборни тортадиган кийимларни киймаслиги керак.

«Мотамдаги аёл мотам давомида қора ёки кўк рангдаги кийим кийиши керак» деган гаплар йўқ.

Аввалдан кийиб юрган кўк ёки қора рангли кийими бўлса ва урфда ясаниш ҳисобланмаса, кийса бўлади.

Мотамдаги аёл мотам давомида ясаниш учун тақиладиган барча тақинчоқларни тақиши мумкин эмас.

Мотамдаги аёл мотам давомида юқорида ман қилинганидан бошқа ишларни, шахсий озодаликка оид ювиниш, қўлтиқ ва бошқа жойларини тозалаш, уйни безаш каби ишларни бемалол қилаверади.

Мотамдаги аёл мотам давомида эри билан бирга яшаган уйда яшайди.

Уй ўзиникими, ижарага олинганми, бунинг фарқи йўқ.

عَنِ الْفُرَيْعَةِ بِنْتِ مَالِكٍ الْخُدْرِيِّ رَضِيَ اللهُ عَنْهَاأَنَّهَا جَاءَتْ إِلَى رَسُولِ اللهِ r تَسْأَلُ أَنْ تَرْجِعَ إِلَى أَهْلِهَا فِي بَنِي خُدْرَةَ، فَإِنَّ زَوْجَهَا خَرَجَ فِي طَلَبِ أَعْبُدٍ لَهُ أَبَقُوا حَتَّى إِذَا كَانُوا بِطَرَفِ الْقَدُومِ لَحِقَهُمْ فَقَتَلُوهُ، فَسَأَلْتُ رَسُولَ اللهِ r أَنْ أَرْجِعَ إِلَى أَهْلِي، فَإِنَّهُ لَمْ يَتْرُكْنِي فِي مَسْكَنٍ يَمْلِكُهُ وَلَا نَفَقَةٍ، فَقَالَ رَسُولُ اللهِ rنَعَمْفَخَرْجَتُ حَتَّى إِذَا كُنْتُ فِي الْحُجْرَةِ أَوْ فِي الْمَسْجِدِ دَعَانِي أَوْ أَمَرَ بِي فَدُوعِيْتُ لَهُ، فَقَالَكَيْفَ قُلْتِ؟ فَرَدَدْتُ عَلَيْهِ الْقِصَّةَ الَّتِي ذَكَرْتُ مِنْ شَأْنِ زَوْجِي، فَقَالَامْكُثِي فِي بَيْتِكِ حَتَّى يَبْلُغَ الْكِتَابُ أَجَلَهُقَالَتْفَاعْتَدَدْتُ فِيهِ أَرْبَعَةَ أَشْهُرٍ وَعَشْرًا، وَأَخْبَرْتُ عُثْمَانَ بِهَذَا فَاتَّبَعَهُ وَقَضَى بِهِرَوَاهُ أَصْحَابُ السُّنَنِ.

 

Фуройъа бинти Молик ал-Худрий розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«У киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига Бану Худрадаги ўз аҳлига қайтишни сўраб келди. Чунки эри қочиб кетган қулларини қувлаб бориб, Қаддум томонда уларга етиб олганида, улар томонидан қатл этилган эди.

«Шунда мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ўз аҳлимга қайтишимни сўрадим. Чунки у (эрим) менга ўзи молик бўлган маскан ҳам, нафақа ҳам қолдирмаган эди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам «Майли», дедилар. Мен чиқиб, ҳужрага ёки масжидга етганимда, у зот мени чақирдилар ёки (чақириб келишга) амр қилдилар. Мен у зотнинг ҳузурларига чақирилдим. У зот менга:

«Нима дединг? – дедилар. Мен эрим ҳақидаги қиссани у зотга такрорладим. Шунда у зот: – Токи Китобда ёзилган нарса – белгиланган муддат етгунча уйингда тур», дедилар.

Мен у ерда тўрт ою ўн кун идда ўтирдим. Бу ҳақда Усмонга хабар бердим. У ҳам шунга эргашди ва шунга биноан ҳукм чиқарди».

«Сунан» эгалари ривоят қилганлар.

Бу ҳадисда идда ҳақида сўз борган бўлса ҳам, аввал айтганимиздек, идда билан мотам бирга бўлади.

Маййитга йиғлаш ва шунга ўхшаш ишлар:

Маййитга овоз чиқармасдан, нолойиқ гапларни айтмасдан йиғлаш мумкин. Овоз чиқариб йиғлаш, дод-вой қилиш, ўзини уриш, кийимини йиртиш каби ишлар мутлақо мумкин эмас.

عَنْ أَبِي مُوسَى tأنَّ رَسُولَ اللهِ r بَرِئَ مِنَ الصَّالِقَةِ وَالْحَالِقَةِ وَالشَّاقَّةِرَوَاهُ الْخَمْسَةُ إِلَّا التِّرْمِذِيَّ.

 

Абу Мусо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бақириб йиғловчи, сочини олдириб ташловчи ва кийимини йиртувчи аёллардан юз ўгирганлар».

Бухорий, Муслим, Абу Довуд ва Насаий ривоят қилганлар.

Мусибат етиб, яқин кишиси вафот этганида, юқоридаги ҳадисда айтилган ишларни қилувчи аёллардан Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам воз кечганлар. Яъни, улар менинг умматим эмас, деганлар. Чунки мазкур ишларни қилувчилар Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг умматларига хос бўлмаган ишларни қилган ҳисобланади.

عَنِ الْمُغِيرَةِ t، عَنِ النَّبِيِّ r قَالَمَنْ نِيحَ عَلَيْهِ يُعَذَّبُ بِمَا نِيحَ عَلَيْهِرَوَاهُ الشَّيْخَانِ وَالتِّرْمِذِيُّ.

 

Муғийра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ҳаққига йиғланган киши ҳаққига йиғланган нарса билан азобланади», дедилар».

Бухорий, Муслим ва Термизий ривоят қилганлар.

Ўлган одамнинг орқасидан айтиб йиғлаш ўликка фойда бермайди, балки унинг қабрда азобланишига сабаб бўлади.

Ҳанафий мазҳаби бўйича, маййитга шеър ва бошқа услуб билан марсия айтиш мумкин, аммо мақтовни ҳаддан ташқари ошириб юбормаслик шарт. Мусибатзадалар сабр қилишлари, қазои қадарга рози бўлишлари ва ўтганларига дуода бўлишлари лозим.

Маййитнинг яқинлари унинг вафотини Аллоҳ таолонинг қазои қадари дея таслим бўлиб қабул қилишлари ва мусибатларига сабр қилишлари лозим.

Мусулмон одам яқин кишиси вафот этиб, мусибат етганида сабр қилади, Аллоҳга дуолар қилади, Аллоҳ таолонинг қазои қадарига рози бўлади. Мусибатга чидамай, бақириб йиғлаш, бидъат-хурофотга берилиб, сочини олдириб ташлаш ёки кийимларини йиртиш эса мушрика, кофира аёлларнинг ишидир.

Аллоҳ таоло Бақара сурасида марҳамат қилади:

«Улар ўзларига мусибат етса, «Биз Аллоҳникидирмиз ва биз Аллоҳга қайтувчилармиз», деганлардир. Ана ўшаларга Роббларидан салавотлар ва раҳмат бор. Ана ўшалар, ўшаларгина ҳидоят топганлардир» (156-157-оятлар).

Мусибатнинг энг катталаридан бири яқин кишиларнинг ўлимидир. Ким ана шундай мусибатга учраса, сабр қилган ҳолда «Инна лиллаҳи ва инна илайҳи рожиъун» дуосини айтса, мазкур даражага эришар экан.

عَنْ أُمِّ سَلَمَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهَا قَالَتْسَمِعْتُ رَسُولَ اللهِ r يَقُولُمَا مِنْ عَبْدٍ تُصِيبهُ مُصِيبَةٌ فَيَقُولُإِنَّا ِللهِ وَإِنَّا إِلَيْهِ رَاجِعُونَ، اللَّهُمَّ أْجُرْنِي فِي مُصِيبَتِي وَاخْلُفْ لِي خَيْرًا مِنْهَا، إِلَّا أَجَرَهُ اللهُ فِي مُصِيبَتِهِ وَأَخْلَفَ لَهُ خَيْرًا مِنْهَاقَالَتْفَلَمَّا تُوُفِّيَ أَبُو سَلَمَةَ قُلْتُ كَمَا أَمَرَنِي رَسُولُ اللهِ r، فَأَخْلَفَ اللهُ لِي خَيْرًا مِنْهُ رَسُولَ اللهِ rرَوَاهُ الْخَمْسَةُ إِلَّا الْبُخَارِيَّ.

 

Умму Салама розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Қайси бир бандага мусибат етганда, «Инна лиллаҳи ва инна илайҳи рожиъун. Аллоҳуммаъжурни фи мусийбати вахлуф ли хойром минҳа» деса, албатта, Аллоҳ унга ажр беради ва унга бунинг ўрнига яхшироғини беради», деганларини эшитдим. Абу Салама вафот этганида, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менга амр қилганидек айтдим. Аллоҳ менга унинг ўрнига ундан яхши зотни – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни берди».

Муслим, Термизий, Насаий ва Абу Довуд ривоят қилганлар.

Дуонинг маъноси: «Албатта биз Аллоҳникимиз ва албатта, Унга қайтувчимиз. Аллоҳим, менга мусибатимда ажр бергин ва унинг ўрнига яхшироғини бергин».

Маййитнинг аҳлига таом қилиб бериш:

Мусибатзадаларга уларнинг яқинлари ва қўшнилари таом тақдим қилишлари мустаҳабдир.

عَنْ عَبْدِ اللهِ بْنِ جَعْفَرٍ t قَالَلَمَّا جَاءَ نَعْيُ جَعْفَرٍ قَالَ النَّبِيُّ rاصْنَعُوا لِأَهْلِ جَعْفَرٍ طَعَامًا، فَإِنَّهُ قَدْ جَاءَهُمْ مَا يَشْغَلُهُمْرَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ وَأَبُو دَاوُدَ.

 

Абдуллоҳ ибн Жаъфар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Жаъфарнинг ўлими хабари келганда, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Жаъфарнинг аҳлига таом қилиб беринглар. Чунки уларни машғул қиладиган нарса келиб қолди», дедилар».

Термизий ва Абу Довуд ривоят қилганлар.

Дафндан кейинги биринчи уч кунда маййит аҳлининг бошқаларга таом қилиб бериши макруҳдир. Агар меросхўрлар ичида балоғатга етмаган болалар бўлса, бошқаларга таом қилиб бериш ҳаромдир.

Маййитга савоби етадиган нарсалар:

Маййитнинг дуо, истиғфор, садақа ва ҳаж каби баданий-молиявий ибодатлардан манфаат олишига барча уламолар иттифоқ қилишган.

عَنْ يَحْيَى بْنِ سَعِيدٍ أَنَّ سَعِيدَ بْنَ الْمُسَيَّبِ كَانَ يَقُولُإِنَّ الرَّجُلَ لَيُرْفَعُ بِدُعَاءِ وَلَدِهِ مِنْ بَعْدِهِوَقَالَ بِيَدَيْهِ نَحْوَ السَّمَاءِ فَرَفَعَهُمَارَوَاهُ الْإِمَامُ مَالِكُ.

 

Яҳё ибн Саъиддан ривоят қилинади:

«Саъийд ибн Мусаййаб: «Албатта, киши ўзидан кейин боласининг қилган дуоси ила (охиратдаги даражаси) кўтарилади», дер ва икки қўлини осмон томон кўтариб ишора қилар эди».

Имом Молик ривоят қилган.

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ t قَالَتُرْفَعُ لِلْمَيِّتِ بَعْدَ مَوْتِهِ دَرَجَتُهُ، فَيَقُولُأَيْ رَبِّ، أَيُّ شَيْءٍ هَذِهِ؟ فَيُقَالَوَلَدُكَ اسْتَغْفَرَ لَكَرَوَاهُ الْبُخَارِيُّ فِي الْأَدَبِ.

 

Абу Ҳурайрадан ривоят қилинади:

«Маййит ўлганидан кейин унинг даражаси кўтарилади. Шунда у:

«Эй Роббим, бу нимадан?» дейди.

«Боланг сенга истиғфор айтди», дейилади».

Бухорий «Адабул-муфрад»да ривоят қилган.

عَنِ ابْنِ عَبَّاسٍ t قَالَتُوُفِّيَتْ أُمُّ سَعْدِ بْنِ عُبَادَةَ وَهُوَ غَائِبٌ عَنْهَا، فَقَالَيَا رَسُولَ اللهِ، إِنَّ أُمِّي تُوُفِّيَتْ وَأَنَا غَائِبٌ عَنْهَا، أَيَنْفَعُهَا شَيْءٌ إِنْ تَصَدَّقْتُ بِهِ عَنْهَا؟ قَالَنَعَمْ، قَالَفَإِنِّي أُشْهِدُكَ أَنَّ حَائِطِي الْمِخْرَافَ صَدَقَةٌ عَنْهَارَوَاهُ الْبُخَارِيُّ وَالتِّرْمِذِيُّ وَالنَّسَائِيُّ.

 

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:

«Саъд ибн Убоданинг онаси у йўқлигида вафот этди. Шунда у:

«Эй Аллоҳнинг Расули, онам менинг йўқлигимда вафот этди. Агар унинг номидан бирор нарса садақа қилсам, унга манфаати бўладими?» деди.

«Ҳа», дедилар у зот.

«Сизни гувоҳ қилиб айтаманки, мевали боғим унга садақа бўлсин», деди».

Бухорий, Термизий ва Насаий ривоят қилганлар.

Ҳанафийларнинг кучли қавллари бўйича, қорилар қабрнинг олдида ўтириб қироат қилса бўлади. Бошқа жойлардаги қироатнинг савоби етиши ҳақида ҳам шубҳа йўқ. Чунки Қуръон қироати бўлган жойга раҳмат ва барака нозил бўлади. Қуръон қироатидан кейинги дуонинг қабул бўлиши осон. Тўрт мазҳабнинг барчаси Қуръон қироатининг савоби ўтганларга етишига иттифоқ қилган.

Бизда турли сабабларга кўра, хусусан, ўтган даврда дин таълимотларидан узоқлашиб кетиш оқибатида ўтганларни йўқлаш деганда, «уч», «етти», «йигирма», «қирқ», «эллик икки», «йил оши», «пайшанбалик» ва бошқа номлардаги худойи ва маросимлар тушуниладиган бўлиб қолган. Бу каби маросимлар кўзга кўринадиган, бировлар биладиган бўлгани учун, «одамлар гапирмасин», «маҳалла нима дейди» каби мулоҳазалар юзасидан ҳам қилинади. Яна бунда бошқаларга ўзини кўрсатиш имкони ҳам бор. Энг асосий омиллардан бири – осон қутулиш. Шу ишларни қилиб қўйиб, бурчни адо этдим, деган даъво қилинади.

Аслида эса маросим ўтказиш тирикларнинг вафот этганлар учун қиладиган ишлари рўйхатида энг охирги ўринда туради. «Уч», «йигирма», «қирқ», «йил» ва бошқа номлар билан аталадиган маросимлар эса шариатда умуман йўқ. Катта китобларда ҳам, кичикларида ҳам, арабчасида ҳам, ажамчасида ҳам бу номларнинг бирортасини топиб бўлмайди. Китобларда «Мотам муносабати ила қилинадиган таом «вазийма» дейилади» деган гап бор, холос. Лекин ўша вазийманинг куни, ҳажми, унга пишириладиган таомнинг тури ва бошқа нарсалари белгиланган эмас. Бундай эҳсонни киши ўзидан, оиласидан, қарамоғидагилардан орттирганида, балоғатга етмаган болаларнинг ҳаққини аралаштирмай, кўнгли истаган пайтда қилиши мумкин. Бунга турли бидъат-хурофотларни аралаштирмаслик шарт.

Ўтганларни, хусусан, ота-оналарни йўқлаш, руҳларини шод қилиш ва ортларидан савоб юбориш ҳақида сўз юритилар экан, қуйидаги ҳадиси шарифни ёдга олиш зарур бўлади.

عَمَّنْ سَمِعَ أَنَسَ بْنَ مَالِكٍ يَقُولُقَالَ النَّبِيُّ r إِنَّ أَعْمَالَكُمْ تُعْرَضُ عَلَى أَقَارِبِكُمْ وَعَشَائِرِكُمْ مِنَ الْأَمْوَاتِ، فَإِنْ كَانَ خَيْرًا اسْتَبْشَرُوا بِهِ، وَإِنْ كَانَ غَيْرَ ذَلِكَ قَالُوا اللَّهُمَّ لَا تُمِتْهُمْ حَتَّى تَهْدِيَهُمْ كَمَا هَدَيْتَنَارَوَاهُ أَحْمَدُ.

 

Анас ибн Моликдан эшитган кишидан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:

«Албатта, амалларингиз ўлган яқинларингиз ва қарин­дошларингизга кўрсатилур. Агар яхши бўлса, улар башорат олурлар. Агар бошқача бўлса: «Аллоҳим, бизни ҳидоят қилганинг каби ҳидоят қилмай туриб, уларни ўлдирмагин», дейишади».

Аҳмад ривоят қилган.

Демак, вафот этган ота-онамиз ва яқинларимизни ёдлашимиз йилда бир ёки икки марта ёзиладиган дастурхон пайтидагина эмас, ҳамиша, ҳар лаҳзада бўлиши лозим.

Валлоҳу аълам!