Қория

14:55 / 17.06.2021 | Nilufar | 427
Ассалому алайкум! Қуръонни китобга умуман қарамай ҳеч қаеридан адашмай ўқиса қория ҳисобланадими ёки ора-орада Мусҳафга қараб ёддан ўқиса ҳам қория ҳисобланадими?
Одинахон Муҳаммад Юсуф:

– Ва алайкум ассалом!

 «Қори» сўзи «қораа‑яқроу» (ўқимоқ) феълидан олиниб, қироат қилувчи маъносини билдиради. Қироат эса ўқиш, тиловат қилиш деган маъноларни англатади.

«Қори» сўзи баъзида унвон ҳисобланиб, қироат имомларига нисбатан қўлланилса-да, баъзан оммага қарата Қуръони Каримни бир бора ёд олган, ҳофизлик даражасига етмаган кишига нисбатан ҳам ишлатилади.

Қуръони Каримни ёд олган, унутмасдан қалбида ва тилида кўтариб юрган кишига нисбатан ҳофизи Қуръон сўзи ишлатилади. Бизда Аллоҳнинг каломини ёд олган кишига нисбатан «Фалончи Қуръони Каримни кўтарибди», деган иборанинг ишлатилиши ҳам шундандир.

Валлоҳу аълам!