Ассалому алайкум! 3 та фарзандим бор. Ўғлим Муҳаммад 9 ойлик. Жуда инжиқ ва жуда шўх. Алҳамдулиллаҳ намоз ўқийман. Охирги пайтда жуда иймоним сустлашиб кетяпти. Намозга ва Қуръон ўқишга ўзимда ҳафсала йўқдек. Кўпинча қазо қилиб, ухлаб қоламан. Қандай дуоларни ўқисам иймоним ўзига келади?
Ва алайкум ассалом!
http://fiqh.uz/index.php/fiqh-uz/dolzar . 71-vasvasa
Яна сизга қўшимча маълумот.
«Шайх ҳазратлари, мени қизиқтирган бир нечта саволларим бор, илтимос шуларга жавоб берсангиз.
Билишимча, инсон бадани озуқалардан, жисмоний тарбия ва машқлардан ривожланади, қувват олади. Руҳ-чи, руҳга нималар қувват бўлади? Мусибат, дард, фалокатлар руҳга қандай таъсир қилади, уни заифлаштирадими?
Заиф бадандаги руҳ ҳам заиф бўладими? Агар шундай бўлса, руҳни қандай чиниқтириш мумкин?
Масалан, одам оғир (тузалмас) бир дардга чалинса, шу касали туфайли руҳий тушкунликка тушиб қолмаслик учун нималар қилиши керак?
ЖАВОБ: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Руҳга иймон-эътиқод, илму маърифат, ибодат, Қуръон қироати, Аллоҳнинг зикри кабилар қувват бўлади.
Аллоҳ таоло инсонни икки борлиқдан – жисм ва руҳдан иборат қилди. Унинг жисмини тупроқдан яратди ва ушбу жисмнинг озуқасини ҳам тупроқдан қилди. Инсон истеъмол қилаётган барча нарсаларнинг келиб чиқиши ерга бориб тақалади. Аммо инсоннинг руҳини Аллоҳ таоло Ўз ҳузуридан пуфлади ва шунинг учун унинг озуқасини ҳам Ўзининг ҳузуридан – диний таълимотлари, самовий ваҳийларидан бўлишини ирода қилди.
Руҳ Аллоҳ таолони таниш, У Зотнинг таълимотларини ўрганиш, уларга ишониш, ихлос билан амал қилиш орқали озуқаланади, қувватланади. Уламоларимиз: «Руҳнинг асосий озуқаси илмдир, агар у уч кундан ортиқ ушбу озуқадан маҳрум қилинса, ҳалокатга юз тута бошлайди», деганлар.
Шунинг учун, ҳар бир мусулмон киши Аллоҳ таолони танишга, ундайдиган, иймон-эътиқодга олиб борадиган илмларни ўрганиб бориши, улардан узилиб қолмаслиги керак.
Иймон ва тақвога асосланмаган, хаёлий ва шаҳвоний туйғулар билан йўғрилган маълумотлар руҳни заифлаштирадиган, уни ўлдирадиган омиллардан ҳисобланади.
Бугунги кунда ҳамма ҳам жисмнинг соғлиги, бақувватлиги ҳақида қайғурмоқда, меҳнат қилмоқда. Кўпчилик кишилар ушбу мақсадда ҳар куни жисмоний тарбия учун маълум вақтини ажратиб ҳам қўйган. Айрим кишилар эса кунини мана шу маънодаги ҳаракатлар билан ўтказади. Жисмнинг тарбияси учун бу каби ҳаракатларни олиб бориш яхши, албатта. Аммо, ушбу ҳаракатлар баробарида руҳнинг тарбияси, унинг соғлиги хусусида ҳам керакли чораларни кўриб бориш керак. Бунинг учун эса, биринчи бўлиб, диний саводимизни, маърифатимизни оширишимиз ва ўрганганларимизга амал қилиб боришга ўтишимиз лозим.
Мусибат, дард, фалокатлар етган одамнинг эътиқоди суст, ақийдаси заиф бўлса, мазкур нарсалар унинг руҳига салбий таъсир қилади, уни заифлаштиради.
Заиф бадандаги руҳ ҳам заиф бўлади, деган гап тўғри эмас. Кўпгина бадани заиф кишиларнинг руҳи кўплаб жисмоний бақувват кишиларнинг руҳидан кучли бўлади.
Одам оғир (тузалмас) бир дардга чалинса, шу касали туфайли руҳий тушкунликка тушиб қолмаслик учун Аллоҳга бўлган иймонига суяниши керак. Дард берган Аллоҳ давосини ҳам беради, деган эътиқодда бўлиши лозим. Шу билан бирга, суннатдаги ана шундай ҳолатларда ўқиладиган дуоларни ўрганиб, ихлос билан ўқиб юриш керак. Валлоҳу аълам.»
«Зикр аҳлидан сўранг» 2- китобидан.