Фирқаларга бўлиниш

04:15 / 01.07.2021 | Salomat | 568

Ассалому алайкум! Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам "Менинг умматларим 73 фирқага бўлинади, улардан фақат бири нажот топади" деганлар, қолганлари дўзаҳийми?

«Билимсизликнинг шифоси» ҳайъати:

– Ва алайкум ассалом!

69- عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ t، عَنِ النَّبِيِّ r قَالَ: افْتَرَقَتِ الْيَهُودُ عَلَى إِحْدَى أَوْ ثِنْتَيْنِ وَسَبِعِينَ فِرْقَةً، وَتَفَرَّقَتِ النَّصَارَى عَلَى إِحْدَى أَوْ ثِنْتَيْنِ وَسَبْعِينَ فِرَقَةً، وَتَفَرَّقَتْ أُمَّتِي عَلَى ثَلَاثٍ وَسَبْعِينَ فِرْقَةً. زَادَ فِي رِوَايَةٍ: ثِنْتَانِ وَسَبْعُونَ فيِ النَّارِ وَوَاحِدَةٌ فِي الْجَنَّةِ وَهِيَ الْجَمَاعَةُ. رَوَى الثَّلَاثَةَ أَبُو دَاوُدَ وَالتِّرْمِذِيُّ.

69. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Яҳудийлар етмиш бир ёки етмиш икки фир­қага бўлиндилар. Насоролар етмиш бир ёки етмиш икки фирқага бўлиндилар. Менинг умматим эса етмиш уч фирқага бўлинади», дедилар».

Бошқа бир ривоятда:

«Етмиш иккитаси дўзахда, биттаси жаннатда. У – жамоатдир» ибораси зиёда қилинган.

Ушбу уч ҳадисни Абу Довуд ва Термизий ривоят қилганлар.

Шарҳ: Бу ҳадиснинг аввалида яҳудийлар ва насронийлар етмиш бир ёки етмиш иккитадан фирқага бўлинганлари айтилмоқда. Бу фирқалар маълум ва машҳурдирлар. Уларнинг залолатга кетишлари ҳам шундай. Ҳадиснинг давомида эса келажакда Ислом уммати етмиш уч фирқага бўлиниб кетиши ҳақида хабар берилмоқда. Минг афсуслар бўлсинким, бу гаплар юзага чиқди. Исломга эътиқод қилиб юрганлар ичида ҳам турли-туман фирқалар пайдо бўлди.

Кези келганда шуни таъкидлаб ўтиш лозимки, ушбу ҳадисда ва шу маънодаги бошқа ҳадисларда зикр қилинган фирқалардан мурод ақийдавий фирқалардир. Баъзи бир ҳаддидан ошганлар ўйлаганидек, фиқҳий мазҳаблар эмас. Чунки фиқҳий мазҳаблар ўз номи билан мазҳаб, фирқа эмас. Фиқҳда ихтилоф, бир-бирини кофир қилиш йўқ. Фиқҳда сиртдан хилоф бўлиб кўринган нарса аслида бир нарсани адо этишнинг турли кўринишлари, холос.

Эътиқоддаги бўлиниш эса фирқачилик деб номланади. Бунда ҳар бир фирқа бошқасини кофирга чиқаради. Уларнинг келишмовчиликлари тавҳид асослари, қазои қадар, Пайғамбарлик шартлари каби масалаларда бўлади. Ақийда китобларида ана ўша фирқаларнинг асосини қуйидаги олти фирқа ташкил этиши айтилган:

1. Рофизалар – шиъалар ва уларга тобелар.

2. Жаҳмия – Жаҳм ибн Сафвон Самарқандининг бузуқ ақийдавий фирқасига эргашганлар. Улар асосан Аллоҳ таолонинг сифатларини манфий қилиш, амалдан қолдириш билан машҳур бўлганлар.

3. Ҳарурия – Хаворижлардан бўлиб, Куфа яқинидаги Ҳаруро деган жойда турганлар. Улар гуноҳкор мўмин дўзахда абадий қолади, гуноҳи кабира қилган мўмин эса кофирдир, дейдилар.

4. Муржиъалар – «Калимаи тавҳидни тил билан айтиб, дил билан тасдиқласа бўлди, амалнинг кераги йўқ», деганлар.

5. Қадария – қазои қадарни инкор қиладиганлар.

6. Жабриялар – «Инсон ҳамма ишларини мажбур ҳолда қилади, унинг ихтиёри йўқ», деганлар.

Ушбу асосий олти фирқадан бошқа фирқалар ҳам тарқалган. Бу фирқалар ўзаро талашиб-тортишиб, жуда кўп зарарларга, бало-офатларга сабаб бўлганлар.

Имом Абу Довуд қилган ривоятдаги зиёдада Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Менинг умматимдан бир қавмлар чиқадики, ҳавойи нафс уларга худди қутуриш касали каби, ҳеч бир томирни қўймай киргандек киради», деганлар.

Ушбу зиёдада мазкур фирқаларнинг умумий­ сифатлари келтирилмоқда. Уларнинг барчаси ўз кибр-ҳавоси касалига учрайдилар. Худди қутурган ит тишлаб, қутуриб қолган одам ҳолига тушадилар. Тафриқачилик руҳи уларнинг то­мир­томирларигача сингиб кетади. Мўмин-мусулмонларни кофир қилишдан бошқа нарса кўзларига кўринмай қолади.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам буларнинг ҳукми қандай бўлишини ҳадиси шарифнинг охирида айтмоқдалар:

«Етмиш иккитаси дўзахда, биттаси жаннатда, у жамоатдир».

Яъни, Ислом умматида пайдо бўлган етмиш учта эътиқодий фирқадан етмиш иккитаси дўзахга, биттаси жаннатга тушади. Ўша жаннатга тушадиган фирқа жамоат фирқасидир. Яъни, мусулмонларнинг асосий оммасини жамлаб, Китоб ва суннатга амал қилувчи тоифадир. Бу саодатли тоифа «Аҳли сунна вал жамоа» номини олган, яъни эътиқод бобида суннатга мувофиқ иш кўрувчи ва мусулмонларнинг оммавий жамоасини бирлаштирувчи мазҳабдир.

Алҳамдулиллаҳ, бизнинг юртимиз мусулмонлари доимо шу мазҳабда бўлиб келганлар ва бундан буён ҳам шундай бўлиб қолиши учун ҳаракат қилмоқ лозим.

Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:

1. Яҳудийларнинг етмиш бир ёки етмиш икки фирқага бўлинганлиги.

2. Насороларнинг етмиш бир ёки етмиш икки фирқага бўлинганлиги.

3. Мусулмонларнинг етмиш уч фирқага бўлиниши.

4. Жамоатни ўзига жамлаган фирқанинг жаннатга тушиши.

5. Қолган етмиш икки фирқанинг дўзахга тушиши.

6. Аҳли сунна ва жамоа мазҳабини маҳкам ушлаш кераклиги.

Кейинги пайтларда залолатга кетган турли фирқалар Ислом номидан одамларнинг бошини айлантириб, ўз залолатларини тарқатмоқдалар. Қодё­ния, Баҳоия, Аҳмадия, Ҳабаш ва бошқалар шу жумладандир. Мусулмонлар қўзларини очиб, Аҳли сунна вал жамоадан бошқа ҳеч бир фирқага эргашмасликлари керак. Мусулмонларнинг тўқсон фоизидан ортиғи Аҳли сунна ва жамоадандирлар. Тўрт мўътабар фиқҳий мазҳаб имомлари ҳам, уларнинг атбоълари ҳам Аҳли сунна ва жамоадандирлар. Ким Аҳли сунна ва жамоадан бошқа фирқага эргашса, ушбу ҳадисда зикр қилинган балога гирифтор бўлади.

 Валлоҳу аълам!