Қалб қулфини ечиш

02:15 / 26.07.2021 | Ummu Shodiya | 467
Ассалому алайкум! Ёшим 25 да, оилалиман, 1та фарзандим бор. Шу ёшимгача бирор марта намоз ўқимадим, ўзим учун истиғфорлар айтмадим, лекин Аллоҳ менга ҳамма нарса берган, хатто шукрона айтмадим, қалбим жудаям қоронғу ва совуқ, борган сари дангаса бўлиб кетяпман. Намоз ўқишни жуда ҳам хоҳлайман, сураларни ёдлаганаман, лекин жойнамоз устига чиқолмайман. Ичимда нимадур кейин ўқийсан, деб йўлдан уради, қўлимга китоб олиб ўқишни бошлашим билан ухлаб қоламан. Уни устига турмуш ўртоғим билан жудаям кўп жанжаллашадиган бўлдик, итоат қилишим қийин, ҳўп бўлади, дегим келмайди. Ҳаётим фақат еб ичиш, ухлаш ва фарзандимга шунчаки қараш билан ўтиб кетяпти. Илтимос, маслаҳат беринг, нима қилай, қалбимни қулфини ечиш учун нима қилай? Жавобингиз учун раҳмат!
«Билимсизликнинг шифоси» ҳайъати:

– Ва алайкум ассалом!

Тавбанинг турлари:

1. «Иноба тавбаси» – Аллоҳ таолонинг қудратидан қўрқиб қилинган тавба.
2. «Истижоба тавбаси» – Аллоҳ таолонинг яқинлигидан уялиб қилинган тавба.
3. «Фосид тавба» – фақат тил билан қилинган тавба.
4. «Саҳиҳ тавба» – банданинг гуноҳ қилиши билан дарҳол ўзини билиб, ундан қайтиши.
5. «Насуҳ тавба».
Араб тилидаги «насуҳ» сўзи «холис», «жазм», «содиқ», «насиҳат қилувчи» маъноларини англатади. Демак, «тавбатан насуҳан» бирикмаси «холис тавба», «жазм тавба», «содиқ тавба», «насиҳатга тавба» маъноларини англатади.
Аллоҳ таоло бундай деб буюради:

يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا تُوبُوا إِلَى اللَّهِ تَوْبَةً نَّصُوحًا

«Эй иймон келтирганлар! Аллоҳга холис тавба қилинглар!» (Таҳрим сураси, 8-оят).
Насуҳ тавбанинг шаръий маъноси ҳақида кўпгина фикрлар ривоят қилинган. Жумладан, ҳазрати Умардан: «Тавбаи насуҳ нима?» деб сўралганда, «Кишининг ёмон ишдан қайтиб, сўнг унга абадий қайрилмаслигидир», деб жавоб берганлар.
Журжоний: «Насуҳ тавба олдинги гуноҳга қайтмасликка мустаҳкам азму қарор қилишдир», деган.
Таҳонавий : «Насуҳ тавба қалб амалларидан бўлиб, қалбни гуноҳлардан тозалашдан иборатдир. Унинг аломати банда маъсиятни ёмон кўриши ва қабиҳ санаши ҳамда ҳеч хотирига келтирмаслигидир», деган.
Тавба ва унинг шартлари ҳақида имом Нававий қуйидагиларни айтади:
«Ҳар бир гуноҳдан тавба қилиш вожибдир. Агар қилинган гуноҳ банда билан Аллоҳ таолонинг орасидаги иш бўлса, одам боласининг ҳаққига боғлиқ бўлмаса, тавбанинг тўғри бўлиши учун уч шарт бордир:
1. Маъсиятдан бутунлай ажраб чиқиш.
2. Уни қилгани учун надомат қилиш.
3. Абадул-абад уни қайтармасликка азму қарор қилиш.
Ушбу шартлардан бирортаси бўлмаса, тавба тўғри бўлмайди.
Агар қилинган гуноҳ одам боласининг ҳаққига боғлиқ бўлса, тўртинчи шарт – ўша одамнинг ҳаққидан қутулиш зиёда қилинади.
Ҳақ молу мулк ёки шунга ўхшаш нарса бўлса, уни эгасига қайтарилади.
Ҳақ шаръий жазога лойиқ иш бўлса, ўзини жазога тутиб беради ёки ҳақ эгасидан афв қилишини сўрайди.
Агар ҳақ ғийбат каби маънавий нарсаларда бўлса, мазлумдан ҳаққини ҳалол қилишини илтимос қилади.
Албатта, бунда тавба учун қилинаётган иш аввалгисидан кўра катта зарар келтирмаслиги шарт.
Барча гуноҳлардан тавба қилиш вожибдир. Агар баъзисидан тавба қилса, ўша гуноҳдан қилган тавбаси тўғри бўлади. Қолган гуноҳлари тураверади.
Тавба аслини олганда, олий мақомлардан биридир. Шунинг учун Аллоҳ таолонинг энг суюкли бандалари бўлмиш набийлар ва расуллар ҳам тавбани лозим тутганлар. Шайтон алайҳилаъна тавба қилмай, тавқи лаънатга учради. Одам алайҳиссалом тавба билан мукаррамликка эришдилар.
Аллоҳ таоло набийларнинг тавбалари ҳақида шундай деб марҳамат қилади:

وَإِذْ يَرْفَعُ إِبْرَاهِيمُ الْقَوَاعِدَ مِنَ الْبَيْتِ وَإِسْمَاعِيلُ رَبَّنَا تَقَبَّلْ مِنَّا إِنَّكَ أَنتَ السَّمِيعُ الْعَلِيمُ ۝ رَبَّنَا وَاجْعَلْنَا مُسْلِمَيْنِ لَكَ وَمِن ذُرِّيَّتِنَا أُمَّةً مُّسْلِمَةً لَّكَ وَأَرِنَا مَنَاسِكَنَا وَتُبْ عَلَيْنَآ إِنَّكَ أَنتَ التَّوَّابُ الرَّحِيمُ

«Иброҳим билан Исмоил: «Эй Роббимиз, биздан қабул эт, албатта, Сенинг Ўзинг эшитувчи, билувчи Зотсан», деб Байтнинг пойдеворларини кўтараётганини эсла.
«Роббимиз, икковимизни Ўзингга мусулмон бўлганлардан қил ва зурриётимизни ҳам Ўзингга мусулмон уммат қил, бизга ибодатларимизни кўрсат, тавбамизни қабул эт. Албатта, Сенинг Ўзинг тавбаларни кўплаб қабул этувчи, раҳмли Зотсан» (Бақара сураси, 127-128-оятлар).
Аллоҳ таоло солиҳ мўминларнинг сифатларини баён қилар экан, энг аввало уларнинг тавба қилувчилар эканини зикр қилади:

التَّائِبُونَ الْعَابِدُونَ الْحَامِدُونَ السَّائِحُونَ الرَّاكِعُونَ السَّاجِدونَ الآمِرُونَ بِالْمَعْرُوفِ وَالنَّاهُونَ عَنِ الْمُنكَرِ وَالْحَافِظُونَ لِحُدُودِ اللّهِ وَبَشِّرِ الْمُؤْمِنِينَ

«Улар тавба қилувчилар, ибодат қилувчилар, ҳамд айтувчилар, рўза тутувчилар, рукуъ қилувчилар, сажда қилувчилар, яхшиликка буюриб, ёмонликдан қайтарувчилар, Аллоҳнинг чегарасида турувчилардир. Ва мўминларга хушхабар бер!» (Тавба сураси, 112-оят).
Бу ояти каримада мўмин кишининг бир неча сифатлари зикр қилинмоқда, агар уларда бу сифатлар мавжуд бўлса, мўминлик шарафига эришадилар ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам берадиган хушхабарга ҳақли бўладилар. Чунки улар билиб-билмай содир этган ҳамма гуноҳларидан тавба қилиб қайтадилар. Гуноҳларига чин қалбдан афсус-надомат чекадилар ва уни иккинчи қайта такрорламайдилар.
Аслини олганда, билиб-билмай қилинган гуноҳлар учун истиғфор айтиш иймоннинг етук аломатидир.(“Хислатли ҳикматлар шарҳи” китобидан).

Балоғатга етган киши кунида беш маҳал намоз ўқиш шарт. Қиёмат куни биринчи бўлиб ҳисоб китоб қилинадиган амал намоздан бўлади. Ўша куни балоғатга етганингиздан бошлаб ўтган умрингизда қанча намоз ўқишингиз фарз бўлган бўлса, ҳаммаси ҳисобланиш учун тарозига солинади. Бордию бирор ракҳати кам чиқиб қолса ҳам иш чатоқ. Агар намозингиз ҳисоби яхши чиқса, бошқа ҳисобларинги ҳам яхши бўлади. Борди-ю акси бўлса –Аллоҳ кўрсатмасин-қолган ишларингиз ҳам яхши бўлмайди. Ўша куни намозларингиз ҳисоб қилинаётганида нима дейсиз? Қўйидаги ҳадиси шарифдан кейин бирор ракҳат намозингизни қолдирмайсиз, деган умиддаман. Валлоҳу аҳлам.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Одамларнинг қиёмат куни энг аввал ҳисоб-китоб қилинадиган амаллари намоздир. Аллоҳ азза ва жалла Ўзи билиб турса ҳам, фаришталарга:

«Бандамнинг намозига назар солинглар. Уни тугал қилдимикан ёки ноқис қилдимикан?» дейди. Бас, агар (намози) тугал бўлса, унга (намози) тугал, деб ёзилади. Агар ундан (намоздан) бирор нарса камайган бўлса, У зот:

«Назар солинглар, бандамнинг нафли бормикан?» дейди. Бас, агар нафли бўлса, «Бандамнинг нафл­ (намоз)идан фарзини тугал қилинглар», дейди.

Сўнгра закот ҳам шунга ўхшаш бўлади. Кейин ҳамма амаллар ана шунга ўхшатиб олинади», дедилар».

Абу Довуд ва Термизий ривоят қилганлар.

Термизий келтирган лафзда:

«Албатта, банданинг қиёмат куни энг аввал ҳисоб-китоб қилинадиган амали намозидир. Агар у (намоз) дуруст бўлса, батаҳқиқ, (банда) ютуққа эришади ва нажот топади. Агар у (намоз) фосид бўлса, батаҳқиқ, (банда) ноумид бўлади ва хусронга учрайди. Бас, агар унинг фарз намозидан бирор нарса камайиб қолса, Робб азза ва жалла: «Унинг фарзини нафлларидан тўлдиринглар», дейди», дейилган.

Шарҳ: Қиёмат куни отанинг бола билан, боланинг ота билан, онанинг қиз билан, қизнинг она билан, эрнинг хотин билан, хотиннинг эр билан иши бўлмайди. Ҳамма ўзи билан ўзи овора. Ҳамма У куннинг даҳшатидан титрайди. Ҳамма ўзининг ҳоли қандай бўлишидан хавфда бўлади. Ҳамма ҳисоб-китобни кутади. Ана шу пайтда бандаларнинг бу дунёда қилган амалларининг ҳисоб-китоби бошланади. Банда дастлаб намоздан сўралади:

«Сенга намоз фарз бўлганидан бошлаб қанча намоз ўқидинг?»

«Қанча намозни қазо қилдинг?»

«Қанча намозни тўлиқ ўқидинг?»

«Қанчасини ўз вақтида ўқидинг» ва ҳоказо.

Мана шунинг ўзи намознинг қанчалар аҳамиятли эканини яққол кўрсатиб турибди.

Келинг, ушбу улуь ҳадиси шарифдан чиқадиган фойдаларни бирма-бир ўрганайлик:

1. Қиёмат куни одамларнинг энг аввал ҳисоб-китоб қилинадиган амали намоздир.

2. Агар банда намозни бу дунёда ўз вақтида адо этган бўлса, у банда ютуққа эришади, нажот топади. Дўзах азобидан қутулиб, жаннатга киради.

3. Агар банда бу дунёда намозни ўқимаган ёки чала адо этган бўлса, шўри қурийди, у кунда ноумид бўлади, хусронга учраб, дўзахнинг қаҳридан жой олади.

4. Аллоҳ таоло Ўзи билиб туриб, фаришталарга:

«Бандамнинг намозига назар солинглар. Уни тугал қилдимикан ёки ноқис қилдимикан?» дейди.

Бу билан намозни тугал ўқиганларга иззат-ҳурмат кўрсатиш, қиёмат куни фаришталар ва бутун халойиқ олдида уларни шарафлаш бўлади. Шу билан бирга, намоз ўқимаганлар ва намозни тўлиқ ўқимаганларни шарманда қилиш юзага чиқади. Улар ўша кунда ҳамманинг олдида шармисору, хору зор бўладилар.

5. Фаришталар банданинг намозига назар соладилар. Агар намози тугал бўлса, «тугал» деб ёзиб қўядилар ва банданинг иши хурсандчиликка айланади.

6. Фаришталар назар солганида, агар намозидан бирор нарса кам бўлса, баҳзиси ўқилмаган ёки камчилик билан ўқилган бўлса, унинг нафл намозидан олиниб, ўша камчилик тўлатилади.

7. Бунда нафл намознинг аҳамияти намоён бўлмоқда. Шунинг учун нафл намозни кўпроқ ўқиш керак.

8. Нафл намози йўқларнинг аҳволи чатоқ бўлиши.

9. Закотни тўлиқ ва ўз вақтида беришга тар­ьиб.

10. Закотнинг ками бўлса, қиёмат куни нафл садақалардан ўрни тўлдирилиши.

11. Ҳамма фарз амаллардан камчилик бўлса, ўша амалларнинг нафлидан ўрни тўлдирилиши.

12. Нафл ибодатларга тарьиб.

Намозида камчилик бўлганларнинг ҳоли шу бўлса, умуман намози йўқларнинг ҳоли нима бўлишини ақли бор одам ўзи билиб олаверади.

Иш шундай бўлганидан кейин бир ракҳат фарз намозни ҳам қолдирмай, ўз вақтида яхшилаб ўқишимиз лозим. Бошқа вақтларда иложи борича кўпроқ нафл намоз ўқишга ҳаракат қилишимиз керак. Токи, қиёмат куни шарманда бўлмайлик. Ҳисоб-китобимиз аввалидан яхши бошлани­шига муяссар бўлайлик. Намозимиз тугал чиқиб, ютуққа эришиб, нажот топиб, жаннатга мушарраф бўлайлик.

Валлоҳу аълам!