Талоқ

01:17 / 28.07.2021 | Ummu Yusuuf | 1339

Ассалому алайкум! "Талоғинг ўзинг билан" дейишлик талоқ туширадими?

«Билимсизликнинг шифоси» ҳайъати:

– Ва алайкум ассалом!

Талоқни тафвийз қилиш ҳақидаги фасл

Хотиннинг талоғи ўзига топширилганда (бу нарса) уни билган мажлисига боғлиқ бўлади. Илло, «ҳар хоҳлаганингда», «вақтики, хоҳлаганингда» ва «қачонки хоҳлаганингда», деса, «агар хоҳласанг»га хилоф ўлароқ. Ва эр тафвийздан қайтмайди. Агар аёлдан ўзгага тафвийз қилса, мажлисга боғлиқ бўлмайди ва қайтиши мумкин. Мажлис туриш, кетиш, ўтган мавзуга оид бўлмаган гап ёки ишга киришиб кетиш билан ўзгаради.

Аёлнинг кемаси уйига ўхшайди. Уловининг юриши эса ўзининг юришига ўхшайди. Тафвийз нияти ила «Ихтиёр қил», деганда «Ихтиёр қилдим», деса, фақат бир боин талоқ тушади.

Икковларидан бирининг «нафс» сўзини зикр қилиши ёки эрнинг «Биттани ихтиёр қил», дейиши ва аёлнинг «Ихтиёр қилдим», дейиши шарт. Агар эр ўшани уч марта такрорласа ва хотин улардан бирини ихтиёр қилса, уч талоқ бўлади. Агар хотин: «Ўзимни бир талоқ қилдим» ёки «Ўзимга бир талоқни ихтиёр қилдим», деса, бир боин талоқ бўлади. Агар эр тафвийз ниятида «Ишинг ўз қўлингда», деса ва хотин ўзини талоқ қилса, боин талоқ тушади. Агар эр учни ният қилган бўлса, ҳаммаси тушади. «Бир талоқда ишинг ўзингнинг қўлингда», деганда ёки «Бир талоқни ихтиёр қил», деганда аёл ихтиёр қилса, ражъий талоқ тушади.

«Бугун ва эртага ишинг ўз қўлингда», деганда тун ҳам киради. Агар аёл ўша куни ихтиёрни рад қилса, ундан кейинга қолмайди. Агар эр «Бугун ва индинга», деса, собиқ икки ҳукм алмашади. «Ўзингни талоқ қил», деганда агар уч талоқни ният қилган бўлса, улар тушади, бўлмаса бир ражъий талоқ тушади. «Талоқ қил – учта», деганда аёл бир талоқ қилса, бир талоқ тушади ва аксинча бўлганда тушмайди.  

Агар эр боин ёки ражъийга буюрса-ю, аёл аксини қилса, эрнинг ирода қилгани тушади. «Агар хоҳласанг, талоқсан», деганда бевосита хоҳиш ёки борлиги билинган нарсага боғланган хоҳиш бўлиши шарт.  Аммо хотин «Агар сен хоҳласанг, мен ҳам хоҳладим», деганида эр «Мен хоҳладим», дейиши каби ҳали-ҳануз борлиги билинмаган нарсага боғланган хоҳиш бўлса, бўлмайди. 

«Ҳар хоҳлаганингда», деганида аёл тарқоқ ҳолда уч талоқ қилаверади. Ҳалол қилинганидан кейин қила олмайди. «Қандай хоҳласанг», деганида агар аёл ният қилса ва унинг нияти эрнинг ниятига хилоф бўлмаса, бир ёки уч боин талоқ тушади. Илло, бир ражъий талоқ тушади. «Учтадан хоҳлаганингни қўявер», деганида ундан ози тушади.

Энди «Мухтасари Виқоя»да келган матнларни шарҳ қилишга ўтайлик.

Хотиннинг талоғи ўзига топширилганда (бу нарса) уни билган мажлисига боғлиқ бўлади.

Эр талоқ қилиш ҳуқуқини хотиннинг ихтиёрига топширса, хотин эрининг олдида бўлса ҳам, бошқа ерда бўлса ҳам бу хабарни эшитган ёки билган заҳоти қарор қабул қилиши лозим. Хотин ўша жойнинг ўзида қарор қилмаса, ихтиёр унинг қўлидан чиқади. 

Мисол учун, эр ўз хотинига: «Ўзингни ўзинг талоқ қил», деса, аёл ўша гапни эшитган мажлисидан қўзғалмасдан туриб: «Ўзимни талоқ қилдим», деса, талоқ тушади. Аммо ўша ердан туриб кетса, бошқа ишга киришиб кетса, иш қўлидан чиқади ва кейин ўзини ўзи талоқ қилса, тушмайди.

لِمَا رَوَى عَبْدُ الرَّزَّاقِ فِي «مُصَنَّفِهِ» عَنِ ابْنِ مَسْعُودٍ t قَالَإِذَا مَلَّكَهَا أَمْرَهَا، فَتَفَرَّقَا قَبْلَ أَنْ يَنْقَضِي شَيْءٌ، فَلَا أَمْرَ لَهَا.

 

Абдурраззоқ ўзининг «Мусаннаф» номли китобида Ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан келтирган ривоятда:

 «Қачон аёлга ўз ишини топширганда, бир нарса бўлишидан олдин жойларидан туриб кетсалар, аёлнинг ихтиёри қолмайди», дейилган.

Бунга ўхшаш ривоятлар Жобир ибн Абдуллоҳ, ҳазрати Умар, ҳазрати Усмон ва бошқалардан ҳам ривоят қилинган.

Илло, «ҳар хоҳлаганингда», «вақтики, хоҳлаганингда» ва «қачонки хоҳлаганингда», деса, «агар хоҳласанг»га хилоф ўлароқ.

Яъни аёлнинг ихтиёри мажлисга боғлиқ бўлмайди, чунки бу лафзлар вақт учун умумийдир. Буларда «Ўзингни қай вақт хоҳласанг, талоқ қилавер» деган маъно бор. «Агар хоҳласанг»да эса умумий вақтга далолат қилмагани учун, аёлнинг талоқ қилиш ихтиёри хабар унга етгандаги мажлисига боғлиқ бўлади.

Ва эр тафвийздан қайтмайди.

Яъни талоқ қилиш хаққини хотинининг ихтиёрига бериб қўйган эр ўша гапидан қайтиши мумкин эмас. Чунки тафвийз қасам билан баробар. Қасам бажарилиши шарт нарса бўлгани учун ундан қайтиб бўлмайди.

Агар аёлдан ўзгага тафвийз қилса, мажлисга боғлиқ бўлмайди ва қайтиши мумкин.

Яъни эр ўз хотинини талоқ қилишни хотиндан ўзга кишига топширган бўлса, мазкур шахс хоҳлаган пайтида талоқ қилаверади. Унинг талоқ қилиш ҳаққи бу ҳақдаги хабарни эшитганидаги мажлисда бўлиши шарт эмас. Мазкур мажлисдами ёки ундан кейинми, хоҳлаган вақтида талоқ қилса бўлаверади. Чунки бундай шахс вакил бўлиб қолади. Вакилнинг эса ўзи истаган вақтда амрни бажаришга ҳаққи бор. 

Шунингдек, эр гапини қайтариб олса ҳам бўлади. Чунки бу ҳолатда у бировни ўз фойдаси учун иш қилишга вакил қилди. Ишни хоҳламай қолганида уни қилиш топшириқ берган одам учун зарар келтиради. Фойдани кўзлаган нарсада зарар кўриш эса мумкин эмас.

Мажлис туриш, кетиш, ўтган мавзуга оид бўлмаган гап ёки ишга киришиб кетиш билан ўзгаради.

Дейлик, эр ўзи билан ўтирган хотинига «Талоқ ихтиёрини ўзингга топширдим», деди. Шунда хотин ўша заҳоти «Мен ўзимни фалон талоқ қилдим», деса, ўша талоқ тушади. Аммо эрнинг гапидан кейин у индамай ўрнидан туриб кетса, талоқ қилиш ҳаққидан маҳрум бўлади. Чунки унинг ўрнидан туриши билан мажлис ўзгарди.

Эр юриб кетаётган хотинини тўхтатиб, унга «Талоқ ихтиёрини ўзингга топширдим», деди. Шунда хотин ўша заҳоти «Мен ўзимни фалон талоқ қилдим», деса, ўша талоқ тушади. Аммо эрнинг гапидан кейин у индамай юриб кетса, талоқ қилиш ҳаққидан маҳрум бўлади. Чунки унинг юриши билан мажлис ўзгарди.

Дейлик, эр ўзи билан ўтирган хотинига «Талоқ ихтиёрини ўзингга топширдим», деди. Шунда хотин ўша заҳоти «Мен ўзимни фалон талоқ қилдим», деса, ўша талоқ тушади. Аммо эрнинг гапидан кейин у индамай талоқдан бошқа мавзудаги гапни гапириб ёки ишни қилиб кетса, талоқ қилиш ҳаққидан маҳрум бўлади. Чунки унинг талоқдан бошқа мавзудаги гапни гапириб ёки ишни қилиши билан мажлис ўзгарди.

Аёлнинг кемаси уйига ўхшайди. Уловининг юриши эса ўзининг юришига ўхшайди.

Кемада кетаётган аёлга эри унинг талоғини ўзига тафвийз қилгани ҳақида хабар етса, кема унинг учун уй ўрнида кўрилади. «Гапни эшитганингдан кейин кема юрди, энди сенинг мажлисинг ўзгарди ва талоқни ихтиёр қилиш ҳаққинг тугади», дейиш мумкин эмас. Чунки кема аёлнинг ихтиёрисиз юради. Агар талоқнинг тафвийзи ҳақидаги хабар аёлга у улов устида турганида етса ва улови юриб кетса, ўзи юриб кетгани билан баробар бўлади ва мажлис ўзгарган деб эътибор қилинади. Чунки улов унинг устидаги шахснинг қисташи билан юради.

Тафвийз нияти ила «Ихтиёр қил», деганда «Ихтиёр қилдим», деса, фақат бир боин талоқ тушади.

قَالَ التِّرْمِذِيُّوَاخْتَلَفَ أَهْلُ الْعِلْمِ فِي الْخِيَارِ، فَرُوِيَ عَنْ عُمَرَ، وَعَبْدِ اللهِ بْنِ مَسْعُودٍ، أَنَّهُمَا قَالَاإِنِ اخْتَارَتْ نَفْسَهَا، فَوَاحِدَةٌ بَائِنَةٌ

 

Имом Термизий айтадилар:

«Аҳли илмлар хиёр ҳақида ихтилоф қилдилар. Умар ва Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинишича, икковлари: «Агар аёл ўз нафсини ихтиёр қилган бўлса, бир боин талоқ тушади», деганлар».

Икковларидан бирининг «нафс» сўзини зикр қилиши ёки эрнинг «Биттани ихтиёр қил», дейиши ва аёлнинг «Ихтиёр қилдим», дейиши шарт.

«Ихтиёр» сўзини ишлатиш билан хотинга талоқ қилишни тафвийз қилишда «нафс», яъни «ўзинг» ёки «ўзим» сўзи икки тарафдан бири томонидан ишлатилиши шартдир. Ёки «ихтиёр» сўзига талоққа ишора қилувчи қўшимча ҳам қўшилиши шарт бўлар экан. Масалан, «ихтиёринг ўзингда», деса ва хотин «ихтиёр қилдим», деб айтса, талоқ тушади.

Агар эр ўшани уч марта такрорласа ва хотин улардан бирини ихтиёр қилса, уч талоқ бўлади. Агар хотин: «Ўзимни бир талоқ қилдим» ёки «Ўзимга бир талоқни ихтиёр қилдим», деса, бир боин талоқ бўлади.

Яъни эр ўз хотинига «Ихтиёр қил, ихтиёр қил, ихтиёр қил», деса ва аёл «Аввалгисини ихтиёр қилдим» ёки «Ўртасини ихтиёр қилдим» ёхуд «Охиргисини ихтиёр қилдим», деса ҳам уч талоқ тушаверади. Аммо хотин ихтиёрга «бир талоқ» лафзини қўшса, бир талоқ тушади. 

Агар эр тафвийз ниятида «Ишинг ўз қўлингда», деса ва хотин ўзини талоқ қилса, боин талоқ тушади. Агар эр учни ният қилган бўлса, ҳаммаси тушади. «Бир талоқда ишинг ўзингнинг қўлингда», деганда ёки «Бир талоқни ихтиёр қил», деганда аёл ихтиёр қилса, ражъий талоқ тушади.

«Бугун ва эртага ишинг ўз қўлингда», деганда тун ҳам киради.

Яъни хотиннинг ихтиёр ҳаққи ўша кундан бошлаб кечаси ҳам ва эртасига қуёш ботгунча ҳам давом этади.

Агар аёл ўша куни ихтиёрни рад қилса, ундан кейинга қолмайди.  

Яъни эр талоқни хотинга тафвийз қилгандан сўнг ўша куни ихтиёр ҳаққини қайтарса, ўша вақтдан бошлаб хотиннинг ихтиёр ҳаққи қолмайди.

Агар эр «Бугун ва индинга», деса, собиқ икки ҳукм алмашади.

Яъни бу масалада кечаси ихтиёр ҳаққи бўлмайди ва хотин ихтиёр ҳаққини қайтарганда индинга ихтиёр ҳаққи қолади.

«Ўзингни талоқ қил», деганда агар уч талоқни ният қилган бўлса, улар тушади, бўлмаса бир ражъий талоқ тушади.

Яъни эр хотинига «Ўзингни талоқ қил», деганда ҳеч нарсани ният қилмаган, бир ёки икки талоқни ният қилган бўлса, бир ражъий талоқ тушади.

«Талоқ қил – учта» деганда аёл бир талоқ қилса, бир талоқ тушади ва аксинча бўлганда тушмайди.  

Яъни эр хотинига «Ўзингни уч талоқ қил», деганда хотин «Ўзимни бир талоқ қилдим», деса, бир талоқ тушади. Эр хотинига «Ўзингни бир талоқ қил», деганда хотин «Ўзимни уч талоқ қилдим», деса, талоқ тушмайди. 

Агар эр боин ёки ражъийга буюрса-ю, аёл аксини қилса, эрнинг ирода қилгани тушади.

Агар эр хотинига «Ўзингни боин талоқ қил», деганда хотин «Ражъий талоқ қилдим», деса, боин талоқ тушади. Агар эр хотинига «Ўзингни ражъий талоқ қил», деганда хотин «Боин талоқ қилдим», деса, ражъий талоқ тушади. Чунки талоқ асосан эрнинг ҳаққи. 

«Агар хоҳласанг, талоқсан» деганда бевосита хоҳиш ёки борлиги билинган нарсага боғланган хоҳиш бўлиши шарт. 

Яъни эр талоқни хотиннинг хоҳишига қўйиб, «Агар хоҳласанг, талоқсан», деганда хотин хоҳишини бирор нарсага боғлиқ қилмасдан, «Хоҳладим», дейиши шарт. Ёки «Агар хоҳласанг», деганда хотин «Кечаги кун ўтган бўлса ёки агар осмон тепамизда бўлса, хоҳладим» каби воқеликда мавжуд нарсага боғлаган бўлиши шарт. 

Аммо хотин «Агар сен хоҳласанг, мен ҳам хоҳладим», деганида эр «Мен хоҳладим», дейиши каби ҳали-ҳануз борлиги билинмаган нарсага боғланган хоҳиш бўлса, бўлмайди. 

Бундай ҳолатда тўғридан-тўғри талоқ тушмайди.

«Ҳар хоҳлаганингда», деганида аёл тарқоқ ҳолда уч талоқ қилаверади. Ҳалол қилинганидан кейин қила олмайди.

Яъни эр аёлига «Ҳар хоҳлаганингда талоқсан», деса, аёл ўзини бирданига уч талоқ қила олмайди. Чунки «Ҳар хоҳлаганингда» иборасининг маъноси шуни тақозо қилади. Аммо аёл уч талоқ бўлиб, бошқа эрга тегиб, у эр ўлиб ёки қўйворганидан кейин иддаси чиқиб, биринчи эрга қайтиб тегса, аввалги «Ҳар хоҳлаганингда» деган гапнинг кучи қолмайди.

«Қандай хоҳласанг», деганида агар аёл ният қилса ва унинг нияти эрнинг ниятига хилоф бўлмаса, бир ёки уч боин талоқ тушади. Илло, бир ражъий талоқ тушади.

Яъни эр хотинига «Сен қандай хоҳласанг, шундай талоқсан», деганида аёл бир талоқни ният қилса ва унинг нияти эрнинг ниятига тўғри келса, бир боин талоқ тушади. Уч талоқни ният қилса, уч талоқ тушади.

Мазкур гапдан кейин хотиннинг нияти бўлмаса ёки эрнинг ниятига хилоф ниятни қилган бўлса, бир ражъий талоқ тушади.

«Учтадан хоҳлаганингни қўявер», деганида ундан ози тушади.

Яъни икки ёки бир талоқ бўлиши мумкин. Уч талоқ бўлмайди.

 Валлоҳу аълам!