Ассалому алайкум! «Субҳаналлоҳи валҳамдулиллаҳи ва ла илаҳа иллаллоҳу валлоҳу акбар ва ла ҳавла вала қуввата илла биллаҳил алийул аъзим» тасбеҳи ҳар бир айтилганида жаннатда бир дарахт экилар экан. Жаннатда уй бино бўлиши учун ва сиддиқ -обид одамларга жаннатда қўшни бўлиш учун қайси сурани кўп ўқиш ва қайси тасбеҳни кўп айтиш керак ? Сиз Ҳазратдан қолган нур ва қоронғуликда биз учун чироқсиз. Сизни ва онангизни жуда яхши кўрамиз, кўрмаган бўлсак ҳам. Ин шаа Аллоҳ сизни кўриш насиб этсин. Жавобингиз учун аввалдан ташаккур
«Билимсизликнинг шифоси» ҳайъати:
Ва алайкум ассалом!
Умму Ҳабиба розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
«Қайси бир мусулмон банда ҳар куни фарздан ташқари ўн икки ракъат ихтиёрий намоз ўқиса, албатта Аллоҳ унга жаннатда уй қуриб беради», дедилар».
Умму Ҳабиба: «Шундан кейин уларни доимо ўқиб келмоқдаман», дедилар».
Бешовларидан фақат Бухорий ривоят қилмаган.
Термизий «Пешиндан олдин тўрт ва кейин икки ракъат, шомдан кейин икки ракъат, хуфтондан кейин икки ракъат, бомдоддан олдин икки ракъат»ни қўшимча қилган».
Ҳанафий мазҳаби мазкур ривоятни маҳкам ушлаб, ҳаётга яхшилаб татбиқ қилган мазҳабдир. Ушбу ҳадисда фарз намозларига тобе бўлган суннатларни қолдирмай ўқиб боришга қаттиқ тарғиб ва улкан ваъда бордир.
Солиҳларга қўшни бўлишга сабаб бўладиган маълум бир сура ёки тасбеҳлар йўқ. Аммо Аллоҳга ва Унинг Расули соллаллоҳу алайҳи васалламга итоат қилиш билан бунга эришиш мумкин.
«Ким Аллоҳга ва Расулга итоат қилса, бас, ана ўшалар Аллоҳ неъмат берган набийлар, сиддиқлар, шаҳидлар ва солиҳлар билан биргадирлар. Ва уларнинг рафиқлари қандай ҳам яхши! Бу – Аллоҳдан бўлган фазлдир ва билгувчиликда Аллоҳнинг Ўзи кифоя қилур» (Нисо сураси, 69-70-оятлар).
Ушбу оятни ўқиган ҳар бир кишининг қалбида Аллоҳга ва Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга итоат қилиш истаги туғилиши ва кучайиши турган гап. Чунки ўзини билган, ақли-ҳуши жойида ҳар бир одам учун набийлар, сиддиқлар, шаҳидлар ва омма мусулмонлар ичидан етишиб чиққан солиҳлар (яхши ишлари ила машҳур бўлган кишилар) билан бирга бўлишдан ортиқ бахт йўқ! Бу бирлик албатта, жаннатда бўлади. Жаннатдаги мақомлар ичида эса мазкур бахтиёр тоифаларнинг мақоми энг юксак мақомлардандир. Бу дунёда баъзи бир солиҳлар билан бир марта кўришиб қўйган, бирорта мажлисда бирга бўлган кишилар умр бўйи эслаб, фахрланиб юрадилар. Бу оятда зикр қилинаётган биргалик эса у дунёда бир эмас, барча набийлар, сиддиқлар, шаҳидлар ва аҳли солиҳлар билан абадий бўлади. Валлоҳу аълам