Ўқув тилини танлаш

02:35 / 08.08.2021 | gulyamova dilobar | 1174

Ассалому алайкум! Биринчи фарзандим, яъни қизим 4,5 ёшда. Ҳозирда боғчага ўзбек гуруҳга боради. Гапириши унақа яхши эмас, ҳарфларни яхши талаффуз қилолмайди. Тили чучукроқ. Боғчада логопедга чиқади. Ҳозир боғчада қўшимча инглиз тили курси очиляпти (пуллик). Шунга чиқадими деб тарбиячиси бувисидан сўрабди. Улар олдин тили яхши чиқиб олсин, кейин ўргансаям бўлади, дедилар. Қизим 5 ёшга тўлганда рус гуруҳига ўтказмоқчи эдик. Аммо буви-бувалари мактабга чиққанда ўзбек синфга чиқсин, рус синфда ўқиса тарбиясига таъсир қилади, ўғил бола ўқиса бўлади, қиз бола ўқиса "сурбетроқ" бўлади, дейишади. Логопед айтдики, келажакда қайси тилда ўқитсангиз боғчада ҳам ўша тилдаги гуруҳга борсин, деди. Мен иккиланяпман келажакда рус ёки ўзбек тилига беришга. Мен мақсадим қизларимни ўқитиб ҳам исломий ҳам дунёвий билимли қилиш. Қизим зеҳнли ўзи доктор боламан дейди.Мен рус тилидаги синфларда ва ўқишларда билим, ўқитиш ва талаб қилиш кучлироқ, деб ҳисоблайман. Кейинчалик уйдагилар ҳам мени тушуниб рус синфга қаршилик билдиришмайди, деб ўйлайман. Саволим, ҳозир тили яхши чиқмаган бўлса ҳам инглиз тили курсига берсам бўладими ва рус тилида ўқитсам ҳам тарбияси билан доим шуғулланиб турсам уйдагилар айтишгандай руслашиб ёки қандайдир шартаки ҳарактерли бўлиб кетмасмикин? Саволим нотўғри бўлса уср сўрайман. Болаларимни Аллоҳ фарз қилганидек илм талабида бўлишларини хоҳлайман. Шунинг учун ҳозирдан ҳаракат қилиш керак, деб ҳисоблайман. Сиздан саволим учун жавоб ва маслаҳатларингизни кутиб қоламан. Вақтингизни ажратиб жавоб берганингиз учун олдиндан раҳмат!

Педагог:

– Ва алайкум ассалом! Қизингизни яна бир логопед врачга кўрсатиб, маслаҳат олинг. Тили чучуклак айрим болаларда 4-5- синфларгача ҳам давом этади. Айниқса, "Р" товушини талаффузида  болалар кейинроқ тўғри талаффуз қилишади. Боланинг  қобилияти нимагалигини билиш учун турли йўналишларда синаб кўраверинг. Ингилиз тили машғулотларига ҳам қатнаштираверинг. Қизиққан соҳасини  топгунингизча сабр билан кузатинг. Мактабга  рус гуруҳига бермоқчи бўлсангиз  ҳозирданоқ рус гуруҳига ўтказинг. Бирданига  рус мактабга борган болаларнинг  айримлар жуда қийналади. Ҳеч нарсага тушунмай ўзлаштириши ёмон бўлади. Бола  асосий  тарбияни  оиладан олади. Тўғри, ўртоқлари  таъсири ҳам бўлади. Сиз устоз билан доимий алоқада бўлиб туришингиз лозим.
Агар  характерида салбий ҳолатлар сезилса, ўзбек гуруҳига ўтказиб оласиз. Лекин сиз болангиз билан  дарсларни ўзлаштириши учун жиддий шуғулланишинг лозим бўлади. Лекин  болангизни  ўзбек  гуруҳига  энг тажрибали устозга берсангиз, ўйлаганингиздан ҳам яхши натижа оласиз. Валлоҳу аълам!