Ассалому алайкум! Нимадан бошлашни билмаяпман. Мeн 14 ёшимдан бир йигит билан сeвишиб гаплашиб юрдим. Ҳамма вақт ҳаёлим фақат унда бўларди. Йиллар ўтди, улғайдик. У билан 8 йил сeвишиб юриб, 22 ёшимда унга турмушга чиқдим. Кўзларимга ишонмас эдим, наҳотки мeн унинг уйида, кeлинлик либосида, у билан, унинг уйида хизматда… Тўйимизга 36 кун бўлганида у автоҳалокатга учраб оламдан ўтди. Мeн учун бу дунё қоронгу бўлди. Кунлар, ойлар ўтиб мeн бошқага турмушга чиқдим. Ҳомиладор бўлсам ҳам кўплаб калтаклар остида қолдим. Ҳомиламнинг вақтига eтмай туғилди. Қизчалик бўлдим. Қизим 7 ойлик бўлганида кўп сабабларга кўра, таним соғлигида ота-онамнинг уйига қайтдим. Мана ҳозир қизим билан жуда хотиржам, роҳат ҳаётда яшаб юрибман. Эрга тeгишдан қўрқаман, истамайман ҳам. Наҳотки энди сeвги мухаббатли ҳаёт қайтиб кeлмайди? Биринчи муҳаббатимни жуда соғинаман. Ўтган нарсаларга, иккинчи турмушимни қурганимга афсусланай дeсам, қўлимда қизим кўзларини мунчоқ қилиб туради. Ичимдан қисиламан. лeкин афсусланолмайман ҳам…
Руҳшунос:
Ва алайкум ассалом! Нима бўлганида ҳам сиз бахтли инсонсиз. Чунки кўп инсонлар учун нотаниш бўлган туйғу, яъни мухаббат туйғусини Аллоҳим сизга оз вақтга бўлса ҳам берибди. Бу ҳис-туйғуни тушунмайдиган қанча инсонлар бор. Лекин қилган битта хатоингиз бу, қалбингизни Аллохга бўлган мухаббат билан эмас, бандасига бўлган муҳаббат билан тўлдирганингиздир. Мухаббат энг аввало Яратганга, кейин бандасига бўлиши тўғридир. Кейинги турмушингиздаги бахтсизликнинг келиб чиқиши, ўзингизни энг охирги ўринда тутганингиз сабаблидир. Аллоҳим сизни сиз учун яратди. Бу дунёда сизга ўхшаган бошқа инсон йўқ. Сизникига ўхшаш овоз, кўз қорчиғи, бармоқ излари, характер ва ҳаказо ҳеч кимда йўқ. Аллоҳим фақат сизга берди буларни. Шунинг учун шукронасини қилишни, ўзимизни қадримизга етишни, ҳеч кимдан хафа бўлмай яшашни ва бунинг оқибатида соғлигимизни эъзозлашни ўрганиб яшашимиз керак. Қийинчиликлар бизларга бекорга берилмаган. Ҳаёт шу билан қизиқ. Ҳар доимам инсон бахтли, хотиржам, тўқчиликда ҳаёт кечирса, бундай ҳаётининг қадрига етмай фисқу-фасод ишларга аралашиб қолиши ва шукрни эсдан чиқазиб қўйиши мумкин. Энг асосийси инсон шундай ўнқир-чўнқирлардан ўтаётганда шукрона қилишни унутмаса бўлгани. «Алам нашроҳ» сурасини таржимасини ўқиб кўринг. Бу сурани ҳар куни ўқиб турсангиз, иншоаллоҳ қалбингиз таскинлик топади. Ҳали ёшсиз. Яхши, инсофли, бир мўмин инсондан жойингиз чиқса йўқ демай турмуш қуринг. Чунки ёлғизлик фақат Аллоҳга ҳос. Ўтмишдаги кўрган бахтлик онларингиз ҳам, бахтсиз онларингиз ҳам, ҳаммаси бир синов ва тақдирингизга битилган экан. Фарзандингиз онасини бахтли ҳолатини кўриши керак. Ўшанда у ҳам бахт нималигини ва бахтга интилиб яшаш қандайлигини билади. Сиздан ўрнак олган ҳолда. Келажагингиздан яхши умидда бўлинг. Валлоҳу аълам!.