Мени ҳеч ким эшитмайди

21:40 / 19.05.2017 | Савол | 1850
Ассалому алайкум! Менинг исмим Обидхон, сизлардан бир нарсани сўраймоқчиман. Олдин ҳеч кимдан маслаҳат сўрамаганман лекин энди мажбурман. Мен дўстларим ва таниш-билишларим билан суҳбат қурганимда сўзларимга эътибор қаратишмайди. Қандайдир ғалати ҳолатга тушаман, мен гап бошласам эътиборсизлик қилишади. Нима учун шундай бўляпти? Илтимос мендаги камчиликни айтиб беринглар
Руҳшунос:
Ва алайкум ассалом! Сиздаги бу ҳис туйғулар «ўзига ишончини йўқотиш»дандир. Бундай ҳолат ўз-ўзидан пайдо бўлмайди албатта. Психология тили билан айтганда «ички энергиянгиз» камлиги сабабли келиб чиқадиган ҳодиса. Инсон бу синов дунёсига келар экан, ҳар хил қийинчиликлардан ўтиб, чархланиб, етук инсон бўлиб, нима учун бу дунёга келиб қолганини тафаккур қила бошлайди. Демак сизнинг ҳам ўз устингизда ишлаб, тафаккур қиладиган вақтингиз келибди. Ўзбекчиликда баъзи бир инсонларга «Салобати бор инсон» деб айтишади. Яъни, шу каби инсонлар илм-маърифати, донолиги, оқиллиги, бошқаларга қўлидан келганича яхшилик улашишдек сифатлари билан ажралиб туришади. Мана шундай инсонларни «Салобати» борлиги сезилади. Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф хазратларида шундай «салобат» бор эди. Ислом динимизнинг тарихини ўрганинг. Ўрганиш борасида Набий саллоллоҳу алайҳи васаллам ва саҳобаю киромларнинг ҳаёти давридаги қийинчиликлар ва уларнинг тутган оқил йўллари ҳақида кўп илмларга эга бўласиз. Ҳадисларни ёдланг, ичингиздан инсонларни ўзингизга жалб этувчи кучга, энергияга эга бўласиз. Сабаби, ким кўп илмли бўлса ва амал қилса, ўша инсон доно бўлади ва ҳар қандай вазиятда Аллоҳим мадад беради. Яна бир маслаҳатим кўп «Оятал курсий» ни ўқинг. Куч қувватга эга бўласиз. Таниш билишлар ўртасида камгап бўлинг. Кучингизни, энергиянгизни ва салобатингизни сақлаб қоласиз. Кўпроқ кузатувчи инсон бўлинг. Китоблардан «Зикр аҳлидан сўранг», » Тарихи Муҳаммад», «Саодат асри» ни ўқиб туришни маслаҳат қиламан. Ҳамда ҳар доим Яратганга шукрда бўлингки, офиятингиз зиёда бўлади ва хорлик, зорликдан йироқ бўласиз. Валлоҳу аълам!.