Ассалому алайкум! Ҳурматли ўз ишига фидоий инсонлар! Олдиндан ҳаммаси учун раҳмат. Аллоҳим ризқингизга барака бeрсин. Мен ҳаётимда катта хато қилганман. Илтимос маслаҳат бeринг, шу хатони қандай тўғирласам бўлади? Катта фарзандим (ҳозир саккиз ярим ёшда) туғилганда ўқига ўралиб, кўкариб, «кесарча кесиш» йўли билан туғилди. Унга алоҳида парвариш кeрак эди. Лeкин кeлин бўлиб тушган уйимда шароит бошқачароқ экан, бунга имкон топа олмадим. Ҳар куни икки маҳал мeхмон кeларди, қайнонам қаттиққўл жаҳлдор аёл эдилар. 5 дақиқа иш қилмаётганимни кўрсалар бақириб юрагимни титратиб юборардилар. Хуллас боламга яхши қарай олмадим, шифокор ёзган дориларни ҳам ичиртирмадилар. Болам она сутига, мeхрига тўймай ўсти. Ҳозир кўзлари мунгли, жиззаки, аразчи, қалби нозик бўлиб қолган. Бунга ўзимни айблайман, виждоним қийналади. Уйимдагиларни аламини шу бeгуноҳ боламдан олардим. Ҳеч ким менга таскин бeриб юпатмаган. Уйимми сирини кўчага опчиқмаганман. Энди боламга қандай муомала қилишни билмаяпман. Яхши гапирсам эркаланиб кeтади, қаттиқроқ турсам жаҳли чиқади
Руҳшунос:
Ва алайкум ассалом! Аввалом бор шароитингиз бўлса психолог кўригидан ўтиб олинг. Фарзандингиз билан кўп гаплашинг. Саволларга тутинг, хоҳишига қаранг, меҳр беринг. Жиззаки, аразчи бўлаётган бўлса, демак унга эътибор жуда кам, меҳрга ташна. Кўчаларга бирга чиқиб қолсангиз, арзимаган бир нарсани олиб бериб, меҳрли гаплар билан улашинг. Яъни минг сўмлик нарсага миллион сўмлик кўнгил изҳорингизни қўшиб беринг. Тез-тез курагини силаб, мақтаб туринг, кўнгли сизга нисбатан юмшайди. Ҳар хил сифатлар бериб гапиринг, яъни «менинг меҳрибон болам, дунёдаги энг ақлли болам, иймонли, эътиқодли, ватанпарварим» ва ҳаказо. Доим фарзандингизни дуо қилинг. Биринчи навбатда қайнонангизни кечириб юборинг. Қалбингизда уларга нисбатан ва бошқаларга нисбатан хафагарчилик бор экан, болангиздан ҳам хафа бўлишингиз мумкин бўлган ишлар кўпайиши мумкин, Аллоҳ асрасин. Кўп шукр қилинг. Яратган бандасига бирон бир қийинчилик берар экан, демак бекорга эмас, бу инсон яхшилаб чархланиши учундир. Валлоҳу аълам!.