Ассалому алайкум, Одинахон устоз, саломатмисиз? Сизга бир савол бермоқчиман, излаш хизматидан ҳам кўрдим, лекин менинг вазиятим сал бошқача, тўғриси, кўп ўйлаб қолдим, маслаҳат беринг, опажон. Ўзим Навоий вилоятиданман,Тошкентда университетда ўқийман, 3-курсга ўтдим. Июн ойида унаштиришганди. Қудалар тўйни яқинда қиламиз дейишяпти. 3-курсни битирганимдан кейин қилишмоқчи эди, лекин кута олишмаяпти. Гап шундаки, мен илм олишни, ҳали ўқишни истайман. Улар ўқишимни сиртқига ўтказишлари ёки ўзимизнинг вилоятга кўчиришлари мумкин. Лекин сиртқида ўқий олмайман, ўзимизнинг вилоят институтида коррупсия кўп, ўқитиш яхши эмас. Мен ўзимнинг университетимни яхши кўраман, у ерда ҳам диний, ҳам дунёвий илмларни ўргандим ва ўрганмоқдаман, устозларим, дўстларимни яхши кўраман. Бу ерда ўқиб, араб тилини ўрганиб, магистратурага матншунослик йўналишига топшириб, ўз соҳамнинг яхши мутахассиси бўлишни ният қилганман. Лекин тўй бўлса, турмуш ўртоғим бошқа ерда, мен бошқа ерда яшашимга тўғри келади ўқишим сабабли, бу жоизми? Турмуш қурсам, таʼлим олиш, ўқишга қийналиб қолишим мумкин деган ўйлар юради бошимда. Бу вазиятда қиз боланинг ҳам кўнглига, унинг мақсадларига қараш керак эмасми? Ёки тақдир деб ўз ниятларини 2-ўринга қўйиш керакми? Уйдагиларим мени ўз хоҳишим билан узатишмади, сал мажбурлаб, урушгандай бўлишиб менинг кўнглимга унчалик қарашмай совчиларга розилик бериб қўйишганди. Мен жуда кўп хафа бўлиб йиғлаб юргандим. Ҳозир ҳам бу одатимни қилиб тураман. Бу гуноҳлигини биламан, лекин барибир хафа бўлавераман. Илтимос, менга тўғри йўл кўрсатинг, мен катта гуноҳ қиляпманми? Тўйни кейинроқ қилишларини илтимос қиляпман, бунда ҳам хайрли ишни кечиктириб хато қилмоқдаманми? Устоз, сиздан Аллоҳ рози бўлсин! Менга маслаҳат беринг, нималар қилишим кераклигини ўргатинг, кўп ўйлайдиган бўлиб қолганман...
«Билимсизликнинг шифоси» ҳайъати:
– Ва алайкум ассалом! Сиз куёвни танлашга, ўқишингизни тамомлаб олишни шарт қилишга ҳаққингиз бор. Валлоҳу аълам!