Назрнинг каффороти

10:49 / 05.10.2021 | Makhamatyakhiiaeva Nazirahon | 572
Ассалому алайкум! Ҳурматли устоз! Бирор ишни қилишликда назр деб нийят килинса ва ўз вақтида қила олмаса назрнинг каффороти тўланади , - деган жавобингизни янада тўлиқроқ тушунтириб берсангиз, илтимос. Назрнинг каффороти қандай тўланади?
«Билимсизликнинг шифоси» ҳайъати:

– Ва алайкум ассалом! Назрнинг каффороти қасамнинг каффороти каби бўлади.

Аллоҳ сизларни беҳуда қасамларингиз учун тутмас. Лекин қасд ила туккан қасамларингиз учун тутадир. Бас, унинг каффороти ўз аҳлингизни ўртача таомлантириш миқдорида ўнта мискинга таом ёки кийим бериш ёхуд бир қул озод қилишдир. Ким топа олмаса, бас, уч кун рўза тутсин. Ана ўша, агар қасам ичган бўлсангиз, қасамингизнинг каффоратидир. Қасамларингизни муҳофаза қилинг. Аллоҳ сизга шундай қилиб Ўз оятларини баён этади. Шоядки, шукр қилсангиз.

Ушбу оятдан ҳалол-ҳаром фақат тановул қилинадиган таом, ичиладиган шароб ёки никоҳдагина эмас, балки ҳамма нарсада, ҳатто оғиздан чиқадиган, одамлар эътибор бермайдиган калималарда ҳам экани тушунилади. Демак, инсон фаолиятининг ҳар бир жабҳасида ҳалол-ҳаром бор. Ҳар бирига алоҳида ҳукм бор. Ўша ҳалол ёки ҳаромни аниқлаш ва ҳар бир ишнинг ҳукмини чиқариш фақат Аллоҳ таолонинг Ўзига хосдир. Бу ишга У Зотдан бошқа ҳеч ким аралаша олмайди. Инсонни йўқдан бор қилган – яратган Аллоҳ унинг қандай яшамоғи лозим эканини кўрсатиб беришга ҳам фақат Ўзигина ҳақли. Инсонга ризқ берган Аллоҳ ўша ризқнинг қайсиниси ҳалол ва қайсиниси ҳаром эканини аниқлашга ҳам фақат Ўзигина ҳақли. Инсонга ақл ва тил берган Аллоҳ ўша ақлни ишлатиб, ўша тил билан қандай сўзларни айтганини тутади-ю, қайсинисини тутмайди – Ўзи ҳукм қилади.

Ояти карима

«Аллоҳ сизларни беҳуда қасамларингиз учун тутмас» жумласи ила бошланмоқда. «Беҳуда қасам» деганда, тил ўрганиб қолган, беихтиёр гапга қўшилиб кетадиган қасам иборалари тушунилади. Бу ҳол айниқса, арабларда кўп учрайди. Уларда «валлоҳи», «биллоҳи» дейиш қасам ичишни англатади. Айтилиши ҳам осон. Сўз орасида ишлатавериб, ўзлари ҳам ўрганиб қолишган. Демак, ана шундай ҳолларда беихтиёр қасам лафзи оғзидан чиқса, Аллоҳ унинг учун тутмас экан. Айб ҳисоблаб, жазо чорасини белгиламас экан.

Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, исломий таълимотларда умуман, қасам ичишга тарғиб қилинмайди. Аввало, қасам фақат Аллоҳнинг номи билан ичилади. Бошқаси мумкин эмас. Ҳадеб Аллоҳнинг номи билан қасам ичавериш эса яхши эмас. Фақат шариатда кўрсатилган жойлардагина қасам ичиш зарур. Мисол учун, қозининг ҳузурида. Бошқа вақтларда қасам лафзларини ҳуда-беҳудага оғизга олавериш яхшиликдан эмас. Аммо бу кўрсатмаларга амал қилмай, бекордан-бекор қасам ичиб юборса, ушбу оятдан билинмоқдаки, Аллоҳ томонидан тайин қилинган жазо йўқдир. Лекин беҳуда қасам ичавериш кишининг жамиятда одобсиз, ишончсиз, эътиборсиз одам сифатида танилиб қолишига сабаб бўлиши мумкин.

Қасам ичишнинг Аллоҳ томонидан тутиладигани ҳам бор:

«Лекин қасд ила туккан қасамларингиз учун тутадир».

Бу жумлада қасамнинг маҳкамлиги ҳиссий таъбир ила баён қилинмоқда. Бунинг учун «қасд ила» иборасининг маъносига «туккан» ибораси ҳам боғланмоқда. Гўёки, қасам бир ҳиссий нарса-ю, уни маҳкамлаш учун тугиш мумкин бўлганидек. Бундан шу нарса келиб чиқадики, тутиш – айб санаш учун қасам қасд ва мустаҳкам ният ила ичилган бўлиши шарт экан. Ана шундай ҳолатда қасам ичувчи агар қасамхўр бўлса, яъни қасамини ўринлата олмаса, шариат бўйича унга нисбатан жазо чораси кўрилади.

«Бас, унинг каффороти ўз аҳлингизни ўртача таомлантириш миқдорида ўнта мискинга таом ёки кийим бериш ёхуд бир қул озод қилишдир».

Араб тилида «каффорот» сўзи бир нарсани яхшилиб, мутлақо кўринмайдиган қилиб тўсиб-беркитишга нисбатан ишлатилади. Шариатда эса содир этилган гуноҳни ювиш учун адо этиладиган молиявий ёки бадан ибодатига каффорот дейилади.

Қасам ичиб, унга амал қила олмай, қасамхўр бўлган инсоннинг адо этиши лозим бўлган каффороти, аввало, ўнта мискиннинг қорнини тўйдиришдир. Уларни тўйдиришдаги ўлчов – каффорот берувчининг ўз аҳлига – бола-чақасига берадиган бир кунлик ўртача таом миқдоридир. Агар таом беришни хоҳламаса, ўнта мискинга бир сидирға кийим-бош олиб беради. Кийим ҳам ўша вақтнинг, жойнинг ва урфнинг ўртача кийими бўлади. Учинчи жазо эса бир қул озод қилишдир.

Қасамхўрга каффорот учун белгиланган ушбу жазо чораларидан Ислом динининг бева-бечораларга, камбағал-мискинларга қанчалик эътибор билан қарагани яққол кўриниб турибди. Шунингдек, бу мукаммал ва оламшумул диннинг қулчиликка қарши бўлгани, қулларни озод қилишга қаттиқ урингани ҳам кўриниб турибди. Исломда бу ишлар гуноҳларни ювадиган ибодат даражасига кўтарилгани эътиборга сазовордир. Оғзига кучи етмайдиган, ўзига эътиборни қаратиш ва бир ишни албатта қилиш ёки қилмаслигини таъкидлаш мақсадида Аллоҳнинг номи ила қасам ичган одам аслида Аллоҳ таолога нисбатан катта беодоблик қилган бўлади. Бу ишнинг жазосига бошқачароқ чора белгилаш ҳам мумкин эди. Аммо Аллоҳ таоло айнан фақир-мискинларга ва қулларга меҳр кўрсатиб, уларнинг фойдасини кўзловчи чораларни белгилаган.

Оғзи бўш, иродасиз, ўзини бирор ишга ундаш учунгина қасам ичадиган шахсларнинг ҳаммаси ҳам ўнта мискинни тўйдирадиган ёки кийинтирадиган ёхуд бир қул озод қиладиган даражада молиявий имкониятларга эга бўлавермайди. Уларнинг орасида камбағаллари ҳам бўлиши мумкин:

«Ким топа олмаса, бас, уч кун рўза тутсин».

Демак, ундайларга енгиллик сифатида уч кун рўза тутиш амр этилмоқда. Ана ўшанда ўзига келади. Ваъз-насиҳат олади. Келгусида ҳар гапини яхши ўйлаб, гапирадиган бўлади. Аллоҳнинг номи ила қасам ичишдан олдин ўзига бир назар соладиган бўлади:

«Ана ўша, агар қасам ичган бўлсангиз, қасамингизнинг каффоротидир».

Яъни қасам ичган бўлсангиз-у, лекин унга амал қила олмай, қасамхўр бўлиб қолсангиз, юқорида зикр этилган жазо чораларини ўташ билан қасамхўрлик туфайли содир этилган гуноҳларингизнинг каффоротига (беркитилишига) эришасиз. Зотан, қасам ичиб, унга амал қилган одамга ҳеч қандай жазо чораси кўрилмайди. Шунинг учун агар қасам ичган бўлсангиз:

«Қасамларингизни муҳофаза қилинг. Аллоҳ сизга шундай қилиб Ўз оятларини баён этади. Шоядки, шукр қилсангиз».

Аллоҳ таолога қанча шукр қилинса, шунча оз. Содир этилган гуноҳнинг каффоротини кўрсатиб беришининг ўзи ҳар қанча шукрга арзигулик неъматдир. (Моида 89.)

Валлоҳу аълам!