Ассалому алайкум! Одамни ўтмишидаги гуноҳларини бошқа бир инсон юзига солиши тўғрими? Зотан у одам тавба қилган
«Билимсизликнинг шифоси» ҳайъати:
Ва алайкум ассалом!
Нотўғри. Бўлиб ҳам тавба қилган одамга нисбатан. Кимнинг оқибати қандай бўлиши Аллоҳга аён. Мусулмон бошқанинг айбини беркитишга буюрилган.
Аллоҳ таоло «Нур» сурасида:
«Аллоҳга барчангиз тавба қилинг, эй мўминлар! Шоядки, нажот топсангизлар», деган (31 – оят).
Аллоҳ таоло «Таҳрим» сурасида:
«Эй иймон келтирганлар! Аллоҳга насуҳ тавба қилинглар!» деган (8 – оят).
Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Эй одамлар! Аллоҳга тавба қилинглар! Мен ҳар куни Унга юз марта тавба қилурман», дедилар».
Муслим ва Термизий ривоят қилган.
Тавбанинг вожиблигига мусулмон уммати ижмоъ қилган.
Чунки гуноҳлар бандани Аллоҳ таолодан узоқлаштирувчи ва ҳалокатга олиб борувчидир. Шунинг учун ҳам улардан қочиш ва тавба қилиш вожиб бўлади.
Тавбани давомли равишда қилиш вожибдир. Зеро, банда ким бўлишидан қатъий назар гуноҳкордир. У аъзолари билан гуноҳ қилишдан сақланган чоғида ҳам, қалбида гуноҳни режа қилиши мумкин. Ундан ҳам сақланганда шайтоннинг васвасасига йўлиқиши бор. Бунга ўхшаш нарсалар анчагина.
Шунинг учун ҳам давомли равишда тавба қилиб туриш керак. Бу ўта муҳим ҳисобланади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам бу ишни қилиб турганлар.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Аллоҳга қасамки, мен бир кунда Аллоҳга етмиш мартадан кўп истиғфор айтиб, тавба қиламан», дедилар».
Бухорий ривоят қилган.
Банда балоғатга етганидан бошлаб содир этган маъсиятларини ҳам тафтиш қилиб аниқлайди. Мазкур маъсиятлардан ўзи билан Аллоҳ таолонинг ўртасидаги ишларга тавба қилиб, надомат чекади ва истиғфор айтади.
Кейин гуноҳларининг миқдорига назар солади. Улардан ҳар бирига муносиб яхши амал қилишга ўтади.
Каффорот ўрнига ўтувчи ҳасанот – яхшиликлар дил, тил ва бадан билан адо этилади. Дил билан тазарруъ ва ўзини зор тутиш, тил билан зулмни эътироф қилиб, истиғфор айтиш ва аъзолар билан садақа ва бошқа турли тоат-ибодатлар қилинади.
Аллоҳ таоло «Ҳуд» сурасида:
«Албатта, яхшиликлар ёмонликларни кетказади», деган (114 – оят).
Абу Зарр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менга:
«Қаерда бўлсанг ҳам, Аллоҳга тақво қил. Ёмонликка яхшиликни эргаштир. Бу уни ўчиради. Одамларга ҳусни хулқ ила муомала қил», дедилар».
Термизий ривоят қилган. Валлоҳу аълам!.