Намози аввобийн

02:42 / 22.11.2021 | Манзура | 592
Ассалому алайкум! Аввобийн намози қандай ўқилади? Ўқиш қоидалари қандай?
«Билимсизликнинг шифоси» ҳайъати:

– Ва алайкум ассалом! Бу намоз шом намозидан кейин ўқилади ва олти ракат бўлади. Аввал тўрт, кейин икки ракат ёки икки ракатдан қилиб ўқилади. Аллоҳ таоло Исро сурасида «Албатта, У зот аввобийнларни мағфират қилувчидир», деган (25-оят).
Имом Табароний Аммор ибн Ёсир розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда: «Ким шомдан кейин олти ракат ўқиса, гуноҳлари мағфират қилинур, агар денгизнинг кўпигича бўлса ҳам», дейилган.

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِي اللهُ عَنْهُ عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: مَنْ صَلَّى بَعْدَ الْمَغْرِبِ سِتَّ رَكَعَاتٍ لَمْ يَتَكَلَّمْ فِيمَا بَيْنَهُنَّ بِسُوءٍ عَدَلْنَ لَهُ بِعِبَادَةِ ثِنْتَيْ عَشْرَةَ سَنَةً. وَفَي رِوَايَةٍ: مَنْ صَلَّى بَعْدَ الْمَغْرِبِ عِشْرِينَ رَكْعَةً بَنَى اللهُ لَهُ بَيْتًا فِي الْجَنَّةِ. رَوَاهُمَا التِّرْمِذِيُّ.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: 
«Ким Шомдан кейин олти ракат намоз ўқиб, уларнинг орасида ёмон гап гапирмаган бўлса, бу унинг учун ўн икки йиллик ибодатга тенг бўлади», дедилар». 
Бошқа бир ривоятда: 
«Ким Шомдан кейин йигирма ракат намоз ўқиса, Аллоҳ унинг учун жаннатда бир уй бино қилур», дейилган. 
Икки ҳадисни Термизий ривоят қилган.
Шарҳ: Ушбу намоз ҳақида бошқа ҳадислар ҳам келган. Уларда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари ва саҳобаи киромлар бу намозни ўқиганлари ҳақида сўз боради.
Бу намоз «ғафлат» номи билан машҳур бўлган намоздир. Чунки кўпчилик бу намозни ўқимай ғафлатда қолади. Ушбу ғафлат намози ҳам таъкидланмаган қўшимча намозлардан ҳисобланади. Ким суннатга амални ният қилиб, уни ихлос билан ўқиса, иншааллоҳ, қилинган ваъдаларга эришади. Валлоҳу аълам!