Қиёматда Аллоҳни қандай ҳолатда кўрамиз?

04:31 / 02.12.2021 | Dilnoza | 512
Ассалому алайкум! Биз қиёмат куни маҳшар майдонига йиғилсак Аллоҳ ҳам дунё осмонига тушади, маҳшарга келади, шунга биз жаннатга кирсак Аллоҳнинг жамолини кўрамиз, қиёматда барча бандалар мўмин, кофир, мунофиқлар ҳам бўлади, шунда Аллоҳни қандай кўринишда кўрамиз?
Одинахон Муҳаммад Юсуф:

– Ва алайкум ассалом!  Аллоҳ таолони фақат жаннат аҳлидан бўлганлар кўради. Қандай кўринишда кўрилиши номаълум.

Аллоҳни кўриш масаласи

Ушбу масалада ҳам авваллари турли мазҳаб ва гуруҳлар ўртасида кўплаб тортишув бўлган. Ўша тортишувларнинг сояси ҳозирда ҳам бор. Бундай бўлишининг сабаби ҳам бор. Аллоҳ таолони кўриш ҳақида келган далиллар қатъий бўлмагани учун шундай бўлган. Шунинг учун ҳам бу масалада хилоф қилиш куфр ва муртадликка олиб боради, дейилмаган. Аммо бу масалада Аҳли сунна ва жамоанинг йўлидан чиқиш фисқ ҳисобланади.

Ақоид илми уламолари бу масалани учга бўлиб таҳлил қилганлар.

1. Аллоҳ таолони кўришни ақл жоиз деб ҳисоблайдими, йўқми?

Мўътазилийлар мазҳаби бўйича бандалар томонидан Аллоҳ таолони кўриш ақлан мутлақо жоиз эмасдир. Уларнинг фикрича, кўриш кўриладиган нарсанинг қорачиққа жойлашиши билан бўлади. Бунинг учун эса кўриладиган нарса маълум томондан чегараланиши лозим. Бўлмаса қорачиққа жойлашиши мумкин эмас. Ҳамма яхши биладики, Аллоҳ таоло жисм эмас ва У Зотни ҳеч бир жиҳат чегаралай олмайди. Бас, Аллоҳ таолони кўриш мутлақо мумкин эмас.

Аҳли сунна ва жамоа мўътазилийларнинг бу гапини қабул қилмайди ва ўз фикрини баён қилади.

Кўриш мўътазилийлар айтганидек, қорачиққа жойлашиш билан чегараланмайди. Балки ундан кўра кенгроқ ва шомилроқдир. Кўриш Аллоҳ таоло хоҳлаган вақтида, хоҳлаган шаклда бандага берадиган бир қувватдир. У орқали кўриладиган нарсанинг сурати мушоҳада қилинади. Бугунги кундаги кўриш кайфияти Аллоҳ таоло ато қилган кўплаб кайфиятлардан бири, холос. Аллоҳ таоло истаган пайтида истаган кўриш кайфиятини бандага ато қилишга қодир.

Шунинг учун Аллоҳ таоло жисм эмас ва У Зотни ҳеч бир жиҳат чегаралай олмайдиган бўлса ҳам, вақти келиб Аллоҳ таоло бандаларига Бадр кечасидаги тўлин ой каби кўриниши мумкин. Бу маъно саҳиҳ ҳадиси шарифларда ифода этилган. Ана ўшанда бандалар Аллоҳ таолонинг ҳақиқатини шубҳасиз кўрадилар.

2. Эшитилган далиллар Аллоҳ таолони кўриш охиратда бўлишини тасдиқлайдими?

Мўътазилий мазҳаби «Нақл қилинган далиллар бандалар Аллоҳ таолони кўришлари мумкин эмаслигига далолат қилади», деган фикрни олға сурадилар ва ўз фикрларини тасдиқлаш учун ҳужжат келтирадилар.

Аллоҳ таоло Аъроф сурасида қуйидагиларни айтган:

«Мусо мийқотимизга келиб, Робби унга гапирганида, У: «Роббим, менга (жамолингни) кўрсатгин, Сенга назар солай», деди. У Зот: «Мени ҳеч кўра олмассан. Лекин тоққа назар сол, агар у маконида собит тура олса, бас, Мени кўрасан», деди. Робби тоққа тажаллий қилганида, уни титилган ҳолга келтирди ва Мусо ҳушидан кетиб йиқилди. Ҳушига келгач: «Сен поксан, Сенга тавба қилдим. Мен мўминларнинг аввалгисиман», деди» (143-оят).

Ушбу ояти каримадан мўътазилийлар ўзларининг «Аллоҳ таолони кўриб бўлмайди» деган фикрларини тасдиқлаш учун учта далил чиқарганлар:

Аввало, Мусо алайҳиссаломдек улуғ пайғамбарнинг «Роббим, менга (жамолингни) кўрсатгин, Сенга назар солай» деган сўровига Аллоҳ таолонинг «Мени ҳеч кўра олмассан» деб жавоб бериши банда Аллоҳ таолони кўриши мутлақо мумкин эмаслигини билдиради.

Иккинчидан, Аллоҳ таолонинг Мусо алайҳиссаломнинг талабини «Лекин тоққа назар сол, агар у маконида собит тура олса, бас, Мени кўрасан», деб тоғнинг маконида туришига боғлаб қўйиши ва сўнгра тоғнинг маконида тура олмагани Аллоҳ таолони кўриш мумкин эмаслигини яна бир бор исботлади.

Учинчидан, мўътазилий муфассирлардан Замахшарий оятдаги «лан» ҳарфини «абадий манфий қилувчи омил» деб, банда Аллоҳ таолони абадий равишда кўра олмаслигини даъво қилган.

Мўътазилийлар ўзларининг банда Аллоҳ таолони кўриши мумкин эмаслиги ҳақидаги фикрларига иккинчи далил қилиб Анъом сурасидаги қуйидаги оятни келтирадилар:

«Кўзлар Уни идрок эта олмас, У кўзларни идрок этар. У ҳар бир нарсани дақиқ ва нозик жойларигача билувчидир, ўта хабардордир» (103-оят).

Мўътазилийлар: «Аллоҳ таоло бу оятда Ўзини кўзлар идрок эта олмаслигини, яъни кўра олмаслигини таъкидлаган», дейдилар. Аҳли сунна ва жамоа мазҳаби эса бир овоздан: «Аллоҳ таолони кўриш вожиб ва бунинг далиллари жуда кўп», дейдилар.

Аллоҳ таоло Қиёмат сурасида:

«У Кунда яшнар юзлар бордир – ўз Роббига назар солувчилардир», деган (22-23-оятлар).

Бу мўминлар ҳолатининг баёнидир. Яъни улар қиёмат кунида бахтга эришганлари юзларидан балқиб турган севинчларидан билинади ва улар ўша куннинг энг олий мақоми – Аллоҳнинг, ўз Роббларининг жамолини кўришга муяссар бўладилар.

Аҳли жаннат учун энг олий неъмат Аллоҳ таолонинг жамолини ҳижобсиз кўришдир. Ана ўша буюк неъматнинг ҳақиқатда бўлишига ушбу ояти карима далилдир.

Аҳли сунна ва жамоа мазҳабининг ақийдаси шудир.

Аллоҳ таоло Мутоффифун сурасида:

«Йўқ!!! Албатта, улар ўша кунда ўз Роббларидан тўсилганлардир», деган (15-оят).

Осийлар албатта, қиёмат куни Роббларини кўришдан тўсиладилар. Демак, улар тўсилсалар, тақийлар тўсилмайдилар. Аллоҳ таоло ўша кунда мўмин-мусулмон, тақводор бандаларга Ўз жамолини кўрсатади, бу ўша бандалар бахт-саодатининг олий нуқтаси бўлади.

Имом Субкийнинг «Ат-Тобақотул Кубро» китобида қуйидагилар келган:

«Робийъ раҳматуллоҳи алайҳи зикр қиладики, бир куни у Шофеъийнинг олдида ўтирган экан. У кишига Соъийд деган жойдан мактуб келди. Мактуб эгаси Аллоҳ таолонинг «Йўқ! Албатта, улар ўша кунда ўз Роббларини кўришдан тўсилурлар», деган қавли ҳақида сўраган экан. Бас, унга «Ғазаб қилгани учун бир қавмдан тўсилгани рози бўлгани учун бошқа қавм У Зотни кўришига далолат қилади», деб жавоб ёзди. Шунда Робийъ унга:

«Эй саййидим, шунга эътиқод қиласизми?» деди.

«Аллоҳга қасамки, агар Муҳаммад ибн Идрис ўз Роббини охиратда кўришига ишонмаганида, бу дунёда Унга ибодат қилмас эди», деди Шофеъий».

Бу маъно бошқа оятларда ва бир қанча ҳадиси шарифларда ҳам ўз ифодасини топгандир.

Имом Бухорий ва имом Муслим ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Албатта, сизлар ўз Роббингизни худди манави ойни кўраётганингиздек, аён кўрурсизлар», деганлар.

Имом Муслим ривоят қилган бошқа бир ҳадисда эса Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам жумладан:

«Бас, ҳижоб очилур, уларга Робблари таборака ва таолога назар солишдек маҳбуб ҳеч бир нарса берилмагандир», деганлар.

Аҳли сунна ва жамоа мазҳаби мўътазилийларнинг келтирган далиллари ўринсизлигини таъкидлайдилар ва уларга керакли раддияларни қиладилар.

Аллоҳ таолонинг Аъроф сурасидаги «Мени ҳеч кўра олмассан» деган қавли ҳақида Аҳли сунна ва жамоа: «Бу мўътазилийларга эмас, бизга далилдир. Бу гапдан Аллоҳ таолони кўриш мумкинлиги чиқади», дейдилар.

Аввало, Мусо алайҳиссаломдек улуғ пайғамбар Аллоҳ таолони кўриш мумкин бўлмаганида, У Зотдан Ўзини кўрсатишини сўрамаган бўлар эди. Албатта, Мусо алайҳиссалом Аллоҳ таоло ҳақида нима мумкин-у, нима мумкин эмаслигини мўътазилийлардан кўра яхши биладилар. Анбиёлар – маъсумлар, улар хато қилишдан сақланганлар. Аллоҳ таолонинг «Мени ҳеч кўра олмассан» дегани ўша сафардаги ҳолга муносибдир.

Иккинчидан, Аллоҳ таоло Ўзини кўришни «Лекин тоққа назар сол, агар у маконида собит тура олса, бас, Мени кўрасан», деб тоғнинг маконида туришига боғлаб қўйиши, мумкин нарсага боғлашдир. Тоғнинг маконида тура олиши мумкин нарса. Мумкин ишга боғланган нарсанинг бўлиши ҳам мумкинлиги ҳаммага равшан.

Замахшарийнинг оятдаги «лан» ҳарфини «абадий манфий қилувчи омил» дегани тўғри эмас. Араб тилида «лан» ҳарфи таъкид учун келади. Бунга бошқа оятларда кўплаб далиллар бор. Агар «лан» абадий манфийликни ифода этади, деганимизда ҳам, фақат бу дунё кўзда тутилган бўлади. У дунёда бандалар Аллоҳ таолони кўриши муқаррардир.

3. Аллоҳ таолони бу дунёда кўришни эшитилган далиллар тасдиқлайдими?

Бу саволнинг жавобида Аҳли сунна ва жамоа икки хил фикрни айтганлар.

Биринчи жавоб Оиша онамиз розияллоҳу анҳо бошлиқ бир гуруҳ саҳобаларнинг мазҳаби бўлиб, улар: «Одамлардан бирортаси ҳам ўлимидан олдин Аллоҳ таолони кўриши мумкин эмас», дейдилар.

Уларнинг ҳужжати имом Муслим Убода ибн Сомит розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадиси шариф бўлиб, унда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Билинглар, албатта, сизлар ўлмасингиздан олдин Роббингизни зинҳор кўрмассиз», деганлар.

Имом Бухорий ва бошқа муҳаддислар келтирган ривоятда Масруқ розияллоҳу анҳу қуйидагиларни айтадилар:

«Мен Оиша розияллоҳу анҳога: «Эй онажон! Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз Роббини кўрганмилар?» дедим. «Сен айтган гапдан сочим тикка бўлди! Уч нарсани сенга ким айтса, батаҳқиқ, ёлғон айтибди:

Ким сенга «Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам Роббини кўрганлар», деса, батаҳқиқ, ёлғон айтибди», деди ва «Кўзлар Уни идрок эта олмас, У кўзларни идрок этар. У Латифдир, Хобирдир» оятини қироат қилди.

Ким сенга у зотнинг эртага бўладиган нарсани билишларини айтса, батаҳқиқ, ёлғон айтибди», деди ва «Жон ўзининг эртага нима касб қилишини билмас» оятини қироат қилди.

Ким сенга у зотнинг бирор нарсани беркитганларини айтса, батаҳқиқ, ёлғон айтибди», деди ва «Эй Пайғамбар! Сенга Роббингдан нозил қилинган нарсани етказ»ни қироат қилди. «Лекин у зот Жаброил алайҳиссаломни ўз суратида икки марта кўрганлар», деди».

Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу бошлиқ бир гуруҳ саҳобалар олдинги гапга зид гапни айтганлар. Уларнинг ижтиҳодлари «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам меърожга чиққанларида Аллоҳ таолони кўрганлар», деган фикрга асосланган. Улар ўзларининг бу фикрларига Исро сурасидаги «Биз сенга кўрсатган рўёни фақат одамлар учун фитна қилдик, холос» деган оятни ҳам далил қиладилар.

Аммо тўғрисини айтганда, бу ояти карима ҳақида муфассирлар кўплаб таъвилларни келтирган бўлсалар ҳам, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Аллоҳ таолони кўрганлари ҳақидаги гапга унча рози бўлмаганлар.

«Шарҳи китоби ал Фиқҳул Акбар» номли китобда Мулло Али Қори раҳматуллоҳи алайҳи:

«Аҳли сунна ва жамоанинг ижмои шулки, У Зот таолони бу дунёда кўз билан кўриш ақлан жоиздир ва охиратдагиси нақлан ва самъан собит ва воқеъдир. Бу дунёда шаръан жоизлиги ҳақида ихтилоф қилдилар. Кўпчилик уни собит дедилар. Бошқалар инкор қилдилар. Сўнгра уни бу дунёда собит, деганлар воқеъ бўлишини у зот соллаллоҳу алайҳи васалламга Исро кечасида хос бўлган, дедилар. Бу эса уламолар ва авлиёлар ўртасидаги хилофли масаладир.

Тўғриси, у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз Роббларини қалблари билан кўрганлар, кўзлари билан эмас. Бу «Шарҳи ақоид» ва бошқа китобларда зикр қилинган», деган (Мана шу қавл Абдуллоҳ ибн Аббос ва бошқаларнинг қавлидир).

Бу масалада гап жуда кўп. Хулосаси шулки, ким Аллоҳ таолони бу дунёда кўзи билан кўрганини даъво қилса, у гапни бошқа маънога буришнинг иложи бўлмаса, унга таъзир берилади ва халқнинг ичида шарманда қилинади.

Аллоҳ таолони тушда кўриш масаласи ҳам қадимги китобларда атрофлича муҳокама қилинган. Кўпчилик, бу нарса кайфиятсиз, жиҳатсиз ва ҳайъатсиз равишда жоиз, деган.

Имом Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳидан «Роббул иззатни тушимда тўқсон тўққиз марта кўрдим», деганлари нақл қилинган. Кейин яна бир марта кўриб, тўлиқ юзта бўлган.

Имом Аҳмад ибн Ҳанбал раҳматуллоҳи алайҳидан қуйидагилар ривоят қилинади:

«У киши раҳматуллоҳи алайҳи тушда Аллоҳ таолони бир неча марта кўрган экан. Бир марта: «Агар яна Роббимни тушда кўрсам, бандани Роббига муқарраб қиладиган нарсани сўрайман», деб айтибдилар. Бас, у киши Аллоҳ таолони тушда кўриб:

«Эй Роббим, банда Сенга нима ила муқарраб бўлади?» деб сўрабди.

«Каломимни тиловат қилиш билан, эй Аҳмад!» деб жавоб берибди Аллоҳ.

«Маъносини тушунсами ёки тушунмаса ҳам-ми?» деб сўрабди.

«Маъносини тушунса ҳам, тушунмаса ҳам», дебди Аллоҳ таоло.

Ушбу далил илоҳиёт бобидаги маълумотларнинг охиргисидир. Бу ўзига хос равишда шаҳодат калимасининг «Лаа илааҳа иллаллоҳу» қисми ҳақида ақийдавий маърифат ҳосил қилишдир.

 Валлоҳу аълам!