Ҳадис

05:27 / 02.12.2021 | Шарофат Каримова | 232
Ассалому алайкум! Агар "Фарзанди қори ёки қория бўлса ота-онасига жаннатда тож кийдирилади", деган маънодаги ҳадис тўғрими?
Одинахон Муҳаммад Юсуф:

– Ва алайкум ассалом!

3272. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:

«Қиёмат куни Қуръон келиб:

«Эй Роббим! Унга сарпо кийдир», дейди.

Бас, унга каромат тожи кийдирилади.

Сўнгра у яна:

«Эй Роббим! Унга зиёда қил» дейди.

Шунда унга каромат сарпоси кийдирилади.

Сўнгра у яна:

«Эй Роббим! Ундан рози бўл» дейди.

Бас, У Зот ундан рози бўлади.

Сўнгра унга:

«Қироат қил ва кўтарилавер. (Сенга) ҳар бир оят учун бир ҳасана зиёда қилинади», дейилади».

Термизий саҳиҳ санад ила ривоят қилганлар.

Шарҳ: Ушбу ҳадиси шарифда бошқа ҳадиси шарифларда айтилган Қуръони Каримнинг ўзини ўқиган қорига шафоат қилишининг тафсилотларидан бири баён қилинмоқда.

Ҳа, Қуръони Карим қиёмат куни ўз қорисига каромат тожи кийдирилишига, каромат сарпоси кийдирилишига, Аллоҳ таолонинг ундан рози бўлишига ва жаннат мартабаларида кўтарилишга ёрдам берар экан.

Шунинг учун ҳам Қуръони Каримни иложи борича кўпроқ ўқишга, кўпроқ ёд олишга, кўпроқ ўрганишга ва унга кўпроқ амал қилишга ҳаракат қилмоқ лозим.


3273- وَلِأَبِي دَاوُدَ: مَنْ قَرَأَ الْقُرْآنَ وَعَمِلَ بِمَا فِيهِ أُلْبِسَ وَالِدُهُ تَاجًا يَوْمَ الْقِيَامَةِ، ضَوْءُهُ أَحْسَنُ مِنْ ضَوْءِ الشَّمْسِ فِي بُيُوتِ الدُّنْيَا لَوْ كَانَتْ فِيكُمْ فَمَا ظَنُّكُمْ بِالَّذِي عَمِلَ بِهَذَا.

3273. Абу Довуднинг ривоятида:

«Ким Қуръонни ўқиса ва ундаги нарсага амал қилса, унинг ота-онасига қиёмат куни тож кийдирилади. Агар у орангизда бўлса эди, унинг зиёси бу дунё уйларидаги қуёшнинг зиёсидан ҳам яхшироқ бўлар эди. Энди бунга амал қилганга нима бўлишини ўзингиз билиб олаверинг», дейилган.