Фалсафа

22:35 / 26.07.2017 | Hadisa.1 | 1321
Ассалому алайкум! Фалсафа ақийдага ўхшаган фанми? Ёки барча илмларни ўз ичига олган фанми?
«Билимсизликнинг шифоси» ҳайъати:
Ва алайкум ассалом! Фалсафа умумий илм. Ақида Ислом динига оид.

АҚИЙДА НИМА?
«Ақийда» сўзи арабча «ақада» феълидан олинган бўлиб, бир нарсани иккинчисига маҳкам боғлаш маъносини англатади. Бу сўзнинг жаъми (кўплик шакли) «ақоид» бўлади. Ислом ақийдаси мусулмон инсонни маълум бир нарсалар билан маҳкам боғлаб турадиган эътиқодлар мажмуъасидир.
Аслида бирор нарсага эътиқод қилиш учун уни ҳеч қандай шубҳа қолдирмайдиган даражада яхши билиш керак. Бунинг учун аввало ўша нарсани идрок қилиш керак. Кейин эса ўша ҳиссий идрок илмий маърифатга айланиши лозим. Сўнгра замон ўтиши, бошқа далилларнинг собит бўлиши ила ўша илмимиз тасдиқланади ва унга бўлган ишончимиз кучли бўлади. Мазкур илмга бўлган ишонч онгимизда мустаҳкам равишда қарор топганидан сўнг у бизнинг ақлимизга ва қиладиган ишларимизга ўз таъсирини ўтказадиган бўлади.
Қачонки маълум бир илм бизнинг фикримизга айланиб, ҳис туйғуларимизни йўллайдиган ва ҳаракатларимизни бошқарадиган ҳолга етганда ақийдага айланган бўлади. Демак, ақийда илмга асосланган бўлиши лозим.
АҚОИД ИЛМИНИНГ ТАЪРИФИ
Уламоларимиз ақоид илмини турлича таъриф қилганлар. Баъзи мисолларни келтирамиз.
«Фалсафатут тавҳид ав ашрафул мақосид» номли китобнинг соҳиблари Аҳмад Ибн Муҳаммад ибн Муҳаммад ал-Валалий ал-Микносий:
«У яқийний - ўта ишончли далиллардан диний ақийдаларни касб қиладиган илмдир», дейди.
«Мавоқиф» китобининг соҳиби Абдуроҳман Аҳмад Абдулғаффор ал-Ийжий:
«У ҳужжатлар келтириш, шубҳаларни рад қилиш йўли билан диний ақийдаларни исбот қилишга қодир бўладиган илмдир», дейди.
Имом ўаззолий ўзларининг машҳур «Эҳёу Улумиддин» номли китобларида:
«Ақоид тавҳид идрок этиладиган, Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг зоти ва сифатлари билинадиган илмдир», деганлар.
Аш-Шариф ал-Журжоний ўзининг «Ал-Мавоқиф»га қилинган шарҳида:
«Калом бир илмдирки, унда Ислом қонуни асосида Аллоҳ таолонинг зоти ва сифатлари ҳақида ҳамда бошланиш ва қайтарилиш каби мумкинотлар аҳволи ҳақида баҳс қилинади», деган.
Муҳаммад Абдуҳ ўзининг «Рисолатут Тавҳид» китобида:
«Ақоид» бир илмки, унда Аллоҳнинг мавжудлиги, Унга қандай сифатларни собит қилиш вожиблиги, нима билан васф қилиниши жоиз эканлиги, У зотдан нимани нафий қилиш вожиблиги, пайғамбарлар ҳақида, уларнинг қандай бўлишликлари вожиблиги, уларга қандай нисбат бериш жоизлиги, уларга нималарни нисбат бериш ман қилингани ҳақида баҳс юритади», дейди.
Таърифларнинг энг жамловчиси, энг осони, энг шомили ва энг қисқаси, Аллома Али Қорининг «ал-Фиқҳул Акбар»га қилинган шарҳининг такмиласида, 146-саҳифада зикр қилинган таърифидир:
«У бир илмки, унда эътиқод қилиш лозим бўлган нарсалар ҳақида баҳс қилинади».
Биз эса ушбу таърифлар бир - бирини тўлдириб келади ва яна баъзи камчиликлар қолади, деймиз.

http://savollar.islom.uz/savol/37968
http://savollar.islom.uz/savol/91888
http://savollar.islom.uz/savol/90677.